БАҒРИКЕНГЛИКНИНГ ҲАҚИҚИЙ ТУШУНЧАСИ
03 сентябр 2015 й.
1793 марта ўқилди.

 БАҒРИКЕНГЛИКНИНГ ҲАҚИҚИЙ ТУШУНЧАСИ

Динимиз Ислом дини бағрикенг ва осонлик динидир. Бағрикенглиги шундаки, Қуръони каримда аввало инсон зотига бағрикенг муносабатда бўлиш ва ғайримусулмон бўлган самовий динларга эҳтиромда бўлишни ўргатиб келган. Инсон ким бўлишидан қатъий назар, модомоки динга душманлик қилмас экан, унга бағрикенглик қилинади. Худои таборак ва таоло Ўзининг китобида шу ҳақида хабар беради:
“Эй одамлар! Дарҳақиқат, биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз (дўст, биродар бўлишинглар) учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила-элатлар қилиб қўйдик. Албатта, сизларнинг Аллоҳ наздидаги энг ҳурматлироғингиз тақводорроғингиздир” 
 
Бизларни Аллоҳу Ҳақ субҳанаҳу ва таоло бир ота-онадан яратди. Яъни Одам Ато ва Момо Ҳавводан халқ қилди. Мана шу туфайли Аллоҳ таолонинг мўмин бандалари бир-бировларига оға-ини бўлишди. Парвардигори олам бани Одамни шу зайлда яратиб, инсонлар бир-бирини тушунсин, бир-бирига ёрдам берсин, аҳил яшасин деб яратди. Шунинг учун Аллоҳнинг динида у инсон қандай ирққа мансуб бўлмасин, қайси рангда бўлмасин, тили маскани фарқи йўқ. Ҳамма бир ота-онадан, ҳамма бир динга эътиқод қилади, демак буларнинг барчаси оға-ини биродардирлар. Яъни мўминлар, Худони бир деб биладиган, барча пайғамбарларни тан оладиган, Унга шерик келтирмайдиган барча мўмин бандалар биродардирлар, бир тану бир жондирлар.
 
Яна динимизнинг Бағрикенглиги самовий динларни бирортасини инкор қилмайди. Аллоҳ таоло қурьони каримда:
“Эй мўминлар, Аллоҳ сизлар учун дин бўйича Нуҳга буюрган нарсани ва Биз сизга (Муҳаммадга) ваҳий қилган нарсани, шунингдек, биз Иброҳим, Мусо ва Исога буюрган нарсани – шариат қилди: “Динни барпо қилинг ва унда фирқа-фирқа бўлиб бўлинманглар!” 
Ўлкамизга Ислом динига асос солган ота-боболаримиз риоятлари каби ҳозирда ҳам масжидлар фаолият кўрсатаётганидек насронийлар черкови, яҳудийлар ибодатхоналари иш олиб бормоқда. Албатта, бу динни ва мусулмонларимизнинг бағрикенглигидан далолат қилади. Буларнинг замирида эса барча миллату элатлар тинчлиги ва осудалиги ётади.
Исломнинг бағрикенглик ва осонлик сифати ўзи етиб борган ерларда тарқалиши ва боқий қолишига таъсир қилган. Осонлик асосига биноан кишиларнинг қудрати етадиган нарсага таклиф қилиш жорий бўлган. Тоқат етмайдиган нарсага таклиф қилиш йўқ. Эътиқодда мажбурлаш мумкин эмас, балки у қаноат ва розилик билан қабул бўлиши лозим. Аллоҳ таоло Ўзининг китобида:
“Динда зўрлаб киритиш йўқдир”  Яна бошқа ояти каримада:
“Ахир сиз одамларни мўмин бўлишга мажбур қилурмисиз?” 
 
Бу эса инсоннинг ҳурмати, унинг ҳуқуқлари ҳимоясидир. Бу қоидада, инсоннинг ақли борлиги, Аллоҳ унга ҳидоят ва залолат йўлини аён қилиб қўйгани, биров мажбур қилмасдан ҳар ким ўзи хоҳлаган йўлни танлаб олиши, баён қилинган. Ҳа, динга кириш маъносидаги Исломий қоида шундан иборат. Хоҳлаган одам Исломга кириб мусулмон бўлсин. 
Аммо, бу қоидани ундан кўзлаган мақсаддан бошқача ишлатиб бўлмайди. Баъзи мунофиқлар айтаётганидек, динда мажбурлаш йўқ. Мен хоҳласам намоз ўқийман, хоҳласам ароқ ичаман, дейиш мутлақо нотўғридир. 
 
Дин танлашда мажбурлаш йўқ. Ҳар ким ўзи хоҳлаган динга кирсин. Аммо, Исломга кирдим, деб эълон қилганидан кейин Ислом кўрсатмаларига амал қилиш шарт. Яъни таклиф қилинадиганларнинг иродаси таклифда эътиборга олинмайди. Чунки, бу ерда мақсад ҳавойи нафсга мослашиш эмас. Балки мақсад иродани шариат тақозо қилган бузуқ нарсаларни ботил қилиш ва фойдаларни қарор топтириш каби инсон фаолиятини мўътадиллаштирадиган нарсаларга кўниктиришдир. Зотан, мантиқ шундан иборат. Дунёда ҳеч бир жамият, бизга қўшилсанг бўлди, ўзинг билганингни қилаверасан, демайди. Балки, ўз қонун қоидаларига, кўрсатмаларига амал қилишга ундайди ва ўшандай  кишинигина ўзининг аъзоси ҳисоблайди.
 
Имом Шотибий ўзларининг “Мувафақот” номли китобларида дейдилар: «Ислом бағрикенг ва осон бўлса ҳам, унда машаққат тамомила йўқ қилинган эмас. Чунки осонлик шариатнинг мақсадларидан бўлгани каби машаққат ҳам унинг мақсадларидандир. Бунинг далили савоб олиш машаққатга боғлиқлигидир. Нафсни ҳалол бўлмаган нарсага мойил бўлишдан жиловлаш ва ҳалол нарсага мўътадиллик ила қўйиб юборишдир ». (.. 1-жуз. 329-бет. 2-жуз. 109-бет).
 
Ҳа, Исломда мўмин ёки кофир бўлишлик ҳар кимнинг ўз хоҳишига боғлиқ қилинган. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг «Каҳф» сурасида:
«Бу Ҳақ (китоб Қуръон) Роббингиз томонидандир. Бас, (унга) ким хоҳласа мўмин бўлсин, ким хоҳласа кофир бўлсин»  - деган. 
 
Исломда диний эркинлик қоидаларига оғишмай амал қилинганлигини ёрқин далили ҳозир ҳам кўз ўнгимизда яққол намоён бўлиб турибди. Миср, Сурия, Иордания, Эрон каби мусулмон давлатларда ерли аҳолининг бир қисми у ерларда Ислом ҳукми ўрнатилганидан 1400 йил ўтган бўлса ҳам ўз динларида турибдилар. Мисол учун: Мисрнинг 80 миллионлик аҳолисининг 10 фоизини қибтий насронийлари ташкил қилади. Сурия аҳолисининг 82 фоизи мусулмон, шундан 68 фоизи суннийлар, 14 фоизи шиалар. насронийлар ташкил қилади.
 
  Ҳиндистон, Ливан каби давлатларда эса, мусулмонлар узоқ вақт ҳукмдорлик қилган бўлишларига қарамай ҳозиргача озчиликни ташкил қилмоқдалар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рисолатлари ҳам ҳақиқий иймон ва бағрикенглик учун келган эди.
 
“Мен яхшиликка моил ҳаққоний дин ила юборилдим. Кимки суннатимга хилоф иш қилса, мендан эмас!”
 
Мазкур ҳадиси шарифдаги “ҳанифиййа” сўзи ислом динини билдиради. У Аллоҳ таолога чин дилдан имон келтиришни, ҳақиқий мусулмонликни англатади.
“Самҳа” сўзи ҳам луғатда кўп маъноларда келади. У “қўли очиқлик, саховат, саховатли бўлиш, кенгбағрлилик, яхшилик қилиш, кучли эътиқод, пок ақидалар мажмуи, чидамлилик ва бардошлилик” деган маъноларни билдиради.
 
Демак, ягона Аллоҳга чин дилдан имон келтирмаган, қўли очиқ сахий бўлмаган, бағри кенг, яхшилик қилувчи бўлмаган, ҳаёт қийинчиликларига бардошли ва чидамли бўлмаган кимса суннатга хилоф қилган бўлади.
 
 Исломнинг бағрикенглигини ифодалайдиган Бақара сурасидаги: «Динда зўрлаш йўқ, зеро, тўғри йўл янглиш йўлдан ажрим бўлди », деган оят инсонларни мажбурлаб Исломга киритишга йўл қўймади
 
Ушбу оятнинг нозил бўлиши Исломнинг эркинликка қанчалик йўл очиб берганинг англаб етишимизга ёрдам беради. Ваҳоланки, Византияда христианликка кириш ёки ўлим, деб инсонлар мажбурланганини кўрамиз. Агар тарихга мушоҳада билан теран назар ташласак, мусулмонлар юртида асрлар давомида бошқа дин вакиллари, христиан ва яхудийлар иноқ яшаб келганини кузатамиз. 
 
Ислом ақл, тафаккур юритиб иш юритишга чақиради шак-шубҳаларга, хурофотларга эргашишдан қайтаради. Ҳар бир ишни кўр-кўрона эмас, ўйлаб, мулоҳаза юритиб бажаришга ундайди, тафаккурга чорлайди, далил-ҳужжат билан иш кўришга чақиради.
Мисол учун Абу Ҳанифа (р.а.) бир масалада фикр билдирса, шогирдлари бемалол бошқача фикр билдираверишган. Ислом уламолари ҳар бир илм соҳасида асрлар давомида ўз фикрларини эркин билдириб келишган (Европада Галилей ер юмалоқ ва у айланади, дегани учун жазоланган, аммо ундан олдинроқ Беруний ер юмалоқлигини бемалол айта олган, у билдирган фикри учун жазоланмаган, балки қадрли олимлар сафига киритилган).
Ислом сўз ва танқид қилиш ҳуқуқини берган. Агар айтаётган сўзи ҳақ бўлса, ҳеч кимдан қўрқмай уни айтишга буюрилган. Ёмонликдан қайтариб яхшиликка чақиришни ибодат, ҳатто мажбурият даражасига олиб чиққан. Ҳақни ўз ўрнида айтиш ибодат саналади. Бунга ёрқин мисол Ҳазрати Умар р.а.нинг халифалик даврларида халқ билан ўтказилган бир суҳбатларида:
- Эй инсонлар! Мен ҳақдан, адолатдан адашсам, нима қиласизлар? - дея сўраганларида тўпланганлар орасидан бир киши:
- Эй Умар! Сени керак бўлса қиличимиз билан ҳам тўғри йўлга соламиз! - дея жавоб беради. Ўшанда Умар: 
- Алҳамдулиллаҳ, замонамда хатоимни қилич билан тузатадиган биродарларим бор экан! - дея мамнунликларини ифодалаган эдилар.
Ислом одамларни фикрлашга ва тўғри деб топганларига эътиқод қилишга буюрди, ўз эътиқодларини эса ҳимоя қилишга чақирди.
 
Ислом Куфр ва фисқу фужур эркинлигини эмас, ҳуқуқ эркинлигини берди. Баъзилар бугунги кунда шахс эркинлиги деб тушунаётган, масалан, зино қилиш, ароқ ичиш ёки хоҳлаган гуноҳини қилиб, бу мени эркинлигим, деган иддао қилишликка рухсат бермаган.
Ўзининг оиласини, ахлоқини, кишиларни хоҳлагандек тасарруф қилиш ҳуррият ҳисобланмайди. Аллоҳнинг динига киргандан кейин қандай қилиб ундаги қоидаларга бўйсунмай, ўзига ҳам, жамиятга ҳам зарарли ишларни қилиб, мен ишларимда эркин мусулмонман, деб даъво қилиш мумкин?! Эркинлик бошқанинг ҳуқуқини паймол қиладиган чегарада тугайди.
 
“Исломда(Зиёни тегмаганга) зарар бермоқ ҳам, (зиёни текканга ғайришаръий) зарар етказмоқ ҳам йўқдир!”яъни: “Исломда ўзига зарар бериш хам йўк бошкага зарар бериш хам йўкдир!”, деган қоида мавжуд.
 
Имом Шотибий дейдилар: «Бу ерда алоҳида эътибор бериш лозим бўлган бир иш бор. У ҳам бўлса, машаққат таклифни таклиф қилинувчининг тоқатидан ташқарига чиқариб юбормаслигидир. Агар баъзи сабабларга кўра тоқатидан ташқари бўлиб қоладиган бўлса, истисновий рухсатлар келиб уни енгиллатади ва тоқат чегарасига қайтаради. Бунда эътиборга олинадиган нарса шариатнинг бурилмай, эгилмай, нуқсонга ва ҳаддан ошишга йўл қўймай васат–ўртача йўлда юришидир. Ана шу у келтирган сироти мустақимдир» (. Мувафақот. 4-жуз. 258-бет).
Аллоҳ таоло бизларга буюради:
“Яхшилик йўлида ва тақво қилишда ёрдамчи бўлинглар, аммо гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг, Аллоҳдан қўрқинг, чунки Аллоҳнинг азоби қаттиқдир” 
 
Ислом тенгҳуқуқлик дини, энг бағрикенг дин эканини исботлашнинг ҳечам ҳожати йўқ. Чунки ислом тарихига назар солиб уни инсоф билан ўрганадиган ҳар бир ақилли, фаросатли киши бу гапнинг қанчалик даражада тўғри эканлигини кўради. Худди ана ўша тенгҳуқуқлик ва халқчиллик энг аввало эътиқод ва ибодат масаласида намоён бўлади.
 Исломга хоҳлаган одам, хоҳлаган жойда, хоҳлаган лаҳзасида калимаи шаҳодатни айтиб кира олади. Мусулмон бўлиш учун инсон ўша ишончини тили билан айтиб, дили билан тасдиқласа бўлди. Бошқа ҳеч ҳандай шарт керак эмас. Исломга кириш учун инсон маълум ирққа мансуб бўлиши, танаси маълум рангда бўлиши, тили, миллати, қабиласи, мансаби, молу мулки ёки ижтимоий келиб чиқишининг аҳамияти йўқ. Инсон бўлса, Исломга ишонса бўлди.
 
Ислом янги келган пайтда унга кириб мусулмон бўлган кишиларнинг кимлар эканлигини ўрганадиган бўлсак, бу фикр яна ҳам равшанлашади. 
 
Биринчи давр мусулмонлари ичида турли ирқ, миллат, халқ вакиллари бор эди. Муҳаммад алайҳиссаломга Пайғамбар сифатида дастлаб иймон келтирганлар орасида Абу Бакр р.а.га ўхшаш аслзода араблар ҳам, Билол Ҳабаший р.а.га ўхшаш асли Африқоликлар ҳам, Суҳайб Румий р.а.га ўхшаш асли Овруполиклар ҳам, Салмон Форсий р.а.га ўхшаш асли Осиёликлар ҳам бор эди.
 
Шунингдек, дастлабки мусулмонлар ичида Умар ибн Хаттоб р.а.га ўхшаш муккасидан кетган ашаддий мушриклар ҳам, Ҳабашистон подшоҳи Нажоший р.а.га ўхшаш масийҳий ҳам, Абдуллоҳ ибн Салом р.а.га ўхшаш билимдон яҳудийлар ҳам, Салмон Форсийга ўхшаш аввал мажусий бўлиб кейин ҳақиқатни излаб бир диндан иккинчисига, сўнгра учинчисига ўтиб юрганлар ҳам бор эди.
 
Исломга илк даврда кирганлар ичида Усмон ибн Аффон р.а.га ўхшаш ўта бой-бадавлат кишилар ҳам, Амор ибн Ясир р.а.га ўхшаш ота-бобосидан тортиб ўзи бировга мулк бўлиб келаётган наслий қуллар ҳам бор эди.
 
Биринчи мусулмонлар ичида Ҳамза ибн Абдулмутталиб р.а.га сингари баҳодир-паҳлавонлар ҳам, Абдуллоҳ ибн Умму Мактум сингари кўзи ожиз нотовонлар ҳам бор эди.
Шунингдек, дастлаб Исломга кирганлар ичида Варақа ибн Навфал каби ўрнидан тура олмай қолган қариялар ҳам, Али ибн Абу Толиб каби қадамидан олов чақнайдиган жасур, ёш йигитлар ҳам бор эди.
 
Илк Исломга келган муслималар қаторида Хадича бинти Хувайлид р.а. каби ёшли, молу-дунё ва насли насаб-ли аёллар ҳам, Савдаа бинти Замъа р.а. каби оддий тул аёл ҳам, Умму Ҳабиба бинти Абу Суфён р.а. каби аслзода аёл ҳам, Сумаяя р.а. каби чўри аёл ҳам бор эди.
 
Ислом уларнинг ҳаммаларини тенгалаштирди, ака-ука, опа-сингил қилди. Бир оиланинг аъзолари эканликларини эълон этди.
 
Исломдаги тенгҳуқуқлик туфайли кечагина қул бўлган қора танли Билол Ҳабаший р.а. энг машҳур саҳобалардан бирига айланди. Тарихда Каъбанинг устига чиқиб Исломда биринчи марта азон айтган мўътабар шахс сифатида номи қолди. 
 
Савдогарлар томонидан қул қилиб сотиб юборилган Салмон Форсий Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг маслаҳатчиларига айланди. 
 
Кўзи ожиз Абдуллоҳ ибн Умму Мактум Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафарга чиқсалар, пойтахтда У зотнинг ўринларига ўринбосар бўлиб қоладиган бўлдилар.
Энди, Исломга киришдан бош тортганларнинг сиймосига бир назар солайлик. Улар кимлар? Улар айнан тенгҳуқуқликни ёқтирмаган кишилар. Исломга кирмаганларнинг баъзилари очиқ-ойдин, биз бу динни ҳақ эканини тушуниб етдик лекин, қуллар, камбағаллар билан тенг бўлгимиз келмаяпти, деганлар. 
 
Бошқалари эса, Ислом келишидан олдин унинг башоратини бериб юрган, Муҳаммад алайҳиссаломнинг сифатларини айтиб юрган бўлишларига қарамай, нима учун, пайғамбар биздан чиқмас экан, деган даъво билан Исломга киришдан бош тортган ҳасадгўйлар.
Исломга кирмаганлар, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга, олдингдаги ялангоёқларни қувсанг, сенинг динингга кирамиз, деганлар. Аммо, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва-саллам бу таклифни қатъиян рад этганлар.
 
Мана орадан ўн беш аср ўтиб ҳам Исломни ушбу хусусияти ўзини намоён қилиб турибди. Давомли равишда турли ирқ, миллат, халқ, қабила, ранг, тил, ижтимоий келиб чиқиш ва хусусият эгалари бу динни қабул қилмоқдалар. 
 
Исломга янги кираётганларнинг ичида Габон жумҳурияти президенти Умар Банго ва бошқа олий мансабли, бой-бадавлат кишилар кўп. 
 
Шунингдек, асли яҳудий бўлган, кейинчалик мусулмон олими бўлиб кўплаб китоблар жумладан, Қуръони каримга инглиз тилида тафсир ёзган Муҳаммад Асадга ўхшаш илм соҳиблари ҳам кўп. 
 
Олмония ташқи ишлар вазирлигида ва элчи сифатида узоқ вақт ишлаган, Ислом ҳозирги тузумларга ягона алътернатив-муқобил тузум эканлиги ҳақида китоб ёзиб ғарбни ларзага солган Мурод Ховфман сингари сиёсатчилар ҳам кўп. 
 
Франция компартияси сиёсий бюроси аъзоси ва дунёда коммунизм қуришнинг ашаддий тарафдори бўлган, кейинчалик ҳидоят топиб, мусулмон бўлиб Ислом ҳақида кўплаб китоблар ёзган ва ёзаётган Роже Городий каби файласуфлар ҳам кўп.
 
Шунингдек, бугунги кунимизда Исломга ўз қаноати ва тушунчаси билан кираётган кўплаб кишилар орасида жаҳон спорт тарихига номлари олтин ҳарфлар билан битилган паҳлавонлар, бокс чемпионлари Муҳаммад Али Клей, Малик Тайсон ва Лос Анжилос баскетбол юлдузи Карим Абдулжаббор каби спортчилар, англиялик рок қўшиқчилари қироли Юсуф Ислом каби санъаткорлар ҳам кўп.
 
Исломда инсонлар туғилганларидан бошлаб тенгҳуқуқ бўлганларидек, ўлганларидан кейин ҳам тенг қолдилар. Ҳамма бир хил сийдам матоҳга кафалланади, бир хил сувда ювилар ва бир хил гўрга кўмилади. Қабрнинг устига бир қарич тупроқдан бошқа нарса қўйиш мумкин эмас. Кишилар ўртасида бундан зиёд тенглик бўлиши мумкинми? 
 
Демак энг мукаммал эътиқод ва ибодат тенг ҳуқуқлиги-Исломий тенг ҳуқуқликдир. Бошқача бўлиши мумкин эмас. Аллоҳ Ўзи бизларни Ҳақ динидан айирмасин ва иймонимизни доимо ҳамроҳ қилсин!
 
 
Манбалар асосида тайёрлади:
“Масжиди калон” жомеъ масжидининг
имом хатиби Мавлонов Жамол
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:50
Куёш: 06:30
Пешин: 13:10
Аср: 17:00
Шом: 18:50
Хуфтон: 20:20
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram