Янглиш гапиришга маънавий хаққимиз йўқ
23 январ 2015 й.
3435 марта ўқилди.

    Янглиш гапиришга  маънавий хаққимиз йўқ
 
        Илдизи тарихнинг энг қадимги даврига бориб тақаладиган шарафли ўтмиши, бой маънавий мероси бор миллатларидан биримиз. Маълумки, ана шу кўхна тарихимиз, маънавий меросимиз юзига қора парда тортилган замонлар ҳам бўлди. Бунга ўтган асрда халқимиз бошидан кечирган воқеалар гувох. Мустақиллик шонли тарихимиз, бебаҳо меросимиз, миллий қадриятларимиз юзидан ана шу қора пардани юлқиб ташлади. Шарафли ўтмишимизга холисона бахо бериш, номи нохақ унутилган валийлар, аллома зотларнинг шаьнини улуғлаш, уларнинг маънавий меросига эгалик қилиш ҳуқуқини қўлга киритдик. Булар ҳақида кўп ва хўп китоб ҳамда рисолалар ёзилди, жиддий тадқиқотлар амалга оширилди. Бироқ азиз авлиёларнинг ҳаёти, маънавий меросига  бағишланган китоб, рисола ва мақолалар орасида қусурли, савияси паст, тижорий мақсадда шоша-пиша чиқарилган, беҳуда сафсата уқтирувчилари ҳам бор. Бу ҳол кишини таассуфлантиради.              «Хожа Каъбул Аҳбор Валий қиссаси» ана шундай беҳуда сафсата уқтирувчи рисолалардан биридир. Хожа Каъбул Аҳбор зиёратгоҳи Бухоро вилояти, Когон тумани ҳудудида жойлашган. Юқорида тилга олинган рисола хаёлотга беҳад эрк бериб ёзилган. Ундаги ривоятлар ғайритабиий бўлиб, на бир макону, на бир замонга, на бир дину-диёнатга мувофиқ келади. Хожа Каъбул Аҳборнинг шахси, бу зоти шарифнинг ҳаёти, маънавий олами ҳақида ҳикоя қилувчи бу рисола бошдан-оёқ таги пуч уйдирмалардан иборат. Рисола сўзбошисида қайд этилганидек, унда Абу Исҳоқнинг «Маноқиби Хожа Каъбул Аҳбор» рисоласи асос қилиб олинган. «Маноқиб»ни тожик тилидан Муҳиба Ҳамидова ўзбекчалаштирган. «Хожа Каъбул Аҳбор Валий қиссаси»нинг сўзбоши ва сўнгсўзида ҳам «Маноқиб» таьсиридаги ҳаётий ҳақиқатдан йироқ, иллатли, ғализ, хато матнлар мавжуд. 
    Сўзбошида ёзилишича «Хучкоб» қишлоғида жойлашган қабристондаги мақбара ичида 14 метрли сағонада Каъбул Аҳборнинг табаррук қабрлари бўлиб, у кишининг оёқ учларига хизматкорлари Абдуллоҳ Зохид ибн Аъсад дафн қилинган. Мақбара олдидаги масжиднинг қуёш чиқар томонига ҳазратнинг иккинчи хизматкорлари Маҳмуд ибн Ҳамид дафн қилинган эмиш. Мазкур матнда учта қусур кўзга ташланади. 
  Аввало, қишлок номида хатолик бор. Бу қишлоқ азалда бу зоти шариф, яьни Хожа Каъбул Аҳбор номи билан аталган. Замонлар ўтиши билан Хожа Каъбул Аҳбор, халқ тилида «Хучкоб»га ўзгарган. Иккинчидан, Хожа Каъбул Аҳбор бу юртларга умуман келмаган. Учинчидан, 14 метрли қабрга ҳам ҳаддан зиёд муболаға қилинган. Аслида Хожа Каъбул Аҳбор қади-қомати бошқалардан фарқсиз, оддий одамларга - бизу-сизга ўхшаган бир киши бўлган. Зиёратгоҳдаги қабр рамзий бўлиб, у киши бу ерда дафн қилинмаган. 
     Сўзбошидаги бошқа бир даьвога ҳам ишониб бўлмайди. Эмишки, Қурбон Ҳайитидан аввалдаги кун, яьни Арафа куни туннинг иккинчи ярмида Аллоҳнинг қудрати билан бу ердаги қудуққа зам-зам суви қўшилар экан. Аллохнинг қудратига имон келтирамиз. Бу ердаги қудуқ сувининг шифобахшлигига ҳам ишониш мумкин, чунки бу ҳам Аллоҳнинг бандаларига марҳамати. Аммо зам-зам сувининг бу ердаги қудуқ сувига келиб қўшилишига ишониб бўлмайди.
      Энди Абу Исхоқнинг « Маноқиби Хожа Каъбул Аҳбор» рисоласи мазмунини имкон қадар холисона баён қилиб беришга уринамиз, сўнгра эса унинг мутлақо хаёлот, сафсатадан иборат бир нарса эканлигини кўрсатиб беришга ҳаракат қиламиз. 
     Унда ёзилишига кўра, Хожа Каъбул Аҳбор Саудия Арабистонинг Маркиё вилоятида таваллуд топган. Келиб чиқишлари, ота-оналари Од қавмидан бўлган. Оталари Сухайл Од бутпараст бўлиб, Маркиё шахрининг подшоҳи бўлган. Оталари Хожа Каъбул Аҳборга 50 минг қўй бериб, чўл-биёбонларга боқишни буюради. Кунларнинг бирида, Дунён тоғ этакларида қўй боқар эканлар, баногоҳ тоғ бағридан ғаройиб овоз эшитилади. Каъбул Аҳбор ғаройиб овоз келаётган ғор ичига кириб қараса, унда зор йиғлаб, китоб мутолаа қилаётган бир кишига кўзи тушади. Бу одам Довуд пайғамбар бўлиб, «Забур»ни мутолаа қилаётган эдилар. Шу тариқа Каъбул Аҳбор Довуд пайғамбар билан танишиб, у кишининг хизматларини қилиб юрадилар. «Забур»ни ёдлаб туширадилар. Мусога иймон келтириб, «Таврот»ни ҳам ёд оладилар. Оталари бу хабарни эшитиб, дарғазаб бўлади ва ўғлини динидан ажратиб, ўз динига киритган Довуд пайғамбарга қарши уруш бошлайди. Бу жангда Хазрат Довуд ғолиб келиб, Маркиё шаҳри тахтига ўтирадилар. Каъбул Аҳбор Хазрат Довуд лашкарларига қўшилиб, бир неча шаҳарни фатҳ этишда иштирок этадилар. Довуд пайғамбар вафотларидан кейин Сулаймон пайғамбарга, ундан кейин Исо пайғамбарга хизмат қиладилар. Исо пайамбарга нозил бўлган «Инжил»ни ёдлаб туширадилар. Ўйлаймизки, бу олди-қочди фикрларни асоссиз эканини сиз зукко ўқувчиларга тушинтириб ўтиришнинг кераги йўқ. Шундай ҳам, уларнинг табиий оқимдан йироқлиги, тўқиб чиқарилгани, бетайинлиги ўзидан аён.
         Узундан-узоқ сафсата гап-сўзлар давом этади. Бу ёғини тингланг. Гўёки Ҳазрати Исо ўзларидан кейин энг сўнгги пайғамбар келиши ва «Фурқон» номли китоб нозил бўлиши башоратини Каъбул Аҳборга хабар берган эканлар. Муҳаммад с.а.в. дунёга келганларида Каъбул Аҳбор у кишини қўлларига олиб, ота-онам фидо бўлсин сизга эй Расулуллох, деб  пайғамбаримизни хизматларига бел боғлаган эканлар. Эмишки, Муҳаммад (с.а.в) ўзларидан олдин ўтган пайғамбарлар хакида Каъбул Аҳбордан сўраган ва у киши кўрган пайғамбарлари хақида билганларининг ҳаммасини Муҳаммад алайхиссаломга сўзлаб берган.
         Хожа Каъбул Аҳбор Муҳаммад с.а.в. вафотларидан кейин Абу Бакр Сиддик(р.а), Ҳазрати Умар (р.а), Ҳазрат Усмон (р.а), Ҳазрат Али (р.а)нинг хизматларида бўлган эмиш. Мовароуннаҳрдан элчи келиб, «бизга ёрдам беринг, юртимизни ғайридинлар босиб олиб, динимизга путур етказмоқдалар», деб мурожаат қилади. Ҳазрат Али (р.а) 70 минг қўшинга бош қилиб, Каъбул Аҳборни адолатли дин ҳимояси учун Мовароуннаҳрга юборган эканлар. У киши ўз лашкарлари билан Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хоразм ва Қўқонни ғайридинлардан тозалаган эмиш.
          Абу Исҳоқ «Маноқиб»ининг мазмуни шунақа. Валиюллоҳлар ҳаёти, иши, мартаба ва даражалари баён қилинган «Маноқиб» ва «Мақомот»лар кўплаб ёзилган. Бироқ уларнинг хеч бирида бунақанги беҳад хаёлот, меъёрдан ортиқ муболағага эрк берилмаган. Уларда «Аллоҳнинг хос бандалари»(ҳадис) - авлиёларга хос фазилат ва каромотлар ишонарли, ҳаётий, табиий йўсинда баён қилинган. Абу Исҳоқнинг кимлиги, қачон ва қаерда яшагани ҳам маълум эмас. Шуниси аёнки, «Маноқиби Хожа Каъбул Аҳбор»  муаллифи Ислом дини тарихидан тамоман бехабар, ғирт ёлғончи, сафсатачи бир кишидир. Унинг рисоласи ёлғон-яшиқ тўқиб чиқарилган афсона ва ола-қуроқ ривоятлардан иборат. Уларнинг барчаси асоссиз бўлиб, ҳеч бирига ишониб бўлмайди. Каъбул Аҳборнинг Довуд (а.с), Сулаймон (а.с), Исо (а.с), ва Муҳаммад (с.а.в)ларни кўриб, уларга хизмат қилгани, 4444 йил умр кўргани хеч куракда турмайдиган тўқима афсонадир. Пайғамбаримизнинг олдин ўтган пайғамбарлар хакида Каъбул Аҳбордан сўрашлари ва у кишига Хожа Каъбул Аҳборнинг билганларини сўзлаб бериши  пайғамбаримизга, исломга хиёнатдан бошқа нарса эмас. Ўтган пайғамбарлар ҳақидаги хабарларни Аллоҳ Жаброил фаришта орқали Расулуллоҳга юборгани Қуръони Каримдан ҳаммамизга маълум. Абу Исҳоқнинг Хожа Каъбул Аҳбор бўйинларига 4 та китоб, яьни Забур, Таврот, Инжил ва Қуръонни осиб қўйиб кўмганлар, дегани ҳам  динимизга ёт тушинчадир.
        Энг ачинарлиси, бу табаррук зиёратгохда ўтириб олиб, саводсиз равишда авомуннос зиёратчиларга Абу Исхоқнинг сафсата, уйдирма ривоятларини улуғ  каромат қилиб  кўрсатаётганларнинг борлигидир.Улар ана  шундай бўлар-бўлмас, қурама сафсаталар суньий равишда елимлаб ёпиштирилган бу рисолани дастак қилиб, ўзлари алданган ҳолда бошқаларни ҳам залолатга етакламоқдалар. Ўзлари  билмаган нарсасини ўзгаларга гапириб катта гуноҳ  қилаётганини уларга эслатиб қўймоқ лозим. 
      Хўш, Хожа Каъбул Аҳбор ким бўлган?  Қаерда яшаган?  У кишининг қабри қаерда?
      Улуғ тобеъин,  валиюллоҳ, етук олим, бир неча китоблар муааллифи Ҳазрат Каьбул Аҳбор 548 йилда Яманда туғилган. У кишининг тўла исми Абу Исҳоқ Каъб ибн Матиъ ибн Хойсудир. Абу Ҳомид Ғаззолийнинг “Мукошафат-ул қулуб” китобининг изоҳ қисмида берилган маълумотга кўра, Хожа Каъбул Аҳбор пайғамбаримиздан кейинги иккинчи халифа Ҳазрат Умар р.а.  замонларида мусулмонликни қабул қилган   яманлик яҳудийлардан бўлиб,  арабларда исроилий  ва мусулмон  ривоятларининг  энг эски ровийси ҳисобланади. Муовия Сурия волийси бўлган даврда саройда мударрислик қилган ва волий маслаҳатчиси бўлган. Вафоти ҳижрий 652 йилдадир.
       Саддриддин Салим Бухорий  ўзининг “Икки юз етмиш етти пир” китобида Ибн Абу Ҳотимнинг сўзларига таяниб, улуғ тобеъин Каъбул Аҳборнинг имонга келишига Қурьони Каримнинг Нисо сурасининг 47-ояти: “Эй, китоб берилган кимсалар!  Юзларни сидириб, тескари қилиб юборишимиздан ёки уларни худди “Шанба эгалари”ни лаьнатлаганимиздек лаьнатлашимиздан олдин сизлардаги нарса(Таврот)ни тасдиқловчи ҳолида нозил қилган Китобимиз(Қуръон)га имон келтиринглар. Аллоҳнинг амри, албатта, адо этилувчидир.” – сабаб бўлганини ёзади. Хазрат Каъбул Аҳбор ёзадилар: “Мен Мадинада шу оятни бир қарри киши тиловат қилаётганда эшитиб, дарҳол  бузилиб кетмадиммикан деб юзимни  ушлаб кўрдим. Ва шу дақиқадаёқ сув топиб, ғусул қилдим ва мусулмон бўлдим”.  
         Каъбул Аҳбор Ҳазрат Умар р.а. ва Ҳазрат Ойша р.анҳолардан ҳадис ривоят қилган. Ибн Саъднинг ривоят этишича, Каъбул Аҳбор улкан олим бўлиб ўзгартирилмаган асл “Таврот”дан қиссалар айтиб берган. У “Инжил”дан хабардор бўлган, “Қуръон”ни чуқур ўзлаштирган.
         Каъбул Аҳбор 104 йил умр  кўрган, қабрлари Химс (Сурия)дадир.  
         Пайғамбаримиз: “Кишининг ёлғончилигига хар эшитган нарсасини гапиравериши кифоядир”деганлар. Хар бир сохада бўлганидек, юртимизда яшаб ўтган улуғ аллома зотлар ҳаёти, диний-маьнавий мероси хусусида асл манбалардан бехабар, ҳар бир масалани синчиклаб ўрганмасдан гапиравериш ҳам катта ёлғончиликдир. 
       Ҳомиджон Ҳомидийнинг ”Кўҳна Шарқ дарғалари” (Тошкент, 1999й) китобида Шарқ мутафаккирларининг ибратли ҳаёти, бебаҳо мероси ва таьлимотидан қимматли  маьлумотлар бир бутун китобга жамланган. У турли дастхатлар,  мутақаддим ва замондош олимларнинг асарларига асосланиб ёзилган. Китоб мавзуининг кенг қамровлилиги, турли даврларга  хос ранг-баранг тасвирлари олимнинг илмий салоҳияти, узоқ муддатли изланишларидан  далолат беради. Аммо китоб бекаму-кўст ёзилган деб бўлмайди. Китобнинг “Дил ба ёру...”мақоласини варақлаймиз. Мақола Хазрат Баҳоуддин Нақшбанднинг ҳаёти ва ижодий меросига бағишланган. Олим ўз мақоласида бир қатор манбаларга мурожаат  қилган. Улардан чиқарган хулосаларни баён қилиб, Баҳоуддин Нақшбанд таьлим олган устозлари хақида шундай маьлумотларни келтиради: “Шу илмий хулосаларга қараганда туғма, зийрак ва зукко бўлган Баҳоуддинни ёшлигиданоқ дастлаб Хўжа Муҳаммад Самосий тарбиялай бошлайди... Унинг вафотидан сўнг эса Баҳоуддиннинг тарбияси билан ўша даврнинг машҳур мутасаввуфи Амир Саййид Қулол(?) шуғулланади... Кейинроқ эса Абул(?) Холиқ Ғиждувонийдан сабоқ олади.
        ...Маьлумки, Ахмад Яссавий Бухоро  мадрасаларини хатм этган, устози Юсуф Ҳамадоний ўрнида муддарислик қилган. Ўша кезларда Саййид Кулол билан Абул Холиқ Ғиждувоний Ахмад Яссавийдан таьлим олишган. Демак, Баҳоуддин Нақшбанд бевосита Яссавий  шогирдларидан хисобланади...”
         Келтирилган маьлумотларда катта, кечириб бўлмас хатолар мавжуд. Баҳоуддин Нақшбанд  Саййид Амир Кулол(  Ҳомиджон Ҳомидий айтганидек Амир Саййид Кулол эмас)дан сабоқ олган деган гап тўғри. Аммо хазрат Баҳоуддин Нақшбанд Абдулхолиқ Ғиждувонийдан бевосита таьлим олган, деган гап эса хато. Абдулхолиқ Ғиждувоний 1179 (баьзи маьлумотларда 1220 ) йилда вафот этган.  Баҳоуддин Нақшбанд эса 1318 йилда, яьни Абдулхолиқ Ғиждувоний вафотларидан анча кейин туғилган. Хақиқат юзасидан Баҳоуддин Нақшбанд увайсий бўлиб, Абдулхолиқ Ғиждувонийни кўрмаган, у кишининг  руҳидан таьлим олган.
        Сайид Амир Кулол Абдулхолиқ Ғиждувоний билан бирга Аҳмад Яссавийдан  таьлим олган, деган гап ҳам хақиқатдан йироқ. Амир Кулол Аҳмад Яссавий билан учрашмаган. Аҳмад Яссавий 1166 йилда мархум бўлган. Сайид Амир Кулол баьзи тахминларга кўра 1287 йилда таваллуд топган. Гувоҳ бўлганингиздек,  Аҳмад Яссавий вафотидан анча вақт ўтгандан кейин Сайид Амир Кулол дунёга келган.
        Бу ерда ишончли манбаларнинг вақтида озлигини важ қилиб кўрсатиш мумкин. Бироқ ҳар қандай шароитда ҳам улуғ алломалар хақида одамларга хақиқатни етказишга бурчлимиз. Ўзимизда  йўқ нарсани бошқаларга гапиришга маънавий хаққимиз йўқ.
         Муаллифнинг фикрича,  Баҳоуддин Нақшбанднинг тушларига Хизр (а.с) кириб, хотининг билан алоқангни уз дейдилар ва Баҳоуддин Нақшбанд оилалари билан ажраладилар. Бу фикрга  ҳам шубҳамиз бор. Маълумки, Баҳоуддин Нақшбанд  бир  қиз, бир ўғил кўрганлар. Ўғиллари ёшлигида вафот этган. Қизларини эса шогирдлари  Алоуддин Атторга никоҳлаб берадилар. Бу никоҳдан Ҳасан Аттор туғилган.
        Дарвоқе, Хожа Алоуддин Аттор хусусида. “Ислом нури”   гезетасининг 2014 йил 15 август сонида ”Хожа Алоуддин Аттор” номли мақола эьлон қилинди. Мақолани Тошкент шахридаги “Оқлон” номли масжид имом хатиби Исомиддин Аҳроров ёзган. И.Аҳроров ўз мақоласида “Алоуддин Атторнинг илмий мероси хақида аниқ маьлумот  йўқлиги, бироқ “Мақомоти Баҳоуддин Нақшбанд”, “Мусибатнома”, “Мантиқут-тайр”, “Илҳомнома” каби бир неча асарлар у зотга исбот берилишини қайд қилади. Бироқ, ким томонидан, қайси китоб ёки мақолада бу асарларни Алоуддин Атторга нисбат берилгани тўғрисида сўз очмайди. Ишончли манбаларда бу ҳақда маьлумот учратмадик. И.Аҳроров бу фикрни қаердан  олганини ҳам аниқлай олмадик. Ажаб эмаски, бу  “кашфиёт”  хурматли имом-хатибнинг ўзларига таълуқлидир. “Мантиқут-тайр” китоби Алоуддин Атторга эмас, Фариддин Аттор қаламига  мансублигини оддий мактаб  ўқувчиси ҳам яхши билади. Эҳтимол “Илҳомнома” ҳам Ф.Атторнинг “Илоҳийнома” китоби бўлиб, ҳурматли имом-хатиб уни сал ғалат ёзгандирлар. Чамамизда И.Аҳроров Фариддин Аттор билан Алоуддин Атторни алмаштирганга ўхшайди. “Мақомоти Хожа Нақшбанд” китоби муаллифи эса, Муҳаммад Боқир Ибн Муҳаммад Алидир. “Баҳоуддин балогардон” (Тошкент, 1993 й) китобида бу асарни Муҳаммад Боқир Баҳоуддин Нақшбанд вафотидан 13 йил, Хожа Алоуддин Аттор вафотидан икки йил кейин ёзганлиги тўғрисида  маьлумот берилган.
         Бахоуддин Нақшбанд ўз қизларини Алоуддин Атторга никоҳлаб бергани ва бу никоҳдан  Ҳасан Аттор дунёга келганларини юқорида зикр қилган эдик. Бу маьлумотни Фахруддин Али Саьфий  “Рашаҳот” китобида келтирган. Исомиддин Аҳроров  эса ўз мақоласида  бу никоҳдан Ҳасан Аттор, Хожа Шахобиддин, Хожа Муборак ва Хожа Алоуддин исмли фарзандлар туғилгани тўғрисидаги фикрни баён қилади. “Рашаҳот”да: “Ва  оларнинг (Алоуддин Атторнинг С.А;С.Г) биродари хожа Шахобиддин ва Хожа Муборакким, бономус одамлар эрди ” деган маълумот келтирилади. Бундан маълум бўладики, Хожа Шаҳобиддин ва Хожа Муборак Алоуддин Атторнинг  фарзандлари эмас, балки биродарлари экан. 
       Хурматли ўқувчи! Истиқлол шарофатидан бугунги кунда  диний, маьнавий- маьрифий китоблар  кўплаб нашр этилмоқда. Бу нур устига аьло нур. Аммо уларнинг  ҳаммасини ҳам талаб даражасида деб бўлмайди. Улар ичида хақиқатнинг асл илдизига етиб бормаган, узуқ-юлуқ маьлумотлардан иборат китоблар ҳам учраб туради. Бу ҳол китобхонлардан китобни танлаб ўқиш ва уқиш махорати бўлишини тақазо этади. Танлаган китобимиз миямизни маънисиз, бўлар бўлмас, қуруқ гаплар билан тўлдирмасдан, ҳаётни чуқур идрок  этишимизга  кўмаклашмоғи, ҳаётимизга  янада юксакроқ, янада тўлароқ  маьно бахш этмоғи лозим. Сизга илинаётган бу мақоладан ғаразимиз бировларнинг айбини топиб, ўзимизни билағон ёки беками-кўст  қилиб кўрсатиш эмас. Фақат эслатмоқчимиз, авлиёлар – “Улар Аллох таоллонинг хос бандалари” (хадис), уларга эьзоз кўрсатиш эса Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг суннатларидир. “Олимлар,-дейдилар Ҳасан Басрий, - юлдузларга ўхшайди. Агар кўриниб турса, одамлар улар туфайли йўл топишади. Агар кўздан йўқолиб, зулматга қолсалар, қаёққа юришини билмай хайрон бўлишади”. Шундай экан, жиддий-ножиддий нуқсонларимиз билан ўзимиз залолатда бўла туриб, ўзгаларни ҳам залолатга кетгизмайлик. Бу йўлда ўзбошимчалик қилиш, таваккал қилиб сўз гапириш, турли ихтилофларга  сабаб бўлади. Иллатли китобларни ўқиш оқибатида китобхонлар орасида тўғри йўлдан озишлар вужудга келади.  Турли баҳс, талашиб-тортишувлар юзага келади. Фазл эгаларининг фазлига эьтиборли бўлайлик! 
                 С.Ж.Азимов                                  .                                                                                                    филлалогия фанлари номзоди 
                    С.Гадоев 
  Бухоро шаҳар Хўжа Исмат жомеъ масжиди Имом-хотиби             
      
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:40
Куёш: 07:30
Пешин: 13:10
Аср: 15:55
Шом: 17:30
Хуфтон: 18:55
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram