АЛЛОҲ ТАОЛО ҲАЛОЛ ЛУҚМАНИ БУЮРГАН
17 апрел 2017 й.
50 марта ўқилди.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда «Эй одамлар! Ер юзидаги нарсаларнинг ҳалол-покларини енглар», деб буюрган (Бақара сураси, 168-оят). 
Динимизнинг инсонпарварлигини, Қуръони Каримнинг мўъжизасини қарангки, бу оятда фақат мўмин-мусулмонларга эмас, балки бутун инсониятга қарата хитоб қилинмоқда. Инсонни яратган Аллоҳ унга нимани истеъмол қилиш, нимани истеъмол қилмасликни ўргатяпти. Ушбу оятдаги ҳукм ҳар биримиз учун фарзи айндир.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳалолни излаш фарздан кейинги фарздир», деганлар. Бунинг маъноси шуки, иймон, намоз, закот, рўза ва ҳаж каби Ислом арконларидан кейинги фарз ҳалолни излашдир. Бошқа бир ҳадисда эса «Ҳалолни излаш ҳар бир мўминга фарздир», дейилган. 
Мазкур оят Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида тиловат қилинди. Шунда Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу ўринларидан туриб, «Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳга дуо қилинг, мени дуоси ижобат бўладиганлардан қилсин», дедилар. У зот алайҳиссалом: «Эй Саъд! Луқмангни покла, дуоси ижобат бўладиганлардан бўласан. Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, банда қорнига ҳаром луқма солса, унинг қирқ кунлик амали қабул қилинмайди. Қайси банданинг жисми ҳаром ва рибодан ўсса, дўзах унга ҳақлидир», дедилар.
Бошқа бир ҳадисда «Ҳаромдан ўсган жисм жаннатга кирмайди, у дўзахга ўтин бўлишдан бошқа нарсага ярамайди», деганлар. 
Демак, ибодатимизнинг, дуоларимизнинг қабул бўлиши истеъмол қилаётган таомимизга боғлиқдир, биродарлар. Гиёҳванд модда ҳам ҳаромдир, демак, уни истеъмол қилган одамнинг қирқ ибодати қабул қилинмас экан, унинг таъсири остида ўқилган намоз ҳам қабул бўлмас экан. Нақадар катта мусибат! Аслида мўмин одам учун бир кунлик, бир лаҳзалик ибодатнинг қабул бўлмаслиги нечоғлик мусибат ҳисобланади. Энди қирқ кунлик ибодатнинг қабул бўлмаслиги қанчалик аянчли мусибат эканини бир ўйлаб кўрсак бўлади.
Луқмани поклаш шу қадар муҳимки, Аллоҳ таоло Қуръони Каримда «Пок нарсалардан енглар ва солиҳ амал қилинглар» деб, луқмани ҳалол қилишни солиҳ амалдан олдин зикр қилган (Муъминун сураси, 51-оят). 
Шундай экан, наркотик моддалар – наша, афюн ва шу каби ҳар қандай ақлни кетказадиган, инсоннинг ҳаётини заҳарлайдиган нарсалар динимизда қатъий ҳаром саналганига шак-шубҳа йўқ. Ҳар қандай наркотик модда инсоннинг аввало ҳаётига бевосита зарар етказади, наркотикларга ўрганиб қолган кимса даҳшатли қийноқ азобида ҳалок бўлади, ўзига берилган ҳаёт неъматини зое қилади. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло бир неча оятларда «Ўзингизни ҳалокатга ташламанг», «Ўзингизни ўзингиз ўлдирманг. Аллоҳ сизларга раҳмлидир» деб буюрган (Бақара сураси, 195-оят ҳамда Нисо сураси, 29-оятлар).
                                                                        Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ
                                                                    Юнусобод тумани бош имом-хатиби,
                                                                 Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,
                                                           «Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби
 
«орқага