АЁЛ - ХАЁ ВА ИФФАТ СОХИБАСИ
06 март 2017 й.
1990 марта ўқилди.

 АЁЛ - ХАЁ ВА ИФФАТ СОХИБАСИ

     Ҳаё номус иймонга далилдур,
                Ҳаёсиз доимо хор ва залилдур
      Мунисва ожиз хилқат сохиби  бўлган аёлларни қадрлаш, жамиятда уларга ўзларининг хос ўринларини бериш бизнинг нафақат фарзандлик, балки инсонийлик бурчимиз ҳамдир. Диёримизда,аёлларни ҳурмат қилиш, уларни нафақат моддий-жисмоний, балки маънавий ҳимоялаш анъанаси доимо асосий ишларимиздандир. Уларга кўрсатиш лозим бўлган олий ҳурмат намунаси пайғамбаримизнинг «Жаннат - оналар оёғи остидадир» ҳадисида ўзининг юксак эътирофини топган.Табаррук динимиз аёл зотини хурмату иззат қилиб,уни авайлаб-асрайди.Аёлни турли гумон ,ғийбат,фахш ва жирканч ишлардан узоқда бўлиб,ўзининг иффату хаёсини мустахкам қилишликка буюради.
Зеро Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам мархамат қилдилар: “Дунё вақтинча фойдаланиладиган матодир, унинг хайрли матоларидан бири солиҳа аёлдир”. Ислом оила ва жамиятда аёл кишини ўрнини ана шундай юқори қилиб қўйган. Жамийки яхши ва гўзал фазилатларни ўзида мужассам қилган аёл ҳақиқий солиха,муслима ва иффатда икки дунёда шарафга эришади.
Қуръони каримда хам аёл зотига бу дунёда нохақ гумон ва фахш сўзлар билан тухмат тоши отувчиларга қарши улуғ азоблар борлиги зикр қилинган.Масалан:
ِنَّ الَّذِينَ يُحِبُّونَ أَنْ تَشِيعَ الْفَاحِشَةُ فِي الَّذِينَ آمَنُوا لَهُمْ عَذَابٌ أَلِيمٌ فِي الدُّنْيَا وَالْآخِرَةِ ۚ وَاللَّهُ يَعْلَمُ وَأَنْتُمْ لَا تَعْلَمُونَ
 Албатта, иймон келтирганлар ичида фоҳиша тарқалишини яхши кўрадиганларга бу дунёю охиратда аламли азоб бордир. Аллоҳ биладир, сизлар билмассизлар. Нур сураси 19-оят.
إِنَّ الَّذِينَ يَرْمُونَ الْمُحْصَنَاتِ الْغَافِلَاتِ الْمُؤْمِنَاتِ لُعِنُوا فِي الدُّنْيَا وَالْآخِرَةِ وَلَهُمْ عَذَابٌ عَظِيمٌ
Албатта, покиза, ғофила ва мўмина аёлларга (бўҳтон) тоши отганлар, бу дунёю охиратда лаънатланурлар. Уларга катта азоб бордур. Нур сураси 23-оят.
Мазкур мўъжизавий оятлар ўша даврда аёлларга нисбатан содир этилган улкан бўхтонларни фош этиб,инсониятни асосий бўғини бўлган аёлга бўлган илтифотни гўзал услублар ила даволади.Ха,Шариат ер юзига нурни,мехр мухаббатни олиб келибоқ аёл хурликка,шодликка,жаннатий бўлиш бахтига сазовор бўлди.Муқаддас калом ва Жавомиул калим бўлган зотнинг тенгсиз дуру марваридлари аёлни безади.Уни кўз қорачиғидек асраш лозимлигини эркакка фарз қилиб,шу хизмати орқали икки инсон хам дунё ва охиратда бирга бўлишларини ваъда қилди.Аллох субханаху ва таолодан эру аёлга буюрилган бурч ва вазифалар жуда гўзал ва оила деб аталган саодатли даргоҳни Ўзининг ризолигини топишликка асосий йўл қилиб белгилади.Шу маънода нозик хилқат эгаси бўлган аёл ўзида қалбан, дини уни химоя қилиб,хамиша эзгуликка чақириб турганлигини хис қилиб,Роббисини тоатида бардавом бўлишлиги,гунох ва маъсиятни унутиб,олий даражада бандалик қилишлиги лозимдир.
Шунинг учун бугуннинг аёли саодатли хаёт кечиришни хохласа, Қуръони карим ва суннатни мукаммал ўрганмоғи даркор.Бинобарин жаннатий аёл бўлишлик сифатлари жозибадор қилиб айтилган.Соффат сурасида :
وَعِنْدَهُمْ قَاصِرَاتُ الطَّرْفِ عِينٌ
Олдиларида кўзларини (бегоналардан) тийгувчи шаҳло кўзлилар бордир. (48-оят)
«Уларда (яъни ўша жаннатларда) кўзлари тийилган, аввал инс ҳам, жин ҳам тегмаган (ҳур)лар бор». (Ар-Роҳман, 56)«Чодирларни лозим тутган ҳурлар бор». (Ар-Роҳман, 72)
Демак, жаннатдаги гўзал ҳурларни ўз хожаларидан бошқалар кўришмайди. Мазкур ҳурлар ҳам эрларидан ўзгаларга кўз тикмайдилар. Улар ўз зийнатларини бегоналарга кўз-кўз қилиб
намойиш қилишмайди, аксинча, ўзларининг ҳурматини сақлашади. Улар тилло, кумуш, луълу-маржон, ёқут ва зумрадлар билан безалган чодирларда бўлишади. Демак, иффатли, диёнатли ва шарм-ҳаёли бўлиш аёлларнинг юксак ахлоқли ва покиза эканидан далолат беради.  Азизлар, инсон иффатли, диёнатли, шарм-ҳаёли бўлса, улуғлик чўққисини энг қисқа йўл билан забт этади.Халифа Умар ибн ал-Хаттоб розияллоҳу анҳу даврларида барча ёш муслималар учун Нур сурасини ёддан билиш мажбурий бўлган эди.Ушбу гўзал сурада шундай оятлар келади: « Аллоҳ таоло "Нур" сурасининг 30-оятида: "(Эй Муҳаммад) Мўминларга айтинг, кўзларини(номаҳрам аёлларга) тикишдан тўссинлар ва авратларини (харомдан) сақласинлар! Мана шу улар учун энг тоза (йўлдир) .Албатта, Аллоҳ улар қилаётган хунарлардан хабардордир". Ҳа кўзни номахрамлардан қуйи қилишнинг фойдалари улкан. У бандага иймон ҳаловати, дил нури, қалб қуввати, нафс поклиги ва салоҳиятини олиб келади. Бу оят билан аёл кишига бегона нигохлар тушишлигидан асраб химоялаб қўйди.
Қуръондаги  мазкур сурада аёл кишига шарт бўлган амаллар зикри келган. ХХI аср аёли соф маданиятли,фозила,жамиятда мартабасини юксак даражада тутишлигининг йўли, шу сурани ўқиб бахраманд бўлишлиги кифоя қилади. Мазкур даврда инсониятнинг иймонига,хаётига тажовуз қиладиган шайтоний фитналар  авж олиб бормоқда. Аёл кишини иймоний халоватда яшашлигини кафолатлайдиган нарса ,унинг бақувват иймони ва садоқатли хизматидир.  Аёл ўзига оро беришда шариат чегарасидан чиқиб,эркакка ўхшаб қолса, жамиятда фахш ишларни тарқалишига сабабчи бўлса, тарозига , эрига хиёнат қилса,эрига озор бериб аёллик иффатини унутадиган бўлса демак,Роббиси ато қилган илохий хилқатдан воз кечган бўлади.
Тарихда иймонини қийинчиликларга сабр билан асраган аёлнинг воқеалари келади.Нақадар мустаҳкам бардош! Нақадар ажру мукофот! Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Исро ва Меърож кечаси жаннатда уларга ато этилган неъматлардан бирини кўриб, саҳобаларига сўзлаб бердилар.Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Исро қилинганимда олдимдан бир хушбўй ҳид таралди. Шунда «Бу қандай ҳид?» дедим. «Бу Фиръавн қизининг ходимаси ва болаларининг ҳиди…», дейилди», дедилар» (Байҳақий «Шуъабул иймон»да ривоят қилган). Бугунги кунда бошига озгина қарздорлик юки, айрилиқ ёки бирон молини ўғирлатиб қўйганда сехргарга шошиладиган, кўз ўнгида нақд жаннат бўлган оиласини ташлаб бегона юртларга махрамсиз кетаётган, жуфту халоли кеча кундуз оиласидан мухтожликни кетказишликда тер тўкиб юрганда,унга хуфёна жирканч хиёнат қилаётган,ижтимоий тармоқларда гўёки “зерикиш”ни йўқотиш  учун бегона йигит ва эркаклар билан сўз ўйини ўйнаб,охир оқибат хаёсизликка юз тутган,ўй хаёли фақат дунёвий муаммоларни хал қилишлик билан завқланиб,илоҳий лаззатдан бебаҳра қолаётган ожиза аёллар йўқ дейсизми.? Шу ва шунга ўхшаган гунохлар инсоннинг бошига тушган оғир мусибатлардир.
Абу Ҳурайра (р.а.) ривоят қилади: «Расулуллоҳдан (с.а.в.) сўралди: - Қайси аёл хайрлироқ? Пайғамбаримиз (с.а.в.):- Эри қараган вақтда уни мамнун қиладиган, буюрганига итоат қиладиган, уни хоҳлаган пайтида кўнглини қолдирадиган тарзда унга мухолифот қилмайдиган ва қўл остидаги молни эри норози бўладиган шаклда сарфламайдиган аёлдир, - деб жавоб бердилар» .Изоҳ: Ҳадиси шарифнинг охирида «...қўл остидаги молни эри норози бўладиган шаклда сарфламайдиган аёл» жумласининг иккита маъно бор: ҳақиқий ва мажозий. Ҳақиқий маънога ўра эр фақир (қашшоқ) бўлиб, мол ва бойлик аёлга тегишли, яъни мол-мулк хотиннинг тасарруфида. Мажозий маънога кўра эса, мол эркакка тегишли бўлиб, сарфлаш ва тасарруф ҳуқуқи томонидан хотинига берилган . Ҳар икки маънода ҳам аёлнинг қўл остидаги бойлик (мулк)ни эри норози бўладиган тарзда сарфламаслиги тавсия қилинган.
1. Расули Акрам (с.а.в.): «Қайси аёл яхшироқ?» деган саволга жавоб берарканлар, аёлнинг хусусан шу уч сифатига эътибор қаратганлар: Булар, эри унга қараган вақтда уни қувонтириб, мамнун қилиши, шаръий буйруқ ва тавсияларни бажариши ҳамда аёлнинг хоҳ ўзи (нафси) ёхуд хоҳ тасарруфидаги молни (маблағни) сарфлаш хусусида эри норози бўладиган ҳатти-ҳаракатга йўл қўймаслигидир.
2. «Эри унга қараган пайтда уни хушнуд қиладиган...» аёл, эрига нисбатан яхши муомала қиладиган назокатли ва очиқ чеҳрали аёл демакдир. Ҳанафий фиқҳшуноси ва ҳадис олими бўлган Мавлоно Алийюл-Қори ҳам сурату сийрати (яъни ташқи қиёфаси-ю ички дунёси) гўзал бўлган аёл эр учун сурур устига сурур, нур устига нур эканини ифодалайди. Айниқса кечқурун ишдан ҳорғин ҳолатда чарчаб қайтган турмуш ўртоғини хотини очиқ чеҳра ва табассум билан, ҳурмат ва муҳаббат билан қаршилаб,чарчоқларини кўтаришга ҳаракат қилиши керак. Дунё вақт ўтгани сари тараққиётга интилмоқда экан,қиёматгача Аллох таолонинг каломидаги хикмлар хам мос равишда кетаверади.Инсоннинг қосир ақли билан Аллох таоло гўзал суратда халқ қилган аёл ўзини рухан ва жисман  разиллик ва тубанлик сари ўзгартиришга шишилса,дунё ва охиратда мусибатлар бошига булутдек ёғилиб келишига сабабчи бўлиб қолаверади.Роббим номус ва хаё эгалари бўлган аёлларимиз,опа сингилларимизни хидоят йўлидан адаштирадиган турфа хил фитналардан омонда қилгин. Мехрибон ва рахмдил оламларнинг роббисига хамду санолар бўлсин.
 
 
Бухоро тумани “Имом Бухорий”
жомеъ масжиди имом хатиби
 Ж.Панжиев
 
 
 
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:30
Куёш: 05:15
Пешин: 13:10
Аср: 18:30
Шом: 20:10
Хуфтон: 21:45
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram