БАХТЛИ ОИЛАМИЗ
17 июн 2019 й.
284 марта ўқилди.

 
БАХТЛИ ОИЛАМИЗ

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримизга салавот ва саломлар бўлсин!
Оила муқаддас, уни асраб авайлаш ҳар бир мусулмоннинг вазифасидир. Эр-хотин фикр ва ва хулқ-атворда бир хил бўлмаслиги, шунга асосан улар ўртасида баъзи келишмовчиликлар бўлиб туриши табиий. Бироқ ёмон хулқ сабабли бўладиган келишмовчиликлар давомий бўлиб қолиши жуда ҳам хатарли. Мутахассисларнинг фикрича, баъзи аёллар жуда ҳам сабрли ва босиқ бўлади. Улар бу феъллари билан эр-хотин ўртасида бўладиган муаммоларга осон ва чиройли ечим топа оладилар. 
Баъзи аёллар эса сабрдан кейин туғилган бўлишади,  ҳаётдаги оддий нарсалар ҳам улар учун катта муаммога айланади. Бора-бора бу муаммолар эр-хотин ажрашиши билан якун топади. Бугунги мақоламизда муҳтарама опа-сингилларимиз учун эр-хотин муносабатларини мустаҳкамлашда керакли бўлган насиҳатларни айтиб ўтмоқчимиз.
Эрингизнинг турмуш-тарзи ва топим-тутумидан шикоят қилавериш яхши оқибатларга олиб келмайди. Бироз қаноатли бўлинг, эрингиз олиб келган нарсалар учун ундан миннатдор бўлинг. Шуни унутманг, эрига ношукрлик қилиш кишининг дўзахга киришига сабаб бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан дўзахийларнинг аксари аёллар бўлишининг сабаби ҳақида сўралганида бунинг сабаби улар эрларига кўп ношукрлик қилишлари, доим эрларидан шикоят қилишлари эканини баён қилганлар. Шундай экан бу ишдан қаттиқ эҳтиёт бўлинг, зеро, бу ишнинг оқибати дунёда ҳам, охиратда ҳам яхшилик билан тугамайди. Бу билан эр доим ҳақли бўлади, демоқчи эмасмиз. Тўғри, баъзи эркаклар аёлларининг ҳақ-ҳуқуқларига риоя қилмайдилар. Агар эрингиз сизнинг ҳаққингизни адо этмаётган бўлса, унда эҳтиёжингизни айтишдан олдин унинг мақтовга лойиқ сифатларини айтинг, кейин эҳтиёжингизни айтинг. Эрингиз сизнинг ҳаққингизни адо қилмаётгани унинг қилган яхшиликларини инкор қилишингизга сабаб бўлмасин.
Оиладаги сирлар омонат ҳисобланади, сиз уларни сақлашингиз керак. Бу сирларни сақламаслигингиз эрингизнинг сизга бўлган ишончини йўқотади. Асло ва асло эр-хотин ўртасидаги гап-сўзлар дугоналарингиз билан бўладиган ҳангоманинг кўркига айланмасин. Шуни аниқ билингки, сиз сақлай олмаган бу сирни қўшингиз ёки дугонагиз сақлай олмаслиги тайин. Умома бинти Ҳорис қизига насиҳат қилиб: “Агар унинг (яъни эрингнинг) сирини фош қилсанг, сенга хиёнат қилиши тайин” – деган экан. Аллоҳ таоло солиҳа аёллар ҳақида нима деганига бир қулоқ тутинг: “Ҳақиқий солиҳа аёллар Аллоҳ ва Расулига итоатли, эрлари йўқлигида ҳам Аллоҳнинг ҳифзу ҳимояси ила сақлаш керак бўлган нарсаларни сақлайдилар” (Нисо: 34). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам солиҳа аёллар ҳақида шундай деганлар: “Энг яхши аёл – қарасанг сени хурсанд қиладиган, буюрсанг сенга итоат қиладиган, йўқлигингда иффати ва молу мулкингни сақлайдиган аёл” – деганлар (“Саҳиҳул жомеъ” (3299)).

Эрингизга доим унинг ёнида ўзингизни хотиржам ҳис қилишингизни, унга қанчалар ишонишингизни, ундан ажралишни асло хоҳламаслигингизни ҳис қилдиринг. Унинг қилган ишлари ёки сотиб олган нарсаларини ерга урманг. Ҳеч қачон унинг ўзини ёки касбини ҳақорат қилманг. Бу ишлар эр-хотин ўртасида меҳр-муҳаббат йўқолишига сабаб бўлади.
Эрингизнинг сизга беэътиборлигини, қаршингизда умуман ҳис туйғуси йўқ инсондек туришини ёхуд унинг ҳис-туйғуларидан қалбингиз сиқилишини зинҳор ва зинҳор унинг ўзига сездирманг. Чунки, эркакдаги қайсарлик уни янада ўзини сиздан тортишга чорлайди. Бундай ҳолатларда унинг умуман беэътибор қилган ишларини мақташга ҳаракат қилинг.
Эрингиз сизни асраб-авайлаб юрган бу диндор эрдан жуда ҳам мамнун эканингизни, у билан ўзингизни дунёдаги энг бахтли инсон деб ҳис қилишингизни унга билдиринг.
                  
  Когон шаҳар "Шом" жомеъ

  масжиди имом хатиби Болтаев Дилшод 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 07:05
Куёш: 07:58
Пешин: 13:10
Аср: 16:15
Шом: 17:55
Хуфтон: 19:20
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram