Хожа Баҳоуддин Нақшбанд таваллудининг 698 йиллигига бағишлаб ўтказилган “Истиқлол йилларида Ўзбекистонда Нақшбандшунослик тараққиёти” мавзуидаги анъанавий нақшбандияхонлик илмий-амалий анжумани
16 сентябр 2016 й.
407 марта ўқилди.

 

 
 Хожа Баҳоуддин Нақшбанд таваллудининг 698 йиллигига бағишлаб ўтказилган “Истиқлол йилларида Ўзбекистонда Нақшбандшунослик тараққиёти” мавзуидаги анъанавий нақшбандияхонлик илмий-амалий анжумани  
 
А Х Б О Р О Т И
16 сентябр 2016 йил                                                                                                   Когон тумани
                                                         
Хожа Баҳоуддин Нақшбанд таваллудининг 698 йиллигига бағишлаб ўтказилган “Истиқлол йилларида Ўзбекистонда Нақшбандшунослик тараққиёти” мавзуидаги анъанавий нақшбандияхонлик илмий-амалий анжумани Ўзбекистон Республикаси биринчи Президенти марҳум Ислом Абдуғаниевич Каримов хақларига қуръон ўқиб, у кишининг номларига дуо қилиш билан бошланди.
Ҳар бир халқнинг шундай ёрқин сиймолари бўладики, уларнинг беназир хизматлари неча асрлар ошса ҳамки, ўша юрт ва миллатнинг чинакам фахри ва ифтихори бўлиб қолаверади. Нақшбандия тариқатининг асосчиси Хожа Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг муборак номлари бу ўринда алоҳида эътироф этилади. 
Аллома таваллудининг 698 йиллиги муносабати билан Баҳоуддин Нақшбанд мажмуасида ташкил этилган илмий-амалий анжуман  “Истиқлол йилларида Ўзбекистонда Нақшбандшунослик тараққиёти ”  мавзусига қаратилди  ва  Халқ  депутатлари  вилоят  кенгаши   ва  вилоят  ҳокимлиги   нашри  “Бухоронома”  ва     “ Бухарский вестник ”  газеталари  бош  муҳаррири  Комилов  Зарифжон   анжуманда   модераторлик  қилди.
Мустақиллик йиллари жамиятимизда юз бераётган ўзгаришлар миллий ўзлигимизни англаш, ўсиб келаётган навқирон авлодни айнан ана шу руҳда тарбиялаш борасида ҳаракатларни тамомила янги босқичга кўтарди. Улуғ алломалар қадамжоларини ободонлаштириш, уларнинг илмий-маънавий меросларини чуқурроқ ўрганишга бўлган қизиқишнинг талаб ва эҳтиёжнинг тобора ортиб бораётгани ҳам бунинг биргина мисолидир. Халқимизнинг маънавий тимсолида ардоқланадиган, инсон қадр-қимматини юксалтиришда, унинг руҳий дунёсини бойитишда хизмат қиладиган нақшбандия таълимотига бой маънавий меросига бўлган бугунги муносабат асосида айниқса ана шу ғоя мужассам.
Анжуман Баҳоуддин Нақшбанд мажмуасидаги  анжуманлар залида бўлиб ўтди. Унда вилоятимизнинг таниқли олимлари, шоирлар, Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти мударрис ва талабалари, Бухоро вилоят телерадикомпанияси, Истиқлол телеканаллари вакиллари, зиёратчилар  ва бошқалар иштирок этишди.  Ўзбекистон мусулмонлари идораси Бухоро вилояти вакили, “Баҳоуддин Нақшбанд” жомеъ масжиди имом хатиби Мансур Нуруллаевнинг кириш сўзлари билан бошланди. Нотиқ ўз сўзларида анжуман иштирокчиларини табриклаб, истиқлол йилларида эришилган ютуқлар, жумладан анъанавий нақшбандхонлик илмий-амалий анжуманининг ўтказилиши миллий маънавиятимизни тиклашда алоҳида ўрин касб этишининг аҳамияти тўғрисида гапирди. 
       Шундан сўнг, Бухоро вилояти ҳокимлиги аппарати  котибият мудири Ботир Норбоев сўзга чиқди. У киши анжуман иштирокчиларини Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд таваллудининг 698 йиллиги муносабати билан табриклаб, мустақиллик йилларида Ўзбекистон Республикаси биринчи Президенти марҳум Ислом Абдуғаниевич Каримов раҳнамолигида миллий, жумладан диний қадриятларимиз қайта тикланганлигини, улуғ алломаларимизнинг бой маънавий-маданий мероси халқимизга қайтарилганини,  ўзлигимиз, миллийлигимизни тиклаш борасида амалга оширилган ишлар тўғрисида тўхталиб ўтди. Охирги йилларда халқимизнинг нафақат иқтисодий турмуш тарзи, балки унинг маънавий ҳаётида ҳам тубдан ўзгаришлар рўй бергани таъкидлаб, жумладан Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг қадамжолари тубдан ўзгарганлиги, зиёратчилар ва чет эллик меҳмонлар учун барча қулайликлари мавжуд бўлган ажойиб гўша бўлганлиги, Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуаси маркази ташкил этилганлиги ва унинг аҳамияти тўғрисида нутқ сўзлади. Мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий - ижтимоий  ўзгаришлар эртанги кунимизга бўлган ишончимизни мустаҳкамлаши ва бу имкониятлардан айниқса ёшлар унумли фойдаланмоғлари тўғрисида фикрлар билдирди. 
 Шундан сўнг сўзга “Навоийлик Нақшбандийлар” мавзусида  тарих фанлари доктори, профессор Сулаймон Иноятов, “Нақшбандия таълимотига доир мўътабар манбалар” мавзусида фалсафа фанлари доктори, профессор Гулчеҳра  Наврўзова ўз маърузаларида нотиқ инсон қалбининг кенглиги, руҳий оламининг нақадар улуғлиги ҳақида гапирди ва бу борада Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари томонидан айтилган сўзлардан иқтибослар келтирди.
Тарих фанлари доктори Ҳалим Тўраев “Нақшбандияни ўрганишда архив материалларининг ўрни ва аҳамияти” мавзусида қилган изланишлари, топилган ҳужжатлар ва уларда кўрсатилган тарихий қайдномалар тўғрисида гапирди. 
“Муҳаммад Порсо – Нақшбандия назариётчиси сифатида” мавзусида Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университети доценти, тарих фанлари номзоди Масъуджон Исмоилов ҳақиқатда ўтмишимиз нақадар бойлиги, бу элнинг фарзандлари маънан ва руҳан қанчалик юксакларга парвоз этганини таъкидлаб, жумладан Мухуммад Порсо ҳам шулардан бири эканлиги тўғрисида маъруза қилди.
“Садриддин Салим Бухорий – тасаввуф тадқиқотчиси” мавзусида филология фанлари номзоди, доцент Самад Азимов ўз маърузаси билан анжуман иштирокчиларига катта қизиқиш ўйғотди.
“Маънавий Камолот ва қалб тарбияси” мавзусида техника фанлари номзоди Озод Мўминхўжа маърузаси билан иштирок этди.
“Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд рубойилари” Тошкент давлат шарқшунослик институти  ҳузуридаги Шарқ қўлёзмалари маркази катта илмий ходими-изланувчиси Неъмат Жабборов Нақшбандия таълимоти нафақат ислом оламида балки, ҳозирда ғарб мамлакатларида ҳам катта қизиқиш билан ўрганилаётганини таъкидлаб, кўпгина жаҳон ижодкорлари, мутафаккирлари, тасаввуф таълимотидан илҳомланганликлари таъсирида оламшумул асарлар яратганликларини айтиб, анжуман тингловчиларига Нақшбанд рубоийларидан ўқиб берди.
 “Алишер Навоий ғазалларида нақшбандия ғоялари тарғиби” мавзусида  Бухоро давлат университети доценти, филология фанлари номзоди Ҳусниддин Эшонқулов, “Қосимшайх Азизон ҳаёти ва фаолиятининг тасаввуф тарихидаги ўрни” мавзусида Навоий педагогика институти катта илмий ходими-изланувчиси Анвар Қандаҳоровлар  маъруза  қилишди.  Анжуманга келган шоирлар Тошпўлот Аҳмад, Исомиддин Жумаевлар ўз шеърлари билан ушбу анжуманга янада кўтаринки кайфият бағишладилар. 
Якуний сўз Марказ раиси Ўктам Ғуломов Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуаси марказида олиб борилаётган ишлар хусусида  кенг маълумот берди. Сўз охирида анжуманга ташриф буюрган барча азиз меҳмонларга ўзининг миннатдорчилигини изҳор этди. 
Шундай анжуманларни тез-тез ўтказиб туриш, жумладан, Хожа Баҳоуддин Нақшбанд меросини тарғиб этишга йўналтирилган тадбирлар нуфузини ошириш ҳақидаги таклиф-мулоҳазалар баён этилди. “Ҳозирги таҳликали дунёда, турли низо ва адоватлар ҳали-бери барҳам топмаган мураккаб бир вазиятда Нақшбанд бобомизнинг – миллати, тили ва динидан қатъи назар – инсон зотини азиз ва мукаррам билиш, ўзаро меҳр-оқибат, шафқат ва мурувват муҳитини қарор топтириш, етим-есирларнинг бошини силаш, муҳтожларга ёрдам бериш каби эзгу даъватлари тобора долзарб аҳамият касб этмоқда. Биз Нақшбанд ҳазратларини халқимизнинг руҳи ва табиатига беҳад яқин бўлган ана шундай ғоя ва қарашлари учун ардоқлаймиз, барчамиз унинг бой меросидан маънавий куч-қувват оламиз. Ота-боболаримиз бу буюк авлиёга чин дилдан ихлос қўйиб, юз йиллар давомида уни “Баҳоуддини Балогардон” деб улуғлаб келишида ҳам, албатта, теран маъно бор. Дарҳақиқат, Яратганнинг қудрати билан каромат соҳиби бўлган бу азиз зотнинг руҳи поклари ўтмишда ҳам, бугун ҳам бамисоли юртимиз осмонидан кезиб, она диёримизни ёмон кўзлардан, офатлардан, бало-қазолардан асраб келмоқда, десак, ҳеч қандай муболаға бўлмайди”  деган фахру ифтихор тўла сўзларига ҳамоҳанг бўлиши алоҳида таъкидланди.  
 
 
 
 
 
Баҳоуддин  Нақшбанд ёдгорлик мажмуаси 
                                                 маркази  раиси:                                 Ў.Ғуломов
 
«орқага