Бир ҳадис шарҳи..
12 март 2016 й.
1290 марта ўқилди.

 Бир ҳадис шарҳи...

 
"Икки мусулмон қўлларида қиличлари билан тўқнашсалар, урушсалар бири иккинчисини ўлдирса, қотил ҳам мақтул ҳам дўзахга маҳкумдир".
 Бугунги энг гўзал ва тинч замонамизнинг, эртанги нурафшон келажагимизнинг мустаҳкам пойдевори бу - ҳамжиҳатликдир. Дарҳақиқат, 130 дан ортиқ миллатни ўзининг оташданда кучли меҳри ила бағрида ўстириб, камол топтирган Ватанимиз, миллати бошқа бўлса ҳам, меҳри ягона халқимиз бундай беназир неъмат устидадир.  Аммо халқимизнинг бой маънавий мероси бўлмиш ибратларимизда "Беш қўл баробар эмас” деган ҳаётий хулоса борки, биз бу хулосани ўзимизнинг камтарона фикрларимиз, Пайғамбаримизнинг бебаҳо сўзлари билан таҳлил қилмоққа киришдик. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадиси шарифларида ислом дунёсидаги жамийки инсонлар, муслим ва муслималар учун қиёматгача башоратга  айланишга улгурган ҳикматни жо қилганлар. Хусусан, бу ҳадис бугунги глобаллашаётган замонамизнинг аср вабосиданда кучли, ҳам маънавий, ҳам иқтисодий "қора туйнукка" айланаётган терроризм  ҳақида эканлигига ҳаммамиз аминмиз. Мусулмон оламида қора доғ янглиғ бу бало ислом динининг ҳазин йўлига мисоли бир тикандек қадалмоқда. Эътибор бериб қарасак, аксарият уруш ҳаракатлари покизалик дининг ўчоқларида, шу диннинг ривожи камолоти учун машаққат чекилган заминларда давом етмоқда. Исломдек покизалик динини ўзининг қозонини қайнатиш учун нозик ифодалар ила булғаётган, динимиз ақидаларини ёт тушунчалар билан тарғиб қилаётган инсонлар, минг афсуслар бўлсинким, аслида мусулмонмикин?
Ислом зулмни қоралаб, меҳрни тарғиб қилувчи, динидан қатъий назар ҳамманинг Яратувчи зот олдида тенглигини уқтирувчи муқаддас диндир. Покиза динимиз энг олий мавжудод инсондан тортиб, заррадек ҳашаротга ҳам озор бермоқликдан қайтаради. Ҳаёт жараёнларининг бирор бир қатлами йўқки, динимиз уни назардан четда қолдирган бўлса. Сурия, Афғонистон, Покистон каби давлатларнинг бугунги асрда гуллаб яшнаш ўрнига аёвсиз жанг майдонларига айланаётгани, келажакни тутиб турувчи қўлчалар совуқ қурол билан безангани қанчалик мудҳиш ҳолат. Ахир мусулмонга озор бермоқликдан қайтаргучи динимизда бундай ақидалар қораланган. Жиҳод дея бонг урувчи бардавом овозлар халқ йўлида, дин йўлида янграганида қандай гўзал ҳолат бўлмасмиди?! Динимиз устуни Қуръони каримнинг илк оятларида дин учун жиҳод деб эмас, балки икки дунё учун ўқинг ("Иқро”)  деб даъват этилган. Ўз ақидаларини пешлаётган "мусулмонлар" илму ирфон марказлари,  мадраса-ю масжидлар мактабларга ўт қўйдилар. Бу очиқдан очиқ тангрининг динига исёндир. Оллоҳнинг уйига тенглаштирилган масжидларни портлатиб (Сурия воқеалари), дини ислом йўлида заҳмат чеккан олим-у фузалолар (Рамазон Бутий) қони билан ўз қўлини бўяётган инсонлар ҳисоб- китобли кунда бунинг ҳисобини қайси қилган иши билан ювади? Ҳадисда таъкидланганидек, биз бугунки кунда қотил бўлишдан  ҳам, мақтул бўлишдан ҳам сақланмоғимиз даркор ва бу ҳолатда жуда ҳушёр бўлмоғимиз керак. Чунки огоҳликка даъват  - давр талаби. Юртимиз тинчлиги, унинг тараққиёти ҳар бир ўзбекман деган инсоннинг буюк мақсади бўлиши шарт. Динимизнинг ҳар ақидаси,  ҳар бир бошлаётган йўлини мусулмонлар ўзининг ақл тарозисида ўлчаб кўрмоқлиги, маънавий бошлиқларни илм-у адаб билан бойитмоғи керак. Юртимизнинг энг мустаҳкам бирлиги- ҳамжиҳатлигини  янада оширмоғи  лозим. Зероки  "Ҳуббул ватани, минал иймани (Ватанни севмоқ иймондандир)" дея иймоннинг олий йўлини кўрсатиб берган ҳикматли сўзни асло ёдимиздан чиқармай Ватан учун жон куйдирувчи жон фидолардан бўлайлик, иншаоллоҳ!
 
 
 
Бухоро шаҳар “Хожа Исмат” 
жомеъ масжиди имом хотиби 
Гадоев Салоҳиддин
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:40
Куёш: 06:28
Пешин: 13:10
Аср: 17:10
Шом: 19:00
Хуфтон: 20:30
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram