Абу Ҳанифа фақиҳ ва мухаддис
07 феврал 2016 й.
1393 марта ўқилди.

 Абу Ҳанифа фақиҳ ва мухаддис

 
 Буюк имом Абу Ҳанифа куняси билан дунёга ном таратган зотнинг асл исмлари Нуъмон ибн Собит ибн Зутий ат- Таймий. Абу Ҳанифа 80 ҳ./699м санада Кўфа шаҳрида таваллуд топганлар. У киши аҳли сунна мазҳаббошилари ичида энг аввалгиси ҳамда  тобеинлардандирлар. Ёшликларидан таҳсили  илм қилдилар, шу билан биргаликда касб ҳам қилиб, ипак сотардилар. 
 
Ҳорис ибн Идрисдан Сулаймон ибн Рабеъ: “Абу Ҳанифани асл келиб чиқишлари Термиздан”  деб, айтадилар. Боболари асли форслардан бўлиб, Ҳазрат Алини хизматларида бўлганлар. Оталари Собит Абу Ҳанифани ёшлик чоғларида  Ҳазрат Алини  олдиларига олиб бориб фарзандлари ҳаққига дуо олдирган эканлар.
 Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Иймон сурайё юлдизида бўлса ҳам уни форс кишилари олажак” деб марҳамат қилганлар.
 
Имом Жалолиддин Суютий айтадиларки:  “ Бу ҳадисни асли саҳиҳдир, унда Абу Ҳанифага ишора бор. Ҳадиснинг саҳиҳлиги муттафақун алайҳдир”. 
Кўпчилик инсонлар, Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи  алайҳни фиқҳ соҳасида, Ҳанафий мазҳаби асосчиси сифатида жуда яхши биладилар. Аммо Имом Абу Ҳанифани ҳаёт ва ижодларини яхшилаб ўрганиб чиқсак, нафақат фиқҳ борасида имом бўлган, балки ҳадис борасида ҳам буюк муҳаддислар мақтовига сазовор бўлиб, уларга устозлик мақомида бўлганларини яққол кўриш мумкин.
 
       Аммо баъзи мутаассиб кишилар Имом Абу Ҳанифани ҳадис борасида қўли калта, унга кўпгина ҳадислар етиб келмаган, деган таъна тошларини отишади. Уларниг бундай айтган гаплари уйдирмадан бошқа нарса эмас. Бу гапни ўта илмсиз (жоҳил), мутаассибларгина айтиши мумкин. 
  
    “Мевали дарахга тош отишади” деганларидек, Имом Абу Ҳанифа илмининг  қадрини билмаганлар у киши ҳақларига таъна тошларини отиб келмоқдалар. Имом Абу Ҳанифани шахсиятлари тўғрисида у кишини кўрган, у киши билан замондош бўлган олимлардан  эшитамиз. Чунки “Зар қадрини заргар билганидек”,  олимнинг қадрини олим билади.
Яҳё ибн Маъин (ҳадис илми пешволаридан жарҳ ва таъдил асосчиси, “Ат- Тарих ва ал-Илал” , “Маърифат ар-Рижол”  каби машҳур асарлар муаллифи) шундай деганлар: “Абу Ҳанифа ёдлаган ҳадисини ривоят қиладиган  сиқа (ишончли) кишилардан эди”.
 
Ҳадис илмида мўъминлар пешвоси  бўлган Имом Шуъба шундай дейдилар: “Қасамки, Абу Ҳанифа чуқур мулоҳазали, ўткир зеҳн соҳиби бўлган”.
 Имом Заҳабий  ўзларинг мезон китобларида Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳ алайҳни ҳофизлардан ҳисоблаб, сиқа (ишончли ровий) кишилар сирасига қўшганлар.
Яҳё ибн Одам айтадилар: “Абу Ҳанифа диёридаги мавжуд барча ҳадисларни ўзида жамлаган”.
 
Ибн Абдулбар шундай дейдилар: “Ҳадис соҳиблари Имом Абу Ҳанифага нисбатан нолойиқ фикрларда ҳаддан ошдилар”.
Ҳофиз ибн Ҳажар ал-Асқалоний “Фатҳул –Борий” муқаддимасида шундай дейдилар: Баъзиларнинг Имом Абу Ҳанифа қиёсни кўп қўллаган, араб тилидан тўла хабардор бўлмаган ва ҳадисни кам ривоят қилган, деган айбларни қабул қилинмайди”.
Амирал муҳаддисийн номи билан шарафланган буюк олим Абдуллоҳ ибн Муборак айтадилар: “Агар Аллоҳ таоло Абу Ҳанифа ва Суфён ус-Саврийни илми билан мени илҳомлантирмаганида, бошқа инсонлар қатори бўлиб қолардим”. 
Яна бир бошқа мазҳаб соҳиби, Имом Абу Ҳанифани  кўрган ва у кишини илмларидан ҳайратланган олимлардан Молик ибн Анасдан Абу Ҳанифани кўрганмисиз, деб сўрашганда, “Ҳа кўрганман, агар мана шу устунни тилло деб айтадиган бўлса, унга ҳужжат келтира оладиган одам эканлигини кўрдим”, деган эканлар.
 
 Гўёки ўрин алмашгандек, Имом Абу Ҳанифа вафот қилган йили дунёга келган Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ “Фиқҳ илмида Одамлар Абу Ҳанифанинг боқиманда (шогирд) ларидур.   
Демак баъзилар айтганидек, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи ҳадис илмидан оқсоқ бўлмаганлар. Имом Абу Ҳанифани “Муснад” номли китобларининг биргина намоз бобида бир юз саккизта ҳадис келтирилган.
Бундай Абу Ҳанифа раҳматудллоҳи алайҳни шаънларида айтилган таърифларни ниҳоясиз келтириш мумкин. Лекин, шу нарса аниқки Имом Абу Ҳанифани мужтаҳид эканликларини барча мусулмонлар тан олишган.  Имом Абу Ҳанифани мужтаҳидларга хос бўлган фазилатлардан яна бири зуҳду –тақво ва гўзал хулқлари эди.
 
Абдуллоҳ ибн Муборак айтадилар: “Куфага кирдим. У ерни аҳлидан энг илмли киши ҳақида сўрадим. Улар Абу Ҳанифа деб жавоб бердилар. Кейин улардан одамларнинг ибодатлироғи (зоҳид) ва илмга чуқур шўнғиган киши ҳақида сўраганимда улар Абу Ҳанифа, деб жавоб беришди. Улардан энг чиройли хулқли киши ҳақида сўрадим, улар Абу Ҳанифадан бошқа чиройли хулқ соҳибини билмаймиз”, дедилар. У кишнинг шогирдлари  “Қози ул-Қуззот унвони олган Имом Абу Юсуф : “Бир сафар устозим Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ билан кетаётгандик. Икки киши, бири иккинчисига қараб бу Абу Ҳанифа-ку бу киши кечалари ухламайди. Уларнинг бу суҳбатларни эшитиб қолган Абу Ҳанифа “Мен қилмайдиган ишимни менга айтманглар”, дедилар, ваҳоланки, у киши кечаларини намоз, тазаруъ ва дуо билан ўтказар эдилар” дейдилар.
 
Асад ибн Амр айтадилар: “Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ мана қирқ йилки бир таҳорат ила Хуфтан билан Бомдод намозини ўқийдилар”.
 Ибн Исҳоқ Самарқандий,  Қози Абу Юсуфдан ривоят қилдилар  “Абу Ҳанифа ҳар кеча бир ракатда қуръонни хатм қилардилар”.
 
Имом Абу Ҳанифани вафотларидан сўнг у зотни ювиб кафанлаган ва жанозаларини ўкиган катта олим Ҳасан ибн Амора Абу Ҳанифани муборак жасадларига қараб “Аллоҳ сизни раҳм қилсин, мағфират айласин. Ўттиз йилдан бири рўзасиз юрмадингиз. Қирқ йил ёнбошингиз кўрпа кўрмади. Сиздан кейин келганларни чарчатдингиз. Қориларни шарманда қилдингиз” деган экан. 
 
Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳини  Халифа Жаъфар ал-Мансур Кўфа қозилигини таклиф қилганда у киши рад қилганлар.  Чунки бу зоти бобарокотлар илмни дунё, мавкеъ, мансаб учун эмас холис Аллоҳ розилиги учун қилгандилар. Шундан сўнг Халифа у кишини зиндонга ташлайди ва ўша ерда тутқунликда 150ҳ/767м йилда вафот қиладилар.
 
 
Саййид Амир Кулол масжиди 
имом хатиби:     Ж. Сабуров
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:50
Куёш: 06:30
Пешин: 13:10
Аср: 17:00
Шом: 18:50
Хуфтон: 20:20
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram