Саломатликни асраш – омонат
01 декабр 2017 й.
102 марта ўқилди.

 ЖУМА МАВЪИЗАЛАРИ

01.12.2017 й. Саломатликни асраш – омонат
muslim.uz  - Нояб 29, 2017
 
(1 декабрь – ОИТСга қарши кураш куни) 
 
Муҳтарам биродарлар! Бугун 1 декабрь куни дунё бўйича халқаро ОИТСга қарши кураш куни деб белгиланган. Маълумки, бу касаллик инсон организмидаги касалликка қарши курашувчанлик қобилияти (иммунитет)нинг йўқолиши билан боғлиқ бўлиб, ҳозирги кунда бу касалликнинг давосини топиш устида мутахассислар изланишлар олиб бормоқдалар.
 
Муқаддас динимизнинг илоҳий таълимотида инсон учун зарур бўлган соғлиқнинг улуғ неъмат эканлиги, унинг қадрига етиш, зарурлиги алоҳида таъкидлаган. Бу ҳақда Пайғамбаримиз с.а.в. шундай марҳамат қилганлар:
 
عن ابن عباسٍ رضي الله عنهما قال: قال النبيُّ صلَّى الله عليه وسلم: "نِعمَتَانِ مَغْبُونٌ فِيهِمَا كَثِيرٌ مِنَ النَّاسِ الصِّحَّةُ وَالفَرَاغُ"  ( رواه الامام البخاري).
 
яъни: Ибн Аббос р.а. ривоят қилиб айтадилар, Пайғамбар с.а.в. дедилар: “Икки неъмат бор, кўпчилик кишилар бу иккисининг қадрига етмайдилар: сиҳат-саломатлик ва хотиржамлик” (Имом Бухорий ривояти). Дарҳақиқат, сиҳат-саломатлик шунчалик улуғ неъмат бўлишига қарамасдан, унинг қадрига кўпроқ уни йўқотган кишилар етади. Шунинг учун араб мақолларининг бирида айтилади:
 
الصِّحَّةُ تَاجٌ عَلَى رُؤُوسِ الأَصِحَّاءِ لاَ يَرَاهُ إِلاَّ المرْضَى
 
яъни: “Саломатлик соғлом кишиларнинг бошидаги тождир, уни эса фақат беморларгина кўради”. Яна бошқа бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ с.а.в. марҳамат қилганлар:
 
عن عبد الله بن عثمان رضي الله عنه  قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: "سَلُوا اللَّهَ الْعَافِيَةَ، فَإِنَّهُ لَمْ يُعْطَ عَبْدٌ شَيْئًا أَفْضَلَ مِنَ الْعَافِيَةِ" (رواه الامام أحمد).
 
яъни: Абдуллоҳ бин Усмон р.а. ривоят қилиб айтадилар, Расулуллоҳ с.а.в. дедилар: “Аллоҳдан офиятни сўранглар, зеро, бандага офиятдан афзал нарса берилмаган” (Имом Аҳмад ривояти). Офият, бу саломатлик ва омонлик демакдир. Шунга биноан, ота-боболаримиз қачон ва қаерда бўлмасинлар Аллоҳ таолодан биринчи навбатда тинчлик ва саломатликни сўрайдилар.
 
Муҳтарам азизлар! Саломатлик Аллоҳ таолонинг улуғ неъмати экан, биз бандалар унинг шукронасини адо этмоғимиз, айни пайтда уни асрашни зиммамиздаги омонат деб билмоғимиз лозим бўлади. Зеро, қиёмат куни Аллоҳ таоло бизларга берган барча неъматларидан ҳисоб китоб қилар экан, саломатлигимиз ҳақида ҳам алоҳида сўрашлиги муқаррар. Бу ҳақда Пайғамбаримиз с.а.в.дан қуйидаги ҳадис ворид бўлган:
 
عن أبي هريرة رضي الله عنه قَالَ، قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: "إِنَّ أَوَّلَ مَا يُسْأَلُ عَنْهُ يَوْمَ القِيَامَةِ - يَعْنِي العَبْدَ مِنَ النَّعِيمِ - أَنْ يُقَالَ لَهُ: "أَلَمْ نُصِحَّ لَكَ جِسْمَكَ وَنُرْوِيَكَ مِنَ المَاءِ البَارِدِ"
 
(رواه الامام الترمذي).
 
яъни: Абу Ҳурайра р.а. ривоят қилиб айтадилар, Расулуллоҳ с.а.в. дедилар: “Албатта, қиёмат куни бандадан биринчи бўлиб сўраладиган савол шуки: “Сенга танангни соғлом қилиб бермаганмидик, сени муздек сув билан қондирмаганмидик” (Имом Термизий ривояти).
 
Инсон сиҳат-саломатлиги ва ақлига зарар келтирадиган гиёҳвандлик, ичкиликбозлик каби иллатлардан сақланмоқлиги лозим. Ҳозирда гиёҳвандлик инсонга ҳар томонлама зарар беришини Ғарб ва Шарқ табиб-докторлари бир овоздан тасдиқлаганлар.
 
Инсон ҳаёти, айниқса, ёшларимиз келажагига раҳна солиши мумкин бўлган, гиёҳвандлик, ичкиликбозликга қарши курашиш Ватанимизнинг ҳар бир онгли фуқароси, қолаверса ҳар биримизнинг муҳим вазифаларимиздан ҳисобланади. Зеро, жамият ҳаётида мавжуд зарарли иллатларни йўқ қилиш ва унинг олдини олиш ҳар бир мўмин-мусулмоннинг шарафли бурчидир.
 
Албатта, динимизда кишига касаллик етганида уни даволашга изн берилган. Ҳанафий мазҳабимиз уламолари касалликдан даволанишни умумий маънода мубоҳ дейдилар. Аммо, касаллик оғир бўлиб, уни даволашнинг иложи, яъни дориси бор бўлса, у ҳолда даволанишни вожиб, деганлар. Бунга қуйидаги ҳадиси ширифни далил қиладилар:
 
عَنْ أُسَامَةَ بْنِ شَرِيك رضي الله تعالى عنه قَالَ: أَتَيْتُ النَّبِىَّ صلى الله عليه وسلم وَأَصْحَابُهُ كَأَنَّمَا عَلَى رُؤوسِهِمُ الطَّيْرُ فَسَلَّمْتُ ثُمَّ قَعَدْتُ فَجَاءَ الأَعْرَابُ مِنْ هَا هُنَا وَهَا هُنَا فَقَالُوا: يَا رَسُولَ اللَّهِ أَنَتَدَاوَى فَقَالَ: "تَدَاوَوْا فَإِنَّ اللَّهَ عَزَّ وَ جَلَّ لَمْ يَضَعْ دَاءً إِلاَّ وَضَعَ لَهُ دَوَاءً غَيْرَ دَاءٍ وَاحِدٍ الْهَرَمُ"
 
(رواه الامام الترمذي).
 
яъни: Усома бин Шарийк р.а. ривоят қилиб айтадилар: Мен Пайғамбар с.а.в.нинг ҳузурларига бордим. Саҳобалари гўё бошларига қуш қўниб турганидек, қимир этмай ўтиришар эди. Салом бериб, сўнгра ўтирдим. Шу вақт ҳар тарафдан аъробийлар келиб: Ё Расулуллоҳ! Даволансак бўладими? – деб сўрадилар. Шунда Расулуллоҳ с.а.в.: “Даволанинглар, зеро, Аллоҳ таоло бирор дардни берган экан, унинг давосини ҳам пайдо қилиб қўйган, фақат бир дарддан бошқа. У ҳам бўлса кексаликдир” – дедилар (Имом Термизий ривояти).
 
         Касални даволагандан кўра унинг олдини олган яхшироқ, деган нақлга мувофиқ динимизда саломатликни асрашга катта эътибор қаратилган ва унинг олдини оладиган барча омиллар кўрсатиб берилган. Масалан, динимизнинг поклик ва озодаликка барпо қилингани, мудом моддий ва маънавий покликка буюрганининг ўзи ҳам шунга далолат қилади. Шунингдек, қайси амаллардан қайтарган ва нима нарсаларни ҳаром қилган бўлса албатта, унинг замирида ҳам инсоннинг соғлигини асраш, умуман ҳаётини ҳимоя қилиш мақсади ётади. Абдуллоҳ ибн Умар р.а.дан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисда Расулуллоҳ с.а.в. шундай дедилар:
 
عَنِ النَّبيِّى صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "لَمْ تَظْهَرِ الْفَاحِشَةُ فِي قَوْمٍ قَطُّ، حَتَّى يُعْلِنُوا بِهَا، إِلَّا فَشَا فِيهِمُ الطَّاعُونُ، وَالْأَوْجَاعُ الَّتِي لَمْ تَكُنْ فِي أَسْلَافِهِمُ الَّذِينَ مَضَوْا" (رواه الإمام ابن ماجه).
 
яъни: “Қайси қавмда фаҳш ишлар пайдо бўлиб, ҳатто уни ошкора қилишга ўтсалар, у қавмда вабо ва ўтган ота-боболарида бўлмаган касалликлар тарқалади” (Имом Ибн Можа ривояти).
 
Ҳозирги кунда ОИТС деган касалликнинг асл пайдо бўлиш ва тарқалиш сабаби айнан фаҳшу мункар ишларга ружу қўйиш, ор-номус, ибо-ҳаё, иффат каби фазилатларни унутиб, разолат йўлига ўтиш эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Шундай экан, аждодларимиз ҳатто эшитмаган бундай офатдан сақланишимиз учун миллий ва диний қадриятларимизга риоя қилишимиз ҳам муҳим ўрин тутади. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:
 
وَمَنْ يُبَدِّلْ نِعْمَةَ اللَّهِ مِنْ بَعْدِ مَا جَاءَتْهُ فَإِنَّ اللَّهَ شَدِيدُ الْعِقَابِ  (سُورَةُ البقرة/211).
 
яъни: “Ким Аллоҳнинг неъмати келгандан кейин уни ўзгартирар (ношукрлик қилар) экан, албатта, Аллоҳ жазоси қаттиқ зотдир” (Бақара сураси, 211-оят). Бошқа бир оятда эса,
 
ذَلِكَ بِأَنَّ اللَّهَ لَمْ يَكُ مُغَيِّرًا نِعْمَةً أَنْعَمَهَا عَلَى قَوْمٍ حَتَّى يُغَيِّرُوا مَا بِأَنْفُسِهِمْ  
 
(سُورَةُ الْأَنْفَالِ/53).
 
яъни: “Бу (жазоларнинг сабаби) Аллоҳнинг бир қавмга инъом этган неъматини, то улар ўзларидаги нарсани (муносабатни ёмон ҳолатга) ўзгартирмагунларича, ўзгартирувчи бўлмаганидандир” - деган (Анфол сураси, 53-оят). Шундай экан, Аллоҳ таоло ато этган улуғ неъмат бўлмиш соғлигимизни асрайлик, саломатлик вақтимизни ғанимат билиб аввало, ўзимиз қолаверса, фарзандларимиз, эл-юртимиз манфаати ва равнақи йўлида ҳалол ва савобли амаллар қилиш билан бу неъматнинг қадрига етиб, шукрини бажо келтирайлик. Зеро, шукронаси адо этилган неъмат бардавом ва безавол бўлади.
 
Пайғамбаримиз с.а.в. марҳамат қиладилар:
 
 عن أبى هريرة  عن النَّبِيِّ صَلَّي اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "مَا أَنزَلَ اللهُ دَاءً إِلاَّ أَنزَلَ لَهُ شِفَاءً"
 
(رواه الإمام البخاري).
 
яъни: Абу Ҳурайра р.а.дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ с.а.в. дедилар: “Аллоҳ қандай дардни берса, уни шифоси билан юборади” (Имом Бухорий ривояти).
 
         Муҳтарам азизлар! Бугунги жума мавъизамизда даволанишга оид шаръий одоб ва ҳукмлар ҳақида маълумот берамиз:  
 
Дардни ҳам шифони ҳам берувчи Аллоҳ таоло эканлигига эътиқод қилиш.
Ушбу дору дармонлар бир сабаб, деган эътиқодда бўлиш.
Касалнинг тузалишига сабаб бўлувчи табиб ва шифохоналарга бориш.
Киши нафсига хатарли бўлган касалликлардан даволаниш вожиб эканлигини билиш.
Касалликка таслим бўлмасдан, уни даволашга киришиш – бу Аллоҳ таолога таваккал қилишнинг зидди эмаслигини билиш.
Мусулмон киши ҳар бир ҳалол таомини тановул қилишда шифо тилаб “Бисмиллаҳ” ни айтиши.
Агар дардни даволаш учун ҳалол нарсалардан шифо топилмаса ва ҳаром нарса даво бўлиши аниқ бўлса, у билан даволанишга истисно тариқасида рухсат борлигини билиш.
Эркаклар учун ҳаром қилинган ипак, тилло ва кумушларни даво учун ишлатиш жоиз эканлигини билиш.
Эркаклар қичима дардига йўлиққанларида тиббий мақсадларда ипак кийим кийсалар жоизлигига барча фуқаҳолар иттифоқ қилганлар.
Фуқаҳолар эркак киши тилло ёки кумушдан тиш қўйдириши жоизлигига иттифоқ қилганлар. Агар бир нечта бўлса ҳам майли, деганлар. Шунингдек, тишга тилло ёки кумуш қоплаш ҳам мумкин деганлар.
Ҳар бир жамият ўзларига етарли даражада табобат илмини ўрганувчи шифокорларни етиштириши шарт. Акс ҳолда, у жамиятдаги кишиларнинг барчаси гуноҳкор бўлади.
Аллоҳ таоло юртимизга тинчлик, халқимизга офият, ризқу рўзимизга баракотлар ато этиб, икки дунёмизни обод айласин! Омин!
 
   
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 07:05
Куёш: 07:59
Пешин: 13:10
Аср: 16:20
Шом: 18:00
Хуфтон: 19:20
Тўлиқ тақвим »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram