“Ахлоқи муҳсинийн” асари
04 март 2016 й.
1404 марта ўқилди.

 “Ахлоқи муҳсинийн” асари 

Инсонлар орасидаги ўзаро мулоқот ва муомаланинг гўзал бўлишидаги энг асосий омил ахлоқдир. Шунинг учун ҳам ахлоқ тушунчаси ҳамиша жуда муҳим ҳисобланган ва бу масала ҳар бир даврнинг долзарб мавзуси бўлиб келган. Ҳусаин Воиз Кошифийнинг “Ахлоқи муҳсиний” асари фикримизни тасдиқловчи тарихий манбадир.
 
Ҳусайн Воиз Кошифий (1442/46-1505) мутафаккир олим, адиб ҳамда ўз даврида воизлик санъатининг йирик намояндаси, фалсафа, ахлоқ, тилшунослик, сиёсат, дин тарихи, воизлик, шеър санъати каби фанларга оид қирқдан ортиқ асарлар муаллифидир.
“Ахлоқи муҳсинийн”дан: Мол-у давлат соҳиби шундай кишики, яхши отини ва юмшоқ сифатини оламда ёдгор қолдирали, чунки яхши от одамга иккинчи умрдир.
Тавозеъ қилиш баланд мартабага эришишнинг сабабидир.
 
Ҳусайн Воиз Кошифий “Ахлоқи муҳсинийн” (“Яхши хулқлар”) асарини 1495 йили ёзган. Асар қирқ бобан иборат. Унда ҳар бир инсонда мавжуд бўлиши шарт бўлган ахлоқ-одоб қоидалари ва меъёрлари зикр қилинган. Кўплаб тарихий шахслар ҳамда воқеалар ўта таъсирли ва ибратли тарзда ёритилган. Атамалар баёни, юксак мартабали давлат арбобларининг вазифалари, ахлоқ-одоби мулозимлари билан муносабати тарихий шахслар тўғрисидаги маълумотлар асосида яратилган. Китобда аввал ахлоққа оид бирор сўз ёки тушунчани изоҳлаб, кейин унга ўқувчи амал қилиши уун турли далиллар келтирилади. Ахлоқ қоидаларининг инсоний муносабатлардаги аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилади ва агар ахлоқ бўлмаса, кучлилар кучсизларни оғир аҳволга солиб қўйишини таъкидлаб ўтади.
 
Ахлоқга оид ушбу асар ҳам илмий, ҳам бадиий хусусиятга эга. Тузувчи унга кўплаб шеърий намуналар, ҳикматли қисса ва ривоятларни киритган. Китобнинг мазмун-мундарижаси, унда илгари сурилган ғоялар бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Асар жамиятимиз кишиларининг ахлоқий тасаввурини бойитади.
 
Бу китоб ахлоққа оид энг сара асарлардан бири бўлгани боис ўз даврида ва кейинги асрларда кўплаб қўлёзма нусхалари кўчирилган. Бугунги кунда унинг элликдан ортиқ ноёб қўлёзма нусхалари дунёнинг турли кутубхоналарида сақланмоқда.
 
Мустақиллик йилларида бу бебаҳо асардан баҳраманд бўлиш, уни ўзбек тилидаги таржимасини ўқиш имконияти туғилди. Албатта, бу асарни синчиклаб мутолаа қилиш орқали ҳамма ҳавас қиладиган ахлоқий гўзаликка эришиш мумкин.
 
 
Акрамов Мақсуд
Мир Араб мадрасаси мударисси
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:30
Куёш: 07:24
Пешин: 13:10
Аср: 16:00
Шом: 17:35
Хуфтон: 19:00
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram