Бухорони “Бухорои шариф” этган аллома
02 октябр 2020 й.
76 марта ўқилди.

Бухорони “Бухорои шариф” этган аллома

 

2020 йил – Бухоро шаҳри “Ислом олами маданияти пойтахти”

Очиқ осмон остидаги музей-шаҳар ҳисобланган Бухорода XIX аср ўрталарида рус саёҳатчиси, тарихчи, этнограф ва дипломат Н.В.Хаников томонидан кўплаб хонақо (сўфийлар уйи)лар борлиги тилга олинган. 

Улар ўзларининг архитектуравий тузилиши билан шаҳар меъморчилигида алоҳида ўрин тутган. Шаҳристондан ташқарида, шаҳарнинг жануби-шарқий қисмида жойлашган Сайфиддин Бохарзий хонақоси айни шундай ёдгорликлардан бири саналади. Хонақоҳ гўрхонасида кубравия тариқати давомчиларидан бири Шайх Сайфиддин Бохарзий қабри жойлашган. 

Ҳазратнинг тўлиқ исмлари Сайфиддин Абул Маъолий Саъид ибн Мутоҳҳар ибн Саъид ибн Али Қоидий Бохарзийдир. Сайфиддин Боҳарзий XII асрнинг иккинчи ярмида, яъни 1190 йилда Хуросон вилоятининг Боҳарз (Эроннинг шимолий шарқидаги Найсобур билан Ҳирот ўртасидаги вилоят) мавзеида туғилган. Манбаларда таъкидланишича, Бохарзийнинг насаблари Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқга бориб тақалади. Ҳамидулла Қазвинийнинг маълумотларига қараганда, Бохарзий Ҳирот ва Нишопур шаҳарларида ўқийди ва диний-ҳуқуқий таълимни олиб, тез орада сўфий даражасига эришади. 

Макка ва Мадина шаҳарларини зиёрат қилиб, мусулмон ҳуқуқшунослигининг нодир асари – “ал-Ҳилоя” асарини ўрганади. Устозлари Нажмиддин Куброга эътиқоди баланд бўлган. Бохарзий устозлари таҳоратда азоб чекмасин деб, офтобага сув олиб, бағирларига босиб, юрак тафи билан уни иситиб, кечаси билан остонада турганлар. Устозлари шогирдидан нега туни билан риёзат чекдинг деганларида, Бохарзий, “Мен учун Ҳазрат Шайх остоналарида бўлмоқдан ортиқ фароғат, лаззат йўқ”деган эканлар. Бунга жавобан Нажмиддин Кубро “Башорат бўлсин сенгаки, подшоҳлар сенинг отинг рикобида бўлғай” деб башорат қиладилар.

Ибн Фуватий “Муъжамул алқоб” китобида Бохарзий ҳақларида шундай зикр қилади: “Ул киши муҳаддис, ҳофиз, зоҳид, воиз, ҳайбатли шахс, ориф, тақводор, фасохат соҳиби бўлиб, сўзлари дуру маржон каби эди. Феъллари билан одамларни одобга чақирувчи, ҳар бир нарсани ҳадисга мувофиқ бажарувчи, такаллуфдан холи, илмлари ва фазилатлари тўлиб тошган денгиздек, ҳақиқат илмида замондошлар ва авлодлар фахр қиладиган даражада эдилар. Ул киши улуғвор ва ҳайбатли бўлиб, номлари мусулмону кофир ўртасида танилганди”.

Бохарзий Кубравийлик диний сўфийлик таълимотини тарғиб қилиш учун Шайх Нажмиддин Кубро маслаҳати билан тахминан 1218-1219 йилларда Бухорога келади. Абдураҳмон Жомийнинг ёзишича, Боҳарзий диний илмларда ноёб муваффақиятларга эришгандан сўнг у бироз Хоразмда яшаб, сўнг Бухорога ноиб қилиб юборилади. Бу давр Бухоронинг энг мураккаб, ўлкамиз тарихининг аянчли пайтларига тўғри келади. 

Чингизхон босқинидан сўнг шаҳар аёвсиз таланган, ярим аср давомида Бухоро харобага айлантирилган эди. Сайфиддин Бохарзий Бухорога келганларида шаҳар батамом ёниб, ҳатто истиқомат қилишга жой қолмаган эди. Чунки, 1220 йил 16 февралда Чингизхон буйруғига биноан шаҳар ёқиб юборилгач, бир кунда хўли қуруқ бирдек ёниб битганди. Мирзо Улуғбекнинг “Тўрт улус тарихи” асарида баён этилганидек, “на жонсиз нарса қолди, на жонли. 

Шаҳарда бирорта ҳам сипоҳ қолмаган эди. Улар ўрнида фақат қора тутун бурқсирди”. Бохарзий одамларни йиғиб, уларга “Саҳиҳи Бухорий”ни ўқиб беради. Сайфиддин Боҳарзий мўғуллар зулми даврида Бухорода қарийб 40 йил яшайди ва юқори даражали лавозимларда ишлайди. Маълумки, бу даврда мўғуллар томонидан Бухоро ўзаро курашлар натижасида икки маротаба, яъни, 1220 ва 1273 йилларда ёқиб юборилади.

Шайхнинг шарофати билан халқнинг ўз шаҳри Бухорога бўлган меҳр-муҳаббати ортиб боради. Шаҳарни қайта тиклаш ишлари олиб борилади. Бохарзий Бухоро халқини мўғуллар зулмидан паноҳ излашида, бу даврда ислом динининг кенг ёйилишида хизмат кўрсатган. Жумладан, Сайфиддин Боҳарзий мўғулларга қарши чиқиб, уларни исломни қабул қилишлари ва уни давлат динига айлантиришига даъват этади. 

Бунга қарши чиққан мўғул ҳукмдорларидан бири Сайфиддин Боҳарзий томон 1700 нафар қўшин тортиб келади. Шайх душманга қарата бир олмани отганида бир неча аскарларнинг боши танасидан жудо бўлиб, ерга думалай бошлайди. Бу ҳолни кўрган мўғуллар улуғ зотнинг кароматига тан бериб, исломни қабул қилган.

Имом Абу Абдуллоҳ Шамсиддин Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Усмон Заҳабийнинг “Сияру Аъламин нубало” (Машҳур даҳолар сийрати) асарида келтирилишича, шайх ниҳоятда чиройли бўлган, шу сабаб Нажмиддин Кубро у кишига юзини ёпиб юришни тавсия қилган экан. Маҳмуд Ялавоч Сайфиддин Бохарзийнинг ҳузурига келганда Ҳазратнинг юзи тўлин ой каби ёришиб турган. 

Ялавочнинг Бохарзийга меҳри тушиб, минг дирҳам ҳадя инъом қилган. Маълумотларга кўра, Сайфиддин Боҳарзий Олтин Ўрда хонига мактуб йўллаб, агар улкан салтанатни осойишталик билан бошқаришни истаса, мўғуллар исломни қабул қилишлари, бошқа ўлкаларда ҳам мусулмончиликни жорий қилишни маслаҳат берган. Бунга жавобан мўғул ҳукмдори Беркахон Шайх ҳузурига совға-салом билан ташриф буюриб, муридликни қабул қилган. Шайх шарафига хонақо, масжид ва мадраса барпо этилишига фармон беради. 

Беркахоннинг акаси золим ва қонхўр Бойқуга Бохарзий шайх бўлмоқчи, деб ёмонлашади. Шунда шайхни занжирбанд қилиб, Самарқандга Бойқу ўрдасига элтадилар. Бохарзий бораётиб, “Мен бу хорликдан кейин бир иззат келишини кўрмоқдаман”, - дейди. Ҳазрат Самарқандга яқинлашганида Бойқу вафот этади. Бу воқеадан хабар топган кўрган мўғул аскарлари шайхни қўйиб юборади ва унинг қўлида мусулмон бўладилар. Бағдод халифаси Мустаъсим Боҳарзийга туҳфа юбориб турган. Туҳфалардан бири Ҳазрати Али қўллари билан ёзилган Қуръони карим эди. 

Озарбайжон волийси Малика бинти Ўзбек ибн Паҳлавон эса Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) Уҳудда синган тишларини ҳадя сифатида жўнатган. Шундай қилиб, Сайфиддин Боҳарзийнинг буюк хизматлари билан бир томчи ҳам қон тўкилмай, миллионлаб инсонлар ҳақ йўлига етиши ва исломни давлат фуқароларининг расмий динига айланишига эришилади. Шайх мўғул ноиблари билан доимий олишиб, уларнинг Ислом руҳонийларини камситиш йўлидаги ҳаракатларига очиқдан очиқ курашган. 

Бундан хабар топган Араб халифаси Сайфиддин Боҳарзий ҳазратларига “Шайх-ул-олам” (Олам шайхи) унвонини, Бухорога эса “Шариф” (“Муқаддас шаҳар”) мақомини бериш тўғрисида ёрлиқ юборади ва Бухоро “шариф” унвонига сазовор бўлган учинчи шаҳар бўлиб қолади. Ўша замонда мусулмон дунёсида ислом дини вужудга келган Қуддус шаҳри бундай сифатлашга муносиб топилган эди, холос.

Шайх хулқ, одоб ва саховатда ҳам дониш ўтган. Хайр-у эҳсонлари холис ва мўл бўлган. Мурувватли шайх доим мазлум халқ томонини олиб, мўғул ноибларига қарата шундай деган:

Кишига берсаки ноҳақ изойи

Топар у қилганидан бад жазойи

Биров ноҳақ бировга қаҳр этарму

Анга қаҳр айлагай Қодир худойи.

Ҳазрат илмий мероси бойлиги билан ажралиб туради. Сайфиддин Бохарзий қатор араб ва форс тилида ёзилган мумтоз асарлар муаллифи ҳамдир. Унинг “Шарҳал асма ал ҳусна”, “Рисолаи дар ишқ”, “Рубоиёт”, “Воқеаи хилват”, “Васиятнома”, “Рўзнома” каби бир нечта китоблари бизгача етиб келган.

Ривоят қилишларича, Шайх Сайфиддин дарвешнинг жанозасига ҳозир бўлади. Йиғилганлар: “Шайх, талқин айланг!” – дедилар: Шайх майит ёнига келиб, қуйидаги рубоийни ўқийди:

Гар ман гуноҳи жумла жаҳон кардастам,

Лутфи ту умид аст, ки гирад дастам.

Гуфтий: ки ба вақти ажз дастат гирам,

Ожизтар аз ин маҳоҳ, к-акнун ҳастам.

 

Таржимаси:

Барча гуноҳларни қилиб рўзу шаб

Лутфингдан умидвор бўлсам, не ажаб!

Ожизлик пайтида қўллайман дединг

Энг ожиз ҳолдаман, қўллагин, Ё Раб!

Ҳазрат 1261 йил 20 октябрда зулқаъда ойининг 24 кунида Бухоронинг Қарши дарвозасидан 1 чақирим узқоликда жойлашган Фатхобод қишлоғида (кейинчалик шаҳарга қўшилган) вафот этади. Тўрт юз минг атрофида одам у кишининг жанозасида қатнашади. Тўрт юзта қул ҳазратнинг тобутини ўраб олиб кўтарадилар. Ҳазратдан михлари кумушдан ковуш, беш юз динорга тенг тилла суви юритилган оёқлари остига қўйиладиган курси, ўн минг динорга баҳоланган от ва чорвалари қолади. Фақатгина 330 та кийимлик, рўмол, салла ва мўйна ўғиллари Жалолиддин Муҳаммад, Бурҳониддин Аҳмад, Мазҳариддин Мутаҳҳирга теккан. 60 та қуллари у кишидан ҳофизи Қуръон, ҳуснихат, араб тилини ўрганган ва ҳадис эшитган. Қулларидан Нофеъиддин қирқдан зиёд Қуръон кўчирган эди.

Шайхулоламнинг вафотларидан кейин ҳам мўғул ҳукмдорлари ҳазратнинг муриди бўлиб қолаверадилар. Яна юз йилча Фатхободдаги бу мавзу сўфийлик эътиқодининг маркази бўлиб хизмат қилади. Амир Темур ҳам Бухорога ташриф буюрганида Шайх қабрини, албатта зиёрат қилган[9;400]. Кейинчалик, ҳатто Бухоро амирлари ҳам тахтга ўтиришлари заҳоти биринчи навбатда Шайх Сайфиддин Боҳарзий қабрини зиёрат қилишган. Чунки амирлар Ҳазратнинг “султон худонинг ердаги соясидир” деган сўзларига амал қиларди.

XII-XIV асрларда ҳазрат қабри устига қурилган мақбара бугунги кунгача сақланган. Мақбара ичида жами 11 та қабр бўлиб, “Китоби Муллозода”да келтирилишича, булар ҳазратнинг икки ўғил Жамолиддин Муҳаммад ва Мазҳариддин Мутаҳҳир, невараси Абу Муфахир Яхъё ва эваралари Хованд Бурғониддин, Руҳиддин шайх Довудникилардир.

Ҳазрат хонақоҳ мақбараси XIV асрнинг иккинчи ярмида, унинг улкан портали анча кейинроқ қурилган. Мақбара ўз шаклининг улканлиги билан, тузилишининг маҳобати, меъморий ғоясининг аниқлиги билан кишини ўзига жалб қилади. Дунёда ҳали бунақа жозибадор мақбарани учратмадим деб ёзади сайёҳ олим Ибн Баттута ўз эсдаликларида.

Зиёратгоҳнинг бугунги кунда Фатхобод деб аталишида ҳам рамзий маъно мужассам. “Фатх” сўзи - босиб олинган, яъни босиб олинган ерларни қайта обод этган Боҳарзийга ишорадир.

1976 йилда Бухорода юз берган кучли ер силкиниши оқибатида мақбара гумбази батамом харобага айланади. Истиқлол йилларида мақбара биноси қайта таъмирланиб, асл ҳолига қайтарилди, гумбаз қайта ўрнатилди. Халқ ижодининг нодир асарларидан бўлган мақбарани бухоролик усталар ва Ўзбекистон ёдгорликларни таъмирлаш ва консервациялаш махсус илмий-тадқиқот институти олимлари бузилишдан қутқаришга киришдилар. 

Ёдгорликни мустаҳкамлаш ва қайта тиклаш лойиҳаси тузилди. Бухоро махсус илмий ишлаб чиқариш устахонаси бу муҳим ишни таъмирловчилар авлодидан бўлган уста Азим Ҳайитов бошлиқ бригадага топширди. Бригада аъзоларидан Камол Отаев, Ҳусайн Нажмиддинов, Умид Ҳабибов ва бошқа қадимги ёдгорликларни таьмирловчилар, бинонинг деворларини мустаҳкамладилар.

photo_2020-09-28_16-31-29.jpg

 

Бухоронинг 2500 йиллиги муносабати билан бу зиёратгоҳ таъмирланди. Зиёратгоҳ хонақоси ва масжиди учун нафис биллур қандиллар инъом этилди.

Бухоро шаҳар ҳокимлигининг саъй-ҳаракатлари билан эски битум ишлаб чиқариш корхонаси ёпилади ва темир йўл олинади. Атрофидаги шу пайтгача сақланиб қолган қабрлар олиниб, Хўжа Исмат, Ҳазрати Имом қабристонларига кўчирилади. Зиёратгоҳ кенгайтирилиб, боғга айлантирилди. Қум остида қолган қабрлар очилиб, тозаланди. Мақбара ёнидаги минора икки йил мобайнида (2007-2009) уста Музаффар томонидан қуриб битказилди.

Сайфиддин Бохарзий қабри атрофига XIII асрда ўрнатилган нақшинкор ёғоч ўймакорлиги намунаси Бухоро давлат бадиий-меъморчилик музей-қўриқхонаси томонидан сақланиб, “Нақшбандия тариқати тарихи” музейи эскпозициясида намойиш этилмоқда. Ҳазрат қабри устига ясалган ёғоч сағана мозаика усулида териган бўлиб, унда туғилган ва вафот этган сана, Қуръони каримнинг машҳур суралари, шайхни мадҳ этувчи марсиялар ёзиб чиқилган.

Бухоролик илм аҳлининг тафаккур чироғи асрлар мобайнида Шарқ халқларини юксак маънавий комиллик руҳида тарбиялашдек хайрли ишга хизмат қилиб келган. Шайх Сайфиддин Боҳарзий ана шундай улуғвор иш йўлига камарбаста бўлган зотлардандир.

Шавкат БОБОЖОНОВ,

ЎзР ФА Тарих институти таянч докторанти

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:30
Куёш: 07:08
Пешин: 13:10
Аср: 16:15
Шом: 18:00
Хуфтон: 19:40
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram