Мавлоно Таҳонавий: «Аёлларга насиҳатлар»
02 ноябр 2018 й.
75 марта ўқилди.

Мавлоно Таҳонавий: «Аёлларга насиҳатлар»

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Аёлларга ушбу насиҳатларни Жанубий Осиё ҳудудидаги мусулмонлар ҳакимул-уммат, мужаддидул-миллат деб улуғлайдиган мавлоно Ашраф Али Таҳонавий ёзганлар. Ушбу насиҳатлар фақат аёлларга аталгани учун, бу ерда эрларнинг ўз аҳли аёлларига бўлган мажбуриятлари айтилмаган. Шу сабабли оилавий ҳаёт одоблари бир томонлама экан деб ўйламаслик лозим. Ушбу насиҳатлар тавсиявий хусусиятга эга бўлиб, уларни ҳар бир оиланинг ўзига хос жиҳатларидан келиб чиқиб амалда қўллаш мақсадга мувофиқдир.

Мавлоно ўз насиҳатларини қуйидагича бошлайдилар:

Эр ва хотин умрларининг охиригача бирга яшашлари ва уларнинг муносабатлари жудаям яқин эканлигини тушунмоқлари лозим. Агар улар бир-бирларига муҳаббатли ва ҳамжиҳат бўлсалар, бундан катта бахт йўқдир. Аллоҳ асрасин, агар улар орасида адоват бўлса, бунданда каттароқ мусибат йўқ. Шунинг учун имконингиз борича барча чораларни кўринг – эрнинг  юрагини ҳудди қўлингизда кўтариб кетаётгандек эҳтиёт қилинг, ҳамда ўз мажбуриятларингиз ва унинг хоҳишларини, унинг биргина қараб қўйиши билан бажаринг.

Агар эрингиз сизга, қўлларингизни боғлаб олишингиз ва хонани ўртасида кечаси билан туриб чиқишингиз керак деб айтса, демак, мазкур ишда сизнинг икки дунёдаги бахтингиз яширинган – ва охират ҳаётидаги муваффақият ва бахтга эришиш учун бу дунёдаги кичкина қийинчиликка чиданг. Ҳеч қачон унинг кайфиятини бузадиган иш қилманг. Агар у кунни тун деб ҳисобласа, сиз ҳам худди шундай денг.

Ўзлари билмаган ҳолда ва ўйлаб ҳам ўтирмасдан айрим аёллар, эрнинг қалбида  гумон ва ғашликларни қўзғатувчи сўзларни айтаверадилар. Улар ақлларини ишлатмасдан ноўрин нарсаларни гапираверадилар ёки баъзан умуман эрни айблаб, ҳақорат қиладилар. Баъзан жаҳл устида, ғазабга тўлиб шундай сўзлар айтадиларки, бунинг оқибатида эрнинг қалбида уларга нисбатан нафрат уйғонади.

Шу сабабли эрлари улардан юз ўгирса ё эътибор бермай қўйса, йиғлашни ва зорланишни бошлайдилар. Сиз шуни тушунишингиз ва умрбод эслаб қолишингиз керакки, эрингизнинг қалбида гумонлар ва кўнгил қолиши ўрнашса, ярашиб кетилганидан кейин ҳам, энди ҳеч қачон, жанжалдан аввал мавжуд бўлгандек ҳамжиҳатлик ва муҳаббат бўлмайди.

Сиз неча маротаба узр айтиб, кечирим сўрашингиздан қатъий назар, олдинги мавжуд муҳаббат ва самимиятни қайтариб бўлмайди. Кейинчалик нимадир содир бўлса, эр ўша жанжални хаёлан қайта жонлантириверади ва ўшанда фалон сўзларни айтган мана шу аёл эди, деб ўйлайверади. Шунинг учун, эрга нисбатан нимадир қилиш ёки айтишдан аввал, айтмоқчи бўлган сўзларингиз ва ишларингизни ўйлаб олишингиз лозим.

Бундай қила туриб, сиз нафақат Аллоҳ ва Унинг Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг розилигини топасиз, балки ўзингиз бу дунё ва охиратда бахтли бўласиз. Ақлли аёлга ҳамма нарсани тушунтириш шарт эмас. Унинг ўзи ёмонлик билан яхшилик ўртасидаги фарқни ажрата олади. Шунга қарамасдан, биз бир нечта асосий ва керакли бандларни айтиб ўтамиз. Агар сиз уларни тушуна олсангиз, ундан бошқаларини ҳам худди шундай англай оласиз.

1. Эрингизнинг молиявий имкониятларидан кўпроқ нафақа сўраманг. Олаётган ҳар бир нарсангизнинг қадрига етинг, унинг хонадонини ўзингизнинг шахсий уйингиз сифатида кўринг ва агар дастурхонингиз фақирона бўлса ҳам шоду ҳуррам яшанг.

2. Агар эрингиз сотиб олишга қурби етмайдиган зеб-зийнатлар ва кийимларни хоҳласангиз, ундан буни сўраманг, акс ҳолда булар билан сизни таъминлай олмагани учун кўнгли оғрийди. Ҳақиқатдан ҳам, сиз у билан суҳбатда уларни эсга олмаслигингиз лозим. Агар сиз ундан буларни сўрасангиз, у сиз тўғрингизда: “Мен билан иши ҳам йўқ экан” деган фикрга келиши мумкинлигини ўйлашингиз керак, яъни шу маънодаки, сиз уни сотиб олишга қурби етмайдиган пайтда, атайин сўраётгандек бўласиз.

Агар эрингиз бадавлат бўлган тақдирда ҳам, ундан сизга нимадир сотиб олишни сўрашдан тийилиш керак. Лекин, агар унинг ўзи сизга нимадир сотиб олишни таклиф қилиб, нимадир олиб беришимни хоҳлайсизми, деб сўраса, ундай ҳолда, ўзингиз истаган нарсани сўрасангиз бўлади. Шунингдек, ҳар қандай сўровчи инсон, одамлар кўз ўнгида ўз мавқеини тушириши ва ўзини бадном қилишини ҳеч қачон ёддан чиқа рмаслик керак.

3. Қандайдир ишда ўжар ва қайсар бўлманг. Агарда сиз ҳақ бўлсангиз ҳам ёки ҳатто бу сизнинг зарарингизга бўлса ҳам, ҳаммасини қандай бўлса шундай қолдиринг. Кейинчалик эса, муносиб тарзда буни ўз фойдангизга оғдириб олишингиз мумкин.

4. Агар эрингизнинг уйида қийинчилик кўрсангиз ҳам, унга ҳеч қачон бу ҳақда айтманг. Ҳар доим ўзингизни рози қилиб кўрсатингки, у бундан оғринмасин ва қийналмасин. Шунда унинг барча диққат-эътибори сизга йўналади.

5. Сизга нима олиб келса, қабул қилиб, хурсандлигингизни изҳор этинг. Совға ёқадими ёки йўқми, бундан қатъий назар. Ҳеч қачон бу яхши эмас ёки бу менга ёқмади, деб айта кўрманг. Агар шундай қилсангиз, у хафа бўлади ва сизга яна нимадир олиб келишни истамай қолади. Агар сиз унга ташаккур билдирсангиз ва хурсандчилик билан олиб келган нарсасини қабул қилсангиз, саховати жўш уради ва келажакда сизга бундан-да кўпроқ совғалар беради.

6. Жаҳлингиз чиққанда унга яқин келманг ва норозилик қилманг. “Ҳеч қачон бу ўлик ва ҳаётсиз уйда бахтли бўлмаганман” ёки “Бутун ҳаётим қийинчилик ва етишмовчиликда ўтди”, деган нолишларни гапирманг. Сизни турмушга берган ота-онангиз ҳақида “Бундай муаммоларга мени ташлаб, келажагимни барбод қилишди”, дея кўрманг. Агар шундай сўзларни айтсангиз, унинг қалби сизга нисбатан нафратга тўлади.

7. Ҳадисда айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Дўзахда аёллар кўп эканлигин кўрдим”, дедилар. “Ё Расулуллоҳ! Нима учун кўплаб аёллар дўзахий бўлади?”, деб сўрашди. У зот: “Улар бошқаларни кўп лаънатлайдилар ва ўз эрларига ношукрчилик қиладилар”, дедилар.

Бу хусусда фикр юритинг ва ношукр бўлиш ва бошқаларни лаънатлаш қанчалик жиддий эканлигини ўйлаб кўринг.

8. Агар эрингиз нимадандир ғазабланган бўлса, ғазабини янада оширадиган ҳеч нарса деманг. Ҳар доим гапиришдан аввал, унинг қандай кайфиятда эканлигига қаранг. Агарда, яхши кайфиятда эканлигини кўрсангиз, ҳазиллашинг ва кулинг. Агар кайфияти йўқ бўлса, ўзингизни шунга муносиб тутинг.

9. Агар у сиздан хафа ва сиз билан гаплашмаётган бўлса, сиз ундан юз ўгирманг ва гаплашишда давом этинг. Аксинча, унга кулиб боқинг, кечирим сўранг, тегажоқлик қилинг ва қўлни қўлга беринг. Қисқаси, унинг кайфиятини кўтариб ўзингизга қаратишнинг барча чораларни кўринг.

Ҳатто, айб сизда эмас, унда бўлса ҳам, сиз ундан юз ўгирмаслигингиз керак. Унинг қўлини ушлаб кечирим сўрашингизни ўзингизнинг қадр-қиммат ва ифтихорингиз манбаи деб билинг.

10. Эр-хотин ўртасидаги тотувлик ва ҳамжиҳатлик фақатгина севгининг ўзига асосланмаганини эсда тутинг.  Севгидан ташқари, эрни ҳурмат ҳам қилиш керак. Эрни ўзига тенг деб билиш катта хатодир. Ҳеч қачон эрингиз сизга нимадир қилишини сўраманг.

Эр мартабада отадан юқоридир. Жамики ҳаракатингиз, суҳбат ва муносабатларингизда ҳар жиҳатдан ўзингизни тутишингиз ва ахлоқингизга эътибор беринг. Агар ўзингиз нимададир айбдор бўла туриб, ғазабда эрингиздан юз ўгирсангиз ва у билан гаплашишни бас қилсангиз, бу иш жудаям нодонлик ва ғўрлик аломати эканини билинг. Бунга ўхшаш қилиқлар аёлни катта бахтсизликка олиб боради.

11. У сафардан қайтган бўлса, унинг соғлиғи ва ҳол-аҳволини ва қийинчилик кўрган-кўрмаганини сўранг. Унинг қўли ва оёғини босинг ва чарчоғи, қорни ҳақида сўранг. Дастурхон ёзиш ҳозирлигини кўринг. Кўнгилига ҳузур бағишлайдиган ишларни қилинг. Қисқаси, унга қулай, ҳаловат ва яхши бўлиши учун ҳамма шароитни муҳайё этинг.

Пул тўғрисида сўз очманг, сизга қанча келтирди, сизга нима сотиб олди ёки хамёни қаерда эканлиги тўғрисида сўраманг. Сизга қанча пул берса ҳам, норози бўлмай қабул қилинг. Унга, у кўп пул топгани-ю сизга кам бергани ёки кўп ишлатиб юборгани ҳақида гапирманг. Шунингдек, пулни нима қилгани, қаерга ишлатганини сўраманг. Яхши кайфиятда бўлганда, кутилмаганда бундай саволлар беришингизнинг зарари йўқ.

12. Эрингизнинг ота-оналари ҳаёт бўлиб, бор пулини уларга бериб, сизга қолдирмаётган бўлса ҳам хафа бўлманг. Агар у пулларни сизга берганда ҳам, оқилалик шуни талаб қиладики, сиз уларни қабул этмасдан, аксинча, ўғилларини ўз назорат остингизга олволганингиз тўғрисида ёмон ҳаёлларга бормасликлари учун, бу пулларни уларга бериш лозимлигини эрингизга а йтишингиз керак.

13. Токи эрингизнинг яқинлари ҳаёт эканлар, уларга хизмат қилиш ва бўйсунишни ўзингизнинг мажбуриятингиз ва обрўйингиз деб ҳисобланг. Қайнона ва қайнисингилдан алоҳида бўлиб яшаш керак, чунки бу муаммоларимиз сабаби деб ўйламанг. Эрингизни ота-онаси воя етказишгани ва қариганларида уйлантириб, унинг роҳатини кўриб, қарилик гаштини суришни кўзлашганини ўйланг.

Аммо, аксинча, уларнинг уйига келибоқ келин эрига қайнона уйини ташлаб чиқишни хоҳлаётганини айта бошлаши билан, буни сезиб қолган қайнона — муаммолар, низо ва жанжалларни бошлайди.

14. Эрингиз уйида яшаб, хушмуомала бўлинг. Бошиданоқ ўзингизни тутишингизга ва одоб-ахлоқингизга эътиборли бўлинг. Кичикларга иззат кўрсатинг ва катталарнинг ҳурматини жойига қўйинг.

15. Сизни ишингизни кимдир қилишини кутиб ўтирманг. Ўз нарсаларингизни тўзиб ётишига йўл қўйманг, бошқа кимдир сиз учун уларни жойига қўяди деб ўйламанг.

16. Одатда қайнонангиз ва қайнисинглингиз қиладиган ишларни бажаришни ўзингизга номуносиб деб ҳисобламанг. Ўзингиз уни кимдир айтмасидан олдин қилишингиз керак. Шундай қилсангиз, уларнинг қалбига ўзингизга нисбатан илиқликни соласиз.

17. Икки киши сирлашиб гаплашаётган бўлса, бу суҳбатдан четланинг, яширинча эшитишга ҳаракат қилманг. Бундан ташқари, сўз сиз ҳақингизда кетаяпти деб дарҳол ўйлашга ҳеч қандай ҳожат йўқ.

18. Ўзингизга шуни қоида қилиб олингки, эрингизнинг яқинлари билан яшаётганда, ҳеч қачон боши эгик, умидсиз бўлманг ёки мажбуриятларни эсдан чиқарманг. Агар янги уй ва янги одамлар орасига тушиб қолиб, ўзингизни жуда ҳам ноқулай ҳис қилаётган бўлсангиз, ўтириб йиғлаш ўрнига сиз уларни тушунишга ва янги муҳитга мослашиб кетишга қаттиқ ҳаракат қилинг.

19. Суҳбат чоғида ҳар доим эҳтиёт бўлиш керак. Жудаям сергап бўлманг, йўқса сизни ёмон кўриб қолишади. Жудаям камгап ҳам бўлманг, саломдан бошқа сўзни гапиртириб бўлмайдиган каби. Бу ҳам яхши эмас ва димоғдорликнинг аломати ҳисобланади.

20. Агар эрингиз яқинларининг уйида сизга ёқмаган нарсалар кўрсангиз ёки сезсангиз,  ота-онангиз уйига борганда айтманг. Онасига эрининг уйида бўлаётган нарсаларни айтиш жудаям хунук одатдир. Оналар эса ўз қизларидан ҳамма икир-чикир тафсилотларни суғуриб, тортиб олишлари жудаям қабиҳ ишдир. Бундай одатлар охир-оқибат икки оила ўртасида жанжаллар чиқишига олиб келади. Бундан ҳеч кимга ҳеч қандай фойда йўқ.

21. Эрингизга тегишли ҳамма нарсани тоза ва тартибли ушланг. Хонангиз ҳар доим покиза бўлишига эътибор қаратинг. Ётаржой ифлос ва ғижим бўлмаслиги лозим. Ҳамма бурма ва ғадир-будурларни текисланг. Ёстиқ ифлос бўлса, ёстиқжилдни алмаштиринг. Агар ёстиқжилд бўлмаса, уни тикинг. Агар буларни ҳаммасини эр айтганидан кейингина қилсангиз, бунинг нимаси яхши? Нафис дид ва оқилалик эса, эрингиз ниманидир: “Мана буни қил”, дейишидан олдин, саронжом-саришта қилишингизни талаб этади.

22. Нимага масъул бўлсангиз, уни чин кўнгилдан қилинг.  Агар масъулият кийимда бўлса, уни тартиб билан тахланг, шундоқ ташлаб қўйманг ва бир-бирининг устига отиб юборманг. Аксинча, кейин ўзингизга қулай бўлиши учун нарсаларни ўз ўринларига қўйинг. Уй ишларида ўзингизга ҳеч қандай ён босманг, енгиллик берманг ва уларни сизнинг ўрнингизга кимдир қилишига йўл қўйманг.

23. Ёлғон гапирманг. Акс ҳолда, ҳурмат ва обрўйингизни йўқотасиз. Бундан кейин нимадир айтсангиз, агар у ҳақиқат бўлса ҳам, энди сизни ишончга сазовор эмас деб ҳисоблайдиган бўладилар.

24. Эрингиз ғазабланган, жаҳли чиққан ҳолатида сизни айбласа ёки ҳақорат қилса, ўзингизни тийинг ва унга жавоб берманг. У нима деса ҳам сукут сақланг. Тинчланиши билан у ўзи қилган ишига афсуслана бошлайди ва сиздан хурсанд бўлади, ИншаАллоҳ, сизга нисбатан бошқа жаҳл қилмайди. Агар сукут сақламасангиз ва унинг “чақириғи”ни қабул қилсангиз, бу можаро мудҳиш оқибатларга олиб келади.

25. Эрингизни мувҳум гумонларга ёки ёлғонларга асосланиб айбламанг. Қандайдир бир аёл билан кўп ҳазиллашиши ва кулишаётгани ёки у қайсидир ерга жуда кўп бораётганлиги ва у ерда  нима билан шуғулланаётганлигини билишингизни айтманг. Ахир, эрингизда ҳеч қандай айб бўлмаса, уни нимада айблаётганингизни билиб, у қанчалик хафа бўлиши мумкинлигини ўйла б кўряпсизми?

Агар сиз айтаётган нарса ҳақиқат бўлса, ғазабланиб, шикоят қилиб, буни у тан олишига мажбурлаб, сиз фақат ўзингизга жабр қиласиз. Унинг қалбини ўзингиздан узоқлаштирмоқчи бўлсангиз, ўзингизни қарши бўлиб бу ишда давом этишингиз мумкин. Наҳотки, сўзларингиз билан ярамас ишларини ташлайди деб ўйлайсиз? Агар унинг бу ношаръий муносабатлардан воз кечишини истасангиз, бунга чиройли услуб ва оқилалик билан ҳаракат қилишингиз керак.

У билан якка гаплашиб олинг, хатосини англашда ёрдам беринг, бундай муносабатлар қанчалик зарар келтиришини тушунтиринг. Сиз келтирган важларга ва ёлғиз суҳбатда уни ҳижолат тортишга мажбур қилганингизга қарамасдан, у  муносабатларини ташламаса, сабр қилинг. Муаммони бошқаларга айтиб, уни шарманда қилманг. Унинг устидан ҳукмингизни ўтказмоқчи бўлиб, бу ҳақда ҳаммага жар солишингиз шарт эмас.

Сиз агар шундай қилсангиз, эрингиз бундан-да ўжарлик ва қайсарлик қилиб, гуноҳида янада кучлироқ ҳаракат қилишни бошлайди. Мабодо, сиз ғазабга миниб, бу ҳақда одамларга сўзлайдиган бўлсангиз, сизнинг муносабатларингиз яна ҳам ёмонлашади. У ҳатто сиз билан гаплашмай қўйиши, ташлаб кетиши мумкин. Буларнинг ҳаммаси сизни ачинарли оқибатларга олиб келади.

Бир нарсани яхшилаб ёдлаб олинг:  Аллоҳ таоло эркакларга жасорат ва мардликни солиб қўйган. Уларни нимадир қилишга мажбур қилиб ёки ўзига бўйсундиришни хоҳлаб, уларни устидан ҳукмронлик қилиш мумкин эмас. Уларни бошқаришнинг энг яхши усули – уларга итоат этиш ва хушомад қилишдир.

Ғазабдан ўзни йўқотиш ва эрга таъсир ўтказишга ҳаракат қилиш катта хато бўлиб, ғўрлик ва эсипастликнинг белгисидир. Ҳозирда сиз бунинг оқибатларини тушунмаётган бўлишингиз мумкин. Лекин низо ва жанжал чиққандан кейин, албатта ёмон оқибатлар эртами-кечми пайдо бўлаётганига ўзингиз гувоҳ бўласиз. Бундан Аллоҳ асрасин!

Мавлоно Ашраф Али Таҳонавий.
Анвар Абдуллоҳ таржимаси
«орқага

Фикр билдириш

Фикр беринг

Сизнинг исмингиз *:
E-mail *:
Фикр матни *:
Текшириш коди:


* - асосий қаторлар

Бухоро -
Бомдод: 06:40
Куёш: 07:28
Пешин: 13:10
Аср: 15:55
Шом: 17:30
Хуфтон: 18:55
Тўлиқ тақвим »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram