Файзли ашуро куни
20 октябр 2015 й.
2324 марта ўқилди.

 Файзли ашуро куни

Юртимиздаги барча диндош биродарларимизни, опа-сингилларимизни кириб келган 1437 ҳижрий қамарий янги йил, янги ой, янги ибодатлар билан табриклайман. Аллоҳ таоло янги йилда барчаларимизга саодатли ва баракали умр берсин ва йил давомида савобли амалларни қилишимизга насиб айласин! Ашуро куни ҳақида тўхталарканмиз бу Муҳаррам ойининг ўнинчи кунидир. Муҳаррам ҳижрий йилнинг биринчи ойи бўлиб бу ҳақда қисқача тўхталиб ўтамиз. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бир куни Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан мактуб олди. Унда, сендан мактублар келади. Тарихи номаълум бўлади. Тарихни белгиласанг яхши бўлар эди, деган маъно бор эди. Бир марта Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг ўзлари мактуб олди. Унда Шаъбон ойида деган маъно бор эди. Қайси Шаъбон? Ўтганими, ҳозиргисими ёки келгусисими била олмай қийландилар. 
Ямандан, Яъло ибн Умайядан Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга мактуб келди. Унинг мактубида тарих белгиланган эди. Бу иш ҳазрати Умар розияллоҳу анҳуга маъқул келди. У киши шуро мажлисини чақириб, ўртага мусулмонларга хос тарих-йил ҳисоби қабул қилиш масаласини қўйдилар. Ислом давлати ўзлигини намоён қилиш, бировга тақлид қилмай ўзига хос йил ҳисобига эга бўлиши керак эди. Биринчи масала тарихни қачондан бошлаш керак, деган саволга жавоб топишдан иборат эди.  
 
Бир киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафот этган йилларини биринчи йил деб ҳисоблашни таклиф қилди. 
Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбар бўлган йилларини биринчи йил деб ҳисоблашни таклиф қилди. 
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳижрат қилган йилларини биринчи йил деб ҳисоблашни таклиф қилди. Ҳижрат ҳақ билан ботилнинг ораси ажрашига сабаб бўлган, деди. 
Бошқа бирлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилган йилларини биринчи йил деб ҳисоблашни таклиф қилди. 
Кўпчилик Али розияллоҳу анҳунинг таклифини ёқлаб овоз берди. Иккинчи масала йил ҳисобини қайси ойдан бошлаш масаласи эди. 
Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу, Ражаб ойини биринчи ой қилиб олайлик, у ҳаром ойларнинг биринчиси, деди. 
 
Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу Рамазон ойини биринчи ой қилиб олайлик, у умматнинг шарафли ойи, деди. Али розияллоҳу анҳу, Муҳаррамни биринчи ой қилиб олайлик, унинг ўзи йилнинг биринчи ойи, деди. Шу гап ҳаммага маъқул бўлди. Ана шундоқ қилиб Ислом уммати ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг ташаббуслари ва ғайратлари ила 16 - ҳижрий санадан бошлаб ўзининг йил ҳисобига эга бўлди. 
Муҳаррам ойи ҳам уруш ҳаром қилинган тўрт ойлардан биридир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: 
 
 إِنَّ عِدَّةَ الشُّهُورِ عِنْدَ اللَّهِ اثْنَا عَشَرَ شَهْرًا فِي كِتَابِ اللَّهِ يَوْمَ خَلَقَ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضَ مِنْهَا أَرْبَعَةٌ حُرُمٌ ذَلِكَ الدِّينُ الْقَيِّمُ فَلَا تَظْلِمُوا فِيهِنَّ أَنْفُسَكُمْ (سورة التّوبة/36 
 
яъни: “Албатта, Аллоҳнинг наздида ойларнинг адади – Аллоҳнинг осмонлар ва Ерни яратган кунидаги битигига мувофиқ – ўн икки ойдир. Улардан тўрттаси (уруш) тақиқланган ойлардир. Ана шу тўғри диндир. Бас, ўша (ой)ларда (жанг қилиб) ўзингизга зулм қилмангиз!  Ояти каримада уруш ҳаром қилинган тўрт ой – Зулқаъда, Зилҳижжа, Муҳаррам ва Ражаб ойларидир. 
 
Муҳаррам Аллоҳнинг ойи, деб ҳам номланади. Муҳаррам ойининг ашуро, яъни ўнинчи кунида барча самовий динлар тарихида муҳим воқеалар бўлиб ўтганлиги сабабли, бу ойнинг ўнинчи кунига нисбатан “Ашуро” ойи дейиш урфга айланган. 
 
Ривоят қилишича бу муборак ойнинг Ашуросида Аллоҳ таоло Одам алайҳиссалом жаннат дарахти мевасидан танаввул қилиб гуноҳкор бўлгани тавбасини қабул қилган кундир. Имом Аҳмад раҳматиллоҳу алайҳи ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилишларича, шу куни, Нуҳ (а.с.)нинг кемалари “Жудий” тоғи устида тўхтаган, шу сабабли Нуҳ (а.с.) шукрона тариқасида шу куни рўза тутганлар. 
 
Бундан ташқари, Аллоҳ таоло Мусо (а.с.)ни Ашуро куни Фиръавннинг исканжасидан қутқаргандир. 
 
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбар бўлганларидан то ҳижрий иккинчи йилгача Ашуро куни рўзасини тутганлар ва бошқаларга ҳам ушбу кун рўзасини тутишни буюрганлар. Ҳижрий иккинчи йилда Рамазон ойи рўзаси фарз бўлганидан кейин у зот Ашуро куни рўзаси ихтиёрий экани, хоҳлаганлар тутиши ва хоҳламаганлар тутмаслиги мумкинлигини маълум қилдилар. Лекин эътибор бериб қарасак, бошқа бирон нафл рўзага Ашуро куни рўзасичалик тарғиб қилмаганлар. Шундан маълум бўладики, бу куни рўзасини тутиш суннати муаккада саналади. 
 
وَعَنْ أَبِي قَتَادَةَ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: صِيَامُ يَوْمِ عَاشُورَاءَ أَحْتَسِبُ عَلَى اللهِ أَنْ يُكَفِّرَ السَّنَةَ الَّتِي قَبْلَهُ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ وَابْنُ مَاجَهْ وَأَحْمَدُ. 
 
Абу Қатодадан ривоят қилинишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ашуро куни рўзаси ўтган йилги гуноҳларга каффорат бўлишидан умид қиламан!” деганлар (Муслим, Абу
Довуд, Термизий, Ибн Можа ва Аҳмад ривояти). 
 
Бу ҳадисдан Ашуро куни тутиладиган рўзанинг қанчалик фазилатли экани маълум бўлади. Бошқа ой ёки кунларда тутиладиган рўза туфайли банданинг гуноҳлари кечирилиши айтилса-да, бироқ қанча гуноҳи мағфират қилиниши аниқ баён қилинмаган. Ушбу ривоятда эса Ашуро куни рўза тутган банданинг аввалги йилда қилган гуноҳлари кечирилиши маълум қилинмоқда. 
 
" صُومُوا قَبْلَهُ يَوْمًا وَبَعْدَهُ يَوْمًا " (رواه احمد 
 
яъни: “Ашуро кунидан бир кун олдин ва бир кун кейин ҳам рўза тутинглар” – деганлар. 
Мазкур ҳадисларга биноан уламоларимиз: “Муҳаррам ойининг тўққизинчи, ўнинчи ва ўн биринчи кунлари рўза тутиш мустаҳабдир” – дейдилар. 
 
 
وَعَنْ عَبْدِ اللهِ بْنَ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: حِينَ صَامَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَوْمَ عَاشُورَاءَ وَأَمَرَ بِصِيَامِهِ قَالُوا: يَا رَسُولَ اللهِ إِنَّهُ يَوْمٌ تُعَظِّمُهُ الْيَهُودُ وَالنَّصَارَى فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: فَإِذَا كَانَ الْعَامُ الْمُقْبِلُ إِنْ شَاءَ اللهُ صُمْنَا الْيَوْمَ التَّاسِعَ قَالَ: فَلَمْ يَأْتِ الْعَامُ الْمُقْبِلُ حَتَّى تُوُفِّيَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ وَالطَّبَرِيُّ. 
 
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ашуро куни рўзасини тутганларида ўша куни рўза тутишга (бошқаларни ҳам) буюрдилар. Шунда: “Эй Расулуллоҳ, бу кунни яҳудий ва насронийлар улуғлашади”, дейилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Келаси йил, иншааллоҳ, тўққизинчи куни ҳам рўза тутамиз”, дедилар. Келаси йил келмасдан аввал Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этдилар” (Муслим, Абу Довуд ва Табароний ривояти). 
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ашуро куни, яъни Муҳаррам ойининг ўнинчи куни рўза тутиб юрардилар. Баъзи саҳобалар яҳудий ва насронийлар бу кунни улуғлашиб, байрам қилишларини айтишганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам келаси йили, тўққизинчи куни ҳам рўза тутишни ният қилдилар. Аммо келаси йил келмасидан аввал у зот Аллоҳ даргоҳига риҳлат қилдилар. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ниятлари, қилишни режалаштирган ишлари шаръий қонун бўлиб, бунга ҳар бир мўмин-мусулмон амал қилиши керак. Демак, Муҳаррам ойининг ёлғиз ўнинчи куни эмас, балки тўққизинчи ёки ўн биринчи кунлари ҳам рўза тутиш мақсадга мувофиқ. Одатда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яҳудий ва насронийларга тескари иш қилиб келганлар. Бу ерда ҳам шу одатни кўриш мумкин. Айнан уларга ўхшаб қолмаслик учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ашуродан бир кун олдин рўза тутишни ният қилганлар.
 
عَنْ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: مَا رَأَيْتُ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَتَحَرَّى صِيَامَ يَوْمٍ فَضَّلَهُ عَلَى غَيْرِهِ إِلاَّ هَذَا الْيَوْمَ يَوْمَ عَاشُورَاءَ وَهَذَا الشَّهْرَ يَعْنِي شَهْرَ رَمَضَانَ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ وَالنَّسَائِيُّ. 
 
 
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу кун – Ашуро куни ва ушбу ой, яъни Рамазон ойи рўзасини истаганчалик (интиқ бўлганчалик) бошқа кун ва ойларнинг рўзасини афзал кўрмас эдилар” (Бухорий, Муслим ва Насоий ривояти). 
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам икки хил рўзани интиқ бўлиб кутардилар. Булар Ашуро куни рўзаси ва Рамазон ойи рўзаси. Рамазон ойи рўзаси фарз. Уни тутган банда чексиз ажр-савобга эришади. Бу ой фазилати ва унда тутиладиган рўза ҳақида қанча гапирса, шунча оз. Аммо мазкур ривоятда Ашуро кунининг рўзаси ҳам қанчалик фазилатли экани айтилмоқда. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бирон амални қилишга беҳикмат интиқ бўлмаганлар. У зот қачон Муҳаррам ойи келар экан, ўша кунда рўза тутаман, деб интизорлик билан кутдиларми, демак, бу кунда рўза тутиш, бошқа солиҳ амалларни қилиш мақсадга мувофиқ. Биз ҳам Пайғамбаримизга эргашиб, Рамазон ва Ашуро рўзаларини интиқиб кутишимиз ва уларни рисодаладгидек адо этишга ҳаракат қилишимиз лозимдир.
 
Бундан ташқари.Ашуро куни аҳлига кенглик қилиш ҳадиси ҳақида 
 
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ، أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، قَالَ: "مَنْ وَسَّعَ عَلَى عِيَالِهِ وَأَهْلِهِ يَوْمَ عَاشُورَاءَ وَسَّعَ اللهُ عَلَيْهِ سَائِرَ سَنَتِهِ (رواه البيهقى في شعب الإيمان) 
 
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким ашуро кунида аҳли-аёлига кенглик қилса, Аллоҳ таоло унга йилнинг қолганини кенг қилади”. 
Имом Суфён ас-Саврий ҳазратлари: “Биз ушбу ҳадисни амалда қўллаб кўрдик ва унинг айтилганидек эканлигига гувоҳ бўлдик” – деганлар. 
(Байҳақий Шуабул иймонда ривоят қилган) Имом Ҳофиз Суютий роҳматуллоҳи алайҳи ал-Дурарул мунтасир китобида бу ҳадисни саҳиҳ собит бўлган деганлар. Байҳақий Шуабул иймонда Абу Саид Худрий, Абу Ҳурайра, Абдуллоҳ ибн Масъуд ва Жобир розияллоҳу анҳумлардан заиф санадлар билан ривоят қилган. Булар бир бирига қўшиладиган бўлса, қувватланади. (Кашфул хофаа) Жобир: Мен қирқ йил тажриба қилдим, бўлмай қолмади. (Муҳит) “Кенгчилик қилиш” ҳадисини ишончли ровийлар ривоят қилишган. Ҳа, кенгчилик қилиш ҳадиси худди Ҳофиз Суютий айтганларидек саҳиҳ собит бўлган. (Ҳошияту ибн ал-Обидийн 3-жилд, 457 бет) 
 
Суфён ибн Уяйна: Биз буни эллик ёки олтмиш йил тажриба қилиб кўрдик ва фақатгина яхшилик кўрдик. Дарҳақиқат, эҳтиёжмандларга хайр-саховат қилиш инсонлар ўртасида меҳр-оқибат ришталарини боғлашга, ўзаро ҳурмат ва тотувлик ҳисларини ортишига хизмат қилиш билан бирга дунёвий ишларнинг ривож топишига, оилаларимизга барака киришига ҳам сабаб бўлади. 
 
Хусусан, эҳтиромли муҳаррам ойларида мўмин-мусулмонлар бир-бирларини ранжитиб қўйишдан, бир-бирларига озор етказиб қўйишдан жуда-жуда эҳтиёт бўладилар. Ва умид қилинадики, мана шу ойлардаги бир-бирларининг ҳурматини риоя қилишлари, бу борада эҳтиёт бўлишлари йилнинг бошқа ойларида ҳам ўз таъсир кучини йўқотмайди. Аллоҳ барчаларимизни йил давомида чиройли амалларни қилиб бормоқликда муяссар айласин. 
 
 
 
Азизжон Жамолов
 

 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:50
Куёш: 06:30
Пешин: 13:10
Аср: 17:00
Шом: 18:50
Хуфтон: 20:20
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram