Мазҳабсизликнинг зарарли оқибатлари
25 октябр 2015 й.
1949 марта ўқилди.

 Мазҳабсизликнинг зарарли оқибатлари

 
   Ҳақ бир мазҳабга эргашмасдан юрса бўладими, ўзи мазҳаб дегани нима, деган саволлларга жавоб бериб кўрайлик!
 Бир мужтаҳиднинг ижтиҳод қилиб жамлаган ҳукмларининг барчасига бирдан ўша мужтаҳиднинг мазҳаби дейилади.
Асҳоби киромнинг барчаси теран олим, мужтаҳид эдилар. Ҳар бири дин илмларида, сиёсат, идора ва замонларининг фан илмларида ҳамда тасаввуф маърифатларида гўёки дарё эдилар. Бу илмларнинг ҳаммасини Расулуллоҳнинг қалбларга зиё бўлган, руҳларга даво бўлган сўзларини эшитиш билан оз вақтда қўлга киритдилар. Ҳар бирининг алоҳида мазҳаби бор эди. Мазҳаблари бир-бирларидан оз ёки кўп фарқ қиларди. Тобеиннинг ва таба тобеиннинг орасида ҳам мужтаҳидлар бор эди. 
Саҳобалардан бўлган мужтаҳидларни баъзи уламолар ўз китобларида санаб чиққан. Муҳаммад ибн Абу Бакр ибн Айюб раҳматуллоҳи алайҳ «Эъломул муваққиъин» китобида айтади: «Фатво берган саҳобий ва саҳобияларнинг сони бир юзи ўттиздан ошиқ бўлиб, уларнинг орасидан еттитаси кўп фатво айтган. Улар: Умар ибн Хаттоб, Али ибн Аба Толиб, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Оиша, Зайд ибн Собит, Абдуллоҳ ибн Аббос ва Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳум)лар.»
Тобеинлар даврида ижтиҳод уфуқи кенгайиб, турли диёрлардан мужтаҳид фақиҳлар чиққан. 
Мадина фақиҳлари
Саид ибн Мусайяб, Абу Салама ибн Абдурраҳмон ибн Авф, Урва ибн Зубайр, Убайдуллоҳ ибн Абдуллоҳ ибн Утба ибн Масъуд, Қосим ибн Муҳаммад, Сулаймон ибн Ясор ваХорижа ибн Зайд раҳматуллоҳи алайҳимлар. Буларни «Фуқаҳоу сабъа» яъни етти фақиҳлар, дейишади. 
Баъзилар Абу Салама ибн Абдурраҳмон раҳматуллоҳи алайҳнинг ўрнига Абу Бакр ибн Абдурраҳмон ибн Ҳорис ибн Ҳишом раҳматуллоҳи алайҳни етти фақиҳлар сафида зикр қилган. 
Юқорида зикр қилинган Мадина фуқаҳоларидан яна бошқа қуйидаги фақиҳлар бор: Нофиъ, Ибн Шиҳоб аз-Зуҳрий, Қози Яҳё ибн Саид, Аббон ибн Усмон, Солим ибн Абдуллоҳ ибн Умар, Али ибн Ҳусайн Зайнул обидин,Робиа ибн Абу Абдурраҳмон, Абу Жаъфар ал-Боқир, ва Абу Зиннад Абдуллоҳ ибн Заквон раҳматуллоҳи алайҳимлар.
Макка фақиҳлари.
Макка фақиҳлари ҳақида гапирадиган бўлсак, улардан қуйидагилари машҳур эди:
Ато ибн Абу Рабоҳа, Али ибн Абу Толҳа, Мужоҳид ибн Жабр, Амр ибн Дийнор, Абдуллоҳ ибн Убайдуллоҳ ибн Абу Мулайка, Абдулмалик ибн Журйж раҳматуллоҳи алайҳим ва бошқалар.
Куфа фақиҳлар.
Куфада эса қуйидагилар машҳур эди:
Иброҳим Нахаий, Омир ибн Шароҳил Шаъбий, Алқама, Асвад, Мурра Ҳамадоний, Саид ибн Жубайр, Масруқ ибн Аждаъ, Абида ибн Амр Салмоний, Қози Шурайҳ ибн Ҳорис Киндий ва Иброҳим ибн Язид Нахаий раҳматуллоҳи алайҳимлар.
Басра фақиҳлар.
Басрада қуйидаги олимлар машҳур бўлган:
Ҳасан Басрий, Муҳаммад ибн Сирин, Абул Олия Раёҳий, Зайд ибн Собит (розияллоҳу анҳу)нинг мавлолари(озод қилган қуллари)Ҳасан ибн Абул Ҳасан Ясор, Абу Шаъсо Жобир ибн Зайд ва Қатода ибн Диома Садусий раҳматуллоҳи алайҳимлар.
Шом фақиҳлар.
Шомда қуйидаги олимлар машҳур бўлган:
Абу Идрис Хавлоний, Макҳул ибн Абу Муслим, Ражо ибн Ҳайва ал-Киндий, Умар ибн Абдулазиз, Шураҳбил ибн Симт ва Қобиса ибн Зуайб раҳматуллоҳи алайҳимлар.
Миср фақиҳлар.
Мисрда Абдуллоҳ ибн Амр (розияллоҳу анҳу)нинг шогирдлари машҳур бўлишган. Улар қуйидагилар:
Абул Хойр Марсад ибн Абдуллоҳ ал-Язаний ва Язид ибн Абу Ҳабиб раҳматуллоҳи алайҳумолар.
Яман фақиҳлар.
Яманда қуйидаги уч олим машҳур бўлган:
Товус ибн Кайсон Жанадий, Ваҳб ибн МунаббаҳСанъоний ва Яҳё ибн Абу Касир раҳматуллоҳи алайҳимлар.
Юқоридаги фуқаҳоларнинг аксарининг фатволари Муватто, Муснад ва Сунан китобларида ривоят қилинган. Ибн Абу Шайба ва Абдурраззоқнинг «Мусуннаф»,Таҳовийнинг «Осор» ва «Шарҳу Маонил осор» китоблари бунга мисол бўла олади.
Тобеанлардан кейин келган мужтаҳидлар ҳам кўп бўлган. Лекин улардан тўрттасини мазҳаби ёйилиб, қолганлари вақт ўтиши билан секин аста йўқолиб борган.
Бу тўрт мазҳабнинг имонлари Асҳоби киромнинг имонлари билан бирдек эди. Шунинг учун тўрттасига ҳам аҳли суннат дейилади. Имонлари орасидаги асосда фарқ йўқ. Бир-бирларини дин биродарлари деб билишади, бир-бирларини севадилар. Бир-бирларига мос келмаган ишларида зарурат туғилса, бир-бирларини тақлид ҳам қиладилар. Аллоҳу таоло мазҳабларнинг мана шундай алоҳида ва фарқли бўлишини истаганди. Бу фарқлиликнинг мусулмонларга Аллоҳу таолонинг раҳмати эканлигини, Жаноби Пайғамбаримиз хабар бергандилар. Чунки тўрт мазҳаб орасидаги майда-чуйда ўзгачаликлар мусулмонларнинг ишларини осонлаштирмоқда. Ҳар бир мусулмон шароитига, яшайдиган жойининг иқлимига қараб ўзига қулай бўлган мазҳабни танлайди. Ибодатларини ва ҳар ишини ўша мазҳабнинг ҳукмларига мослаб бажаради. Агар Аллоҳу таоло хоҳласа, Қуръони каримда ҳамма нарсани очиқ-ойдин билдирарди. Мана шу тариқа битта манбадан фарқли ҳукмлар чиқарилиб, амалда фарқли мазҳаблар ҳам ҳосил бўлмасди. Қиёматгача дунёнинг барча жойида ҳар қанақа иқлим ва шароитда ҳар бир мусулмон учун ягона низом бўларди. Мусулмонларнинг ҳоллари, яшашлари қийинроқ бўларди.
Жаноби Пайғамбаримизнинг йўли Қуръони карим орқали, ҳадиси шарифлар орқали ва мужтаҳидларнинг ижтиҳодлари орқали кўрсатилган йўлдир. Бу уч васиқа (ҳужжат) билан бирга шариатда "ижмо-и уммат" деган тўртинчи далил ҳам бор бўлиб, бу Асҳоби киромнинг ва Тобеиннинг иттифоқи (сўзбирлиги) экани “Радд-ул мухтор”да ёзилган. 
“Бир ҳукм устида тўрт мазҳабнинг ижтиҳодлари орасида ижмо ҳосил бўлса, бу ижмога ҳам имон келтириш керак, ишонмаган одам куфрга тушади.” (Мактубот, 2/36) 
Ислом олимлари нотўғри нарса устида иттифоқ қилишмайди. Ҳадиси шарифда марҳамат қилиндики: “Умматим залолат (адашган, нотўғри фикр) устида бирлашмайди.” (И.Аҳмад) 
Мазҳаб ва раҳмат Аллоҳу таоло ва Расули мўминларга марҳамат қилганликлари учун баъзи ишларнинг қандай бажарилишини Қуръони каримда ва ҳадиси шарифларда очиқча билдиришмади. Агар очиқча билдирилганида, айнан шундай бажариш фарз ёки суннат бўларди. Фарзни бажармаганлар гуноҳкор, эътибор бермаганлар эса кофир бўлишарди. Мўминларнинг ҳоллари қийин кечарди. Аллоҳ ва Расули меҳрибонликлари туфайли баъзи буйруқларини усти ёпиқ ҳолда беришди. Бундай ишларни очиқча билдирилган буйруқларга ўхшатиб, қиёслаб бажариш лозим бўлди. Дин олимлари орасида ишларнинг қандай бажарилишини мана шундай қиёслаб тушуна олганларига "мужтаҳид" дейилади.
 Тўрт мазҳабнинг ҳоли бир шаҳар халқининг ҳолига ўхшайдики, улар рўпара бўлган бир ишни ёки юқоридан келган бир фармонни қандай бажариш кераклигини мавжуд қонунлардан топа олишмаса, шаҳар кексалари тўпланиб, бу ишни қонуннинг шунга энг ўхшаш бўлган бир моддасига қиёслаган ҳолда бажарадилар. 
Тўрт тўғри йўл Мана шу йўсинда шаҳар катталаридан ҳар бир гуруҳ амрни бажаришда бир йўл топади ва барчаси ўз йўлининг тўғри ва қонунларга мос эканлигини айтади. Аслида қонуннинг ва фармонинг талаби мана шу тўрт йўлдан бири бўлиб, қолган учтаси нотўғридир. Лекин улар орасидаги тафовут қонунга эътиборсизлик ёхуд давлатга қарши чиқиш учун эмас, балки барчаси қонунга энг чиройли равишда тобе бўлиш, давлатнинг амрини бажариш учун ҳаракат қилганликларидан ҳеч бири айбдор деб топилмайди. Балки бундай ҳаракат қилганликлари учун таҳсинга ҳам сазовор бўлишади. Лекин ораларидан тўғрисини топган гуруҳ нисбатан кўпроқ мукофотга лойиқ бўлади. Тўрт мазҳабнинг ҳолати ҳам худди шунга ўхшайди. Ҳар мазҳаб имоми тўғри йўлни топиш учун ҳаракат қилганлигидан янглишганлари авф қилинади. Ҳатто савоб ҳам олишади. Чунки уларга бу ҳуқуқни Аллоҳу таоло ва Расули берган. Энди мана шу тўрт мазҳабдан бошқасига тобе бўлиш эса, умуман жоиз бўлмайди. 
Тўрт мазҳаб тўлалигича билингани ва китоблари ҳам барча мамлакатларга ёйилиб кетгани учун ҳар бир мусулмоннинг фақат мана шулардан бирига тобе бўлиши лозим. 
Имоми Раббоний ҳазратлари “Бир мазҳабга тобе бўлмаган одам мулҳид бўлади” деб айтганлар. (Мабда ва Маод) 
Юсуф Набҳоний ҳазратлари “Ҳозирда ҳар бир мусулмоннинг мавжуд тўрт мазҳабдан бирига тобе бўлиши керак” деб айтганидек имоми Шаъроний, С.Аҳмад Тахтавий ҳазратлари каби кўп олимлар ҳам худди шу нарсани билдиришган. Қуръони каримдаги “Аллоҳнинг ипига ёпишинг!” амри “Фиқҳ олимларининг, мазҳаб имомларининг билдирганларига тобе бўлинг!” деганидир. (Тахтавий “Дурр-ул мухтор” ҳошияси, забойиҳ қисми)
 Баъзилар “Ҳамманинг ҳам муайян бир мазҳабга тобе бўлиш мажбурияти йўқ. Ҳар мазҳабдан ёқтирган ҳукмларни олиши мумкин” дейишмоқда. Унда бу кишининг мазҳаби нима бўлади?
Бундай дейиш ва бундай қилиш мазҳабсизликнинг ўзгинасидир. Дин китобларимизда айтиладики: “Ҳар бир кишининг ўз мазҳабига тобе бўлиши вожибдир. Зарурат бўлмагунича бошқа мазҳаб бўйича амал қилиши жоиз эмас. Бир кишининг ўз мазҳабидан ажралиши жоиз эмаслиги иттифоқ билан билдирилди.” (Баҳр-ур-ройиқ) 
Буюк олим Ибни Амир Ҳаж “Таҳрир” шарҳида “Бир мужтаҳиднинг сўзи билан амал қилинади, лекин эҳтиёж бўлганда бошқа бир мужтаҳидни тақлид қилиш мумкин” деб ёзган. (Радд-ул мухтор) 
“Бир ишни ва бунга боғлиқ бўлган ишларни бир мазҳабга кўра бажараётганда бу мазҳабни тарк этиш иттифоқ билан тақиқланган.” (Таҳрир-ул-усул, Мухтасар-ул-усул, Дурр-ул мухтор) 
“Ҳар бир мусулмоннинг ибодат қилаётганида ва ҳаромдан сақланаётганида ўз мазҳабининг ҳукмларига тобе бўлиши лозим.”(Саодати абадия) 
“Мужтаҳид бўлмаган бир олимнинг тўрт мазҳабдан бирига тақлид қилиши вожиб. Тақлид қилмаса, тўғри йўлдан адашади. Бошқаларни ҳам адаштиради.” (Мезон-и кубро) 
“Мужтаҳид бўлмаган кишининг мазҳаб ўзгартириши жоиз эмас. Бир мазҳабга тақлид қилиши лозим.” (Радд-ул мухтор) 
“Бир кишининг ўз мазҳабини тарк этиши жоиз эмаслиги иттифоқ билан билдирилган.” (Таҳрир) 
“Тўрт мазҳабдан бирида бўлган киши Аллоҳу таолонинг амрига амал қилган бўлади.” (Жавҳара шарҳи) 
“Мазҳабига зид иш қилишни ҳеч бир олим жоиз кўрмади.” (Кимё-и саодат) 
“Исломнинг биноси ушбу тўрт асос устига қурилди. Ўзига мос келадиган, хоҳлаган мазҳабини танлагандан кейин буни ташлаб, бошқа мазҳабга ўтган одам илк мазҳаби ҳақида ёмон ўйлаган бўлади. Кейин келган олимлар буни иттифоқ билан билдирдилар.” (Сифр-ус-саодат шарҳи) 
"Аҳли суннат олимлари авомнинг маълум бир мазҳабнинг маълум бир имомига тобе бўлишлари лозимлигини билдирдилар.“Кашф” китоби буни тафсилоти билан тушунтирган.
Ҳар мазҳабнинг қулайликларини тўплаб, бу билан амал қилишга "талфиқ" дейилади. Бундай қилган киши фосиқ бўлади. “Тахтавий шарҳи” буни атрофлича тушунтирган." (Мухтасар-и виқоя шарҳи)
 Фалсафачи бир одам “Аллоҳ бир бўлса, пайғамбар бир бўлса, бир эмас, тўртта мазҳабнинг юзага келиши аниқ бўлинувчиликдир. Бу Муҳаммадий мазҳабига зид. Ҳақ бўлган ягона мазҳаб Муҳаммадийликдир. Мен Муҳаммадий мазҳабиданман” деса унга қандай жавоб берамиз?
 Бу гап “Мен ўта кетган, ғирт мазҳабсизман” дейишдир. Ҳеч бир ислом олими Муҳаммадийлик деган мазҳабнинг борлиги ҳақида маълумот қолдирмаган. Жаноби Пайғамбаримиз бу умматнинг 73 фирқага бўлинишини ва 72 тасининг йўлдан адашиб, жаҳаннамга кетишини, фақат битта фирқанинг қутулишини, бу фирқанинг эса, Суннатга амал қилган ва Асҳоби киромнинг йўлида юрадиган кишиларнинг фирқаси эканлигини билдиргандилар. 
"Аҳли суннат олимлари, бу фирқанинг Аҳли суннат вал жамоат фирқаси эканлигида ижмо юзага келганлигини билдирганлар. Амалда тўрт мазҳабнинг ҳақ эканлигига ҳам ижмо ҳосил бўлган. Ижмони инкор қилганларнинг кофир бўлиши ҳам аниқ билдирилган." (Радд-ул мухтор) 
"Аҳли суннат олимлари тўрт мазҳабнинг ҳақ эканлигини ва тўрт мазҳабдан бошқаси билан амал қилишнинг жоиз эмаслигини иттифоқ билан билдирганлар ҳамда бунда ижмо ҳосил бўлган." (Ал-Масоил-ул-мунтаҳаботу фир-рисолати вал василати) 
Салафиймиз деганлардан баъзилари: “Ибни Таймиянинг билдирган йўлга тобе бўлиш фарз” дейишади. Улар яна: "Ибни Таймиянинг хатоларига эмас, тўғри сўзларига амал қиламиз", дейишади. 
Авваламбор шуни билиш лозимки Ибн Таймия гарчи олим бўлсада, мужтаҳид ҳисобланмайди. Чунки олим қанчалик улуғ бўлса ҳам, ижтиҳодида хато бўлиши мумкин. Шунинг учун “Айнан мана шу олимга тобе бўлиш фарз” дейилмайди. Аммо мужтаҳидларга келадиган бўлсак, мужтаҳид олимларнинг хатолари авф қилинган, бунинг устига хатоларига ҳам савоб борлиги ҳадиси шариф орқали билдирилган. Шунинг учун мужтаҳид бўлмаган киши тўрт ҳақ мазҳабдан энг яхши билганига амал қилади. “Муҳаққақ шунга амал қилиш фарз” дейилмайди, лекин бугунги даврда тўрт мазҳабдан бирига тобе бўлиш лозим. Чунки китобларда айтиладики: “Мужтаҳид бўлмаган бир олимнинг тўрт мазҳабдан бирига тақлид қилиши вожибдир.” (Мезон-и кубро) 
Ибни Обидин ҳазратлари айтадики: “Бир ояти каримада “Биладиганлардан сўранг!” деб буюрилди. Шунинг учун мужтаҳиддан сўраш, бир мазҳабга тобе бўлиш вожиб бўлди.” 
 
 
Мир Араб мадрасаси талабаси
Абдукаримов Абдуқодир
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:50
Куёш: 06:30
Пешин: 13:10
Аср: 17:00
Шом: 18:50
Хуфтон: 20:20
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram