Бидъатнинг икки кўриниши
18 октябр 2015 й.
1632 марта ўқилди.

Бидъатнинг икки кўриниши
 
Яратганга шукроналар бўлсинки, жамият йилдан-йилга тараққийлашиб, илм-фаннинг турли жабҳалари кашф этилмоқда. Инсонларга ҳар томонлама қулайликлар яратилди. Аждодларимизнинг бошқа тилларда, жумладан араб тилида яратилган асарлари ўзбек тилига таржима қилиниб, юртдошларимиз ундан баҳраманд бўлмоқда. Ёшларимиз ўзларининг салоҳиятларини дунёга танитиб, ким аслида ким эканлигини намоён қилишда давом этмоқда. Буларнинг барчаси қувонарли ҳол. Ундан завқланмаслик мумкин эмас. 
Аммо, ҳар нарса меъёрида бўлгани яхши. Кўз қўяман деб, қош чиқариш, инсонлар онгида турли бидъатларни пайдо қилиш, шу орқали мўмай даромад олишни кўзлаш, турли сафсаталарни ўйлаб топиш, фитна чиқариш, одамларга буни диний ёки аслий урф деб ташвиқот қилиш ярашмайдиган ҳол, албатта.
Иброҳим ибн Майсарадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай дедилар: “Бидъатчини улуғлаган киши исломнинг бузилишига ёрдам берибди”. (Байҳақий ривояти) 
Ҳақиқатан ҳам, бидъат нақадар ёмон иллат. Унинг яқинига ҳам йўламаслик зарур. Турли бидъатлар туфайли кўплаб хонадонларда, кишилар орасида зиддиятлар чиқиб тургани ҳеч кимга сир эмас. Бидъатни ҳақиқатдан устун қўядиганлар, ўз ҳаёт низомларини бидъат асосида олиб борадиганлар ҳам йўқ эмас.
Бугунги кунда айрим кимсаларнинг илмсизлик туфайли жамиятдаги баъзи янгилик ва ихтироларни бидъат дейишгача борганларининг гувоҳи бўлмоқдамиз. Бу, албатта, ачинарли ҳол. Ана ўша кимсалар мазҳаблар динга ҳеч бир алоқаси йўқ, динда тасодифан пайдо бўлган бидъат, дейишгача бориб етдилар. Гўё мазҳаббошилар расулуллоҳнинг шариатларига рақобатчилар бўлиб, ишлари кишиларнинг онгини расулуллоҳнинг шариатларидан буриб, ўз мазҳабларига қаратиш бўлган эмиш. Бу каби кимсалар аслида мазҳаб имомлари асрлар оша мусулмонларга Ислом динининг аҳкомларини тўғри кўрсатиб, Қуръон ва ҳадисга амал қилиш йўлларини енгиллаштириб, ўз фатволари билан ўша даврда ечими топилмаётган масалаларнинг ечимини топиш, фикрлар чалкашлигини яхлитлаш ҳамда фирқаланишнинг олдини олишда жонбозлик кўрсатишганини билмайдиларми? 
Аслида бидъатнинг нималиги ва унинг моҳиятини англаган киши бу каби фикрлардан йироқда бўлиши табиий.
 
عنْ عائشةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قالتْ: قَالَ رسولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: مَنْ أَحْدَثَ في أَمْرِنا هَذا ما لَيس مِنهُ فَهو رَدٌّ.رَواهُ البُخارِيُّ 
 
Оишадан (розияллоҳу анҳо) ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай деганлар: “Ким бизнинг бу ишимизда мумкин бўлмаган янгилик пайдо қилса, у рад этилгандир”. (Муслим ва Бухорий ривояти) 
Ушбу ҳадис ҳам “Амаллар ният биландир...” ҳадиси каби исломнинг улуғ қоидасидир. Ниятлар турлича бўлгани каби, амаллар ҳам турлича бўлиши мумкин. Ҳар қандай амалда яратганнинг розилиги талаб этилмас экан, уни бажарувчига ҳеч қандай савоб йўқ. Аллоҳ ва пайғамбарининг амрига зид бўлган ҳар қандай иш шариатда ҳам жамиятда ҳам рад этилган. Бу амални бажарган киши гуноҳкор бўлади. Динда Аллоҳ ва расули рухсат бермаган амалларни пайдо қилувчига динда ҳеч қандай насиба йўқ. 
Чунки Ирбоз ибн Сориядан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадисда пайғамбар алайҳис салом айтадилар: “Мендан кейин яшаганлар кўп ихтилофларни кўради. Сизлар менинг ва мендан кейинги ҳидоят топган ўринбосарларимнинг йўлини тутинглар. Унга маҳкам ёпишинглар. Амалларга янгилик киритишдан сақланинг. Янги киритилган нарса бидъат, бидъат эса залолатдир”. (Термизий ривояти)
Жобирдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) марҳамат қилдилар: “Сўзларнинг яхшиси Аллоҳнинг сўзи, йўлнинг яхшиси Муҳаммаднинг йўли, ишларнинг ёмони янгидан пайдо бўлганидир. Бидъат эса залолатдир”. (Муслим ривояти)
Демак, шариат аҳкомларига қарши келадиган бирорта ишга рухсат берилмаган. Агар амал Аллоҳ ва расулининг амрига мувофиқ бўлсагина мумкин. Шундагина уни бажарувчи савобга эга бўлади. 
Бу ҳадисда “урватул вусқо”ни – мустаҳкам арқонни маҳкам ушлашга тарғиб қилинмоқда. Ҳар бир мусулмон ўзининг йўлини улуғ қоида асосида қуриши лозимлиги ишора қилинмоқда. Бунда эътиқодий, қавлий ва феълий бидъатлардан сақланишга ундовлар мавжуд.
Ҳадисдаги “пайдо қилса”дан мурод, Ислом динида мумкин бўлмаган амаллардан бирини ихтиро қилса, янгилик киритса, бидъат пайдо қилса, деганидир.
Негаки, ислом расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) даврларидаёқ мукаммаллик касб этган. Моида сурасининг 3-оятида бу ҳақда батафсил маълумот бериб ўтилган. У мукаммаллик борасида ниҳоясига етган. Бутун дунёга тарқалган, китоблар ёзилган, унга асрлар оша амал қилинмоқда. Унинг бирор жабҳаси ҳеч кимга махфий қолмади. Энди унга бирор мумкин бўлмаган нарса пайдо қилиш мусулмонлар орасида тушунмовчилик ва фитна келтириб чиқариши тайин. Фитна чиқариш эса ўлдиришдан-да ёмонроқлиги Қуръони карим ояти ила собит бўлган. Мукаммал нарсани тўлдирмоқчи ёки унга зиёда қилмоқчи бўлиш фикр ноқислигидан далолат. Чунки дин фикрлар асосида эмас оят, ҳадис ва аҳкомлар асосида барпо бўлган. 
Ҳадисдаги “Аллоҳ ва расулининг амри”дан мурод, дин ва шариатдир. Аслида барча иш шариат аҳкомлари асосида бўлиши талаб этилади. 
Биз ҳадисдаги “Ким бизнинг бу ишимизда мумкин бўлмаган янгилик пайдо қилса, у рад этилгандир”, жумласига эътибор берсак, мумкин бўлган бидъатлар ҳам борлиги ва уни пайдо қилиш ман этилмаганлигининг гувоҳи бўламиз.
Уламоларнинг сўзларига қараганда бидъатлар икки хил бўлади: яхши бидъат, ёмон бидъат. Бу араб тилида “бидъати ҳасана” (“яхши бидъат”), “бидъати саййиа” (“ёмон бидъат”) дейилади.
Шундан келиб чиқиб, яхши бидъатларни пайдо қилиш ва унга амал қилиш вожиб саналади. Аллоҳ ва расулининг каломини яхши тушуниш учун наҳв илми қоидаларини билиш зарур. Ўтган машойихларимиз томонидан усули ҳадис ва усули фиқҳ қоидалари тартибга солинди. Қуръони каримни яхши англашимиз учун Тафсир китоблар ёзилди, араб тили қоидалари ишлаб чиқилди. Фиқҳий қоидалар ёритилди, Имом Бухорий каби муҳаддислар ҳадисларни тўплашди....
Абу Бакр ва Умар (розияллоҳу анҳумо) Қуръонни жамлашди. Зайд (розияллоҳу анҳу) сураларни Мусҳафга ёздилар. Усмон (розияллоҳу анҳу) уни китоб ҳолатига келтирдилар. 
Умар (розияллоҳу анҳу) рамазон таровеҳини жорий этиб: “Бу қандаям яхши бидъат бўлди”, – деган эканлар. 
Ҳазрати Усмон (розияллоҳу анҳу) Завро деган жойда намозхонларнинг кўплигини инобатга олган ҳолда жумъа намозининг аввалги азонини зиёда қилиб, ўзларининг яхши бидъатни пайдо қилганликларини айтганлар. 
Аслида буларнинг бирортаси пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) замонларида бўлмагани ойдек равшан. Буларнинг бари ижтиҳод орқали, мўмин-мусулмонларнинг манфаати учун жорий этилган. 
Бугунги кунда ҳам илм даргоҳлари қуриш, масжиду мадрасаларни таъмирлаш, мактаблар очиш, тарихий обидаларни тиклаш, юрт ободончилиги борасида хайрли ишларни амалга ошириш нақадар фазилат. Булар садақаи жория саналиб, инсон вафотидан кейин ҳам унга савоби етиб турадиган амаллардандир. Янги пайдо қилинган амаллар оят ва ҳадисга хилоф бўлсагина рад этилган. Зид бўлмаса рад этилмаган, балки, қилган кишилар савоб олади. 
Ибн Масъуддан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Мусулмонлар иттифоқ бўлиб яхши санашган бидъат, Аллоҳ наздида ҳам яхшидир”, – деганлар.
Аслида бизга шу ҳадиснинг ўзи ҳам кифоя қиларди. Яхши бидъатларни пайдо қилишга расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ўзлари рухсат бермоқдалар. 
Билол ибн Ҳорисдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадиси шарифда: “Ким Аллоҳ ва расули рози бўлмайдиган бидъатни пайдо қилса...” – дейилган. (Термизий ривояти)
Ибн Умар (розияллоҳу анҳу) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Аллоҳ таоло умматимни залолатда бирлаштирмайди...”, – дедилар. (Термизий ривояти)
Инсон – ақлли мавжудот. У ҳар нарсага кўр-кўрона ишониб, эргашиб кетавермайди. Яхши бидъатни ёмон бидъатдан ажрата олади. Ёмон бидъатларни пайдо қилаётганларни қайтариб, яхши бидъатларни пайдо қилаётганларга ёрдам беришга ошиқади. Фақат ҳақиқатнигина тан олади. Бу борада ҳақиқат нима?
Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) айтадилар: “Ким Аллоҳнинг китобига эргашса, дунё ва охиратда залолатга кетмайди ва бахтсизлардан ҳам бўлмайди”. (Разин ривояти)
Аллоҳ юртимизни тинч, қалбимизни обод, фикримизни соф, эътиқодимизни мустаҳкам, фарзандларимизни соғлом, келажагимизни фаровон айласин.
 
Эркин ҚУДРАТОВ
Мир Араб ўрта махсус ислом 
билим юрти мударриси
 

 

 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:30
Куёш: 05:15
Пешин: 13:10
Аср: 18:30
Шом: 20:10
Хуфтон: 21:45
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram