Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлма!
15 апрел 2016 й.
937 марта ўқилди.

 Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлма!

 
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
«... Зеро, Аллоҳнинг раҳматидан фақат кофир қавмгина ноумид бўлур» (Юсуф сураси, 87).
Яъни, Аллоҳнинг қудратини инкор қиладиган, кофир кимсаларгина Аллоҳ таолонинг раҳматидан ноумид бўладилар.
«Албатта, Аллоҳ Ўзига (бирон нарсанинг) шерик қилинишини кечирмас. Шундан бошқа гуноҳларни Ўзи хоҳлаган бандалари учун кечирур» (Нисо сураси, 48).
«(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), (турли гуноҳ-маъсиятлар қилиш билан) ўз жонларига жиноят қилган бандаларимга айтинг: «Аллоҳнинг раҳмат-марҳаматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ (Ўзи хоҳлаган бандаларининг) барча гуноҳларини мағфират қилур. Албатта, Унинг Ўзигина мағфиратли, меҳрибондир» (Зумар сураси, 53).
«...Раҳматим – меҳрибонлигим эса ҳамма нарсадан кенгдир» (Аъроф сураси, 156).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Аллоҳнинг юзта раҳмати бўлиб, ундан битта раҳматини жинлар, инсонлар, ҳайвонлар ва ҳашоратлар орасига туширди. Ана ўша битта раҳмат билан улар бир-бирига раҳм қиладилар, шафқатли бўладилар. Ва шу раҳмат билан ваҳший ҳайвон ўз боласига меҳрибон бўлади. Аллоҳ тўқсон тўққизта раҳматни олиб қолдики, улар билан қиёмат кунида бандаларига раҳм қилади» (Муттафақун алайҳ).
Анас розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитганман: «Аллоҳ таоло айтди: «Эй Одам фарзанди, раҳматимдан умидвор бўлар экансан, сен тарафингдан содир бўлган нарсаларни кечираман ва ҳеч парво қилмайман. Эй Одам фарзанди, агар гуноҳларинг осмонга етса-да, сўнг мендан мағфират сўрасанг, сени мағфират қиламан ва ҳеч парво қилмайман. Эй Одам фарзанди, агар сен Менга ер қобиғича хато билан келсанг, сўнг Менга бирон нарсани шерик қилмаган ҳолингда йўлиқсанг, сенга ер қобиғича мағфират билан пешвоз чиқаман» (Термизий, Ибн Можа ривояти).
Анас розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўлими яқинлашиб қолган бир йигитнинг олдига кириб, «Ўзингни қандай ҳис қиляпсан?» деб сўрадилар. У: «Ё Расулуллоҳ, Аллоҳдан умид қиляпман ва гуноҳларимдан қўрқяпман», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мана шундай ҳолатда банда қалбида бу иккиси жам бўлса, Аллоҳ унга умид қилаётган нарсасини бериб, қўрқаётган нарсасидан омон сақлайди», дедилар» (Термизий, Ибн Можа ривояти).
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Аллоҳ азза ва жалла: «Мен бандамнинг Мен ҳақимдаги ўйидаман ва Мени зикр қилган вақтда Мен у билан биргаман», деди» (Бухорий, Муслим ривояти).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Яхши гумон ибодатнинг гўзаллигидандир» (Абу Довуд, Ибн Ҳиббон ривояти).
Жобир розийаллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўлимларидан уч кун олдин: «Сизларнинг ҳар бирингиз Аллоҳ азза ва жалла ҳақида яхши гумон қилган ҳолингиздагина вафот этингиз», деганларини эшитганини айтганлар (Муслим, Абу Довуд, Ибн Можа ривояти).
Ривоят қилишларича, Арш тарафдан бир жарчи «фалончи ўғли фалончи қаерда?» деб нидо қилади. Бу овозни эшитган ҳар бир кишининг ҳуши бошидан учади. Аллоҳ азза ва жалла ўша кишига: «Сўралаётган сенсан. Осмонлару ернинг Яратувчисига рўбарў бўлишга шошил», дейди. Бутун махлуқотлар Арш томонга тикилиб қолади. Ҳалиги киши Аллоҳ азза ва жалланинг ҳузурида ҳозир қилинади. Аллоҳ азза ва жалла унга махлуқотлардан тўсиб турадиган нурини туширади-да, сўнг унга: «Бандам, дунё ҳаётидаги ҳар бир амалингни кўриб, кузатиб турганимни билмасмидинг?» деб сўрайди. Банда: «Билардим, эй Раббим», дейди. «Бандам, Менга осийлик қилган кимсаларга азобим ва интиқомим борлигини эшитмаганмидинг?». «Эшитгандим, эй Раббим». «Эй бандам, Менга осийлик қилдинг?» «Эй Раббим, шундай бўлган эди». «Бандам, бугун Мени нима қилади деб ўйлаяпсан?». «Эй Раббим мени афв этасан, деб ўйлаяпман». «Бандам, нимага асосланиб мени афв этади, деб ўйлаяпсан?» «Эй Раббим, чунки Сен менинг гуноҳ қилаётганимни кўриб, уни яширган эдинг». «Сени афв этдим, кечирдим. Ўйлаган нарсангни рўёбга чиқардим. Китобингни ўнг тарафингдан олгин. Унда нимаики яхшилик бўлса, уни қабул қилдим ва нимаики ёмонлик бўлса, уни кечирдим. Мен сахий, карим зотдирман», дейди Аллоҳ таоло.
Парвардигоро, мағфират қилишни яхши кўрмаганингда эди, осий кимсаларга муҳлат бермасдинг. Афв ва караминг бўлмаганда эди, диллар осойиш топмасди.
Эй Аллоҳим, албатта, Сен афв қилгувчисан, бизни афв қил. Эй Аллоҳим, бизга ризо назари билан боқ ва бизни покиза бандаларинг қаторида қил, жафокашлар орасида қилма. Эй Аллоҳим, бизнинг орзу-умидларимизни рўёбга чиқар, барча ҳолатларда ҳам амалларимизни ўнгла. Розилигингга элтувчи йўлларни қулай эт, бизни яхшиликларга йўлла, бизга дунёда ҳам, охиратда ҳам яхшилик ато эт ва бизни дўзах азобидан сақла.
 
 
Ромитан тумани “Эшони Пир” 
Жоме масжиди имом хатиби:                                                           Ибрагимов Олим.  
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:10
Куёш: 06:57
Пешин: 13:10
Аср: 16:30
Шом: 18:10
Хуфтон: 19:30
Тўлиқ тақвим »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram