Камтарликнинг зидди ман-манликдир
30 октябр 2020 й.
64 марта ўқилди.

 
Камтарликнинг зидди ман-манликдир

Камтар, ҳокисор киши Аллоҳнинг даргоҳида ҳам мақтовга лойиқдир. Бундай инсонлар ўз ҳурматини сақлай билиш билан бирга ўзларининг қадр-у қийматини  ўрнига қўяди. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида: "Ким Аллоҳ учун камтарлик қилса, Аллоҳ унинг мартабасини баланд қилиб қўяди", - деганлар (Имом Муслим ривояти).
Камтарликнинг зидди манманликдир. Бу сифат ёлғиз Парвардигоргагина хосдир. “Осмонлар ва Ердаги барча буюклик ёлғиз Уникидир! У Қудратли ва Ҳикматли (Зот) дир.” (Жосия 37).
Киши мақтанса, ғурурланса, ўз ҳаддини унутиб, ўзига лойиқ бўлмаган, балки Аллоҳ таолога хос сифатни ўзлаштирмоқчи бўлади. Ҳадиси қудсийда айтилади:"Қудрат менинг изорим, кибриё эса кийимимдир. Бас, кимда-ким мана шу икки нарсанинг бирортасига эга бўлишга даъвогарлик қилса, албатта, уни азоблагайман".
Бошқа бир ҳадисда эса: "Кимнинг қалбида зарра мисқолича кибри бўлса, жаннатга кирмайди."-дейилган (Имом Муслим ривояти).
Гуноҳларнинг асоси кибр ва манманликдир. Ана шу сифатлар билан шайтон, Аллоҳ таолонинг раҳматидан маҳрум бўлди.
"Эсланг, (эй Муҳаммад!) Биз фаришталарга:"Одамга сажда қилингиз! деб буюришимиз билан улар сажда қилдилар. Фақат иблис бош тортиб такаббурлик қилди ва кофирлардан бўлди." (Бақара 34). Такаббурлик бир неча хил кўринишларда бўлиб, энг юқори даражаси Аллоҳни тан олмаслик  инсон ўзининг ожиз эканлигини унутишидир. Барчага маълум Фиръавн ҳам худолик даъво қилишига,  ундаги кибр сабаб бўлган эди. Бу ҳақда Аллоҳ Таоло: “У (Фиръавн) ва унинг лашкарлари ер юзида кибрландилар ва ўзларини  Бизга қайтарилмайдилар, деб гумон қилдилар.” (Қасас 39) деб мархамат қилган.
Одам (алайҳиссалом) жаннатда содир этган гуноҳи учун тавба қилди. Аллоҳнинг раҳматидан умидини узмади. Камтарлик билан яна Ҳақ раҳматига эришди.
Камтарлик борасида оёғимиз остидаги ердан ибрат олайлик.  У бизга ризқ келишига сабабчи. Бағрида ҳар турли ноз-неъматлар пишади. Барча маҳлуқотларнинг қароргоҳи. Хизмати холис,  беминнат. Унда ғурур ва манманлик йўқ. Балки мана шу сифатлар сабаб, "Ер"  сўзига ҳар доим "Она" сўзи қўшиб ишлатадилар.
Доно ҳалқимиз: "Камтарга камол,  манманга завол",- деб бежиз айтмаган. Камтар,  ҳокисор одам ҳатто унга ёмонлик истаганларга ҳам яхшилик қилиш пайида бўлади. Кибрни камтарлик тиғи билан синдириш,  жаҳлни ҳалимлик билан енгиш осон иш эмас. Бунинг  учун собит имон-эътиқод, мустаҳкам ирода ва мардлик  керак. 
Аллоҳ таоло барчамизни манманлик иллатидан асраб, камтаринлик либосини кийдирсин.

Когон туман “Шохи-Нажаф” 

жоме масжиди имом хатиби Асадов Ҳусен 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 07:00
Куёш: 07:46
Пешин: 13:10
Аср: 16:00
Шом: 17:25
Хуфтон: 19:00
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram