МУОЗ ИБН ЖАБАЛНИНГ ЎГИТЛАРИ
03 январ 2016 й.
1422 марта ўқилди.

 МУОЗ ИБН ЖАБАЛНИНГ ЎГИТЛАРИ

Муҳаммад ибн Сирийндан ривоят қилинади:
“Бир одам Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳунинг ёнига келди. Муоз ибн Жабал меҳмонларини кузатаётган экан. Келган одамга шундай деди: 
 
“Сенга икки нарсани тавсия этаман. Шуни билгин, дунёдаги улушинг сени албатта қидириб топади. Сен ундан кўра охиратдаги улушингга муҳтожроқсан. Бинобарин, сен охиратдаги улушингни танла. Қаерга борсанг ҳам охиратдаги улушингни талаб қил.
Ўғлим! Намозингни ҳаёт билан видолашаётган киши каби ўқи! Яна бир бор ўқий олишингни ўйлама. Шуни билгин, мўмин киши бири бажарган ва бири ортда қолган икки яхшилик ўртасида ўлади.
 
Рўза (нафл рўза) тут, бироқ оралатиб тут. Намоз (нафл намоз) ўқи, бироқ уйқу учун ҳам вақт ажрат. Ризқинг учун ҳаракат қил, аммо ризқ топаман деб тўғриликдан айрилма ва мусулмон ҳолда ўлишга интил. Мазлумнинг баддуосидан сақлан.
Кимда қуйидаги уч нарса бўлса, Аллоҳнинг ғазабига учрайди: ноўрин (сабабсиз) кулмоқ, истаксиз ухламоқ ва очиқмай туриб овқат емоқ!!!
 
Очлик ва қийинчилик фитнаси билан имтиҳон қилиндингиз, сабр этдингиз. Мўл-кўлчилик фитнаси билан ҳам синалурсизлар. 
 
Мен сизнинг аёллар фитнасига учишингиздан кўпроқ хавотирдаман. Улар олтин ва кумуш билагузуклар тақиб, Шом ва Яманнинг юпқа, безаквор кўйлакларини кийиб, бойни чарчатиб қўюрлар, камбағални эса тополмаган нарсаларини топишга мажбур этурлар». 
 
Бу насиҳатни ўқиркансиз айтилган бу сўзлар шунчаки оддий гаплар эмас, балки бу ҳикматларни айтаётган зотлар буюк, тенги йўқ бир муаллимнинг шогирдлари эканига гувоҳ бўласиз. Ҳақиқатда у зот: “Менинг саҳобаларим юлдузларга ўхшайди, уларнинг қайси бирига эргашсангиз ҳам ҳидоят топасиз”, деган сўзларининг тасдиғини кўрасиз. Бу насиҳатнинг ҳар бир жумласида олам-олам маъноларни топасиз. Аллоҳ барчамизни Ўзининг тўғри йўлига ҳидоят қилсин. 
 
Дилкушо масжиди имом хатиби
Жумаев Фарҳод
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:50
Куёш: 06:30
Пешин: 13:10
Аср: 17:00
Шом: 18:50
Хуфтон: 20:20
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram