Ҳаё – имондандир!
17 январ 2020 й.
77 марта ўқилди.

اَلْحَمْدُ للهِ ذِي الْفَضْلِ وَالإِحْسَانِ، وَجَعَلَ الْحَيَاءَ شُعْبَةً مِنْ شُعَبِ الإِيْمَانِ وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمُ عَلَى سَيِّدِ الأَنَام

وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ الكِرَام، أَمَّا بَعْدُ

Муҳтарам жамоат! Бугунги суҳбатимиз Ислом хулқи дея тавсифланган гўзал хулқлардан бири – ҳаё ҳақида бўлади. “Ҳаё” сўзи луғатда “уялиш”, “тортиниш” каби маъноларни англатади. Бошқача қилиб айтганда “Ҳаё – айбдан ва ёмонланишдан қўрқиб ўзини паст олиш ва ўзгаришдир”. Аллома Журжоний раҳимаҳуллоҳ ҳаёни қуйидагича таърифлаганлар:

هُوَ انْقِبَاضُ النَّفْسِ مِنْ شَيْءٍ وَتَرْكُهُ حَذَرًا عَنْ اللَّوْمِ فِيْهِ

яъни: “Ҳаё бу – нафснинг бир нарсадан тортиниши ва маломатдан сақланиш мақсадида уни тарк қилишидир” (“Таърифот” китоби).

Аллоҳ таоло Қуръони каримда ўтган солиҳалардан бирининг ҳаёсига алоҳида урғу бериб, шундай деган:

فَجَاءَتْهُ إِحْدَاهُمَا تَمْشِي عَلَى اسْتِحْيَاءٍ قَالَتْ إِنَّ أَبِي يَدْعُوكَ لِيَجْزِيَكَ أَجْرَ مَا سَقَيْتَ لَنَا ...

яъни: “Сўнгра, улардан (икки қиздан) бири ҳаё билан юриб келиб: «Отам сени бизларга (қўйларимизни) суғориб берганинг ҳақини бериш учун чақирмоқда», – деди...” (“Қасас” сураси, 25-оят).

Мусо алайҳиссаломнинг олдиларига ҳаё билан уялибгина келиб: “Отам сизга бизларга суғориб берганингиз ҳаққини бериш учун чақирмоқда”,  деган бу қиз Шуъайб алайҳиссаломнинг ҳаё асосида тарбия топган қизлари эди.

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам:

"الإيمَانُ بِضْعٌ وَسَبعُونَ شُعْبةً، فَأفْضَلُهَا قَوْلُ: لا إلهَ إلا الله، وَأدنَاها: إِماطَةُ الأذَى عَن الطَّريقِ،

وَالْحَيَاءُ شُعبَةٌ مِن الإيْمَان" )رواه الامام مسلم(

яъни: “Имон етмишдан ортиқ бўлакдан иборатдир. Унинг энг афзали “Лаа илаҳа иллаллоҳ” дейиш ва энг қуйиси, йўлдаги озор берадиган нарсани олиб ташлашдир. Ҳаё ҳам– иймоннинг бир бўлагидир”, – деганлар (Имом Муслим ривоятлари).

Ушбу ҳадиси шарифда имоннинг энг олий ва энг қуйи бўлакларидан кейин “Ҳаё”ни алоҳида таъкидлаб: “Ҳаё иймоннинг бир бўлагидир”,  дейилиши бежиз эмас. Чунки, ҳаё иймоннинг энг ажойиб кўринишларидан биридир. Ҳаё инсонни доимо яхшилик қилишга, ёмонликдан четланишга чорловчи ажойиб хислатдир.

Ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бошқа бир ҳадиси шарифда шундай дейилади:

" إنَّ الحَيَاءَ والإِيْمَانَ قُرِنَا جَمِيعًا ، فإذَا رُفِعَ أحدُهُمَا رُفِعَ الآخَرُ "

(أخرجه الامام الحاكم والامام البيهقي في شعب الإيمان عن ابن عمر رضي الله عنهما)

яъни: “Ҳаё ва имон иккиси эгизаклардир. Қачон улардан бири кўтарилса, бошқаси ҳам кўтарилади” (Имом Ҳоким ва Имом Байҳақий ривоят қилишган).

Уламоларимиз ҳаёни тўрт хил турга бўлишган бўлиб, уларнинг ҳар бири мақталган хислат саналади. 

Биринчиси: Аллоҳ таолодан ҳаё қилиш;

Аллоҳ таолодан ҳаё қилиш деганда – банда Аллоҳ таоло қайтарган ишларни қилишдан, буюрганларини бажаришда сусткашликка йўл қўйишдан ҳаё қилиши тушунилади. Зеро, Аллоҳ таоло ҳар бир банданинг жон томиридан кўра яқинроқдир. Унинг барча ҳатти-ҳаракатидан бохабардир. Бу ҳақида Ўзининг Каломида шундай дейди:

وَلَقَدْ خَلَقْنَا الإِنْسَانَ وَنَعْلَمُ مَا تُوَسْوِسُ بِهِ نَفْسُهُ وَنَحْنُ أَقْرَبُ إِلَيْهِ مِنْ حَبْلِ الْوَرِيدِ

яъни: “Инсонни (Биз) яратганмиз, унинг нафси васваса қиладиган (кўнглидан ўтадиган) нарсаларни ҳам билурмиз. Биз унга бўйин томиридан ҳам яқинроқдирмиз” (Қоф сураси, 16-оят).

Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ “Шарҳи Арбаин” китобида: “Ҳақиқий ҳаё – банда биринчи бўлиб Аллоҳдан чинакам уялишидир”, – деганлар ва бунга далил сифатида қуйидаги ҳадисни келтирганлар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга қарата:

"اسْتَحْيُوا مِنَ اللَّهِ حَقَّ الْحَيَاءِ قَالُوا: إِنَّا لَنَسْتَحْيِي مِنَ اللَّهِ يَا رَسُولَ اللَّهِ وَالْحَمْدُ لِلَّهِ، قَالَ: لَيْسَ ذَاكَ، وَلَكِنْ مَنِ اسْتَحْيَا مِنَ اللَّهِ حَقَّ الْحَيَاءِ فَلْيَحْفَظِ الرَّأْسَ وَمَا وَعَى، وَلْيَحْفَظِ الْبَطْنَ وَمَا حَوَى، وَلْيَذْكُرِ الْمَوْتَ وَالْبَلاءَ، وَمَنْ أَرَادَ الآخِرَةَ تَرَكَ زِينَةَ الْحَيَاةِ الدُّنْيَا، فَمَنْ فَعَلَ ذَلِكَ فَقَدِ اسْتَحْيَا مِنَ اللَّهِ حَقَّ الْحَيَاءِ" (رواه الامام التِّرمذي عن عبد الله رضي الله عنه)

яъни: “Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилинглар”,  дедилар. Саҳобалар “Эй Аллоҳнинг Расули, биз, албатта, ҳаё қиламиз, алҳамдулиллоҳ дейишди. “Ундоқ эмас. Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилиш, бошни ва у ўз ичига олган нарсаларни, қоринни ва у ўз ичига олган нарсаларни сақламоғингиздир. Ўлимни ва (қабрда) чиришни эсламоғингиздир. Ким охиратни хоҳласа, дунё зийнатини тарк қилур. Ким ўшаларни қилса, Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилган бўлур”, – дедилар” (Имом Термизий ривоятлари).

Бош ўз ичига олган нарсалар кўз, қулоқ, бурун, оғиз ва тил эканлигини билиб қўймоқ лозим. Ушбу нарсаларни ёмонликдан сақлаш билан Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилишнинг баъзи шартлари бажарилар экан.

Қорин ўз ичига олган нарсалар жумласидан озуқалар ва фарж (аврат аъзо) назарда тутилмоқда. Демак озуқани ҳалол бўлиши ва фаржни гуноҳдан сақлаш билан Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилишнинг баъзи шартлари юзага келар экан.

Ўлимини эсламаган, қабрда чиришини эсламаган кимса ҳеч нарсадан ҳаё қилмаслиги шу ҳадисдан маълум бўлмоқда.

Аллоҳ таолодан ҳаё қилган киши жамоат жойларида ҳам, ёлғиз қолганда ҳам ўзини бир хил тутади, ўзгармайди. Одамлар кўз ўнгида қилмаган гуноҳни Парвардигоридан қўрққани учун танҳолигида ҳам содир этмайди. Агар кишида Аллоҳдан ҳаё қилиш одати бўлмаса – бу унинг бу дунёда ҳам охиратда ҳам шармандалигига сабаб бўлади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ҳадиси шарифларидан бирида: “Умматимдан шундай кишиларни биламанки, улар Қиёмат куни Туҳома тоғича келадиган оппоқ хайрли амалларни олиб келадилар. Аллоҳ уларнинг яхшиликларини тўзғиган ғуборга айлантиради”, – дедилар. Саҳобалардан Савбон разияллоҳу анҳу: “Ё Расулуллоҳ, уларни бизга очиқ-ойдин сифатлаб беринг. Токи, биз ҳам ўзимиз билмаган ҳолда улардек бўлиб қолмайлик”, – дедилар. Шунда У Зот: “Улар сизнинг биродарларингиз ва сизнинг ўхшашларингиздир. Худди сизлар тунлари (таҳажжуд намозини адо этиб) насибаланганингиз каби улар ҳам (ибодатдан) насибаларини оладилар. Аммо улар холи қолганларида Аллоҳ ҳаром қилган ишларни қилишдан тап тортмайдилар”, – деб жавоб берганлар” (Имом Ибн Можа ривоятлари).

Иккинчиси: Малоикалардан ҳаё қилиш;

Аллоҳ таоло айни маънога ишора қилиб шундай марҳамат қилган:

وَإِنَّ عَلَيْكُمْ لَحَافِظِينَ (*) كِرَامًا كَاتِبِينَ (*) يَعْلَمُونَ مَا تَفْعَلُونَ

яъни: “Ҳолбуки, сизларнинг устингизда (барча сўзингиз ва ишингизни) ёдлаб турувчи (фаришталар) бор. (Улар номаи аъмолга) ёзувчи улуғ зотлардир. (Улар) сиз қилаётган ишларни билурлар” (Инфитор сураси, 10-12-оятлар).

Ҳадиси шарифлардан бирида: “Огоҳ бўлингки, хало билан жимодан бошқа вақтда сизлардан айрилмай, доимо бирга юрадиган зотлар бор. Шундай экан, улардан ҳаё қилинг ва уларни ҳурмат қилинг!”, – дейилган. Бу ҳадисда назарда тутилган зотлар албатта Аллоҳнинг содиқ қуллари – малоикалардир. Улардан ҳаё қилиш, ўзимизни дину диёнат, одобу ахлоққа зид келадиган номақбул одат ва кўринишлардан узоқ бўлишимиз орқали бўлади.

Учинчиси: одамлардан ҳаё қилиш;

Одамлардан ҳаё қилиш ўзгалар ҳузурида кўрсатилиши одатда уятли саналадиган аъзолар – аврат жойларни бекитиш, уни бегона кўзлардан яшириш билан бирга, кишиларга тили, қўли билан озор беришни тўхтатиб, ёмон сўзлар билан инсонлар дилларини ранжитмаслик, таҳқирлаб хўрламаслик билан ҳам таърифланади.

Хусусан, айни пайтда бутун дунёда кечаётган ахлоқсизликнинг ҳар қандай турлари юртимиз ижтимоий ҳаётига “Оммавий маданият” кўринишида кириб келиб, ўзининг салбий таъсирини ҳам кўрсатаётгани сир эмас. Буни, айниқса, хотин-қизлар, ёшларнинг ўзини тутиши, муомаласи, кийинишида яққол сезиш мумкин.

Набий алайҳиссалом одамлардан қилинадиган ҳаёни яхши ва ёмон ишлар учун мезон қилиб белгилаганлар ва шундай деганлар: “Бирор ишни одамлар кўришини ёқтирмасангиз, хилватда қолганингизда ҳам ўша ишни қилманг!” (Имом Ибн Ҳиббон ривоятлари). Ҳузайфа ибн Ямон разияллоҳу анҳу айтадилар: “Одамлардан уялмайдиган кишида хайр йўқ”. Ибн Масъуд разияллоҳу анҳу: “Одамлардан ҳаё қилмаган, Аллоҳ таолодан ҳам ҳаё қилмайди”,  деганлар. Умар розияллоҳу анҳу: “Кимнинг ҳаёси оз бўлса, парҳезкорлиги озаяди. Кимнинг парҳезкорлиги оз бўлса, қалби ўлади”,  деганлар.

Тўртинчиси: ўз нафсидан ҳаё қилиш.

Ўз-ўзидан ҳаё қилиш ҳам яхши фазилат ҳисобланиб, у ҳеч ким кўрмайдиган жойда ҳам ўзини ноўрин ҳаракатлардан тийишини тақозо этади. Ҳакимлардан бири: “Ўзидан ўзи уялиш бошқалардан уялишдан кўра кўпроқ бўлмоғи лозим”,  деганлар. Уламолардан бири эса: “Кимки очиқ-ойдинда қилиш уят бўлган ишни хилватда қилса, у ўз нафсини ўзининг олдида қадрсиз қилибди”,  дейдилар.

Муҳтарам жамоат! Умматлари учун ҳар бир ишда намуна бўлган Зот Муҳаммад алайҳиссалом ҳаё бобида ҳам пешқадам эдилар. Абу Саид ал-Худрий разияллоҳу анҳу У Зотни шундай сифатлаганлар:

"كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى الله عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَشَدَّ حَيَاءً مِنْ عَذْرَاءَ فِي خِدْرِهَا، وَكَانَ إِذَا كَرِهَ شَيْئًا رُئِيَ ذَلِكَ فِي وَجْهِهِ "

(رَوَاهُ الامَامُ البُخَارِيُّ)

яъни: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаёлари чимилдиқдаги келинникидан ҳам кучлироқ эди. Бир нарсани ёқтирмасалар, юзларидан билар эдик” (Имом Бухорий ривоятлари).

Бу ҳадисда ҳам Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаёларини таърифлашда гўзал ўхшатиш танланган. Маълумки, ҳаёнинг энг юқори чўққиси гўшангага кирган янги келинчакда кузатилади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаёлари эса, ушбу даражадан ҳам юқори эди.

Шунингдек, У Зот саҳобаларни доимо ҳаёга тарғиб қилардилар. Ҳаёсизликнинг салбий оқибатларидан огоҳлантирардилар. Жумладан ҳадиси шарифларининг бирида шундай деганлар:

" ما كانَ الفُحشُ في شَيءٍ إلَّا شَانَهُ ، وَمَا كَانَ الحيَاءُ في شَيءٍ إلَّا زَانَهُ "

(رواه الامام الترمذي عن أنس بن مالك رضي الله عنه)

яъни: “Нимада фаҳш бўлса, албатта, уни шарманда қилади. Нимада ҳаё бўлса, албатта, уни зийнатлайди”,  дедилар (Имом Термизий ривоятлари).

Бошқа бир ҳадиси шарифда эса: 

"الحَيَاءُ مِن الإِيمَانِ، وَالإِيمَانُ فِي الْجَنَّةِ، وَالْبَذَاءُ مِنْ الْجَفَاءِ، وَالْجَفَاءُ فِي النَّارِ "

(رواه الامام التِّرمذي والامام ابن ماجه عن أبي هريرة رضي الله عنه)

яъни: “Ҳаё иймондандир. Иймон жаннатдадир. Ҳаёсизлик жафодир. Жафо дўзахдадир”,  деганлар (Имом Термизий ва Ибн Можа ривоятлари).

Маъсиятлар қалбдан ҳаёни кетказади. Ҳаё  барча яхшиликларнинг асосидир. Ҳаёнинг кетиши  барча яхшиликларнинг кетишидир. Маъсиятларда бардавом бўлиш аста-секин ҳаёни заифлаштириб бориб, бир йўла йўқ қилиб юбориши ҳам мумкин.

Шоир айтади:

Сақлагил ҳаёинг ҳар дам, ҳар нафас,

Кишининг фазлига далилдир ҳаё.

Юзнинг суви кетса, қилинмас ҳавас,

Ўликдир у инсон, мурдадир гўё.

Қалб қанчалик тирик бўлса, ҳаё хулқи ҳам шунчалик кучли ва мукаммал бўлади. “Ҳаё” билан “ҳаёт” сўзининг ўзаги бир эканлиги ҳам бежиз эмас, албатта.

Муҳтарам азизлар! Юқоридаги оят ва ҳадислардан беҳаёлик барча бузғунчиликнинг асоси экани маълум бўлмоқда. Бежизга азалдан Агар ҳаё қилмасанг, истаганингни қилавер”,  дейилмаган. Минг афсуски, бугунги кунимизда турли бузғунчи тоифалар томонидан ҳаёсизларча инсонларни ҳақорат қилишлари, шаънини топташлари авж олганини гувоҳи бўлмоқдамиз. Ваҳолангки, динимизда инсонни шаъни ва обрўсини тўкиш – унинг қонини тўкишга тенглаштирилган. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Ҳумаза” сурасида:

وَيْلٌ لِكُلِّ هُمَزَةٍ لُمَزَةٍ

яъни: “Ҳар бир обрў тўкувчи ва айбловчига вайл бўлсин”, – деган (1-оят). Демак, кишининг обрўсини тўкишга бўлган уриниш қаттиқ қораланади ва унинг охиратдаги жазоси ҳам шунга яраша бўлади. 

Видолашув ҳажида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мана шу юртда (яъни, Маккада), мана шу ойда, мана шу кунда (уруш ва ножўя ишларни қилиш) қандай ҳаром қилинган бўлса, сизларнинг қонларингиз, молларингиз ва обрўларингиз ҳам худди шундай ҳаром қилингандир”, – деб бир неча маротаба такрорлаганлар.

Кейинги пайтларда турли сайтлар ва ижтимоий тармоқларда кишиларнинг, хусусан, уламоларнинг обрўсини тушириб, шу орқали обрў орттиришга уриниш ҳолатлари кўзга ташланмоқда. Бу ҳолат айни биз юқорида келтирган оят ва ҳадисларда қораланган бўлиб, ҳаром, жирканч ишлардандир. Бировнинг обрўсини тўкувчиларнинг ҳолига бу дунёда ҳам, охиратда ҳам вой бўлади.

(Имом-хатиблар мавъизанинг мана шу ўрнида ўз сўзи билан жонли тарзда ушбу ҳолатнинг салбий оқибатлари ҳақида гапириб берадилар...).

Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламга шундай амр қилган:

ادْعُ إِلَى سَبِيلِ رَبِّكَ بِالْحِكْمَةِ وَالْمَوْعِظَةِ الْحَسَنَةِ ۖ وَجَادِلْهُم بِالَّتِي هِيَ أَحْسَنُ

яъни: “(Эй Муҳаммад), Раббингизнинг йўлига (динига) ҳикмат ва чиройли насиҳат билан даъват қилинг! Улар билан энг гўзал услубда мунозара қилинг!” (Наҳл сураси, 125-оят).

Ислом дини ҳикмат ва чиройли насиҳат динидир. Бузғунчилик ва қўпорувчилик дини эмас. Ҳозирда бузғунчи тоифалар ўйлаб топаётган янги-янги “жиҳод” турлари Ислом динига мутлақо ётдир. Улар кўпгина мусулмонларнинг Ислом аҳкомларини билмаслиги, илмий савияга эга эмаслигидан фойдаланиб, “Жиҳод – муқаддас уруш” деган тушунчани тарғиб қилиб, ноҳақ қон тўкилишига сабабчи бўлишмоқда.

(Имом-хатиблар мавъизанинг мана шу ўрнида ўз сўзи билан жонли тарзда ушбу ҳолатнинг моҳияти ҳақида гапириб берадилар...).

Муҳтарам жамоат! Бугунги кунимизда кенг тарқалган ҳаёсизлик кўринишларидан бири – сўкинишдир. Айниқса, жамоат жойларида айрим ёшларнинг сўкинишлари қулоққа чалинадиган бўлиб қолди. Ҳаёсизларча ҳақоратлашиш, ота-онадан сўкиш, ўз ота-онасини сўкиш билан баробар бўлган гуноҳи кабирадир.

Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам:

"سِبَابُ الْمُسْلِمِ فُسُوقٌ، وَقِتَالُهُ كُفْرٌ" (أَخْرَجَهُ الامَامُ البُخَارِيُّ وَالامَامُ مُسْلِمٌ)

яъни: “Мусулмон кишини сўкиш фосиқликдир. У билан (қонини ҳалол санаган ҳолда) урушиш кофирликдир”, – деганлар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари). 

Ўзаро келиша олмай қолган одамлар бир-бирини бадном қилиб, ҳақоратлаши динимиз талабига мутлақо зиддир.

(Имом-хатиблар мавъизанинг мана шу ўрнида ўз сўзи билан жонли тарзда ушбу ҳолатнинг салбий оқибатлари ҳақида гапириб берадилар...).

Хулоса қилиб айтганда, ҳаё имонни мукаммаллигидандир. Чунки ҳаёли киши ёмон амалларни қилишдан ўзини тўхтатади. Ҳаё  итоатга ундайди. Ҳаё бу инсон фитратида бор бўлган ҳислат бўлиб, уни шариат одобларига амал қилиш орқали кучайтирилади.

Аллоҳ таоло барчамизни Ислом хулқлари билан зийнатланишимизга муваффақ этсин! Омин!

 

Муҳтарам имом-домла! Келгуси жума маърузаси “ФИҚҲИЙ МАЗҲАБЛАР – БИРДАМЛИК РАМЗИ мавзусида бўлади.

 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:30
Куёш: 07:25
Пешин: 13:10
Аср: 16:55
Шом: 18:35
Хуфтон: 20:10
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram