НАМОЗДАГИ ТАКБИРИ ТАҲРИМА
20 декабр 2015 й.
1883 марта ўқилди.

 НАМОЗДАГИ ТАКБИРИ ТАҲРИМА

Намоз ўқишга киришган киши, намозига «Аллоҳу акбар» лафзи билан киради.  Намоз ўқиш ниятида бу сўзни айтган кишига намоздан олдин ҳалол бўлган амаллар ҳаром бўлади. Мисол учун гапириш, юришга ўхшаш. Чунки, бу пайтда киши намозга кирган ҳисобланади. Намоз эса тасбеҳ, такбир ва Қуръон қироатидан иборат. Шунинг учун бу калимага  «такбири таҳрима» яъни, «ҳаром қилувчи такбир» деб номланади (яъни, дунё ишларини намоз ўқиётганда бажариш ҳаром ҳисобланади).  Бу ҳақида Аллоҳ таоло Қуръони каримда:
وَذَكَرَ اسْمَ رَبِّهِ فَصَلَّىٰ
  
“Ва Роббиси исмини зикр қилса ва намоз ўқиса”, деб марҳамат қилади. (Аъло,15),  Бошқа  ояти каримада эса:
وَرَبَّكَ فَكَبِّرْ
  
“Ва Роббингни улуғла!” (Муддасир,4), деган.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллалоҳу алайҳи васаллам:
 
لا يقبل الله صلاة امرئ حتى يضع الطهور مواضعه
 
 «Аллоҳ, таҳоратини мукаммал қилмаган кишининг намозини қабул қилмайди», -деганлар. Бу ҳадисни тўлдириб келган бошқа бир хабарда  эса:
 
عن علي رضى لله عنه عن النبي صلى لله عليه وسلم قال: مفتاح صلاة الطهور و تحريمها التكبير وتحليلها التسليم.
 رواه ابو داود و الترمزي.
 
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар солаллоҳу алайҳи васаллам: «Намознинг калити покликдир, унинг ҳаром қилишлиги такбирдир ва ҳалол қилишлиги саломдир», -дедилар. 
Демак, аввал мукаммал таҳорат қилган киши қибла томонга юзланиб, «Аллоҳу акбар», деб намозни бошлайди. 
 
   Фиқҳий  китобларда фақиҳларимиз  такбири таҳримани таҳлийл (ла илаҳа иллаллоҳ), тасбийҳ (субҳаналлоҳ) ва «Ар Роҳману акбар» каби улуғликка далолат қиладиган лафзлар  билан бошласа ҳам жоиз деганлар.
 
 Имом Абу Юсуф такбир лафзларидан бошқаси билан намозни очиш жоиз эмас, улар «Аллоҳу акбар», «Аллоҳул-акбар», «Аллоҳул-кабийр», «Аллоҳу кабийр» лафзларидир, магар шу калималарни айта олмасагина , таҳлийл, тасбийҳ лафзлари билан бошлайди деганлар. 
 Имом Абу Ҳанифа ва  Имом Муҳаммад ва  раҳимаҳумаллоҳ  Аллоҳ таолонинг:                               
« وَذَكَرَ اسْمَ رَبِّهِ فَصَلَّىٰ »
 
«Ва Роббиси исмини зикр қилса ва намоз ўқиса» ояти, намозни бошлашлик такбири учун нозил қилинган, бу ерда мутлақ зикр эътиборга олинган деганлар.
 Абу Ҳанийфа раҳимаҳуллоҳ наздларида «Аллоҳ» ёки «Ар-Роҳман» лафзлари ҳам зикр лафзлар бўлганлиги учун булар билан ҳам бошлашлик жоиз деганлар. 
 Имом Муҳаммад Аллоҳнинг улуғлигини ва азаматини билдирадидиган лафзлар билангина бошлашлик жоиз деб айтганлар. Агар «Аллоҳумма» яъни, «Ё, Аллоҳ» лафзи билан бошласа ҳам дуруст бўлади. Чунки,  бу ерда Аллоҳга нидо қилишлик бор.  Аммо «Аллоҳуммағфирли», яъни «Аллоҳим мени мағфират қил» каби лафзлар билан бошласа, дуруст саналмайди. Чунки бу ерда Аллоҳ таолонинг улуғлигига далолат қилувчи лафз йўқ. Шунингдек гапира олмайдиган киши ёки уммий (ўта авом) киши бўлса, бу лафзларни талафуз қилишга қодир эмаслиги сабабидан ниятнинг ўзи унга кифоя.  Бу тоифа кишиларни узрлари эътиборга олинган. 
 
Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ муқтадий (имомга эргашувчи) имоми «Аллоҳу акбар» лафзини айтиши билан ушбу лафзни айтади  деганлар. Абу Юсуф ва Муҳаммад  у зотнинг пешқадам шогирдлари эса имом такбирни айтиб бўлганидан кейингина эргашувчи бу лафзни айтади деганлар. Лекин намоздан чиқиш пайти айтиладиган салом лафзида эса имом салом бергандан кейин эргашувчининг айтишига учовлари ҳам иттифоқ бўлганлар.  Абу Ҳанифа имомнинг такбир лафзини имом айтган заҳоти муқтадий яъни эргашувчи такрорлайди, дейишларининг сабаби такбир лафзи ибодатни очиши эътиборидан. Ибодатга эса шошилиш афзал эканлиги учун. Салом эса ибодатдан чиқишлик учун айтилиши сабабидан ҳам бу лафзни айтганда шошилмаслик афзал деганлар.
 
   «Аллоҳу акбар» лафзни чўзмасдан айтиш суннат. Агар унинг аввалги «алиф»и чўзилса, истифҳом (сўроқ)  маъноси келиб чиқади. Бу эса куфрдир. Агар охиридан олдинги ҳарфи «бе» чўзилса, араб тили жиҳатидан лаҳн (куй)га солинган ҳисобланади.
 Намозга такбир (Аллоҳу акбар) лафзини айтиб кирувчи киши қўлларини қулоғининг юмшоғига теккунига  қадар кўтаради. Бу Воил ибн Ҳужр розияллоҳу анҳунинг пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан:
 
« إذا إفتتحت الصلاة فارفع يديك حذاء اذنيك »     (رواه مسلم)
 
«Агар намозни бошласанг икки қўлингни қулоғинг баробарида кўтар» (Муслим ривояти), деган ҳадисларига мувофиқ. Бошқа лафз билан қилинган ривоятда Воил ибн Ҳужр: 
 
« ولفظه: رأيت رسول لله صلى لله عليه وسلم يرفع يديه حين افتتح الصلاة حتى حاذت إبهامه شحمة أذنيه »
 
«Расулуллоҳ солаллаҳу алайҳи васалламни намозни бошлаганда қўлларини қулоқларининг юмшоғига қадар кўтарганларини кўрдим», деганлар. Икки қўллар кўтарилганда бармоқлар кафтлар билан бирга қиблага қаратилади. Бармоқларнинг оралари очилмайди. Қунут намозининг такбирини ва икки ийд намозларининг такбирларини ҳам худди шу ҳолатда (фарз намозладаги каби) бажаради. Бу уч  ҳолатлардан бошқа такбирларда намозда қўл кўтарилмайди. Мисол жаноза намозини кейинги уч такбирида кўтармагани каби. Чунки пайғамбаримиз алайҳис салом:
 
لا ترفع الأيد إلا في سبعة  مواطن
 
яъни, «Қўллар етти ўриндан бошқа жойда (такбир айтилганда) кўтарилмайди», деганлар. Шу ҳадисда айтилган етти ўриндан учтаси намозда, қолганлари эса ҳаж ибодатидадир.
 Ўтган далилларга мувофиқ намозда «Аллоҳу акбар» лафзини айтишлик фарз амалдир. Қўлларимизни шу лафзни айтганда қулоқлар баробарида кўтаришлик суннат. Қулоқларимизнинг юмшоқ қисмига бош бармоғнинг учини теккизишлик мустаҳаб амалдир. Ҳадисларда Пайғамбаримиз саллолоҳу алайҳи васаллам томонларидан «қўллар қулоқ баробарида кўтарилади» деб ривоят қилинганига мувофиқ, қўлларини кўтарган киши қўлларининг баробарлиги бир хил бўлишлиги учун  бармоқларини қулоқларининг юмшоғига теккизади. 
 
   Юқорида улуғ мужтаҳид уламоларимизнинг, намозни бошлаган киши айтиши жоиз бўлган  ёки айтиши жоиз бўлмаган лафзларни зикр қилиб ўтдик. Гарчан «Аллоҳу акбар» лафзидан бошқа лафзлар билан ҳам намозни очиб бўлса ҳам  барча уламолар шу жумладан бизнинг диёримиз уламолари ҳам «Аллоҳу акбар» лафзини афзал санашган. Чунки, Пайғамбаримиз саллолоҳу алайҳи васаллам аксарият вақтда намозларини шу лафз билан бошлаганлар. Ва яна, бу  Аллоҳ таолонинг улуғлигини ифода этадиган энг чиройли лафздир. 
 
Ҳаётини инсонларга зиё  таратиш йўлида сафарбар этган буюк мужтаҳид олимлар бунга ўхшаш минглаб масалаларни ечиб, кейинги авлодларга етказганлар. Бу машаққатли ва ўта масъулиятли хизматлари эвазига кейинги, уларнинг илмидан баҳраманд бўлган Ислом уммати тўғри ва соф йўл билан, Пайғамбаримиз Муҳаммад саллолоҳу алайҳи васаламнинг суннатларига мувофиқ ибодат қилиб келмоқдалар.
 
Абу Бакр ас-Сиддиқ 
                 жомеъ масжиди имом хатиби
 Орифжон Тўқсанов
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:40
Куёш: 07:30
Пешин: 13:10
Аср: 15:55
Шом: 17:30
Хуфтон: 18:55
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram