Бағритошлик давоси
12 июн 2015 й.
1404 марта ўқилди.

 Бағритошлик давоси

 
كُلُّ نَفْسٍ ذَآئِقَةُ الْمَوْتِ وَإِنَّمَا تُوَفَّوْنَ أُجُورَكُمْ يَوْمَ الْقِيَامَةِ فَمَن زُحْزِحَ عَنِ النَّارِ وَأُدْخِلَ الْجَنَّةَ فَقَدْ فَازَ وَما الْحَيَاةُ الدُّنْيَا إِلاَّ مَتَاعُ الْغُرُورِ
 
“Ҳар бир жон ўлимни тотгувчидир. Ва қиёмат кунида ҳеч шак-шубҳасиз ажр-савобларингизни комил суратда олурсиз. Бас, ким дўзахдан четлатилиб, жаннатга киритилса, муҳаққақ (бахт-саодатга) эришгай. Бу ҳаёти дунё эса алдагувчи матодир” (Оли Имрон, 185). 
Ёш-кекса, яхши-ёмон, бой-камбағал, муслим-кофир, соғлом-касал, пайғамбару авлиёларнинг албатта ўлим шарбатини тотмасдан иложи йўқ. Туғилган ҳар бир чақалоқ белгиланган умрини ўтаб бўлгач вафот этмоғи аниқ. Ҳаётда шу вақтгача ҳеч ким абадий қолмаган ва қолмайди ҳам. Ҳаёт лаззатини қирқувчи ўлимни ёдида тутиш мусулмонга хос. Ота-онани боладан, болани ота-онадан, ака-ука ва қариндошдан айирадиган – ўлим. Ухлашдан олдин, уйқудан тургандан кейин ҳам ўлимни унутмаслик зарур. У бировдан сўраб ўтирмасдан келади. Ажал келса уни бир лаҳза бўлсада ортга суриш, тезлатиш имкони йўқ. Инсон унутсада, у унутмайди. Киши ундан ғофил бўлсада, у ғофил эмас. 
Исо алайҳис салом айтганлар: “Дунё юзини кўрган ҳар бир банданинг ер тагига кирмоғи бор”. Одатда киши умри ўтаётганига хурсанд бўладию, негадир умри поёнига етаётганига қайғурмайди. Ўлимга ишонган киши унга тайёргарлик кўриши тайин. Бу кафанлик ёки қабрни тайёрлаш, дегани эмас. Балки, яхшиликда бардавом бўлиш, ёмонликлардан ҳазар қилиш, ҳар бир нарсанинг қиёматда жавобини беришини ўйлаб иш тутиш деганидир. Ажал келмоғи шубҳасиз. Унга тайёргарлик кўриш ақлли кишининг иши. 
 Абу Дардо розияллоҳу анҳу пайғамбар алайҳис саломдан энг зийрак мусулмон кимлиги ҳақида сўраганида, у зоти бобарокат: “Ўлимни эсда тутадиган ҳамда унга яхши тайёргарлик кўрадиганлар”, – деб жавоб берган эканлар.
Ҳакимлардан бири: “Ўлимни бирор соат ёддан чиқариш қалбнинг қаттиқлигидан нишонадир”, – деган экан.
Ғофилнинг қалбида кўз, кўзида ибрат бўлмаслиги ана шундан. Дунёда абадий қолиш имкони бўлганида пайғамбарлар, авлиёлар ёки табиблар қолган бўларди. Азроил алайҳис саломнинг камонида сон-саноқсиз ёйлар мавжуд бўлиб, ҳар бирида бир инсоннинг номи битилган. Отилган ўқ нишонга тегмасдан қолмас. Бугун адашса, эрта-индин тегиши муқаррар. 
Хабарларда келишича дунё Азроил алайҳис саломнинг олдида кишига ёзилган дастурхондек ёзилиб турар экан. Киши ундан хоҳлаган нарсасини танаввул қилганидек, ўлим фариштаси ҳам хоҳлаганини, хоҳлаган вақтда қўл чўзиб олаверади.
Вафот этишдан қўрқиб эмас, бандачилик қилолмаётганига йиғлаган киши – бахтиёр киши. “Тирикликдан мурод – бандалик қилиш, бандалик қилмасдан яшаш шармандаликдир”, деган ибора нақадар ҳақ. 
Ўлим, тобут, жаноза, дафн – ибрат. Умр саналган нафасдан иборат. Нафаснинг адади яратгандан бошқага номаълум. 
Устозлардан бири шундай деганди: “Эй ғофил банда, кўзингни оч. Бир куни Азроил билан учрашишинг рост. Тўплаган молу дунё ва барча яқинларингдан ажралиб, оппоқ кафанга ўралиб, тўрт оёқлик чўбин отда қабристонга бориб, туйнуксиз, чироқсиз хонада ётганингда Раббингнинг элчилари Мункар-Накирга берадиган жавобингни ўйла. Сендан ажралиб қолганлар бир муддат йиғлаб, қайғуриб, сўнгра унутишади. Сенга фақат қилган яхшилигинггина фойда беради. Ўрганган, ўргатган фойдали илминг ва қилган ибодатинг қабрингни чироқ бўлиб ёритади”.
Шохлари аршнинг тагига етиб борган бир улкан дарахт бўлиб, унинг ҳар бир баргига қиёматгача келадиган бандаларнинг исми бирма-бир ёзиб қўйилган. Кимнинг ажали келса исми ёзилган барг дарахтдан узилиб Азроилнинг қўлига келиб тушади. Азроил шу ҳужжат асосида келиб жонини олади. 
Пайғамбар алайҳис салом айтадилар: “Ҳар куни икки фаришта: “Эй дунё аҳли! Ўлиш учун туғилдинглар, сизлар тиклаган иморатлар хароб бўлади. Барчангиз Раббингиз ҳузурида ҳисоб-китоб қилинасиз”, – деб нидо қилиб туришади”.   
Сулаймон алайҳис салом Яратгандан Азроилни дўст қилиб беришини илтимос қилиб сўрадилар. Тилак шаксиз бажарилди. Азроил дўстининг ёнига ҳар куни келиб турарди. Одатга кўра бир куни саройга келганида Сулаймон алайҳис салом билан бир одам суҳбатлашиб турганди. Азроил алайҳис салом у одамга қаттиқ тикилиб турдида, елка қисиб секингина чиқиб кетди. Меҳмон бундан қўрқиб:
– Эй Сулаймон, бу киши ким эди? – деб сўради. 
– Азроил, – деб жавоб бердилар. 
– Айтдим у менга қаттиқ назар солди. Жонимни олиш учун келган бўлса керак. Назаримда яна келадигандек туюлмоқда. Мен ҳали яшамоқчиман. Сиздан ягона илтимосим, шамолга амр этинг, мени узоқ Ҳинд диёрига олиб бориб ташласин.
Сулаймон алайҳис салом шамолга буюрган эдилар, шу заҳоти айтилган жойида муҳайё бўлди. 
Эртасига Азроил яна дўстининг зиёратига келганида ундан сўрадилар: 
– Кеча ёнимдаги меҳмонга нега қаттиқ тикилдинг, у бундан қўрқиб кетди?
– Ўзим ҳам тушунмадим. Менга унинг жонини ўша дақиқада Ҳинд диёрида олиш буюрилди. У эса Шомда, сизнинг ҳузурингизда эди. Итоат этиш учун елдек учиб Ҳинд диёрига бордим. Ёнимда ўша меҳмонингиз пайдо бўлди. Буйруққа итоат этиб, унинг жонини ўша ерда олдим.
Шубҳасиз, ўлим ҳеч нарсадан қўрқмайди. У раҳм-шафқат кутиб ўтирмайди. У келмасидан бурун солиҳ амаллар билан тайёргарлик кўрмоқ керак. Ўлим келганида жамланган нарса фойда беролмас. Касб қилган нарса қутқаролмас. 
Ҳадиси шарифларда ўлимни кўп эслаган кишининг эзгу амаллари кўпайиб, хатолари камайиб боравериши айтилган. 
Бир киши Оиша онамизнинг ҳузурларига келиб: “Эй мўминлар онаси! Менда бағритошлик дарди бор. Сиздан унга даво истаб келдим”, – деб ёрдам сўради. Оиша онамиз унга: “Сенинг дардинг нақадар ёмон экан. Беморларни кўргани бор, жанозаларда иштирок эт, қабристонни зиёрат қил, бир дам бўлсада ажални унутма”, – деб жавоб бердилар. 
Умар ибн Абдулазиз айтади: “Узун орзуларга берилиб, ажалнинг яқинлашганини унутиб қўйманглар. Ундан қочиб қутулишнинг сира иложи йўқ”.
Пайғамбар алайҳис салом вафотлари олдидан умматга етарли васият қилганлари барчага бирдек маълум: “Сизларга икки эслатма қолдирдим. Бири нутқ қилувчи – Қуръон, иккинчиси сукут қилувчи – ўлим”. 
Бу ақлли кишилар учун улуғ эслатма. Фикр қиладиганларга ибрат. Кимдир куни кеча шу ҳаётда ёнимизда биз билан бирга яшаб турганди. Бугун эса унинг уйи – эшиги ва деразаси йўқ қоронғу макон. Ворислари меросини бўлиб олишга ҳам улгурди. Ажал биз томон жўнаган. Қачонлардир етиб келиши ҳақ. 
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларидаги айрим ғофилликни сезиб қолганларида масжид эшиги ёнида туриб: “Ўлимни унутманглар, ўлимни унутманглар”, – дея такрорлар эканлар. 
 Бизларни узун орзуларга берилиб яшаш алдаб қўймасин. Нафс амрига эргашиб, тегирмон тошидек айланиб ўз ўлжасини домига тортадиган ажални бир муддат бўлсада унутмайлик.
 
 
Эркин ҚУДРАТОВ
Мир Араб ўрта махсус ислом 
билим юрти мударриси
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:40
Куёш: 07:30
Пешин: 13:10
Аср: 15:55
Шом: 17:30
Хуфтон: 18:55
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram