Аллоҳим сенга чексиз ҳамдлар бўлсин!
22 май 2015 й.
531 марта ўқилди.

 Аллоҳим сенга чексиз ҳамдлар бўлсин!

Аллоҳим сенга чексиз ҳамдлар бўлсин. Сен Аввал, Охир, Ботин ва Зоҳир зотсан. Ҳар бир нарсанинг илми сенинг қўлингда. Мукаммал сифатлар ила азалдан мавжудсан. Ибтидонг бўлмагани каби интиҳонг ҳам йўқ. Зулматли тунда ер бағрида тошнинг тагидаги чумолининг ўрмалашини, саҳродаги қум зарралари, уммондаги сув томчилари, самодаги юлдузлар, дунё дарахтларининг барги, униб чиққан ўт-ўланлар саноғи ҳам Сенгагина аён. Сен барча нарсани нуқсонсиз яратувчи,  ҳар қанча мақтовга лойиқ ва сазовор зотсан.
Аллоҳим сенга чексиз ҳамдлар бўлсин. Етти қават осмонни устимизда устунсиз бино қилдинг. Уни нурафшон юлдузлар билан безадинг. Турли сайёралардан гулчамбар ясадинг. Само бағрида етти хил жилодаги камалакни товлатдинг. Нурли ой ва чақнаган қуёшни чироқ қилдинг. Барчасининг устида улкан аршни ўрнатдинг. Уни кўтариш бахтига ҳурматли фаришталарни танладинг. Улар таҳлил, тасбеҳ, ҳамд ва такбирга астойдил бел боғлаганлар. 
Аллоҳим сенга чексиз ҳамдлар бўлсин. Инсоният отаси бўлмиш Одам Атони лойдан ўз қўлинг билан яратдинг. Сувратига хоҳишингга кўра мукаммал шакл бериб, ўз руҳингдан пуфлаб жон ато қилдинг. Башарият онаси Момо Ҳаввони унинг жуфти қилиб, муносибликни бахш этдинг. Улардан зурриёдларини тарқатиб, ер юзига халифалик бахтини насиб айладинг. 
Аллоҳим сенга чексиз ҳамдлар бўлсин. Инсонни кўриш, эшитиш, ҳис қилиш, ушлаш, юриш, гапириш неъмати билан сийладинг. Илму маърифат билан шарафладинг, иблису малоикаларни сажда қилишга амр этиб, шаънини кўтардинг. Неъматларингни тўкис қилдинг. 
Ҳикмат туфайли уларга ерни қароргоҳ қилиб бериб, қиёматгача бўладиган зурриёдларни тарқатдинг. Буюк тақдир билан уларни бой ва камбағал, эркагу аёл қилиб тақсимладинг. Барча нарсани улар измига бўйсундирдинг. 
Анҳорларни оқизиб, булоқларни чиқариб, булутларни юбориб ёмғир ёғдирдинг. Турли экинларни, шириндан шакар меваларни муҳайё қилиб, ҳаётларини безадинг. 
Уларни яратиб, ризқини тўкин-сочин, йўлини осон қилиб, бошқа жонзотлардан фарқли ҳолда сўзлайдиган, фикрлайдиган қилдинг. Улар ичидан умматни огоҳлантирадиган пайғамбарларни танладинг. Ҳалол-ҳаром, ҳукм ва хабарлар баён қилинган илоҳий китобларни нозил қилдинг. Умматга ибрат бўлиши учун аввалги умматларнинг хабарини бердинг. 
Сенга иймон келтириб, китобларни тасдиқлаб, вужудини поклаганлар, амрларга бўйсуниб, ёмонликдан қайтганлар бахтли йўлда. Улар жаҳолатдан қутулиб, нажотни қўлга киритишди.   
 Шунинг учун сенга ҳамдлар айтамиз. Банда сен берган неъматларни санаб саноғига етолмайди. Чунончи, “Шунингдек, сизларга барча сўраган нарсаларингиздан ато этди. Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангизлар, саноғига етолмайсизлар. Ҳақиқатан, инсон зоти ўта золим ва жуда ношукрдир” (Иброҳим, 34).
Аллоҳим сенга чексиз ҳамдлар бўлсин. Махлуқотлар манфаатини кўзлаб ерни чексиз уммон устида барпо этдинг. Унга осмонўпар тоғларни қозиқ қилиб мустаҳкамладинг. Чорва аҳли учун яйловларни яшнатдинг. Барча нарсани жуфт-жуфт ҳолда яратиб, тенгини сараладинг. Буларнинг бор ҳикмати ёлғиз Сенгагина аён.
 
 
Эркин ҚУДРАТОВ
Мир Араб ўрта махсус ислом 
билим юрти мударриси
 
 
 
 
 
 
  
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:40
Куёш: 07:34
Пешин: 13:10
Аср: 15:55
Шом: 17:35
Хуфтон: 18:55
Тўлиқ тақвим »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram