Азиз умр
30 январ 2019 й.
406 марта ўқилди.

 

Азиз умр

Аллох таоло барча яратган мавжудотлари ичида энг азиз ва мукаррами инсондир. Роббимиз бизни ҳар жабҳада мукаррам қилиб қўйган. Атрофимиздаги мавжудотлардан кўра ақл жиҳатидан юксакмиз. Еру осмондаги махулоқотлар биз учун хизмат қилади. Ҳар биримизнинг атрофимизда бир нечта фаришталар қўриқлаб ҳимоя қилиб тургани. Атрофимиздаги барча нарсалар бизга бўйинсундирилиб  қўйилганлиги ва ҳоказо... буларнинг барчаси Одам болалари ер юзида икром қилинган зот эканлигини намоён қилади.

Демак, бани башар мукаррам эканми, унинг ҳар бир нарсаси азизу мукаррамдир. Одамзотнинг саломатлиги азиздир, ақлининг соғломлиги эътиборлидир. Обрўйи мўътабардир. Топадиган молу дунёсининг ҳалоллиги билан мукаррамдир. Инсоннинг умри азизу мукаррамдир. Бу азиз умр нима учун берилганлигини бизларгаХудои таборак ва таоло Ўз китобида эслатмоқда:
“У ўлим ва ҳаётини сизларнинг қайсиларингиз амалда яхшироқ эканлигингизни синаш учун яратгандир.” 
Биринчи ўлим зикр қилинаётганлиги агар инсон ўлимни эсласа, унга тайёргарлик кўради ва ўлгандан сўнг шарманда бўлмаслик учун ўзини яхши ишларга сафарбар қилади. 
Ҳаёт инсон учун берилган энг қадрли омонатдир. Шунингдек, у Аллоҳ таоло томонидан инсонга топширилган имконият ва масъулиятдир. Инсон бунеъматни асраб авайлаши, унга хиёнат қилмаслиги лозим, акс ҳолда энг оғир жиноятга қўл урган, ўз зиммасига катта гуноҳ орттирган бўлади.
Минг афсуслар бўлсинки, ҳозирги кунда баъзи инсонларда сабру матонат етишмай ўз жонларига қасд қилаётганларининг гувоҳи бўлиб турибмиз. Буни Аллоҳ берган ҳаётга ношукрлик оқибати деб баҳолашдан ўзга чора йўқ. Чунки Аллоҳ таоло “Бақара”  сурасининг 195-оятида марҳамат қилади:
“Ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламанг! (Бу дунёда) чиройли амалларни қилинглар. Албатта Аллоҳ таоло чиройли (иш) қилувчиларни яхши кўради”
Яъни ўзингизни ўзингиз ўлдирманг. Чунки Аллоҳ таолонинг қазои қадарига туғён қилиш, берган умр неъматига ношукрлик қилишга киради.
Жундуб ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси қудсийда: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Аллоҳ таоло дейди:“Бандам ўзини ўзи ўлдириб, менинг унга берган умримга шукр қилмай, шошилди. Шунинг учун унга жаннатимни абадий ҳаром қилдим” Имом Бухорий ривояти
Айниқса, бундай мудҳиш гуноҳга қадам қўядиган кишилар, иймони жуда заиф қатъиятсиз инсонлар бўлади. Чунки мўмин кишининг иймонининг аломати бу Аллоҳнинг берган тақдирига рози бўлишидир.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалар билан Қубо масжидига бордилар. У ерда ансорлар ҳам бор эди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам масжид эшигини олдида туриб ҳаммаларидан сўрадилар: “Сизлар мўминми?” Ҳамма жим бўлиб қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уч марта такрорладилар. 
Охирида ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: “Ҳа, Ё Расулуллоҳ, булар мўминлар ва албатта биз ҳам улар билан биргамиз”, дедилар. Расулуллоҳ сўрашда давом этдилар: “Қазои тақдирга розимисизлар?” “Ҳа”, дедилар. “Бало-мусибатларга сабр қиласизларми?” “Ҳа”, дедилар. “Кенгчилик шукр қиласизларми?” “Ҳа”, дедилар. Шунда жаноб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам:“Каъбанинг Парвардигорига қасамки, сизлар ҳақиқатан мўминдирсизлар”, деб ўтирдилар.
Исломда инсон жони алоҳида қадр қийматга эга. У жон қандай жон бўлишининг фарқи йўқ. Ҳар бир инсон яшаш ҳаққига эга. Инсонни бу ҳақдан ҳеч ким маҳрум эта олмайди. Шу сабабдан, инсон ўзини ўзи ўлдириши ҳам мумкин эмас. Чунки, инсон бировга жон ато қила олмаганидек, ўзига ўзи ҳам жон ато қила олмайди. Унга жонни фақат Аллоҳ таологина берган. Шунинг учун ундан жонни фақат Аллоҳ таологина олади. Бу табиий ҳолда, яъни Аллоҳнинг қадари ва қазоси билан бўлади.
Исломда инсон таклиф ва аҳкомларсиз ўз ҳолига ташлаб ҳам қўйилмайди ва инсонга тоқатидан ташқари нарса таклиф ҳам қилинмайди. Ҳамма нарсани дақиқ-дақиқларигача билувчи Аллоҳ ҳар бир жон нимага ярайдию нимага ярамайди – яхши билади. Бандаларига меҳрибонлигидан, имкони ва ҳаққи бўлса ҳам, ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмайди.
Аллоҳ таоло Бақара сурасида:“Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмас” 
Дунё асли имтиҳон. Унда хилма-хил қийинчилик ва тушкунликларга дуч келиш мумкин. Фақирлик, қарздорлик, ишдаги муаммолар, йўқотиш ва айрилиқ, айниқса ёшлардаги севганига етиша олмаслик алами каби паст нарсалар умрдек улуғ неъматдан воз кечишга асло арзимаслигини англаб етишимиз шарт!
Биз имкон қадар кўпроқ яшашга, ҳаётда узоқроқ қолишга, умр неъматидан унумли фойдаланиб қолишга, қилган гуноҳларимизга тавба қилиб, ҳасанотларимиз сони ва сифатини оширишга интилишимиз Яратган Раббимизнинг талаби эканлигини доим ёдда тутишимиш зарур.
 
“Масжиди Калон” жомеъ масжидининг 
имом хатиби ва “Мир Араб” ўрта махсус
 ислом билим юртининг мудири
Мавлонов Жамол
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:50
Куёш: 06:30
Пешин: 13:10
Аср: 17:00
Шом: 18:50
Хуфтон: 20:20
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram