Аждодлардан ўрнак олайлик
27 апрел 2015 й.
1292 марта ўқилди.

 Аждодлардан ўрнак олайлик

 

 

Яқинда бир воқеани ўқидиму, буюк аждодларимизнинг маърифат уммонига чуқур шўнғиганлари ва илмга ўта чанқоқликларига яна бир карра амин бўлдим. Унда шундай ёзилган эди: 
«Фақиҳ Абул Ҳасан Али ибн Исо Валволижий айтганлар: “Ҳар доимгидек Абу Райҳон Берунийнинг ёнларига кирдим. Ўлим тўшагида ётган эканлар. Зўрға нафас олардилар. Шундай бўлишларига қарамай, салом-аликдан сўнг: “Эй Абул Ҳасан! Ўтган сафар мерос борасида айтган масалангизни такрорлаб юборинг, сал хотирамдан кўтарилибди”, – деб илтимос қилдилар. У кишига раҳмим келиб: “Бу пайтда ўзингизни ўйласангиз яхши бўларди, илм олишга ҳали фурсат топилади”, – дедим. Чуқур хўрсиниб: “Эй Абул Ҳасан! Кетишимдан олдин шу масалани билмоқчиман. Буни тушунмасдан дунёдан ажралмоқ яхши эмас ахир”, – дедилар. Мерос ҳақидаги масалани қайтадан айтиб бериб, ташаккур эшитдим. Менга ҳам бир-икки нарсани ўргатиб қўйдилар. У киши билан видолашиб чиқдим. Эшикларидан узоқлашмасимдан ичкаридан йиғи овози эшитилди. Улуғ аллома вафот этганларини сезиб ортимга қайтдим».
Дарҳақиқат, фалакиёт, риёзиёт, адабиёт, луғат, тарих, фалсафа илмининг билимдони, қатор китоблар муаллифи, қомусий аллома Абу Райҳон Муҳаммад ибн Аҳмад Хоразмий Беруний (ҳижрий 362/973–440/1048 йиллар) бобомиз илмнинг очилмаган қирраларини  очдилар, денгиз ортида номаълум қитъа борлигини аниқладилар, қўлларидан қалам ва қоғоз тушмади. Кўзлари назардан чалғимади, қалбларини фикр тарк этмади. Биз – авлодларга қолдирга қатор ўлмас мерослари ила дунё тамаддунига муносиб ҳисса қўшган, ажалнинг ҳиди келиб турганда ҳам илмга интилган, пайғамбаримизнинг “Бешикдан қабргача илм изланглар” деган муборак ҳадисларига умрбод амал қилиб яшаган улуғ аждодимизни Аллоҳ таоло ёрлақасин.
 
 
 
Эркин ҚУДРАТОВ
Мир Араб ўрта махсус ислом 
билим юрти мударриси
 

 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:10
Куёш: 07:00
Пешин: 13:10
Аср: 16:30
Шом: 18:10
Хуфтон: 19:30
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram