Беморни бориб кўриш – мусулмоннинг мусулмондаги ҳаққи
19 июл 2019 й.
68 марта ўқилди.

 

Беморни бориб кўриш – мусулмоннинг мусулмондаги ҳаққи

Касал кўриш савоби улуғ фазилатли амаллардандир. Барро розияллоҳу анҳу:

«أمرنا رسول الله صلّى الله عليه وسلم باتباع الجنائز وعيادة المريض»

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларни жанозага қатнашиш ва касални бориб кўришга буюрдилар”, дедилар.

Имом Термизий, касал кўришнинг нақадар савобли амал экани ҳақида Али розияллоҳу анҳудан қуйидаги ривоятни келтирадилар: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«مَا مِنْ مُسْلِمٍ يَعُودُ مُسْلِمًا غُدْوَةً إِلاَّ صَلَّى عَلَيْهِ سَبْعُونَ أَلْفَ مَلَكٍ حَتَّى يُمْسِىَ وَإِنْ عَادَهُ عَشِيَّةً إِلاَّ صَلَّى عَلَيْهِ سَبْعُونَ أَلْفَ مَلَكٍ حَتَّى يُصْبِحَ وَكَانَ لَهُ خَرِيفٌ فِى الْجَنَّةِ»

“Қайси бир мусулмон, мусулмон биродари касал бўлганида эрталаб бориб кўрса, ҳатто кеч киргунга қадар унга етмиш минг фаришта саловат айтиб туради. Агар (қайси бир мусулмон) мусулмон биродари касал бўлганида кечаси бориб кўрса, ҳатто тонг отгунича унга етмиш минг фаришта саловат айтиб туради ва у учун жаннатда бир бўстон бўлади”, дедилар.

Касал кўришга борган шахс, касални ҳолатини ҳисобга олмоқлиги, унинг олдида ўзоқ қолиб кетмаслиги, унга озор берадиган нарсалардан эҳтиёт бўлмоғи, шу билан бирга унинг кўнглига уни хурсанд қиладиган манзур сўзларни айтиб, тавбага тарғиб қилиши ва Аллоҳ таолодан уни тезроқ соғайиб кетишини сўраб дуо қилмоғи лозим.

Чунки озгина эътибор ва меҳр, касални тезроқ оёққа туришига сабаб бўлиши мумкин. Касал кўришга келган киши илм аҳлидан бўлса, касалнинг рухсати билан унга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қилганлари сингари дам солиб қўйиши ҳам жоиз.

Агар касал ўта оғирлашиб қолмаган бўлса, қуйидаги ривоятга кўра “Улуғ Аршнинг Робби, Улуғ Аллоҳдан сенга шифо беришини сўрайман”, дея етти марта айтиш мустаҳабдир.

أن النبي صلّى الله عليه وسلم قال: «من عاد مريضاً لم يحضره أجله، فقال عنده سبع مرات: أسأل الله العظيم رب العرش العظيم أن يشفيك، عافاه الله تعالى من ذلك المرض»

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимда ким касал кўришга борса ва унинг ажали ҳозир бўлмаган бўлса, унинг ҳузурида етти марта: “Улуғ Аршнинг Робби, Улуғ Аллоҳдан сенга шифо беришини сўрайман”, деса, Аллоҳ таоло унга ўша касалидан шифо беради”, дедилар.

Абу Дардо ва Абу Зарр розиялоҳу анҳумодан қилинган ривоятга кўра, бемор ҳузурида Қуръон оятларини тиловат қилишликда беморга енгиллик бўлиши ҳақида айтилган.

قال رسول الله صَلّى الله عَلَيْهِ وَسَلّم: «ما من ميت يموت فيقرأ عنده يس إلا هوّن الله عليه»

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Қайси бир маййит (яъни, Муҳтазар — ўлим аломатлари зоҳир бўлган, аммо, жони танани тарк этмаган кимса) вафот топадиган бўлса-ю, бас, унинг ҳузурида “Ёсин” тиловат қилинса, Аллоҳ унга енгиллик беради”.

Абу Шайх “Фазоилул Қуръон” ва Абу Бакр Марвазий “Жаноиз” китобида Ибн Аббос розияллоҳу анҳу Роъд сурасини ўқишни яхши кўрганларини ва бу маййитдан енгиллик бўлиши ҳақида айтганларини зикр қилганлар. Шаъбий эса: “Ансорлар майит ҳузурида "Бақара" сурасини тиловат қилишни яхши кўришларини айтган”.

Бундан ташқари “Фотиҳа, Ихлос, Фалақ ва Нас” сураларини ўқиш ҳам мустаҳабдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам касал ҳузурига кирсалар: “Зарари йўқ, иншааллоҳ (гуноҳлардан покловчи ва хатоларга каффорот) покизалик”, дердилар.

Касал инсон ҳам ўзига етган дардга сабр қилиши ва бу касаллик сабабидан Аллоҳ таоло уни гуноҳлардан поклаб, даражасини кўтаришини умид қилмоғи лозим.

Юқоридаги ҳадиси шарифнинг тўлиғи қуйидагича келтирилган. Албатта бунда барчаларимиз учун гўзал ибрат бор. Зеро, яхши сўзларни айтиш ва яхши гумонда бўлиш, мўминларнинг гўзал сифатларидир.


Когон шаҳар “Шом” жомеъ масжиди
имом хатиби Д.Болтаев
 

 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:15
Куёш: 06:01
Пешин: 13:10
Аср: 17:50
Шом: 19:40
Хуфтон: 21:05
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram