АСАБНИ АСРАНГ!
20 август 2017 й.
1301 марта ўқилди.

 

АСАБНИ АСРАНГ!

Бугун  дунёда аксарият ҳалқлар асабий таранглик дардидан азият чекмоқда.  Инсоният ҳозир,  кундан - кунга шиддат билан ривожланаётган   замонда яшамоқда. Ёшу-қари, эркагу-аёлда  асабий таранглик аломатларини тез - тез кузатишимиз мумкин. Баъзан ёш ўспиринларда ёшига нисбатан ҳаддан зиёд жаҳлдорликни кўриб ҳайратланамиз.  Лекин бу ҳолатлар яхшилик аломати эмас. Инсон бунга қарши чора кўриши керак. Агар инсоннинг асаблари таранг   бўлса,  у синовларга чидамсиз, оғир вазифаларни уддалай олмайдиган, ҳаётга ишончи сўнган  бўлиб қолади. Чунки асаб кучи инсон ҳаётининг манбаи саналади.  Асаби кучли кишилар эса шижоатли, меҳнатсеварликка бой ва ўзини доимо бахтли ҳис этади. Асаблари кучли инсонларни ҳеч қачон енгиб бўлмайди. Ундай тоифадаги кишилар омадсизликни эсидан чиқарган ва доимо мақсадга қараб интилаверади. Шунинг учун улар доимо мақсадларига эришадилар.  Ислом таълимоти мусулмонларни юмшоқликка, жаҳл келганда ўзини босишлик, бағрикенглик ва кечиримлиликка  ўргатиши ҳаммамизга маълум.  Бу  гўзал хулқлар,  инсон асабларига катта фойда , яъни инсон саломатлиги учун ўта муҳим бўлиши билан бирга, Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари  ҳисобланади.  

عن ابي هريرة رضى الله عنه قال: قال رسول الله صلي الله عليه وسلم: المؤمن القوي خير، وأحبّ الي الله من المؤمن الضعيف...    ( رواه مسلم )

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кучли мўмин кучсиз мўминдан кўра Аллоҳнинг ҳузурида яхши ва суюклироқдир..”, дедилар. Ушбу муборак ҳадис мўъминларни қўрқоқлик каби уларга ярашмайдиган иллатдан қутулиш зарурлигини эслатади. Шубҳасиз, ҳар бир мўмин киши Аллоҳнинг суюкли бандаси бўлишни орзу қилади. Бу учун эса доимо ўзига ишонган, куч-ғайратга тўлган бўлиши керак. Асабларини жиловлай оладиган кишилар, юқоридаги хислатларга эга бўлишади. Аллоҳга ишонган киши тақдирнинг яхши ёки ёмонлиги фақат Унинг қўлида эканлигига эътиқод қилиб, яхшиликка ишонч билан яшайди. Инсондаги ишонч унинг қаддини тикласа, ишончсизлик ва қўрқувлик барча нарсаларни барбод қилади. Бу кўҳна дунё тарихи бизга сабоқ бўлиб келмокдаки, инсоният қўлга киритган барча ютуқлар қатъият ва ишончдан бошланган. Шунинг учун инсон ўзидаги қўрқувнинг сабабларини аниқлаб ундан қутулишга уриниши муҳим саналади. Мўмин бандадаги қўрқув сабаби фақат Аллоҳнинг ғазаби бўлсагина мукаммал имонга эришади. Инсоннинг ҳаддан ташқари қўрқоқлиги асабларининг носоғлом эканлигининг кўринишидан саналади. Бу ҳам бир касаллик бўлиб, уни енгиш учун кишида жисмоний, ақлий ва руҳий куч меъёрида бўлиши керак. Мусулмонлар бу қувватларининг манбаини   Аллоҳнинг зикрида, Унинг каломининг тиловати ва унга суянишда деб эътиқод қиладилар. Бу ҳақда Аллоҳ таоло хабар бериб айтадики:

الَّذِينَ آَمَنُوا وَتَطْمَئِنُّ قُلُوبُهُمْ بِذِكْرِ اللَّهِ أَلَا بِذِكْرِ اللَّهِ تَطْمَئِنُّ الْقُلُوبُ

“Улар имон келтирган ва қалблари Аллоҳнинг зикри билан ором оладиган зотлардир. Огоҳ бўлингизки, Аллоҳни зикр этиш билан қалблар ором олур (ва таскин топур).”

Бахтсизлик ва мувафаққиятсизликлар билан  курашиб келаётганлар, доимо асаби таранг, жаҳлдор, тортишувчи эканлигининг гувоҳи бўламиз.  Лекин жаҳл билан инсон бирор бир муваффаққиятга эриша олмайди.  Бу ҳолатда инсон Аллоҳнинг биз юқорида  келтирган оятини тез-тез эсига келтириши ўзи учун муҳим саналади. Инсон ҳаёти давомида турли ҳолатларга дуч келади. Баъзан шод-хурсанд, баъзан эса ғам-ғуссага йўлиқди. Лекин асаби заиф кишида ғамларни енгиш жуда қийин кечади. Бу ҳолатда мўмин-мусулмон киши  оғирликларни,   иймонига содиқ бўлса осон ютади. Чунки, Ислом дини таълимоти мусибатга сабр қилганлар учун дунё ва охиратда буюк ажрлар борлигини  ўргатади. Ҳеч кимга сир эмаски,   инсонга ғам-қайғу етганда унга бу ғамлар ёпишиб қолмайди. Балки, барчаси бир кун уни тарк этиши ҳам бор. Шунинг учун мўмин киши ҳеч қачон мағлубиятни қабул қилмаслиги, мағлубиятдан қутулиш чораларини излашдан тўхтаб қолмаслиги керак.

Охирги вақтларда асаб касалликларидан вафот  этиш ҳолатлари кўп учрамоқда. Асабий зўриқиш натижасида қон босими ошиб тўсатдан вафот этаётганлар ҳақида тез-тез эшитамиз. Бу ҳолатларга эътибор қилсангиз, ҳаммаси суннати набавийдан узоқлигимиз туфайли содир бўлаётганига амин бўламиз. Аксарият касалликлар асосан асабдан келиб чиқар экан.  Шунинг учун Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи васалламнинг уни асрашга боғлиқ бўлган яна бир таълимотларини эслайлик. Бу ҳам бўлса кўпчилигимизда учрайдиган ғазаб ҳисобланади. Бу одамларнинг орасини бузадиган, ақлни кетказадиган, кўзни кўр, қулоқни кар қиладиган ва эгасига одамларнинг нафратини келтирадиган манфур иллат. Набий солаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларидан бири ривоят қилади: “Бир киши Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи васалламга: “Эй, Аллоҳнинг Расули, менга насиҳат қилинг деди”, деди. У зот эса: لاتغضب    “ Ғазаб қилма”,- дедилар.   У киши  бир вақтдан сўнг: “Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламнинг бу гапларини ўйлаб кўрсам, барча ёмонликлар ғазабда жамланган экан”, дейди. Албатта, барча ёмонликлар ғазабланишдан ҳосил бўлади. Бу ёмонликларнинг энг хавфлиси бандага Раҳмонннинг ғазабини келтиради. Унинг душмани шайтонни хурсанд қилади.

Шунинг сабабидан Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам атрофларидагилар билан доимо табассумда, хуш муомалалик ила муомала қиланлар. Ҳаттоки, баъзилар муштлашишгача олиб борадиган ҳолатни келтириб чиқарган бўлса  ҳам, ўзларини чиройли босиб олганликлари билан саҳобаларга  ибрат бўлганлар. Бир аъробий  у кишини ёқаларидан тортганида бўйинларида кўйлакнинг изи қолган. Демак,   Пайғабар алайҳис – салом оғриқни ҳис этганлар. Шунда кутилмаган ҳолат юзага келди. Яъни авф этиш, бу фақат оламларга раҳмат қилиб юборилган Муҳаммад солаллоҳу алайҳи васалламга хос хислат эди. Чунки, у киши устозларнинг устози, умматларига энг юксак намуна эдилар. У кишига эргашган, шафоатларидан умид қилган мўминларда ҳам бу сифатлар мужассам бўлиши керак.

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, инсон ўз асабларини меъёрда сақлаб, барча ҳолатларда мўътадилликни лозим тутиши унинг узоқ, саодатли  ва соғлом ҳаёт тарзини олиб бориши учун ўта муҳим. Тананинг ҳам ҳақлари бор бўлиб, уни ибодат билан чиниқтириш баробарида, унга баъзан яхши ҳордиқ ҳам керак. Ислом дини ҳар бир нарса ўз меъёрида бўлишини ўргатади.  

 Ориф Тўқсонов

 

 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:30
Куёш: 07:25
Пешин: 13:10
Аср: 16:55
Шом: 18:35
Хуфтон: 20:10
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram