СИЛАИ РАҲМ – ҚАРИНДОШЛИК АЛОҚАЛАРИНИ ЯХШИЛАШ
18 июн 2021 й.
304 марта ўқилди.

بسم الله الرحمن الرحيم

اَلْحَمْدُ للهِ الَّذِي حَثَّ الْمُؤْمِنِيْنَ عَلَى الْمَحَبَّةِ وَصِلَةِ الْأَرْحَامِ، وَحَذَّرَهُمْ مِنَ الْقَطِيْعَةِ وَالْخِصَامِ، وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمُ عَلَى رَسُولِهِ سَيِّدِنَا مُحَمَّدٍ، نَبِيِّ الرَّحْمَةِ وَرَسُولِ السَّلاَمِ، وَعَلَى آلِهِ وَصَحَابَتِهِ الْكِرَامِ، أَمَّا بَعْدُ

СИЛАИ РАҲМ – ҚАРИНДОШЛИК АЛОҚАЛАРИНИ ЯХШИЛАШ

Муҳтарам жамоат! Силаи раҳмнинг ўта муҳимлиги сабабидан ушбу мавзуни яна бир бор шарҳлашга қарор қилдик. Динимизда ўзгаларга яхшилик қилиш, улар билан дўстлик алоқаларини боғлашга буюрилади ва тарғиб қилинади. Хусусан, қариндошлар ўртасидаги яхши муносабатларни мустаҳкамлаш жуда савобли экани, бу ҳар бир мусулмоннинг зиммасидаги илоҳий бурч экани кўп таъкидланади.    

“Силаи раҳм” арабча сўз бўлиб, “сила” – боғлаш, “раҳм” – қариндош, яъни “қариндошлик алоқаларини боғлаш”, деган маънони билдиради.

Силаи раҳм қилиш – ўзгаларга нисбатан қариндошларига ғамхўр ва муҳаббатлироқ бўлиш, улардан хабардор бўлиб, моддий-маънавий жиҳатдан қўллаб туришдир. Қариндошлар ичида бошқаларга нисбатан энг ҳақдорлари ота-она, ака-ука, опа-сингил каби яқин қариндошлардир.

Умуман олганда силаи раҳмни боғлаш динимиз ҳукмига кўра вожибдир. Уни узиш эса катта гуноҳлардан бири ҳисобланади. Бунга уламолар иттифоқ қилишганини Имом Қуртубий ва Қози Иёзлар нақл қилганлар.

Қуръони каримнинг бир қанча оятларида қариндошлик алоқаларини боғлашнинг фазилати ва уни узишнинг ёмонлиги ҳақида сўз юритилган. Жумладан, қуйидаги оятда қариндошликни боғлайдиган кишилар мақталади:

 وَالَّذِينَ يَصِلُونَ مَا أَمَرَ اللَّهُ بِهِ أَنْ يُوصَلَ وَيَخْشَوْنَ رَبَّهُمْ وَيَخَافُونَ سُوءَ الْحِسَابِ   

яъни: “Улар Аллоҳ боғланишга буюрган нарсаларни (яъни қариндошлар билан алоқани) боғлайдилар, Парвардигорларидан қўрқадилар ва (охиратда) ҳисоб-китобнинг нохуш кечишидан чўчийдилар” (Раъд сураси 21-оят).

Аллоҳ таоло бандаларини яхшиликларга буюради ва ёмонликлардан қайтаради. Буюрилган амаллар ичида муҳимларидан бири силаи раҳм қилишдир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган:

إِنَّ اللَّهَ يَأْمُرُ بِالْعَدْلِ وَالْإِحْسَانِ وَإِيتَاءِ ذِي الْقُرْبَى وَيَنْهَى عَنِ الْفَحْشَاءِ وَالْمُنْكَرِ وَالْبَغْيِ يَعِظُكُمْ لَعَلَّكُمْ تَذَكَّرُونَ

яъни: “Албатта, Аллоҳ адолатга, эзгу ишларга ва қариндошга яхшилик қилишга буюради ҳамда бузуқчилик, ёвуз ишлар ва зулмдан қайтаради. Эслатма олурсиз, деб (У) сизларга (доимо) насиҳат қилур” (Наҳл сураси 90-оят).

Ояти карималарда қариндош уруғлик алоқаларини узганларга қаттиқ таҳдид қилинади:

فَهَلْ عَسَيْتُمْ إِنْ تَوَلَّيْتُمْ أَنْ تُفْسِدُوا فِي الْأَرْضِ وَتُقَطِّعُوا أَرْحَامَكُمْ أُولَئِكَ الَّذِينَ لَعَنَهُمُ اللَّهُ فَأَصَمَّهُمْ وَأَعْمَى أَبْصَارَهُمْ

яъни: “Агар (имондан) бош тортсангиз, аниқки, сизлар ерда бузғунчилик қиларсизлар ва қариндошларингиз (билан ҳам алоқаларингиз)ни узасиз, албатта ундай кимсаларни Аллоҳ лаънатлагандир, бас, уларнинг (қулоқларини) «кар», кўзларини «кўр» қилиб қўйгандир” (Муҳаммад сураси 22-23-оятлар).

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бу мавзу жуда муҳимлигини таъкидлаб шундай деганлар:

مَنْ كَانَ يُؤْمِنُ باللهِ وَاليَومِ الآخِرِ، فَلْيَصِلْ رَحِمَهُ

مُتَّفَقٌ عَلَيهِ

яъни: “Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, қариндошлик алоқаларини боғласин (Муттафақун алайҳ).

Пайғамбаримиз алайҳиссалом бизга силаи-раҳм сабабли ризқнинг мўл-кўл бўлиши, умрнинг узоқ бўлишини уқтирадилар:

من أحَبَّ أنْ يُبْسَطَ لَهُ في رِزْقِهِ، ويُنْسأَ لَهُ في أثَرِهِ، فَلْيَصِلْ رَحِمَهُ

  مُتَّفَقٌ عَلَيهِ 

яъни: “Ким ризқи кенг бўлиши, умри узун бўлишини хуш кўрса, қариндошлик алоқаларини боғласин” (Муттафақун алайҳ).

Аллоҳ таолонинг изни билан силаи раҳм, уни боғлаганларни дуо, узганларни дуоибад қилиб туради. Оиша онамиз Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан ривоят қиладилар:

لرَّحِمُ مُعَلَّقَةٌ بِالْعَرْشِ، تَقُولُ: مَنْ وَصَلَنِي وَصَلَهُ اللهُ، وَمَنْ قَطَعَنِي قَطَعَهُ اللهُ

أخرجه البخاري عن عائشة رضي الله عنها

яъни: “Раҳм (қариндошлик) Аршга осилиб: “Ким мени уласа, Аллоҳ уни уласин! Ким мени узса, Аллоҳ уни узсин!”, дейди” (Имом Бухорий ривоятлари).

Силаи раҳмни узиш гуноҳи кабиралардандир. Шуни билиб ҳам ҳеч бир сабаб ва шубҳасиз силаи раҳмни узишни ҳалол санаган, мумкин деб эътиқод қилган киши жаннатга кирмайди. Бу ҳақида Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан қуйидаги ҳадис ривоят қилинади:

لَا يَدْخُلُ الْجَنَّةَ قَاطِعٌ" قَالَ سُفْيَانُ فِي رِوَايَتِهِ: "يَعْنِي قَاطِعَ رَحِمٍ

متفق عليه

яъни: “Кесувчи жаннатга кирмайди”. Суфён раҳимаҳуллоҳ ўз ривоятларида: “Қариндошликни узувчи назарда тутилган”, дейдилар (Муттафақун алайҳ).

Юқоридаги ояти карима ва ҳадиси шарифларга кўра силаи-раҳм мусулмон кишига фарз бўлган амалдир. Агар ҳар биримиз силаи-раҳмга амал қилиб, қариндош уруғларимизнинг ҳолидан хабардор бўлсак, жамиятдаги жуда кўплаб муаммолар барҳам топади. Акс ҳолда дунёда ҳам охиратда ҳам кўп қийинчиликларга дучор бўлинади.   

Абдуллоҳ ибн Амр разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар:

لَيْسَ الْوَاصِلُ بِالْمُكَافِئِ وَلَكِنْ الْوَاصِلُ الَّذِي إِذَا قَطَعَتْ رَحِمُهُ وَصَلَهَا

رواه الامام البخاري

яъни: Ҳақиқий силаи раҳм қилувчи киши қариндошлари тарафидан унга қилинган алоқага жавоб тариқасида (борди-келди) алоқа қилаётган одам эмас, балки улар тарафидан алоқа узилган пайтда уларга алоқани боғлаган одамдир (Имом Бухорий ривоятлари).

Саҳоба Абу Талҳа разияллоҳу анҳу Мадинада энг бадавлат ансорлардан эдилар. Унинг Масжиди Набавий рўпарасида Байраҳо номли боғи бўлиб, уни жуда яхши кўрарди. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам боққа кириб, ундаги булоқнинг сувидан ичар эдилар. Анас разияллоҳу анҳу айтадилар: “Суйган нарсаларингиздан эҳсон қилмагунингизча сира яхшиликка (жаннатга) эриша олмайсизлар...” ояти нозил бўлган пайтда, Абу Талҳа разияллоҳу анҳу: “Эй, Аллоҳнинг Расули! Менинг энг яхши кўрганим Байраҳо боғим. Уни Аллоҳ йўлида садақа қилдим. Мен уни охиратга захира бўлишини умид қиламан. Боғни Аллоҳ буюрган жойга ишлатинг”, деди. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ сенга барака берсин! Бу жуда фойдали мол бўлди, жуда фойдали мол бўлди. Эй Абу Талҳа, уни ўзингнинг муҳтож яқинларингга сарфлашингни фойдали деб биламан”, дедилар. Абу Талҳа разияллоҳу анҳу боғни қариндошлари ва амакиларининг ўғилларига бўлиб бердилар (Имом Бухорий ривоятлари).

Маймун ибн Миҳрон айтадилар: “Умар Ибн Абдулазиз менга: “Силаи раҳмни узган кишилар билан дўст бўлмагин, чунки Аллоҳ таоло уларни Қуръони каримнинг икки оятида лаънатлаган”. (Бу ерда Раъд сураси 25-оят ва Муҳаммад сураси 22-23-оятлари назарда тутилган).

Демак, силаи раҳм қариндошлар билан чиройли муносабатда бўлиш, уларнинг хурсандчиликлари билан қувониш, мусибатларига ҳамдард бўлиш, муҳтож бўлсалар уларга ёрдам бериш, уларни доимо зиёрат қилиб туриш, кўнгилларини олиш, дилларини оғритишдан сақланиш, улардан бирор ёмонлик етса ҳам кек сақламай кечириб юбориш, қалбида уларга нисбатан ҳасад ва адоват сақламасдан ўртада муҳаббат пайдо қилиш йўлида бор куч ва ғайратини сарф қилиш каби фазилатларни ўз ичига олади.

Бугунги кунимизда силаи-раҳм билан боғлиқ, гоҳида кўзга ташланадиган нохуш воқеалар динимиз кўрсатмаларига зиддир. Масалан, ота-оналар дунёдан ўтгач, ака-ука, опа-сингиллар ўртасида арзимаган мол-мулк, ерни деб келишмовчиликлар чиқиши ёки секин-секин муносабатлар ёмонлашиб, ўзаро узоқлашиб, бегоналардек бўлиб кетишлари, бир-бирларини йўқлаш, тез-тез хабарлашишни ҳам унутишлари ўта аянчли ҳолатлардир.

Силаи раҳмга амал қила олмасликнинг яна бир сабаби исрофдир. Ака бой, ука камбағал. Ака еб-ичиш, кийиниш, уй-жой, улов ва тўй-маракада ҳашамат ва  исрофга йўл қўяди, лекин атрофидаги “жигар”ларини унутади. Уларга етарлича аҳамият бермайди. Аслида одам мўътадил йўл тутса, ҳам ўзига яхши шароит, ҳам силаи раҳмга амал қилиши мумкин. Аллоҳ таоло ҳатто инфоқ-эҳсон қилишда ҳам ўрта йўлни тутишга буюриб шундай дейди:

 وَالَّذِينَ إِذَا أَنْفَقُوا لَمْ يُسْرِفُوا وَلَمْ يَقْتُرُوا وَكَانَ بَيْنَ ذَلِكَ قَوَامًا

яъни: “Улар эҳсон қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар, (тутган йўллари) бунинг ўртасида – мўътадилдир” (Фурқон сураси, 67-оят).

 Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ҳадисларининг бирида:

لُوا وَاشْرَبُوا، وَالْبَسُوا وَتَصَدَّقُوا، فِي غَيْرِ إِسْرَافٍ وَلاَ مَخِيْلَةٍ

(رواه الإمام البخاري)

яъни: “Енглар, ичинглар, кийининглар ва садақа қилинглар, исроф ва мақтанчоқлик қилмаган ҳолда” (Имом Бухорий ривоятлари).

Исрофгарликдан қутулиш йўллари:

  1. Ҳар ишда Аллоҳ таоло буюрган мўътадил йўлни тутиб, ҳаддан ошиш ва исрофгарликдан ўзни сақлаш;
  2. Пайғамбаримиз алайҳиссалом, саҳоба ва тобеинлар ҳамда улуғ зотларнинг ҳаёт тарзларини ўрганиб, уларга эргашиш;
  3. Дунёдаги фақир ва мискинлар, уйсиз-жойсиз, оч-наҳор юрган халқларнинг ҳолатини кўз олдига келтириш;
  4. Исрофгар, дунёпараст одамлардан узоқлашиб, қалби синиқ, хоксор кишиларга яқин юриш;
  5. Оила ва фарзандларни сабр ва қаноат каби гўзал фазилатлар соҳиби қилиб тарбиялаш.

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, баъзилар унумдор ерга эга бўлиб, уни қаровсиз ҳолда қолдириб, на ўзлари ва на бошқалар ундан фойдаланмаётганига гувоҳ бўламиз. Мана шундай қилиш ҳам ерни исроф қилиш ва ҳаққини адо қилмасликка киради.

2021 йил 8 июнь куни давлатимиз раҳбари томонидан муҳим бир Фармон имзоланди. Унга кўра ер ресурсларидан унимли фойдаланиш, уни ўзбошимчалик билан эгаллаш ҳолатларига бутунлай чек қўйиш белгиланган.

Дарҳақиқат, ер, сув, кўчат ва бошқа деҳқончилик билан боғлиқ нарсаларни исроф қилмаслик, авайлаб ва эҳтиёт қилиб фойдаланиш зарур эканини унутмаслигимиз лозим.  

Мана шу ўринда, баъзи кишилар онгида шаклланиб қолган моддий бойликлар, жумладан ер ҳам “давлатники бўлса, хоҳлаганча фойдаланиш, талон-тарож қилиш мумкин”, деган нотўғри тушунчалар ниҳоятда хатарлидир. Чунки давлат мулки – халқ мулкини ноҳақ эгаллаш, якка шахс мулкини эгаллашдан гуноҳи каттароқ бўлади. Зулм қилган бўлса, бир кишини топиб рози қилиш мумкин, лекин халқнинг ҳаққига хиёнат қилса, миллионлаб одамларни қандай рози қилади?!

Хулоса қиладиган бўлсак, динимиз талабига кўра яқин қариндошлар доим бир-бирларини ҳолларидан огоҳ бўлиб, ўзаро ёрдамчи бўлиб туришлари керак. Ўтган улуғларимиз: “Қариндошникига қадам ранжида қилмасанг, муҳтож бўлганида молингдан бермасанг, силаи раҳмни узибсан”, дер эдилар.

Одатдаги ва хурсандчилик кунлари, айниқса ҳайит кунлари ўзаро зиёратлашиш, ҳадялар алмашиш, олисда бўлса, телефон ёки интернет ёрдамида ҳол-аҳвол сўраш одамга катта савоб келтиради.    

Аллоҳ таоло барчамизни силаи-раҳм қилувчилардан қилсин, ризқимизни мўл, амалимизни солиҳ, умримизни узун қилсин!

 

 

Муҳтарам имом-домла! Келгуси жума маърузаси “Юсуф алайҳиссалом қиссасидан ибратлар” мавзусида бўлади, иншааллоҳ. 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:55
Куёш: 06:34
Пешин: 13:10
Аср: 17:10
Шом: 18:55
Хуфтон: 20:25
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram