Аёллар исломда қадрланади
14 июн 2021 й.
242 марта ўқилди.

 
Аёллар  исломда қадрланади

Ислом аёлни мукаррамликнинг турли кўринишлари билан икром қилади. Биринчидан, унинг бандалигини эътироф қилиб, ҳурмат ва инсонийликда тенг қилиб қўйган. Аллоҳ таоло айтади:
مَنْ عَمِلَ صَالِحًا مِّن ذَكَرٍ أَوْ أُنثَى وَهُوَ مُؤْمِنٌ فَلَنُحْيِيَنَّهُ حَيَاةً طَيِّبَةً
“Эркак ёки аёлми – кимда-ким мўмин бўлган ҳолида бирон яхши амал қилса, бас, Биз унга покиза ҳаёт ато этурмиз...”  
فَاسْتَجَابَ لَهُمْ رَبُّهُمْ أَنِّي لاَ أُضِيعُ عَمَلَ عَامِلٍ مِّنكُم مِّن ذَكَرٍ أَوْ أُنثَى بَعْضُكُم مِّن بَعْضٍ
“Бас, Парвардигорлари уларнинг дуоларини ижобат қилиб (деди): “Албатта, Мен сизлардан бирон амал қилгувчи эркак ё аёлнинг амалини зое қилмагайман. Зеро, баъзингиз баъзингиздандирсиз. (яъни, эркак аёлдан, аёл эркакдан дунёга келган)...” 
Аёл киши, худди эркак кишидек барча шаръий таклиф ва буйруқларни бажаришга масъулдир. Албатта қудрати ва табиий имконлари даражасида. Ислом аёлнинг шахснини кўтариш учун келди. Ислом қадимда ва ҳозирда баъзи дин ва тузумларда баён қилинганидек аёлни камситадиган, уни эркаклардан пастга қўядиган ёки ифлос, шайтоний вужуд, деб таърифлайдиган жоҳилий тасаввурларни инкор этади.
Чунки дунё аёлларга шаҳват қондириладиган жонивор деб қараганида Ислом аёлларни илм борасида эркаклар билан тенг ҳуқули эканлигини билдирди ва натижада буюк алломалар дунёга келди. Шулардан келиб чиқиб айтишимиз мумкинки, фарзанд тарбиясида онанинг тутган ўрни жуда катта. Ўтмиш олимларининг талайгинаси етим қолиб она қарамоғида ўсган. Улар она тарбиясини олиб етук инсон бўлиб етишишган. Демак мумтоз тарбия марҳаласидаги энг биринчи босқич фарзанд учун яхши она танлашдир.
Ҳумайди ҳикоя қилади: Шофиий бизга шундай деган эди: "Мен онам қарамоғида етим ўсдим. Бошланғич таълим марҳаласида тенгдошларимга дарс бера бошладим. Устоз дарсга келмай қолганда устоз ўрнига талабаларни бошқариб, уларга таълим берардим. Буни кўриб устоз мендан ҳақ олмай қўйди". Музаний дейди: "Шофиий етти ёшида Қуроънни ёд олган, ўн ёшида эса"Муватто"ни ёдлаган".
Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Ҳанбал ҳикоя қиладилар. (Имом Аҳмад ҳам жуда эрта етим қолганлар) "Олти ёшимда онам мени тонг саҳарда уйғотиб, ўзи таҳорат олдирар эди. Таҳорат олиб бўлганимдан сўнг чиройлик кийимларни кийгазиб, қўлимдан етаклаб масжидга олиб келарди. Мени хонақохга киргизиб ўзи масжиднинг пана жойига ўтиб оларди. Бир оздан кейин муаззин келиб бомдод намозига азон айтарди". Дунёни яёв кезиб илм олган, Ханбалий мазҳаб асосчиси имом Аҳмаднинг ҳаёти ана шундай бошланган экан.
Ислом аёл кишининг комил инсон эканини, мустақил шахс эканини, мулкка эга бўлиш ҳаққини, ўзи эга бўлган нарсаларни эркинлик билан тасарруф қила олишини, таълим олиш ҳаққини, эътиқод ва ихтиёр эркинлигини, фикр эркинлигини, насиҳат ва амри маъруф, наҳйи мункар қилиш ҳаққини, ўзи хоҳлаган кишига турмушга чиқиш ҳаққини ёки хоҳламаган кишисидан ажраш ҳаққини, ўз исми, лақаби, отаси ва оиласининг исмини сақлаш ҳаққини берган.
Ислом аёл кишига инсоният ҳаёти тараққиётида ижобий ва фаол қатнашиши учун ўрин берган. Унинг вазифасини насл кўпайтириш ва лаззат талабига боғлаб қўйган эмас.
Ислом аёл кишининг ҳаётидаги ўрни эркакнинг ўрнига мувофиқ ва тўлдирувчидир. Бу борада ҳеч қандай хусумат, жиддият ёки талашув йўқ.
 

Ромитан тумани бош имом хатиби Б. Жўраев 

«орқага

Фикр билдириш

Фикр беринг

Сизнинг исмингиз *:
E-mail *:
Фикр матни *:
Текшириш коди:


* - асосий қаторлар

Бухоро -
Бомдод: 06:30
Куёш: 07:07
Пешин: 13:10
Аср: 16:15
Шом: 18:00
Хуфтон: 19:40
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram