АҲЛИ СУННА ВАЛ ЖАМОА” КИМЛАР?
23 май 2020 й.
18 марта ўқилди.

 
АҲЛИ СУННА ВАЛ ЖАМОА” КИМЛАР?

“Аҳли сунна вал жамоа” атамасининг маъноси “Мусулмонларнинг мутлақ кўпчилиги бўлганлар ва суннатга амал қилиб келган мусулмонларнинг энг катта жамоаси”, - деган маънодадир. Ахли сунна вал жамоа - суннатга ва жамоатга эргашувчилардир. Ҳақиқатдан, бугунги кунда мусулмонларнинг аксари, яъни 92,5% фоизи "Ахли сунна вал жамоа" га мансубдир. Ушбу атамани айримлар саҳоба ва тобеъинлар давридан кейин пайдо бўлган, деб ўйлайдилар. Аслида ушбу атама илк бор буюк саҳоба, умматнинг илм денгизи ва Қуръон таржимони лақабини олган Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу томонидан Қуръони Каримнинг “Оли Имрон сураси” нинг 106-ояти тафсирида айтиб ўтилган. «Юзлар оқ ва юзлар қора бўладиган кунда юзлари қора бўлганларга: "Иймонингиздан кейин кофир бўлдингизми?! Куфр келтирган бўлганингиз учун азобни татиб кўринг", - дейилур»,-деган маънодаги ояти кариманинг: – “оқарадиган юзлар” билан “қораядиган юзлар” нинг маъносини изоҳлаб, Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу бундай деганлар: “Оқарадиган юзлар” – бу аҳли сунна вал жамоадир, “қораядиган юзлар” эса бу бидъат ва залолат аҳлидир!”. (Тафсири ибн Абу Ҳотим).
Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларини маҳкам тутишни буюрганлар: “Бас, сизлар менинг суннатимни ва тўғри йўлдан боргувчи тўғри йўлга солгувчи халифаларнинг суннатини ўзингизга лозим тутинг! Уларни маҳкам ушланг ва уларни озиқ тишларингиз билан “тишлаб” олинг!”.
Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло ҳам Қуръони Каримда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини маҳкам ушлашни алоҳида буюрган:
“Пайғамбар сизга нимани берса, ўшани олинглар ва нимадан қайтарса, ўшандан қайтинглар". (Ҳашр сураси, 7-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам "Ким жаннатнинг қоқ ўртасини ирода қилса, жамоатни лозим тутсин. Кимни яхшиликлари масрур қилиб, ёмонликлари маҳзун қилса, ана ўша мўминдир", - дедилар. (Термизий ривояти). Демак "Ахли сунна вал жамоа" мазхабидан ажрамаслик лозим. Эътибор берадиган бўлсак, "Жамоатни лозим тутинглар" да Ахли сунна вал жамоа" мазҳабини маҳкам ушлашга буйруқ бор. "Ким жаннатнинг қоқ ўртасини ирода қилса, жамоатни лозим тутсин" да Аҳли сунна вал жамоа" мазҳабини маҳкам тутганларга жаннатнинг қоқ ўртасидан жой ваъда қилиш бор. Имом Абу Довуд раҳимаҳуллохдан бундай деб ривоят қилинади: “Эй, огоҳ бўлинглар! Албатта сиздан олдинги аҳли китоб етмиш иккита фирқага бўлиниб кетганлар. Албатта ушбу миллат эса яқинда етмиш учта фирқага бўлинади. Етмиш иккитаси дўзахда ва биттаси жаннатдадир. У жамоатдир!”.
Имом Ибн Можа раҳимаҳуллоҳ ривоятида эса матн қуйидагича: “Албатта Бани Исроил етмиш битта фирқага бўлиниб кетган. Менинг умматим эса етмиш икки фирқага бўлинади, барчалари дўзахдадир, фақат биттаси бундан мустасно. У Ахли сунна вал жамоадир”-дейилган. Шунингдек, уни Имом ат-Табароний раҳимаҳуллоҳ ҳам ривоят қилганлар.
Жамоатдан ажраб қолиш оқибати ҳам саҳиҳ ҳадиси шарифларда ўз аксини топган. Жумладан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Кимки жамоатдан бир қарич ажралса, ўладиган бўлса, фақатгина жоҳилият ўлими ила вафот этади!” (Бухорий, Муслим ривояти). Бошқа ҳадиси шарифларида эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Кимки жамоатдан бир қарич тарк қилса, батаҳқиқ, бўйнидан Ислом бўйинбоғини ечган бўлади”, - деганлар. (Байҳақий ривояти). Бошқачасига айтиладиган бўлса, Исломдан чиқади. Шунинг учун, мусулмонлар оммасидан, яъни "Аҳли сунна вал жамоа" мазҳабидан четга чиқмаслик керак.
Ҳар бир фирқа оқим вакиллари ўзларини аҳли сунна вал жамоа вакили деб билади ва ўзларининг гуруҳларидан бошқаларни бундан айрилганлар, деб билади. Чунки, ҳар қандай фирқа ва оқимнинг бир неча юзлаб, балки минглаб ва миллионлаб вакиллари бўлиши мумкин ва бу ўзига хос жамоатни юзага келтиради, албатта. Бундай ҳолатда, уларнинг гапи нотўғри эканини қаердан биламиз?
Аҳли сунна вал жамоа бу айтганимиздек, мусулмонларнинг мутлақ кўпчилиги бўлганларни ва суннатга амал қилиб келган мусулмонларнинг энг катта жамоасини ташкил қилади. Буни ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари айтиб ўтганлар: “Аллоҳнинг “қудрати ва нусрати” жамоат тепасидадир! Бас, саводи аъзамга (яъни, энг улуғ жамоага) эргашинг!”. (Ҳоким ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “саводи аъзам” деганда, энг улуғ ва энг катта жамоани назарда тутганлар. Энди, ушбу энг улуғ ва энг катта мусулмонлар жамоаси кимлар экан? Табиийки, саҳобаи киромлар ҳам “саводи аъзам” нинг кимлигини сўраганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жавобларига қаранг: “Улар мен ва саҳобаларим тепасида бўлган эътиқоддаги кимсалардир. Ким Аллоҳнинг дини борасида тортишмаса, тавҳид аҳлидан бўлган кимсани мағфират қилинадиган гуноҳ сабабли кофирга чиқармаса – ана ўшалардир!”. (Табароний ривояти).
Юқорида айтиб ўтилдики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен ва саҳобаларим тепасида бўлган эътиқоддаги кимсалар” ни фирқалар ҳақидаги гапларида айтиб ўтиб, "Аҳли сунна вал жамоа"даги мусулмонлар ҳақидаги таърифи сифатида келтирганлар. Саҳобаи киромлар Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига энг кўп эргашган ва амал қилган умматнинг энг буюк зотлари бўлиб, ҳеч бир мусулмонни кофирга чиқарган эмаслар. Ҳатто ўша даврда саҳобаларни ўлдириб, қириб юборган ва уларни кофирга чиқариб, уммати Муҳаммадиянинг тафриқасига сабабчи бўлган хавориж ва бошқа оқимларни ҳам кофирга чиқарган эмаслар.
Демак, "Аҳли сунна вал жамоа" бу асрлар давомида шаклланиб, сайқал топиб, мусулмонларнинг энг катта қисмини ташкил қилиб келаётган, Ислом уламоларининг мутлақ кўпчилиги эргашган мусулмонлар жамоасидир. Ушбу уламоларнинг ҳаёти ва фаолиятига эътибор берилса, улар "Аҳли сунна вал жамоа" дан бошқа алоҳида кўриниш ва хусусиятга эга бўлмаганлиги сабабли “турли хил фалоний” каби оқим ва фирқаларга асло мансуб қилинган эмаслар. Ана шундай жиҳатларни эътиборга олиб, "Аҳли сунна вал жамоа" дан айрилмаслик, анъанавий Исломда, Аҳли сунна вал жамоанинг эътироф қилинган анъанавий тўрт мазҳабининг бирида маҳкам ва мустаҳкам турмоқ лозим ва лобуддир.
Аллоҳ таоло бизларни нажот топувчи жамоа – Аҳли сунна вал жамоадан айирмасин. Оқибати дунёда хорлик, охиратда эса дўзах бўладиган ҳар қандай бидъатдан Аллоҳ сақласин!

Ғиждувон тумани “Имом ал-Бухорий” жомеъ масжид
имом - хатиби О.Рўзиев
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:30
Куёш: 05:17
Пешин: 13:10
Аср: 18:30
Шом: 20:10
Хуфтон: 21:45
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram