БЕШИКДАН ҚАБРГАЧА ИЛМ ИЗЛА
16 май 2017 й.
101 марта ўқилди.

 “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўладиларми?”

 (Фотир сураси -28)
БЕШИКДАН ҚАБРГАЧА ИЛМ ИЗЛА
Алҳамдулиллаҳ вассолату вассаламу аъла росулиллаҳ.
Бизларни пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга уммат қилган Аллоҳга беадад ҳамду саноларимиз бўлсин. Аллоҳ бу умматни ўрта уммат қилганини Ўзининг каломида билдирган. Бизлар ўрта уммат сифатида ишларимизнинг мўътадил бўлишига, амалларимиздан фақат ислоҳ кўзланишига буюрилганмиз. 
Бугунги ахборотлар хуружи турли оқим ва мазҳабпарастларнинг бузғунчи ғоялари кўпайган бир вақтда ёшларимиз онгида соф ислом таълимотини шакллантириш, уларни турли ёт ғояларга қарши курашишни ўргатиш биринчи галдаги вазифаларимиздан бўлиб қолмоқда. Ислом дини ниқоби остида ҳаракат қилаётган радикал бузғунчи оқимлар, уларга тарғиб қилувчи миссионерлар фаолиятидан барчани огоҳ қилмоқ бурчимиз ҳисобланади. Албатта бу йўлда тўғри исломий тушунча ва билимларни тарқатиш ва шу билан ёшлар онгида мафкуравий имунитет яратиш давлатимиз олдидаги муҳим вазифалардан саналади. Бу ишда эса ёшларга таълим берувчи малакали кадрлар етиштириб чиқариш бош мақсад ҳисобланади.
Шу муносабат билан юртимиздаги энг нуфузли билим юртлардан бири Тошкент ислом университети ходимларидан ташкил топган гуруҳ вилоятимизга ташриф буюриб турибди. Вилоятимизда бу борада олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини кучайтириш мақсадида Тошкент ислом университети томонидан Бухоро вилояти педагог кадрлари учун 1746 дона китоб тақдим этилди, жумладан:  Диний экстремиз ва терроризмга қарши курашнингмаънавий-маърифий асосларига оид 582 дона китоб, миссионерликнинг моҳияти, мақсадлари, оқибатлари ва уни олдини олиш йўлларига оид (юз саволга юз жавоб тарзида) 582 дона китоб, ислом ниқоби остидаги экстремистик ва террорчи уюшмалар(маълумотлар тўплами)га оид 582 дона китоб.
Тошкент ислом университети декани З. Рўзиев, бўлим бошлиғи Ш. Акмалов, илмий ходим Н. Мукаррамхонов ва исломшунослик илмий тадқиқот маркази директори Ж. Низомиддиновлар жойларда ўз маърузалари билан иштирок этдилар.
Исломшунослик илмий тадқиқот маркази директори Жасур Низомиддинов “Ахборот истеъмоли маданияти. Интернет орқали тарқатилаётган диний маълумотларнинг ўзига хос жиҳатлари, ижтимоий тармоқлар диний экстремистик ғояларнинг тарқибот воситаси сифатида.” ҳамда “Миссионерлик ва прозелитизм, унинг Ўзбекистон шароитидаги кўринишлари, салбий оқибатлари ва олдини олиш бўйича қонуний имкониятлар ва тавсиялар” мавзуларида маъруза қилдилар. Ш. Акмалов “Диннинг сиёсийлашув жараёнлари. Дин ниқоби остидаги геосиёсат, диний ва миллий низолар”, “Марказий Осиёдаги диний жараёнлар. Меҳнат мигрантларининг диний экстремистик ва террорчи ташкилотларга жалб этилиши” мавзуларида, илмий ходим О. Сарсенбаев “Ислом дини, оқим ва мазҳаблари, уларнинг пайдо бўлиш сабаблари ва ривожланиши”, “Ислом таълимотининг ривожланиши, фиқҳий мактаблар. Ўрта асрларда Шарқ мусулмон оламида илм фан тараққиётида исломнинг ўрни” мавзуларида маърузалар қилдилар. Диннинг моҳияти ва унинг жамиятдаги ўрни, бугунги кундаги жаҳон ва миллий динлар тўғрисидаги тушунчаларга изоҳлар берилди. Марказий Осиёда қадимдан мавжуд динлар тарихи ва уларнинг ҳозирдаги кўриниши ҳақида маърузалар қилинди. Ўн тўрт мавзудан иборат бу ўқув дастури вилоятимиз кадрлари учун энг зарур дарслардан бўлди ва бунда бугунги кундаги дин билан боғлиқ мавжуд муаммо ва уларнинг ечимлари хусусида уларга қай тарзда ёндашиш хусусида керакли маълумотлар берилди.
Тингловчилар бу ўқув семинари аъло даражада ташкил этилганлигини, келган ўқитувчиларнинг юксак илмий салоҳиятини эътироф этган ҳолда ташкилотчилардан миннатдор эканликларини хурсандчилик билан тилга олишди.
 Бухоро вилояти Шофиркон туман 3-ИДУМ тарих фани ўқитувчиси Қаюмов Элёр Тошкент ислом университети илмий ходими О. Сарсенбаевнинг экстремистик гуруҳларнинг пайдо бўлиш сабабларининг асоси сиёсий иқтисодий таназзул ва бетартибликни вужудга келтириш орқали давлатларни инқирозга учратиши борасидаги фикрлари жуда фойдали бўлганини эътироф этди.
Бухоро вилояти Қоракўл тумани 21-мактаб тарих фани ўқитувчиси Ҳайитова Эътибор Тошкент ислом университети илмий ходими Н. Мукаррамхоновнинг маърузасидан янги маълумотлар олганини, жумладан баъзи диний тушунчаларга хусусан халифалик, такфир тушунчаларининг экстремистик оқимлар томонидан бузиб талқин этилаётгани билиб олганини айтди. Шу маърузанинг айни муддао бўлганини таъкидлаган Бухоро вилояти Шофиркон тумани 47-мактаб тарих фани ўқитувчиси жиҳодга берилган Қуръон ва ҳадис асосидаги таърифлар ўқитувчилар учун бу мавзуларни тушунтиришда яхши манба бўлганини айтди.
Бухоро вилояти Ғиждувон тумани 42-мактаб тарих ўқитувчиси Умаров Рафиқ Тошкент ислом университети ички назорат бўлими бошлиғи Л. Абдуқодировнинг “Чор Россияси даврида динга муносабат” маърузаси хусусида бу мавзуларни аввалдан яхши билишини лекин бугунги кундаги дин борасида эришилган ютуқлар ва берилган кенг имкониятлар тўғрисида асосли маълумотлар олганини билдирди.
Тингловчилардан яна бири Бухоро вилояти Пешку тумани 3-мактаб диншунослик ўқитувчиси Турсунова Махфуза Тошкент ислом университети исломшунослик илмий тадқиқот маркази директори Ж. Нажмиддиновнинг маърузасидан ижтимой тармоқлардаги бузғунчи сайтлар мисол учун фейсбук тармоғидаги “Сарой муллалари” каби сайтларнинг фитналари ҳақида ва уз доменида бўлмаган турли ўзбекча динни тарғиб қилувчи хатарли сайтлар ҳақида маълумот олганини айтди.
Маърузаларга қулоқ солган шу ва бошқа тингловчилар маъруза қилувчи ўқитувчилардан жуда кўп фойдали маълумотлар олишганини ва бу ўқув семинарига малакали ўқитувчиларнинг жалб қилинганини ва ҳозиргача ташкил қилинган ўқув семинарлари ичида энг фойдалиси бўлганини айтиб ўтишди. 
Кўпчилик ушбу турдаги ўқув семинарлари вақти-вақти билан ташкиллаштирилиб турилиши ва мутахасисларнинг келиб янги чиқаётган турли хавфли ғоя ва оқимлар интернет сайтлари тўғрисида маълумот алмашиб турилишини кадрлар учун манфаатли бўлишини эътироф этди.
Олимларга ватан бўлган жонажон Бухоромиздан яна уни дунёга танитадиган олимлар чиқаришини Аллоҳдан сўраб қоламиз.
 
                                                                                                             Бухоро шаҳри бош имом-хатиби
                                                                                        “Файзобод”  жомеъ масжиди имом-хатиби                                                                                                                              Отабек Авезов.
 

 

«орқага