Алоқа воситаларидан тўғри фойдаланиш
04 феврал 2019 й.
452 марта ўқилди.

 
Алоқа воситаларидан тўғри фойдаланиш 
 
Охирги  бир неча йиллар давомида инсоният илм ва тараққиёт майдонда  юксак ютуқларни қўлга киритди. Бу тараққиёт  натижасида, инсонларнинг ҳаёт ҳақидаги тушунчалари ўзгармоқда.  Ҳатто тасаввур қилиш қийин бўлган қулайликлар юзага келмоқда. Бу қулайликлар инсонларнинг оғирини енгил, узоғини яқин қилиши сабабидан, одамлар уларга жуда тез ўрганиб қолишди.  Ҳозирда, бу қулайликларсиз аксариятимиз ҳаётимизни тасаввур қила олмаймиз, улар ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб қолмоқда.  Ҳар бир нарсанинг фойдали томони бўлиши билан бирга зарарли томони ҳам мавжуд. Шунингдек бу қулайликлар сабабидан инсоният ҳаётида янги янги ижтимоий муаммолар ҳам пайдо бўлаётгани ҳаммага маълум. Одамлар ўртасидаги муносабатлар  кўриниши ўзгармоқда. Бу пайдо бўлаётган муаммоларнинг ечими эса қийинлашиб кетмоқда. Хусусан бунда алоқа воситалари, айниқса телефон,  интернет   мукаммалашаётгани инсоният ҳаётида чуқур из қолдиряпти.  Айнан интернет   ва телефон алоқа воситасидан тўғри фойдалана олмаслик сабабидан баъзи ижтимоий муаммолар кундан кунга хунук тус олмоқда.  Бу алоқа воситаларидан нотўғри фойдаланиш оқибатида,  динимизда кўрсатилган меъёр ва чегаралар ҳам бузилмоқда. Маълумотларга қараганда, ҳозирги кунда уяли телефон орқали порнографик (беҳаё) фильмларни тайёрлаш ва тарқатиш энг тез ривожланаётган бизнес турига айланган. Мутахассисларнинг таъкидлашича,   уяли алоқа воситалари орқали порнографик маҳсулотлар тарқатиш ҳисобига дунё миқёсида миллиардлаб доллар  даромад кўрилмоқда. Ҳозир ҳатто интернет ҳам порнография ва зўравонлик акс этган фильмлар, тасвирларни тарқатишда уяли телефондан ортда қолмоқда. Бу эса дунё мамлакатларини жиддий ташвишга солаяпти. Қатор давлатлар жамият, айниқса, ёшлар орасида одоб-ахлоқ меъёрларининг бузилишига йўл қўймаслик мақсадида кескин бу борада чораларни қўллашга мажбур бўлаяпти.   Лекин динимиз инсониятга бундай беҳаёликларнинг ечимини 1400 йил аввал тақдим қилган эди. 
Маълумки, Аллоҳ таоло инсонга жуда кўп неъматларни берди. Бу  неъматларнинг барчасини санаб, саноғини,  шукр қилиб шукрини адо эта олмаймиз. Бу неъматлар ичида энг қадрлиси, инсон ҳаётининг бир лаҳзасини ҳам у сиз тасаввур қила олмайдигани бу кўриш неъматидир.  Аллоҳ инсонга кўзни берди.  Кўз орқали ёруғ оламни кўриб, Аллоҳ яратган дунёни кезиб унда илм оламиз, овқатланамиз, манзилимизга етиб борамиз, гўзал манзараларга қараб баҳра оламиз, яхши билан ёмонни, оқ билан қорани, дўст билан душманни ажратамиз.  Биз кўзнинг инсон ҳаётидаги муҳим жиҳатларини санаш билан тугата олмаймиз.     Қиёмат кунида аъзоларимиз ўзимизга қарши гувоҳлик беришини унутмаслигимиз керак.  Аллоҳ таоло: 
حَتَّى إِذَا مَا جَاءُوهَا شَهِدَ عَلَيْهِمْ سَمْعُهُمْ وَأَبْصَارُهُمْ وَجُلُودُهُمْ بِمَا كَانُوا يَعْمَلُونَ
 “Бас, қачонки улар келишгач уларнинг қулоқлари, кўзлари ва терилари улар қилиб ўтган ишлари ҳақида ўзларига қарши гувоҳлик берур” (“Фуссилат” сураси, 20-оят). 
 Абдулқосим Асфахоний роҳимаҳулоҳ  алайҳ: “Инсонда учта қувват бор. Фикрлаш қуввати, ғазаб қуввати ва шахват қуввати. Бу уч қувватдан бостириш энг қийин бўлган қувват шаҳватдир”, деганлар. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло “Нур” сурасининг 30-оятида:
قُلْ لِلْمُؤْمِنِينَ يَغُضُّوا مِنْ أَبْصَارِهِمْ وَيَحْفَظُوا فُرُوجَهُمْ ذَلِكَ أَزْكَى لَهُمْ إِنَّ اللَّهَ خَبِيرٌ بِمَا يَصْنَعُونَ
 “(Эй Муҳаммад) Мўминларга айтинг, кўзларини (номаҳрам аёлларга) тикишдан тўссинлар ва авратларини  (харомдан) сақласинлар! Мана шу улар учун энг тоза (йўлдир) Албатта, Аллоҳ улар қилаётган хунарлардан хабардордир”. Ҳа кўзни номаҳрамларга боқишдан  сақлашнинг фойдалари улкан. У бандага иймон ҳаловати, дил нури, қалб қуввати, нафс поклиги ва салоҳиятини олиб келади.
Шу оятнинг тафсирида Қатода раҳматуллоҳи алайҳ: “Яъни, ўзларига ҳалол бўлмаганларга қарашлик. Бу оятнинг бошида Аллоҳ таоло номаҳрамлардан кўзни паст тутишни зикр қилиб, сўнгра “авратларини зинодан сақласинлар”, деди. Чунки (номаҳрамларга) қарашлик зинога олиб борадиган йўлнинг бошидир” – дейди. Кейинги оятида  аёллар учун  алоҳида қайтариқ келган :
قُلْ لِلْمُؤْمِنِينَ يَغُضُّوا مِنْ أَبْصَارِهِمْ وَيَحْفَظُوا فُرُوجَهُمْ ذَلِكَ أَزْكَى لَهُمْ إِنَّ اللَّهَ خَبِيرٌ بِمَا يَصْنَعُونَ
 “Мўминаларга ҳам айтинг, кўзларини (номаҳрам эркакларга) тикишдан тўссинлар ва авратларини  (ҳаромдан) сақласинлар”. Маълумингизки, кўп ҳолларда Аллоҳ таоло бандаларига умумий тарзда “Эй, иймон келтирганлар”, тарзида хитоб қилади. Бу ўринда аёлларга алоҳида амр этилиши бу масаланинг нақадар муҳимлигига далолатдир. “Кўзни ҳаромдан тийиш” дегани “эр киши аёлнинг қорасини, аёл эрнинг қорасини кўрмасин”, дегани эмас. Балки ҳожатдан ташқари назар ташламасин, бир номаҳрамга кўзи тушса, назарини дарҳол бошқа томонга олсин, тикилиб қолмасин, деганидир. Чунки бегона аёлга назарнинг давомий бўлиши шаҳвоний ҳирсларни уйғотади.  “Исро” сурасининг 36-оятида:
  إِنَّ السَّمْعَ وَالْبَصَرَ وَالْفُؤَادَ كُلُّ أُولَئِكَ كَانَ عَنْهُ مَسْئُولًا...
“...Чунки қулоқ , кўз, дил – буларнинг барчаси тўғрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур, жавоб берур” деб айтилган. Яъни, инсон қулоқ билан эшитган барча нарсалари ҳақида сўралганидек, кўзи билан кўрган нарсалари тўғрисида ҳам сўралади. Шунингдек, қалб билан  қилган барча эътиқоди ва қасди тўғрисида ҳам масъулдир. Шундай экан, ибодат учун яратилган бу аъзоларни ҳалол бўлмаган нарсаларга ишлатган кимсанинг ҳолига вой бўлади.  Яна “Ғофир” сурасининг 19-оятида:
يَعْلَمُ خَائِنَةَ الْأَعْيُنِ وَمَا تُخْفِي الصُّدُورُ
 “Аллоҳ кўзларнинг хиёнатини (қараш ман этилган нарсага ўғринча кўз ташлашни) ҳам диллар яширган нарсаларни ҳам билур”, дейди. Улуғлардан бирлари шундай дейдилар: “Эй биродарим, сенга қиладиган насиҳатимни тушуниб етгин! Кўзинг Аллоҳнинг сенга берган неъматидир. Унинг неъмати билан Унинг Ўзига исён қилма! У Зот билан кўзни ҳаромдан тийиш ила муомала қилсанг, фойда кўрасан. Кўзни тиймасликнинг уқубати ўша неъматни олиб қўйилиши бўлиб қолмасин, тағин. Агар уни тийсанг, кўп яхшиликка етасан ҳамда узун ва давомли ёмонликдан саломат бўласан”.
Парнографик мазмундаги видео ёки суратларни кўришга енгил қараш   керак эмас. Уларни кўриш сабабидан қанчадан қанча йигит қизлар бузилиб фаҳш кўчларига кириб қолмоқда. Яна қанчадан қанча тузалмас дардлар пайдо бўлмоқда.  Кўриш аста секинлик билан шу кўрганларни амалда бажаришга олиб боради. Шунинг учун  Бухорий ва Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисларида Набий алайҳиссалом: “  Кўзнинг зиноси (бегона аёлларга) қараш билан, қулоқнинг зиноси (фахш, бузуқ сўзларни) эшитиш билан, тилнинг зиноси (фахш, бузуқ сўзларни) гапириш, қўлнинг зиноси ушлаш, оёқнинг зиноси қадам ташлаш билан бўлади. Қалб рағбат қилади ва хоҳлайди. Фарж эса уни тасдиқлайди ёки ёлғонга чиқаради”, – дедилар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу эса: “Мен ушбу ҳадисдан кўра нохушроқ гапни эшитмаганман” – деган эканлар. 
Бугун ҳатто “виртуал севги” тушунчаси пайдо бўлди. Ижтимоий тармоқларда ўзи танимайдаган кишилар билан муомала қилиш, турли хил оқимлар таъсирига тушишга ҳам олиб келмоқда. Натижада дунё бўйлаб, турли миллатга мансуб кўплаб йигит-қизлар ёлғон ваъдаларга ишониб, алданган ҳолда,  қонли уруш, ноҳақликлар, инсон қадр қиймати оёғости қилинаётган  жойларга бориб қолишмоқдалар. Алоқа воситаларининг бундай салбий кўринишлари ҳам бутун дунё жамоатчилигини ташвишга солаётгани ҳеч кимга сир эмас.   
Ижтимоий тармоқларида бир-бирига номаҳрам бўлган йигит ва қизларнинг ўзаро суҳбатлашиши, бир-бирига шаҳват уйғотувчи гап-сўзларни айтиши, ўзининг беҳаё расмларини бир-бирига юборишидир. Бундай ишқий алоқалар оилалилар ўртасида бўлаётгани ва қанчадан қанча оилалар бузилиб кетишига олиб келаётгани дилимизни хуфтон этади. Афсуски, жамиятимизда бу каби иллатлар кўпайиб бормоқда. Бу иллат катта ёшдагиларнинг ҳам, ўрта ёшдагиларнинг ҳам, айниқса, ёшларнинг ахлоқий бузилишига олиб келмоқда. Бу муаммонинг ечими борми? Албатта, бор! Ҳадиси шарифларда бу гуноҳни тарк этганлар учун шу дунёда саодали ва хотиржам ҳаёт охиратда жаннат бўлиши ваъда қилинган.
Имом Табароний ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Учта кўз дўзах ўтини кўрмайди: Аллоҳ йулида кечқурун навбатчилик қилган кўз, Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган кўз ва Аллоҳ ҳаром қилган жойлардан  тийилган кўз”, дедилар.
Шу мазмундаги бошқа бир ҳадисни Аҳмад «Муснад»да, Ибн Ҳиббон ўз «Саҳиҳ»ида, Ҳоким «Мустадрок»да ва бошқалар Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Менга олти нарсага кафолат берсангизлар, мен сизларга жаннатнинг кафолатини бераман. Гапирсангиз, рост гапиринглар, ваъда берсангиз, вафо қилинглар, омонатни адо қилинглар, авратларни номаҳрамлардан сақланглар, кўзингизни (бегоналардан) пастлатинглар ва қўлингизга эрк берманглар”. Жаннатга етишиш учун олти амалнигина бажариш қандай енгил! Уларни ким ҳаёти давомида адо этса ва ўлимига қадар уларга риоя қилса, билсинки, унинг учун жаннат кафолатлангандир. Бир ҳадисда Набий алайҳиссалом: “Эй Алий, бир қарашга (иккинчи) қарашни  эргаштирмагин, албатта, биринчи қарашдан бошқаси сенга эмасдир”, дедилар. (Термизий ривояти). Дарҳақиқат, инсон биринчи қарашликни мақсад қилмаган ҳолда, унинг кўзи бехосдан тушиб қолиши мумкин. Жарир ибн Абдуллоҳ Набий алайҳиссаломдан бехосдан кўз тушиб қолишлик ҳақида сўраганида, у зот: “Кўзингни олиб қочгин”, дедилар. Чунки, биринчи қарашда қалб (шаҳватга) тайёр бўлмайди. Аммо иккинчисида одамнинг хаёли кетиб, унга гуноҳ ёзилади.  Аллоҳ нимани инсонларга манд қилган бўлса, шу инсоният ҳаётида ижтимоий муаммоларни пайдо қилади. Демак ундан тийилиши керак.  Бугун дунё жамоатчилиги бундай ғайриахлоқий хатти-ҳаракатлардан ташвишга тушаётгани бежиз эмас. Зеро, алоқа хизматлари соҳаси ривожлангани сари, уяли телефон воситасида содир этилаётган ҳуқуқбузарликлар сони ҳам ортиб бормоқда. Ачинарлиси, бу каби иллатлар ёшларнинг маънавий дунёсига таъсир кўрсатаётгани етмаганидек, кўпинча вояга етмаганлар иштирокида содир этилаётгани ташвишланарли. БМТ маълумотларига кўра, ҳозирда Интернет тармоғида болалар порнографиясини тарғиб қилаётган сайт¬ларнинг  сони бир неча миллиондан ортиқ экан. Ким учундир эрмак, ким учундир даромадли бизнесга айланган бу жиноят, афсуски, бизнинг мамлакатимизга ҳам кириб келмоқда.   Мобил телефонларнинг ҳаётимизга кириб келганига унчалик кўп бўлгани йўқ. Шу вақт ичида у одамларнинг кундалик эҳтиёжига айланиб улгурди. Бугунги кунда мамлакатимизда уяли алоқа  ҳар бир хонадондан ўрин эгаллаётгани қувонарли ҳол, албатта. Бироқ замон, шароит уяли алоқа хизматидан фойдаланувчи ҳар бир кишининг мобил телефонидан тўғри фойдаланиш одоб-ахлоқи, қонун-қоидасини билиши ва унга амал қилиши зарурлигини тақозо этмоқда.  
 Замонавий тиббиёт ҳам парнографик (беҳаё) мазмундаги фильм ва суратлар инсон соғлиғига жиддий таъсир этишини таъкидлайди.  Номаҳрамлар бир-бирларининг суратларига қараши ҳис-туйғуни бошқарувчи миядаги кўплаб ҳужайраларнинг ҳалок бўлишига олиб келади.  Олимлар,  йигит қизга шаҳват назари билан қараса, миясида муайян гармонлар ишлаб чиқаришини, у гармонлар жинсий алоқага масъул ҳисобланишини исботлашган. Юрак ҳам бу пайтда тез уриб, кўп қонни ўтказади. Бу жараён қисқа муддатда содир бўлади. Шунинг учун бегона аёл-қизларга қарашдан бутунлай тийилиш керак. Бу тийилиш, юқорида айтилганидек, мия гармонларни бевақт ишлаб чиқаришининг олдини олади. Юракни ҳам бир маромда ишлашига сабаб бўлади. Кўзни тийиш кишини бир умрлик надомат, турли жинсий, руҳий ва бошқа касалликлардан асрайди.  Ҳаромга назар солишдан тийилиш иймоннинг зиёда бўлишига ва қалбда ҳаловат туйилишига сабаб бўлади.
Ҳаромга назар солишнинг салбий оқибатлари
Албатта, ҳаром нарсаларга назар солиш (ўзидан) ҳасрату надоматни мерос қолдиради. Қалб бузилади. Ўқ ўлжага қандай таъсир қилса, назар ҳам қалбга шундай таъсир қилади. Агар ўқ ўлжани ўлдирмаса ҳам, у олов каби хўлу қуруқни баробар ёндиради. Худди, шунингдек, назар қалбнинг ҳаммасини ёндирмаса ҳам, баъзи ерини ёндиради. Илм унутилади.   Бало келади. Салафи солиҳлардан бўлмиш Амр ибн Мурра айтади: “Бир аёлга назар солдим. У мени (жуда) қизиқтириб қўйди. Шунда кўзим (бирдан) кўрмай қолди. Мен ўша ишимнинг жазоси шу бўлишини умид қиламан”.   Инсон  Аллоҳдан ва охиратдан ғафлатда бўлиб қолади. Агар қалб ҳаром нарсалар билан машғул бўлса, шу иш бандада Аллоҳнинг зикрига дангасалик қилишни, тоатларга бепарволик қилишни келтириб чиқаради. Бу иш,  покиза Ислом шариатга бепарволик саналади. Ким одамларнинг уйига қасддан жосуслик қилиб назар солса, шариатни оёғости қилган бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Агар биров сенинг рухсатингсиз уйингга назар солса, сен унга тош отиб, кўзини кўр қилсанг, сенга гуноҳ бўлмайди”. (Бухорий ва Муслим ривояти).
Кўзни нопокликдан  тийя олмасликнинг бир қанча  сабаблари мажуд: 1.Ҳавойи нафсига ва шайтонга эргашиш.  2.Назарнинг оқибатларини билмаслик. Ваҳоланки у зинога олиб боради. Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Йўл бўйида ўтиришдан сақланинглар», деганларида, саҳобалар: «Эй Аллоҳнинг расули, бунинг чораси йўқдир. Чунки биз ўтириб суҳбатлашамиз», дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар бунга кўнмасангизлар, ўтиринглар-у, фақат йўлнинг ҳаққини адо этинглар», дедилар. Саҳобалар: «Эй Аллоҳнинг расули! Йўлнинг ҳаққи нима?» дейишганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кўзни номаҳрамларга қаратишдан тийиш, ўтувчиларга азият бермаслик, саломга алик олиш, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариш», дедилар. (Бухорий ва Муслим ривояти). Китобларда шундай ҳикматли сўзлар келади: “Ким кўзини номаҳрамлардан сақласа, Аллоҳ унинг қалб кўзига нур бахш этади”.  3.Аллоҳнинг афвига, мағфиратига суяниб қолиш, Аллоҳнинг азоби қаттиқлигини унутиш.  4.Никоҳдан ўзини олиб қочиш. Набий алайҳиссалом шундай деганлар: “Эй, ёшлар жамоаси! Сизлардан ким уйланишга қодир бўлса, уйлансин! Чунки, уйланиш кўзни тиювчи, фаржни сақловчидир”. (Бухорий ва Муслим ривояти).   
Кўзни беҳаё нарсаларга қарашликдан тийиш фойдалари
Улар қуйидагилар: 1.Қалбнинг ҳасрат аламидан қутулиши. Чунки, ким кўзини тиймаса, ҳасрати давомли бўлади. 2.Кўзни тийиш қалбга нур ва зиё келтиради. Ўша нур кўзда, юзда ва бутун аъзоларда зоҳир бўлади. Чунки, кўзни тиймаслик юзга ва аъзоларга зулматни олиб келади. 3.Соғлом фаросат келтиради. Бу фаросат қалбдаги нурдандир. Шужоъ Кирмоний шундай деганлар: “Ким зоҳирини суннатга эргашиш билан, ботинини доимий муроқаба билан обод қилса, кўзни ҳаромдан тийса, нафсини шаҳватлардан тийса, ҳалолдан еса, фаросати хато қилмайди”. 4.Бандага илм йўллари ва эшиклари очилади. Илм олиш сабаблари ҳам у бандага осон бўлади. Бу ҳам қалбдаги нур сабаблидир. Агар қалб нурланса, унда маълумотларнинг ҳақиқати зоҳир бўла бошлайди. Ким кўзини тиймаса, қалби кирланади ва у зулмат билан қопланади. 5.Қалб қувватини, саботини ва шижоатини олиб келади. Баъзи шайхлар шундай дейишган: “Одамлар азизликни подшоҳлар эшигидан изладилар ва уни фақат Аллоҳнинг тоатида топдилар”. 6.Кўзни тийиш қалбга назар билан ҳосил бўладиган лаззат ва хурсандчиликдан кўра улканроқ лаззат, хурсандчилик ва хотиржамлик олиб келади. Иффат лаззати гуноҳ лаззатидан улканроқ ва ширинроқдир.7.Кўзни тийиш қалбни шаҳватга асирликдан қутқаради. Чунки, шаҳватига асир бўлган банда эса ҳеч бир гуноҳдан қайтмайдиган бўлади. 8.Кўзни тийиш банданинг юзига жаҳаннам эшикларидан бирини ёпади. Чунки, назар охири дўзах билан якунланувчи фаҳшга олиб борадиган шаҳватнинг эшигидир. Агар кўз тийилса, фаҳшга тушилмайди, фаҳшга тушилмагач, дўзах эшиги ҳам ёпилади. 9.Кўзни тийиш ақлни қувватли, зиёда ва саботли қилади. Кўзни тиймаслик эса ақлнинг камайишига, оқибатни ўйлаб иш қилиш қобилиятининг йўқолишига олиб келади. 10.Кўзни тийиш қалбни шаҳват зикридан, ғафлат мудроғидан халос этади. Кўзни тиймаслик эса Аллоҳдан ва охират кунидан ғофилликни кучайтиради, мустаҳкамлайди. Кўзни тийиш Аллоҳнинг муҳаббатини пайдо қилади. Ҳасан ибн Мужоҳид раҳимаҳуллоҳ шундай деганлар: “Кўзингни Аллоҳнинг ҳаром қилган нарсаларидан тийгин. Бу иш Аллоҳнинг муҳаббатини пайдо қилади”. Кўзни тийиш ҳикматни олиб келади. Абул Ҳусайн Варроқ шундай дейдилар: “Ким кўзини ҳаромдан тийса, бу иши сабабли Аллоҳ унинг тилига эшитувчиларини ҳидоятга бошлайдиган ҳикматни беради”. Кўзни тийиш қалбни фойдали нарсалар ҳақида тафаккур қилишга, қиёмат куни асқотадиган ишлар билан машғул бўлишга бўшатиб беради. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳугача  кўтарилган саҳиҳ ҳадисда айтилади: “Ҳар куни тонгда икки фаришта айтар экан: Вайл бўлсин аёллар сабабидан эркакларга ва Вайл бўлсин эркаклар сабабидан аёлларга бўладиган (бузуқ ишларда)“. (Ҳоким ривояти). Анас розияллоҳу анҳу бир кишига: “Агар бир аёл ёнингдан ўтса, то ўтиб кетгунича кўзингни юмиб тургин” – дедилар. Вакий роҳматуллоҳи алайҳ айтадилар. “Суфён Саврий билан хайит намозини ўқишга уйдан чиқдик. У менга: “Бугунги қиладиган биринчи ишимиз, кўзимизни ерга қаратиб юрамиз”, – деди. Айтинг-чи, эй азиз дўстим, биз кўчага чиқа туриб шундай ният қиламизми? Аблуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий алайҳиссалом: “Аллоҳдан хақиқий ҳаё билан ҳаё қилинглар”.  Бизлар Аллоҳ таолодан уяламиз–ку, дейишди. “ Бу ҳаё эмас, лекин ким Аллоҳдан чиндан ҳам ҳаё қилса, бошни ва уни ўраб олган нарсаларни сақласин, қоринни ва уни ўраб олган нарсаларни сақласин…… деб”, марҳамат қилдилар. Умар розияллоҳу анҳу: “Бировларнинг аёлларига қараманглар, шунда сизнинг аёлингизга ҳам қарашмайди”, – дедилар.
Юртимизда бўлаётган барча эзгу ишлардан кўзланган асосий мақсад диёримизда яшаётган ҳалқлар салоҳиятини ошириш,  фаровонлигини таъминлашга қаратилган.  Асосий мақсад, озод ва обод Ватан пойдеворини мустаҳкамлаш, баркамол авлодни вояга етказишдир. Ёшларимиз илм олиб, ҳалқимизнинг фаровон ҳаёти учун зарур барча керакли ҳунарларни ўрганиб, замонавий илмларни эгаллашлари керак.  Ёшлар ҳеч кимдан кам бўлмай, соғлом ва маънавий етук авлод бўлиб вояга етиши йўлида кенг кўламли ишлар қилинаяпти, зарур шароитлар яратилаяпти.  Шундай экан, давлатимиз томонидан фарзандларимиз истиқболи учун муттасил қайғурилаётган бир пайтда ёшларимиз тарбиясини издан чиқарувчи, маънавиятини кемирувчи ҳар қандай ёт таъсирлардан сақлаш, дунёда кечаётган ахборот таҳдидига қарши ёшларимизда соғ¬лом иммунитетни шакллантириш, огоҳликни бир дақиқа бўлсин қўлдан бой бермаслик — бугун сув ва ҳаводек муҳим заруратга айланиши лозим.
 
Бухоро шаҳар “Абу Бакр Сиддиқ” 
жоме масжиди имом хатиби О.Тўқсанов.
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:40
Куёш: 07:30
Пешин: 13:10
Аср: 15:55
Шом: 17:30
Хуфтон: 18:55
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram