ЮРТИМ БЎЙЛАБ БАҲОР ИФОРИ
21 март 2017 й.
1260 марта ўқилди.

 ЮРТИМ БЎЙЛАБ БАҲОР ИФОРИ

Форсий тилида янги кун ёки янгилиниш куни маъноларини англатувчи «Наврўз» сўзининг тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалади. Она замин узра баҳорий насим эса бошлади. Табиатда мўъжизавий уйғунлик кузатилмоқда, кечагина оппоқ қордан қадди-басти эгилган, қаҳратон совуқда дийдираган дов-дарахтлар бугун куртак ёза бошди.
Фасллар келинчаги — баҳорнинг ана шундай ҳусункор дамларида уйғонаётган табиатга боқиб, бугунги нурафшон кунларга, ҳаётнинг бебаҳо неъматларига соғ-саломат етишганимиз, жаннатмонанд юртимиз осойишталиги, осмонимиз мусаффолиги учун Яратганга шукроналар қиламиз ва ҳазрат Алишер Навоийнинг бетакрор сатрлари ёдга тушади:
Ҳар кунинг қадр ўлубон, 
Ҳар кунинг ўлсин Наврўз! 
Ҳар йили шу куни республиканинг барча вилоятларидаги ҳиёбон ва майдонларда байрам сайиллари ташкил қилинади, мафтункор тароналар оғушида бир неча кун мобайнида маҳаллаларда Наврўзга бағишланган тадбирлар ўтказилади, сумалак, ҳалим ва бошқа тансиқ таомлар пиширилади. Наврўз кунлари шаҳар ва туман ҳокимят раҳбарлари, маҳаллаларнинг фаоллари, хайр-эҳсон ташкилотлари, меҳрибонлик уйлари болалари, уруш ва меҳнат фахрийлари, ёлғиз кексалар ҳузурига ташриф буюриб, уларни қутлаб, совға-саломлар улашади. Қадим асрлардан буён урфга айланган ҳашар ишлари юртимиз бўйлаб жорий йилнинг 11-12-март кунлари ўтказилган «Умумхалқ хайрия ҳашари» ҳам фикримиз исботи бўла олади. Доно халқимизда «Ҳашар ҳашардан ризқинг унар» ибораси ҳашар орқали экилган ниҳол бир неча йил ичида мевали дарахт кўкка бўй чўзиб инсон ва табиатга беқиёс, бебаҳо кислород ишлаб чиқариши билан ҳамда мева бериб, эккан инсон хаққига илиқ фикрлар айтишга сабаб бўлади. 
Наврўз байрамини нафақат бизнинг юртимизда балки Эрон, Афғонистон, Ироқ, Сурия, Озарбайжон, Баҳрайн, Ливан, Покистон, Ҳиндистон, Тожикистон, Албания, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия, Туркманистон ва бир қанча мамлакатлар нишонлашлари бу байрам умумжаҳон миқёсидаги байрамлар сирасига киришини кўришимиз мумкин.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай мархамат қилади:
«Эй иймон келтирганлар! Ёппасига тинчлик ишига курашингиз»...! (Бақара сураси 208-оят). 
Яна бир ояти каримада шундай мархамат қилинади: 
«Унда покланишни хуш кўрадиган кишилар бор. Аллоҳ эса покланувчиларни севар». (Тавба сураси 108-оят).
Юқоридаги оятлардан кўриниб турибдики динимизда инсонларнинг ҳамма соҳаларда тоза, озода, покиза бўлишларига алоҳида эътибор берилган. Зеро ҳар тамонлама покиза инсондан ифлослик, разиллик чиқмайди, поклик яхши инсоннинг кўзгусидир. Поклик ва озодалик даражасини қуйидаги ҳадиси шарифдан ҳам яхши билишимиз мумкин.
 Омир ибн Саъд ибн Абу Ваққосдан, у эса отасидан ривоят қилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Албатта Аллоҳ мулойимдир, мулойимликни севади, покизадир, покизаликни севади, карамлидир, карамлиликни севади, ўта сахийдир, ўта сахийликни севади» (Термизий, Баззор ва Абу Яъло ривояти).
Йилдан-йилга турмушимиз обод, ҳаётимиз фаровон, бозорларимизда тўкинлик ва мўл-кўлчилик кундан кунга фаровонлик юксалиб бормоқда. Халқ фаровонлиги тушунчаси Ватан равнақи ва юрт тинчлиги деган маъно-мазмунлар билан мужассам бўлиб кетган. Таъкидлаш жоизки, юртни ҳар томонлама обод қилиш унга бўлган муҳаббат билан бошланади. Ватанга муҳаббат, бу баландпарвоз сўз эмас! Ватанга муҳаббат – бахт топган остонангиз – оилангизга, сизни элу юртга қўшган урф-одатлар, удумлар миллий қадриятларга, сиз югуриб ўсган тупроқ, отангиз эккан ва сиз билан бирга улғайган дарахт, онангиз тебратган бешикка бўлган муҳаббатдир. Фақат буни ҳис қила билиш керак, холос.
Аллоҳ таоло барчаларимизни юртимиз ободлиги йўлида ўз ҳиссамизни қўшадиган, умримиз давомида поклик ва тоззалик ишларини адо этишда, Ўзига бандалик қилишга ҳамиша муяссар айласин.
Садриддин АБДУРАШИДОВ 
Олмазор тумани бош имом-хатиби
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:50
Куёш: 06:30
Пешин: 13:10
Аср: 17:00
Шом: 18:50
Хуфтон: 20:20
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram