Жума тезислари
09 феврал 2018 й.

 Оила ҳар бир жамиятнинг бошланғич бўғини ҳисобланади. Оила мустаҳкам, тинч, ҳалол ва пок бўлса, жамият ҳам осойишта, мустаҳкам, фаровон бўлади. Аксинча, оилаларда парокандалик, бузғунчилик бўлса, ўша жамият бузилади, тинчи йўқолади, у оқибатда чуқур таназзулга юз тутади. Бахтли оилалар туфайли бахтли жамият вужудга келади. 

батафсил»

01 феврал 2018 й.

 Динимизда ҳалол касбга тарғиб қилинган бўлиб, танбаллик, дангасалик, ишёқмаслик каби жамиятга зарар келтирувчи иллатлардан қайтарилганмиз. Ҳатто ҳалол ризқ йўлида қилинадиган саъю ҳаракатлар учун улкан савоблар ваъда қилинган.

 
Пайғамбаримиз с.а.в.дан ворид бўлган ҳадисларнинг бирида:
 
عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ مَسْعُودٍ رضي الله عنه قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللهِ  صلى الله عليه وسلم : "طَلَبُ كَسْبِ الْحَلاَلِ فَرِيْضَةٌ بَعْدَ الْفَرِيْضَةِ "
 
 (رواه الإمام البيهقي في "شُعَب الإيمان").
 
яъни: Абдуллоҳ ибн Масъуд р.а.дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в.) айтадилар: “Ҳалол касб қилиш фарздан кейинги фарздир” (Имом Байҳақий бу ҳадисни “Шуъабул-имон” китобида келтирганлар). Имом Муҳаммад аш-Шайбоний илм талаб қилиш қандай фарз бўлса, ҳалол касб талаб қилиш ҳам худди шундай фарздир, деганлар.
 
Киши бировга муҳтож бўлмаслик учун меҳнат қилар экан, ҳам ўзининг инсонлик шарафини ҳимоя қилади, ҳам Яратганнинг амрига бош эгади. Зеро, мўминга Аллоҳнинг амри, Расулининг с.а.в. кўрсатган йўллари ҳалол меҳнат қилмоқликдир. Расул акрам с.а.в. шундай марҳамат қилганлар:
 
عَنِ الْمِقْدَامِ رَضِي اللَّه عَنْه عَنْ رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّه عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "مَا أَكَلَ أَحَدٌ طَعَامًا قَطُّ خَيْرًا مِنْ أَنْ يَأْكُلَ مِنْ عَمَلِ يَدِهِ"  
 
(رواه الإمام ابن ماجه).
 

батафсил»

28 январ 2018 й.

 Муҳтарам азизлар! Барчамизга маълум ва равшандирки, ҳар бир ота-она ўз фарзандларининг истиқболи, бахт-саодати ва келажакда мустақил ҳаёт кечириб, жисмоний, маънавий ва руҳий жиҳатдан баркамол авлод бўлиб етишишини ният қилади. Мана шу мақсадларга етишишда муқаддас Ислом динининг том маънодаги улуғвор таълимотига амал қилиш муҳим аҳамиятга эгадир. Ислом динида болаларни ҳали мурғаклигиданоқ гўзал ахлоқ ва одобга ўргатиб бориш тавсия этилади. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади:

 
عن عُمَرَ بْنَ أَبِى سَلَمَةَ يَقُولُ، كُنْتُ غُلامًا فِى حِجْرِ النَّبِىّ صلى الله عليه وسلم وَكَانَتْ يَدِى تَطِيشُ فِى الصَّحْفَةِ فَقَالَ لِى رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم: "يَا غُلامُ سَمِّ اللَّهَ وَكُلْ بِيَمِينِكَ وَكُلْ مِمَّا يَلِيكَ فَمَا زَالَتْ تِلْكَ طِعْمَتِى بَعْدُ"
 
 (رواه الامام البخاري).
 
яъни: Умар ибн Абу Салама р.а. айтадилар: “Мен Расулуллоҳнинг қарамоғларида ёш бола эдим. Овқат вақтида қўлимни товоқнинг ҳамма ерига узатар эдим. Шунда, Расулуллоҳ менга: “Эй болакай! Аввал, “Бисмиллоҳ”ни айт, сўнгра ўнг қўлинг билан, ўзингни олдингдан олиб егин”, деб ўргатдилар. Шундан бери ўшандай овқатланадиган бўлдим” (Имом Бухорий ривояти).
 
Динимизда ёшларни асосан ростгўйлик, ваъдага вафо, омонатдорлик, каттага ҳурмат, кичикка иззат, ўзгаларга меҳр-оқибатли бўлиш каби фазилатлар соҳиби қилиб вояга етказишга катта аҳамият қаратилади. 

батафсил»

12 январ 2018 й.

 Муҳтарам жамоат! Аллоҳ таоло биз инсонларга бошқа махлуқотларда бўлмаган тил орқали сўзлаш, фикримизни баён эта олиш имкониятини ато этди. Бу энг улуғ неъматлардан саналади. Динимизда тилни фақат яхшилик йўлида ишлатишимиз, ёмон гапларни сўзлашдан сақланишимиз таълим берилади. Мусулмон киши тилига жуда эҳтиёт бўлиши, оғзидан чиқаётган ҳар бир сўзи ё унинг фойдасига ёки зарарига ҳужжат бўлиб қолиши мумкин эканлигини асло унутмаслиги лозим. Аллоҳ таоло бу ҳақда биз бандаларини огоҳлантирган.

 
مَا يَلْفِظُ مِنْ قَوْلٍ إِلاَّ لَدَيْهِ رَقِيبٌ عَتِيدٌ
 
 (سورة ق/18).
 
яъни: Аллоҳ таоло айтади: “У бирор сўзни талаффуз қилса, албатта, унинг  олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатувчи (сўзни ёзиб олувчи фаришта) бордир” (Қоф сураси, 18-оят). Шунинг учун, Пайғамбаримиз (с.а.в.) марҳамат қилдилар:
 
عن أَبي هريرة رضي الله عنه عن النَّبيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: "مَنْ كَانَ يُؤْمِنُ بِاللهِ وَاليَوْمِ الآخِرِ فَلْيَقُلْ خَيْراً أَوْ لِيَصْمُتْ"
 
(متفق عَلَيْهِ).

батафсил»

04 январ 2018 й.

  

 
Бу буюк зот Мовароуннаҳрнинг энг кўҳна ва гўзал шаҳарларидан бўлмиш Бухорои шарифда, ҳижрий 194 йил Рамазон ойининг 13-санада, жума куни таваллуд топдилар. Имом Бухорий бутун ҳаётларини, интилиш ва ҳаракатларини ҳадис илмига бахшида этган эдилар. Жуда оз ухлар, уйқудан ташқари пайтларда эса атрофдагилар у кишини ё устозлардан ҳадис эшитаётган ёхуд ёзиб олаётган, ё ўзлари шогирдларга ҳадис айтаётган, ё ёлғиз ўтириб, қўлда қалам билан жамлаган ҳадисларининг нодир жойларини қайд этиб ўтирган ҳолда кўрар эди. У кишининг ҳар бир куни илм олувчи, таълим берувчи ва китоб таълиф қилувчи мақомида ўтарди. Буларнинг гувоҳи бўлган шогирдлари Ибн Абу Ҳотим бундай дейди: “Бухорий билан сафарда бирга бўлиб, бир уйда тунашга тўғри келди. Ўшанда шунинг гувоҳи бўлдимки, у киши бир кечанинг ўзида ўн беш мартадан йигирма мартагача уйғониб, ҳар гал чақмоқ тошни ишлатиб чироғини ёқар, тўплаган ҳадисларининг саҳиҳларини ажратиб, белгилаб қўяр эди. Сўнг чироқни ўчириб, бошини ёстиққа қўяр эди”. Имом Бухорийнинг ҳадис ёдлаш қобилиятлари, зеҳнларининг ўткирлиги тилларда достон бўлиб кетган эди. У киши ўзларининг шоҳ асарлари бўлмиш “Жомеус-саҳиҳ” таълиф қилиш олдидан жами олти юз минг, шундан юз минг саҳиҳ ва икки юз минг саҳиҳ бўлмаган ҳадисни ёд олганларини зикр этган эдилар. У киши “Саҳиҳ”дага ҳар бир ҳадисни қўшиш олдидан ғусл қилиб, сўнг ҳадисни ёзар эдилар. Ҳадис илми равнақи йўлидаги буюк хизматлари учун “Имомуд-дунё” (Дунё имоми) мақомига мушарраф бўлган эдилар.
 
Замондошларининг гувоҳлик беришларича, Имом Бухорий ҳазратлари жисман нозик, озғин, ўрта бўйли, нафсини бир маромда ушлаган, таомни жуда кам истеъмол қиладиган фазилатли, тамкинли инсонлардан эдилар. У кишининг зуҳди-қаноати ва тақвоси ҳаммага ибрат эди. Имом Бухорий нафс риёзати, тўғрилик ва ҳалоллик билан зийнатланган ва танилган эдилар. Ҳалоллик йўлида ҳар қандай машаққатни зиммага олардилар. Ҳаётларининг энг оғир дамларида ҳам бировдан бир нарса сўрамас, одамлар миннатидан юзларини сарғайтирмас эдилар. Очликнинг қийноқларига чидаб, кўкат ейиш ёки сув ичиш билан чора топардилар. Ваҳоланки, Абу Абдуллоҳ ҳаётда бой одам эдилар, оталаридан жуда катта мол-давлат мерос қолган эди. Аммо у киши охиратдаги ҳисоб-китобда масъул бўлмаслик учун дунё неъматларидан воз кечган эдилар. Бухорийнинг ўзлари айтишларича, ҳар ойда беш юз дирҳам фойда олганлар ва ҳаммасини илм йўлида сарфлаб юборганлар. “Чунки бу сарфиёт Аллоҳ йўлида бўлгани учун энг яхши ва боқий қолувчи сарфиётдир”, деганлар. Имом Бухорий гўзал хулқли, ҳамма ёқтирадиган одам бўлганлар. Муҳаммад ибн Абу Ҳотимнинг айтишича, Имом Бухорий бундай деганлар: “Ғийбатнинг ҳаромлигини билганимдан буён бирор кишини ғийбат қилмадим. Аллоҳга рўбарў бўлганимда бирор кишини ғийбат қилмаганим ҳақида мени ҳисоб-китоб қилмаслигидан умид қиламан”. Бир гал Абу Маъшар исмли бир ожиз кишининг беихтиёр қилган қилиғига қараб табассум қилиб қўйганлари учун бориб ундан кечирим сўраганлар. Бошқа бир пайт камон отишни машқ қилаётганларида отган ўқлари ўша жойдаги кўприкнинг қозиғига тегиб, уни синдириб қўйди. Шунда у киши шогирдларидан бирига пул бериб, кўприк эгасидан узр сўраш ва кўприкни тузатиш харажатига пулни олиш таклифи билан жўнатдилар. Кўприк эгаси Имомга бўлган ҳурматидан эваз олмай, уни ўзи тузатиб қўйишга ваъда берди. Шунда Имом азбаройи хурсанд бўлганларидан шу куни шогирдларга беш юз ҳадис ўқиб бердилар ва уч юз дирҳам садақа қилдилар. Имом Бухорийнинг Аллоҳ таолога бўлган имон-ишончлари ботину зоҳирларидан яққол кўриниб турар эди. Ибодатда бутун қалблари, ҳар бир аъзолари билан хушуъ-хузуъда, ихлос билан Аллоҳнинг Ўзига юзланар эдилар. Доимо Қуръони каримни тиловат қилардилар. Аллоҳ таолога дуолари ижобат эди. Имом Бухорий ҳазратлари ўзларидан улкан илмий мерос қолдирдилар. Ёш бўлатуриб, дунёга машҳур асарларни ёздилар. Хатиб Бағдодий Имом Бухорийнинг шундай деганларини ривоят қилган: “Ўн саккиз ёшга етганимда саҳоба ва тобеинларнинг масала ва қавлларини тасниф қила бошладим... Ўша пайтда “Китобут-тарих”ни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрлари ёнида ойдин кечаларда тасниф этганман”. Имом Бухорийнинг жами асарлари йигирмадан ошади. Улар орасида “Китобут-тарих”дан ташқари одобга оид бир минг уч юздан ортиқ ҳадисни жамлаган “Адабул-муфрад” алоҳида ўрин тутади. Булардан ташқари, “Китобус-сунан фил фиқҳ”, “Халқу афъолил-ибод”, “Зуафоус-сағир”, “Ал-асмоъ ва куно”, “Биррул волидайн”, “Жомеул-кабир”, “Муснадул-кабир”, “Тафсирул-кабир”, “Китобул-илал” каби йирик асарлар бор. Булар ичида “Жомеус-саҳиҳ” китоби бу асарларнинг гултожи, ҳадис китобларининг энг аълоси ва мукаммали, Имомнинг шоҳ асарларидир. Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳнинг вафотлари ҳижрий 256 (милодий 870) йил Рамазон ҳайити кечасида бўлди, ҳайит куни пешин намозидан сўнг дафн этилдилар. Фано дунёсида ўн уч куни кам олтмиш икки йил умр кечирдилар.

батафсил»

29 декабр 2017 й.

  Муҳтарам биродарлар! Мана 2017 йил ҳам ниҳоясига етиб, умримиздан яна бир йили ортда қолди. Зеро, Аллоҳ таоло бу дунё ҳаётини ва ундаги барча нарсалар, жумладан сизу биз инсонларни ҳам фоний қилиб яратди. Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч нарса боқий эмаслигини Қуръони каримда баён қилди:

 
كُلُّ مَنْ عَلَيْهَا فَانٍ وَ يَبْقَى وَجْهُ رَبِّكَ ذُو الْجَلَالِ وَالْإِكْرَامِ   (سُورَةُ الرّحمَنِ/26-27).

батафсил»

21 декабр 2017 й.

 Муҳтарам жамоат! Ниҳоясига етиб бораётган “халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб номланмиш 2017 йилимиз унда халқимиз учун кўплаб манфаатлар ҳосил бўлганлиги билан тарихда қолди. Самимий мулоқотларимиз, ўзаро манфаатларимиз фақатгина бу йил учун эмас балки, довомли бўлмоғига эришайлик. Зеро, динимиз бизларни яхшиликка чорлайди, ўзгаларга яхшилик қилишга даъват этади. Аслида, яхшилик қилиш, ўзгаларга манфаат етказиб яшаш мўмин кишининг ажралмас ва энг асосий сифатидан биридир. Инсонларга яхшилик қилиш ўзини икки дунё саодатига олиб келишини яхши англайди. 

батафсил»

14 декабр 2017 й.

 Аллоҳ таоло инсонни ер юзини обод этиш учун яратган. Ислом дини тинчлик динидир. Унинг таълимотидаги асосий даъват инсонларни тинчликка чақириш, Ер юзида осойишта ҳаёт ўрнатиш, кишиларни бир-бирига меҳр-мурувватли бўлишга, дини, миллати, ирқидан қатъий назар, ўзаро иззат-ҳурмат кўрсатишга чорлашдир. 

 

батафсил»

Бухоро -
Бомдод: 06:45
Куёш: 07:31
Пешин: 13:10
Аср: 16:55
Шом: 18:35
Хуфтон: 19:55
Тўлиқ тақвим »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram