Мулло Али Қорий (роҳимаҳуллоҳ)нинг таржимаи ҳоли
09 апрел 2015 й.
2103 марта ўқилди.

 Мулло Али Қорий (роҳимаҳуллоҳ)нинг таржимаи ҳоли

 
 
 
 
Исми ва насаби:
У имом, аллома, зўр иқтидор соҳиби, нозик ақл эгаси, Шайх Нуриддин Абул Ҳасан Али ибн Султон Муҳаммад ал-Қорий, ал-Ҳиравий сўнг ал-Маккий, ал-Ҳанафий, “Мулло Али ал-Қорий” номи билан машҳур. У киши қироат илмида ўта билимдон бўлганлиги ва ўта мустаҳкам эгаллаганлиги учун  “Қорий” лақабини олган. Бу таълифот ва ташриҳотларда аниқ кўриниб туради. 
У кишининг Ҳиротда туғилганлиги ҳақида аниқ маълумотлар мавжуд бўлсада, лекин туғилган санаси аниқ белгиланмаган. Сабаби, у киши туғилган даврда одамларнинг туғилиш санасига аҳамият берилмасди ва эҳтиёж йўқ эди. 
Илмий ўсиши:
Имом Али Қорий Қуръони каримни Ҳиротда ўрганди ва ёд олди. Қуръоннинг тажвид қоидаларини ва қироатни Шайх Муъиниддин ибн Ҳофиз Зайниддин ал-Ҳиравийдан таълим олди. 
Шунингдек, бошқа илмларни юртидаги асрнинг катта устозларидан сабоқ олди. У илм олиб юрган вақт Темурийлар сулоласи (ҳижрий 817-912 йил) ҳукмронлик қилган  даврга тўғри келади. Ҳирот шаҳри эса давлат пойтахти ва маданият маркази бўлган.
Олимнинг туғилиш вақти Ҳирот шаҳрида илму-фан инқирози ва орқага қайтиш даврига тўғри келади. “Исмоилшоҳ” номи билан машҳур бўлган, рофизий-сафавий подшоҳлардан Исмоил ибн Ҳайдар ас-Сафавий Ҳирот шаҳрига бостириб кириб кўп мусулмонларни қатл қилгач, барча олимлар шаҳарни тарк этади. Шу билан бирга Мулло Али ҳам Маккага қочиб кетади.
Тарихчи олимлар Мулло Алининг нечанчи йилда ўз юртидан чиққанлигини қайд қилишмаган, лекин Маккага кириб бориш санаси ҳижрий 952 йилга тўғри келади, деб маълумот қолдиришган.
У Макка шаҳрига киргач турмуш тарзи яхшиланди. Мулло Али кўплаб машойихлар ва олимлар ҳалқасида туриб, кўплаб илмларни ўрганди. Ўша асрда кучли олимлар кўп эди. У доимо бир устознинг уйида тунар, илму ҳикмат ичра сузиб юрар эди. Ўзидан кейин кўплаб асарларни қолдирди.
Устозлари:
Имом Мулло Али жуда кўп улуғ олимлардан илм ўрганди. Қуйида ўзи китобларида зикр қилган устозлар исмларини келтирамиз:
- Имом ал-Муҳаққиқ, фақиҳ, муфтий, устоз Шаҳобиддин Абул Аббос Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Али ибн Муҳаммад ибн Али ибн Ҳажарулҳайтамий ас-Саъдий ал-Ансорий аш-Шофеъий ал-Мисрий сўнг ал-Маккий. У “Ибни Ҳажар ал-Ҳайтамий” номи билан машҳур (973 ҳижрий санада вафот этган). 
- Аллома, муҳаддис, фақиҳ, шайх Алоуддин ибн Ҳисомиддин Абдулмалик ибн Қозихон ал-Жунғурий ар-Раҳонфурий ал-Ҳиндий, сўнг Маданий ва Маккий. У “Али Муттақий ал-Ҳиндий” номи билан машҳур бўлиб, “Канзул уммол мин сунанил ақвол вал афъол” китобининг муаллифидир. Ҳижрий 975 йилда Маккада вафот топди.
- Шайх, олим, муҳаддис Муҳаммад Саид ибн Мавлоно Хўжа ал-Ҳанафий ал-Хуросоний. У “Мир Ғилон” номи билан машҳур бўлиб, 981 ҳижрий санада вафот топган.
- Аллома, муфассир, мусаннид, фақиҳ, қози Шайх Мулло Абдулло ибн Саъдиддин Умарий Синдий сўнг Маккий Ҳанафий. У ҳижрий 984 йилда Маккада вафот этган.
- Аллома, муфассир, фақиҳ, Шайх Зайниддин Атийя ибн Али ибн Ҳасан Суламий Маккий Шофеъий. У барча мусулмонларнинг устози, толиби илмларнинг муфийси, Маккалик олим, ўз даврининг тенгсиз фақиҳи бўлиб 982 ҳижрий йилда вафот топган.
- Аллома, муфассир, муаррих, мударрис, муфтий Шайх Абу Исо Қутбиддин Муҳаммад ибн Алоуддин Аҳмад ибн Муҳаммад Наҳравоний Ҳиндий сўнг Маккий Ҳанафий. У “Қутбий” номи билан машҳур бўлиб, 990 ҳижрий йилда вафот этган.
- Аллома, фақиҳ, Шайх Шаҳобиддин Аҳмад бин Бадриддин Аббосий Шофеъий Мисрий сўнг Ҳиндий. У Ҳиндистоннинг Аҳмадобод шаҳрида 992 ҳижрий йилда вафот топган. Мулло Али Қорий У кишидан Макада таҳсил олган.
- Аллома, шайх, муҳаддис, фақиҳ Муҳаммад бин Абу Ҳасан Муҳаммад бин Жалолиддин Муҳаммад бин Абдураҳмон бин Аҳмад Бакрий Садийқий Шофеъий Мисрий. У 993 ҳижрий йилда вафот этди.
- Аллома, фақиҳ, воиз, Шайх Синониддин Юсуф бин Абдулло Амосий Румий Ҳанафий Маккий. У 1000 ҳижрий йилда Маккада вафот этди.
- Аллома, муҳаддис, мусаннид, Шайх Закариё Ҳасаний. У Шайх Исмоил бин Абдулло Завонийнинг шогирдидир.
Шогирдлари:
Мулло Алининг шогирдлари жуда кўп. Сабаби, Мулло Али ўз асрида катта имом, ўз замонасининг улуғ ва ягона устози, муҳаддис, фақиҳ, улуғ муфассир, қори, илму маърифатда “қўли узун” киши бўлган. 
Ўша пайтда олимлар ва таржимонлар жуда кўп шогирдларини билдиришгани учун устоз ва шогирдларни ҳаммасини зикр қилиб ўтирмадик. Биз энг машҳурларини зикр қиламиз:
- Имом-хатиб, муфтий, Шайх Муҳйиддин Абдулқодир бин Муҳаммад бин Яҳё бин Мукаррам бин Муҳиб бин Муҳаммад бин Ҳусан Табарий Шофеъий Маккий. У Ҳарами шарифда имом-хатиблик қилган ва “Муалло” қабристонида 1033 ҳижрий йилда вафот этди.
- Аллома, фақиҳ, қози Абдураҳмон бин Исо бин Муршид Умарий Муршидий Маккий Ҳанафий. У “Шайхул Ислом” мақомини олган бўлиб, Ҳарам шарифда муфтий-уламолар хотимаси ҳисобланган. Олим ҳижрий 1037 йилда ўлдирилган ва шаҳид мақомини олган.
- Шайх Муҳаммад Абу Абдулло. У “Абдулазим Маккий Ҳанафий бин Манлофарух бин Абдулмуҳсин бин Абдулхолиқ бўлиб, “Мавравий” деган лақабни олган. Макка шаҳрида 1061 ҳижрий санада туғилган. 
- Саййид Муаззам Ҳусайний Балхий. Унинг номи “Санадлар ва исботлар” китобида Мулло Алининг таълифотлари ривоят қилинганда зикр қилинган. 
- Сулаймон бин Сафиюддин Жоний. Мулло Али фиқҳ, ҳадис ва тафсир илмидан ижоза берганида унинг исми ворид бўлган.  
Илмий даражаси ва олимларнинг у ҳақида фикри:
Маълумки ҳар бир кишининг камчилиги ва афзаллик томони бўлади. Магар Расулуллоҳ с.а.в. ва бошқа пайғамбарлар гуноҳдан маъсумдирлар. Шунинг учун ҳар бир зўрнинг тойилиши ва ҳар бир олимнинг хатоси бўлади. Биз ҳам у киши ҳақида юрган турли фикрларни билдирамиз.
Олимлар мақтов ва мазаммат орасини танлаб, яъни мўътадил баҳо берилган шахслар қаторида Мулло Али ягонаси ҳисобланади. 
У  киши тўғрисида мақтовчилар жуда кўп. Мазаммат қигувчилар эса оз. Унинг “Хатоси кўп” деб, баҳо берганлар тавба қилганлари маъқул. Аслида ундай эмас.
Имом Мулло Али ҳақида кўплаб фазилатли олимлар, ўз асрининг ягона муҳаддислари мақтаб, унга турли сифатлар ва яхшиликларни нисбат беришган. Уни нафақат диний арбоблар балки турли фан мутахассислари ҳам мадҳ этиб қаламлар юргизишган. 
“Ўн биринчи аср олимларининг таржимаи ҳоллари ҳақида хулоса” китобининг муаллифи Муҳаммад Амин ал-Муҳбий шундай деб баҳо беради: “У ҳақиқий илм эгаси, асрнинг ягонаси, ибораларни аниқлаб текширишда ўта устамон, унинг шуҳрати шунчалик баландки уни мақтаб васф этишга ҳожат йўқ”.
Абдулмалик Исомий ўзининг “Самтун нужувмил авалий фи абнаил аваил ват тавалий” асарида: “У ақлий ва нақлий илмлар жамловчиси, пайғамбарона суннатни тушуниб ўрганган ва ёд олган жумҳур олимларнинг биридир” – деб васфлайди.
Аллома ибни Обидин “Рафъут тараддуд фи ақдил асобиъ инда ташаҳҳуд” (Ташаҳҳудда бармоқларни боғлашдаги иккиланишни кўтариш) номли рисоласида: “Мулло Али қори фақиҳлар, муҳаддисларнинг хотимаси, муҳаққиқ ва мудаққиқларнинг танлангани” – деб сифатлайди.
Имом Абдулҳай Лакнавий “ат-Таълиқ ал-мажид” китобининг муқаддимасида “Ажойиб илм ва фазл эгаси” – деб мақтаб, “Фатово” китобида эса: “Ким ўн биринчи аср аъёнларининг “хулосатул асар”ини кузатмоқчи бўлса, Шайх Шиҳобиддин ар-Рамлий ва Мулло Али Қорийга дуч келади. Улар мужаддидлардан ҳисобланади” – деб аниқ баҳо қўяди. Шайх Абдусаттор ад-Деҳлавий “Азҳорул бўстон” (Боғнинг гуллари) асарида: “У ҳарами шарифнинг олими, Қуръон ва суннат илмларида моҳир устамон. Ана шу иккаласида ҳақиқий имомдир” – деб маълумот қолдирган.
Шайх Муҳаммад Зоҳид ал-Кавсарий “Ироқ аҳлининг фиқҳи ва ҳадиси” асарида ҳофизлар кибори, Абу Ҳанифанинг шогирдлари ичида катта муҳаддислардан бири, деб баҳолайди. Шунингдек, Муҳаммад Идрис Кандеҳлавий ҳам ўз асрининг ягонаси, деб маълумот қолдиради.
Баъзи олимлар Мулло Али Қорийга танқидий фикрлар билдиришган. Уларнинг энг катта танқидлари қуйидагилар:
- У баъзи катта олимларга қарши чиқади.
- Ўз мазҳабига нисбатан мутаассиблиги бор.
Ал-Муҳбий ва ал-Исомийлар Мулло Али бош имомларга нисбатан қарши чиққан, хусусан, Имом Шофеъий, Имом Моликларга намозда икки қўлни ташлаб ўқишга ўхшаган масалаларда қарши чиққан, деб туҳмат ҳам қилишган.
Ал-Исомий Мулло Алининг бошқа мазҳаб имомларига эътирози тўғрисида қуйидаги сўзларни баён қилади: “... шунинг учун унинг таълифотларида илм нури бўлмаганлигини кўрасан. Шу важҳдан кўплаб олимлар ва валийларни унинг китобини мутолаа этишдан қайтарилди”. 
Ал-Исомийнинг юқоридаги эътирози ўринли эмас. Маълумки, катта мазҳаб имомлари бир-бирларига раддия қилиб китоб ёзишар эдилар. Лекин улар илмий нуқтаи назардан ёндошиб раддия ёзадилар, аксинча, жанжаллашиб ёки турли қабиҳ сўзлар билан эмас. Бундай ёндошиш ҳар кимнинг ҳақни баён қилишда, далил-исботларни тартиблашда ва илмни ривожлантиришда ўз фикри борлигидан, шунингдек, Аллоҳнинг китоби ва Пайғамбаримизнинг соллоллоҳу алайҳи васаллам суннатларига қаттиқ риоя қилиб, турли бидъат ва хурофотларни тозалаш мақсад қилинган бўлади. 
Олим киши далилнинг асири, ҳикмат эса унинг ёқотган нарсасидир. Қаердан топса ўша ердан олади. У бошқа олимларга кибр қилганлиги, обрў ва шуҳратни яхши кўрганидан қилмайди. Худди шунингдек, Мулло Али ҳам мансаб ва дунёдан ҳазар қилган. Бирон султон ёки амир ёнига яқинлашган эмас. Унинг мақсади ҳақга ёрдам бериш, катта фойдалар билан шаръий илмларни бойитиш, Аллоҳнинг розилигини истаб далилларни билдиришдир. Модомики шаръий масалалар бўлса, хилоф чиқишда ва олимларга ўз фикрини баён қилишда одобга риоя этса, мазҳаб имомларининг фикрига қарши чиқиб, ихтилоф қилишда ҳеч бир айб йўқ. Сабаби, илм доимо кузатув ва танқид остида бўлган. Қанчадан-қанча шофеъий мазҳаби фақиҳлари Имом Шофеъийга эътироз қилишган. Шунингдек, ҳанафий фақиҳи бўла туриб Имом  Абу Ҳанафига ихтилоф қилганлар қанча?! Сабаби бошқа далил ўша фақиҳ наздида кучлироқ. Бунга ўхшаш мисоллар фиқҳ китобларида жуда ҳам кўп. 
Имом Шавконий ал-Исомийнинг сўзларига жуда чиройли жавоб беради: “Мулло Али келтирган исботлар баланд даражадаги исботдир. Мужтаҳид далилларга қарши ўз далилини билдиришлиги оддий ҳолатдир. Унга қарши турувчи хоҳ улуғ олим бўлсин, хоҳ ҳақир олим бўлсин. Бунга арзу-ниёз қилиш  шармандаликдир”. 
Ал-Исомийнинг “Унинг таълифотларида илм нури йўқ” деб айтишига эътибор бериш керак эмас. Чунки унинг сўзларида мутаассиблик уфириб турибди. Мулло Алининг таълифотлари энг яхши изланилган, тадқиқотлар олиб борилган китоблардир. Уларни ўқиган олимлар кўп фойдалар топишган. Шу нарсанинг ўзи илмнинг нурига далил эмасми?! Улуғ алломалар илм нури бўлмаган китобларни қандай қилиб ўқишади?!
 
 
 
 
ЎМИ Бухоро вилояти 
вакиллиги масъул котиби   Б.Манзитов
 
 

 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:30
Куёш: 07:24
Пешин: 13:10
Аср: 16:00
Шом: 17:35
Хуфтон: 19:00
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram