АҚИДА ҲАҚИДА ҚИСҚАЧА ТУШУНЧА
29 декабр 2015 й.
3570 марта ўқилди.

АҚИДА ҲАҚИДА ҚИСҚАЧА ТУШУНЧА
 
Аллоҳ таъоло дунёдаги барча махлуқоту-мавжудотларни жуфт-жуфт яратган. Масалан: еру-осмон, кечаю-кундуз, шаҳару-чўл, қуруқлигу-сувлик шунингдек ҳидоят билан залолатни ҳам Одамзод  яралгандан буён ҳақ йўлга, ҳидоятга юрганлар дунёдаги барча кишилар ҳидоят йўлига кирсинлар деб китоблар ёзиб, маърузалар қилиб турли йўллар билан тер тўксалар, залолатга юрганлар эса ўзларини адашиб юрганликларини билмай “биз ҳам тўғри йўлдамиз” деб жидду жаҳд қилишади. Натижада икки орада ноҳақ қонлар тўкилади. Ҳозирги пайтдаги илмсиз, ақийдаси бузуқ кимсалар ҳам шулар жумласидандир. Бундай ақийдаси бузуқ оқимларга нисбатан ўтмишдаги алломаларимиз ҳам ҳозирги замон уламоларимиз ҳам етарлича раддия берган ва бериб келмоқда. Ақийда ўзи нима? Уни қандай тушиниш керак? Шу ўринда мен яқинда марҳум бўлган замонамиз олимларидан ҳазрат Шайх Али Тантовийнинг (Аллоҳ у кишидан рози бўлсин) “Ислом динига умумий таъриф” номли китобларидан бебаҳо сатрларни келтирмоқчиман. У зот шундай ёзадилар: “Ҳис ва мушоҳада, яъни кўриш, эшитиш ва ушлаш каби ҳиссиётлар орқали ҳосил бўладиган илм далилга эҳтиёж сезмайди. Масалан, кўриниб турган тоғнинг мавжудлигини исботлаш учун ҳеч қандай далил шарт эмас. Чунки тоғ кўз олдимизда аниқ кўриниб турибди. Бу ҳолатда тоғнинг мавжудлиги зарурий ҳисобланади. Ҳар қандай ақли расо одам тоғнинг мавжудлигини инкор қилмайди. Бу илм “зарурий илм” дейилади.
 
Тўғри бурчакли тўртбурчакнинг юзаси томонларининг кўпайтмасига тенглигини билиш эса ақлий далил талаб қилади. Олим ёки талаба бунинг ҳақиқатлигини ва унга олиб борадиган далилни билади, тушунади, лекин илмсиз одам, модомики далилни ўрганмас экан бу масалага тушунмайди. Тўғри бурчакли тўрт бурчакни кўриш, уни қўли билан чизиш орқали назарий илм ҳосил бўлмайди. Балки буни аниқлаш учун ақлий далил керак. Мазкур илм “назарий илм” дейилади. Яъни бу илм ақлий далилсиз ҳосил бўлмайди.
 
Назарий илм аслида далилга муҳтож бўлади, у ҳис ва мушоҳада орқали ҳосил бўлмайди, лекин шундай назарий илмлар ҳам борки, уларни далилсиз ҳам идрок қилиш мумкин, катта-кичик, олиму жоҳилга ҳам маълуму машҳур, ҳатто зарурий илм даражасига ҳам яқинлашиб қолади. Масалан, жузъ куллдан (бўлак жисм тўлиқ жисмдан) кичик, деган илм, яъни синиқ нон бутун нондан кичик аксиомаси. Бу аслида назарий илм бўлиб, синиқ нонни бутун нондан кичиклигини исботлаш учун бирор далил келтирмоқ зарур. Лекин ҳеч ким бутун нонни каттaлигини инкор қилмайди, бундан шубҳаланмайди ҳамда далил ҳам талаб қилмайди. Масалан, ёш боланинг қўлидан бутун шоколадни олиб, ўрнига синдирилганини берилса, олмайди. Агар унга синиқ бўлаги бутунидан катта эканини тушунтирмоқчи бўлсангиз, бола бунга ишонмайди. Чунки жузъни куллдан кичиклиги далил талаб қилмайдиган ва ҳаммага маълум ҳақиқат-аксиомадир. Яна бир мисол, агар бир киши сизга: “қўлингдаги қаламнинг қошиқ эмаслигини исботла”, деса сиз унга: “Бунинг қаламлиги шундоқ ҳам аниқ, буни исботлашни ҳожати йўқ”, деб жавоб берасиз.
 
Демак, аксиомалар барча бирдек қабул қиладиган ҳақиқатлар бўлиб, ҳеч ким уни исботлаш учун далил талаб қилмайди. Агар шу аксиома ақлга етиб бориб, унга ўрнашса, туйғу ва шуурга таъсир кўрсатса ҳамда инсонни фикрлашга ва амал қилишга ундаса, бу аксиома “ақида” деб аталади. Бунга ишониш эса “имон” дейилади. Лекин шу нарса маълумки, инсон гоҳида ҳаққа эътиқод қилса, гоҳида ноҳақ нарсаларга ишонади. Ҳозирда бунга кўп гувоҳ бўляпмиз. Адашган фирқалар ва бузуқ ақидаларга эргашиб, шу йўлда жони-ю молини қурбон қилаётганлар учраб турибди. Хўш, уларни ҳам мўъмин дея оламизми?
Мутлақо йўқ, лекин ёмонликка ва ноҳақликка имон келтирганликлари нуқтаи назаридан уларга имон сўзини қўллаш мумкин. Бу ҳақда Аллоҳ таолонинг ўзи шундай дейди: “Китобдан насибадор бўлган кимсаларнинг бут ва санамларга имон келтираётганларини ҳамда кофир кимсалар ҳақида: “Ўшалар имон эгалари бўлган мусулмонлардан кўра тўғрироқ йўлдалар”, деяётганларини кўрмадингизми?” (Нисо сураси, 51-оят)  
Бундай кимсаларга имон сўзини чеклов асосида қўллаш мумкин, яъни қуйидаги оятда келганидек: “Уларнинг кўплари Аллоҳга фақат мушрик бўлган ҳоллардагина имон келтирадилар” (Юсуф сураси, 106-оят). Мушриклар ҳам имон келтиришади, лекин уларнинг имони биз мусулмонларникидан кескин фарқ қилади. Биз мусулмонлар Қуръон ва ҳадисларда келган кўрсатмалар асосида имон келтирамиз. Қуръон ва суннатда зикр этилган имоннинг маъноси эса:
 
1. Аллоҳни ягона Робб, илоҳ деб эътиқод қилиш.
 
2. Аллоҳни ҳамма нарсани эгаси, хохлаган нарсасини амалга ошира оладиган ва ҳамма нарсани тасарруф эта оладиган деб эътироф этиш.
 
3. Аллоҳни ибодатга лойиқ ягона илоҳ, ибодатнинг ҳар қандай кўринишида ҳам унга ҳеч кимни ёки ҳеч нарсани шерик қилиб бўлмайди, деб тан олиш.
 
4. Аллоҳ ўз Расулига ваҳий орқали юборган фаришталар, пайғамбарлар, китоблар, охират куни ва қадар каби ақидаларга ишониш.
 
Бундай эътиқод соҳиби “мўъмин” (имонли) ҳисобланади. Агар юқоридаги ақидалардан бирортасига ишонмаса ёки рад қилса ёки тасдиқлашдан тараддудланса ёки шубҳаланса, ундай кимса ўзидаги имон сифатини йўқотади, агар бу йўлдан қайтмаса, мўъминлар сафидан чиқади”.
 
 
                   Бухоро вилоят Шофиркон туман 
                       “Қори Фазлиддин” жомеъ масжиди 
               имом хатиби Мустақим Исоев.
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:50
Куёш: 06:30
Пешин: 13:10
Аср: 17:00
Шом: 18:50
Хуфтон: 20:20
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram