АЛЛОҲНИНГ ЗИКРИ ИЛА ҚАЛБЛАР ОРОМ ОЛУР
20 август 2020 й.
280 марта ўқилди.

 
АЛЛОҲНИНГ ЗИКРИ ИЛА ҚАЛБЛАР ОРОМ ОЛУР

Ғам - ташвиш ичида қолдингизми? Еб - ичишингизда ҳам, юриш - туришингизда ҳам, ишларингиз ва ҳаётингизда ҳам мазмун ва ҳаловат қолмадими? Бу муаммолар тезроқ охирига етишини интизорлик билан кутяпсизми? Демак, иймонингизни бир тафтиш қилинг!
Аллоҳнинг барча нарсага қодирлигини эсланг. У зот тақдирингизда ёзганидан бошқаси бўлмаслигини ўзингизга уқтиринг. Касаллик ҳам, ҳатто ўлим ҳам мусулмон учун Аллоҳнинг раҳмати бўлишини билинг. Бунақа касалликлар тарихда ҳам кўп бўлгани, ўша пайтда вабодан ўлганлар ҳам, ундан омон қолганлар ҳам ҳозир тупроқ остида эканлигини фикр қилинг. Ўлим чангалидан ҳеч ким омон қолмаслигини билинг. 
Буларни эслагач қалбингизни хотиржам қилиб уйингизнинг бир чекасида ўтирингда, сизга ҳеч ким ёрдам беролмайдиган, ҳамма ожизлигини эътироф қилган бу кунларда, барча нарсага қодир зот - Аллоҳга юзланинг. Уни зикр қилинг, тасбеҳ айтинг, ҳамд айтинг ва дуолар қилинг. Унга айтинг шикоятингизни. У зотнинг зикри билан қалбингизни хотиржам қилинг.
 
فاذكروني أذكركم
«Мени эсланглар, Мен ҳам сизларни эслайман» (Бақара сураси, 152-оят) оятини тафаккур қилинг. 

ألا بذكر الله تطمئن القلوب
«Билиб қўйингларки, Аллоҳнинг зикри билан қалблар таскин топади» (Роъд сураси, 28-оят) оятининг уммонига шўнғинг. 
У зотни зикр қилиш лаззати ила яшанг ва атрофингиздагиларни ҳам хотиржам қилинг. Аллоҳнинг хоҳиши бўлади. Бу синовларда талвасага тушмасдан гўзал сабр билан мусулмонлигимизни намоён қилайлик. Албатта сабабларни маҳкам тутган ҳолда яшашимиз керак, аммо Раббимизга нисбатан беодоблик ҳам қилиб қўймайлик. Умидсизликка тушмайлик. Бир-биримизга ёрдамчи, суянч бўлайлик. Бу қийинчиликлардан кейин албатта жуда катта енгилликлар бор, инша Аллоҳ! Ўлим йўқлик эмас, балки, бошқа бир босқичга кўчиб ўтишдир. Аллоҳ ҳаммамизни паноҳида асрасин. Гўзал умр, гўзал хотима ва охиратда гўзал даражалар берсин!

Шайх Улуғбек ибн Насриддин асарлари асосида тайёрланган.

Пешку туман “Aбдузоҳир” жомеъ масжиди 
имом-хатиби Aбдурауф Деҳқонов 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:55
Куёш: 07:35
Пешин: 13:10
Аср: 15:50
Шом: 17:25
Хуфтон: 19:10
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram