Аллоҳдан сўрамаса, унинг ғазаби келади
17 июл 2019 й.
348 марта ўқилди.

 

Аллоҳдан сўрамаса, унинг ғазаби келади

    Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким Аллоҳдан сўрамаса, Аллоҳ унга ғазаб қилади", дедилар.
    Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда: "Аллоҳдан У Зотнинг фазлини сўранг, чунки Аллоҳ сўралишни хуш кўради", дейилган.
    Демак, Аллоҳ таолодан сўрамаган кишидан Аллоҳ таоло ғазабланар экан, шунинг учун барча ҳожатларимизни Роббул оламийнга арз қилиб, мушкулларимизни осон қилишини сўраб дуо қилиш биз учун фарзу вожиб амаллардан экан.
    Аллоҳ таолодан бирор нарсани сўрамайдиган одамнинг кимлигини тасаввур қилиш қийин эмас. Албатта, Аллоҳ таоло ундай одамдан ғазабланиши турган гап. Аллоҳ таолонинг Ўзи бундай бўлишдан сақласин.
    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Аллоҳга дуо қилсангиз, дуода азму қарорли бўлинг. Зинҳор бирортангиз: "Хоҳласанг, бергин" демасин, чунки, Аллоҳ мажбурловчи йўқ", дедилар.
    Аллоҳ таоло бандасининг сўрашидан безор бўлмайди. Банда сўраса бас. Аллоҳ барча махлуқотларнинг сўраганларини тўплаб туриб, ҳар бирига сўраганидан юз баравар, миллион баравар ортиқ қилиб бериб юборса ҳам, мулкидан заррача камаймайди.
    Шунинг учун кўп нарса сўраб юбормадимми, каби ноўрин андиша қилиб ўтирмасдан, азму қарор билан сўрайвериш керак. Дуоларим албатта қабул бўлади, деган ишонч билан сўраш лозим.
    Бу ҳадиси шарифда келган маънога ҳаётда жуда кўп марта гувоҳ бўлганмиз. Баъзилар: "Дуо қилганимда фалон нарсани ҳам сўрасам бўлар экан", қабилидаги гапларни кўп гапиришади. Бундай афсуслар такрорланмаслиги учун дуода ушбу ҳадиси шарифга доимо амал қилишимиз лозим бўлади.
    Абон ибн Усмондан ривоят қилинади: "Усмоннинг бундай деганларини эшитганман: "Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: "Ким ҳар куни эрталаб ва кечқурун уч марта "Бисмиллаҳиллазий лаа ядурру маъа исмиҳи шайун фил арди ва лаа фис-самаа ва ҳувас-самийъул ъалийм" деса, унга ҳеч нарса зарар қила олмайди", деганларини эшитдим".
    Унга фалажнинг бир тури етган эди. Ундан ҳадис эшитаётган киши ажабланиб унга қарай бошлади. У буни фаҳмлади-да, "Ҳадис сенга айтганимдек. Лекин ўша куни Аллоҳнинг қадари жорий бўлиши учун мен уни айтмабман", деди.
    Дуонинг маъноси: "Аллоҳнинг исми билан ерда ҳам, осмонда ҳам ҳеч нарса зарар етказа олмайди. У Зот ўта эшитувчи ва ўта билувчидир".
    Ушбу ҳадисда зикр қилинган дуони чин ихлос билан эрталаб айтган одамга кечгача, кечки пайт айтган одамга тонггача ҳеч нарса зарар етказа олмас экан. Бу жуда осон нарса. Фақат эртаю кеч ихлос билан айтиб юриш керак.
    Бу ҳадисни ривоят қилган ровий – Абон ибн Усмон розияллоҳу анҳу бир куни тўсатдан хасталаниб, бир томонлари ишламай, фалаж бўлиб қолибдилар. У кишини кўргани кирганлар ажабланиб: "Ана шу дуони айтган одамга ҳеч нарса қилмайди, дер эдингиз, ўзингиз бу аҳволга тушиб қолибсиз-ку?", деган маънода у кишига қарашибди. Шунда у киши: "Йўқ, ҳадис ўзгармайди, мен бугун эсимдан чиқиб қолиб, ўша калимани айтмаган эканман. Аллоҳнинг қазоси шундай экан. Шунинг учун ушбу мусибатга учраган бўлсам керак", дебдилар.

Каримов Олимжон
Пешку туман "Хўжа Пешку" 
жомеъ масжиди имом хатиби.
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:30
Куёш: 05:15
Пешин: 13:10
Аср: 18:30
Шом: 20:10
Хуфтон: 21:45
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram