Бир оят шарҳи хусусида
20 ноябр 2016 й.
1883 марта ўқилди.

Бир оят шарҳи хусусида
 
Алҳамдулиллаҳ вассолату вассаламу аъла росулиллаҳ, ва баъд.
Қуръонни бандалари учун раҳмат ва йўл кўрсатувчи нур ўлароқ нозил қилган Аллоҳ субҳанаҳу ва таъолога беадад ҳамду санолар бўлсин. Умматларига унинг маъноларини ва муҳкам муташобеҳ оятларини билдириб кетган пайғамбаримиз Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга саломлар бўлсин. Бизгача илмни етиб келишида ҳисса қўшган барча уламолардан Аллоҳ рози бўлсин.
 
Қуръони Карим Аллоҳдан Жаброил алайҳиссалом орқали Пайғамбаримиз сололлоҳу алайҳи ва салламга ва у кишидан саҳобаи киромларга сўнг тобеинларга ўтиши орқали бизгача етиб келган. Унинг маъноларини салафларимиз кўпроқ ва теранроқ тушунишганига ҳеч шубҳа йўқ. 
 
Ҳозирги кундаги дин душманларининг мўмин мусулмонларни кофирликда айблаши умуман динда йўқ ва бу адашганлар ақидаси эканлигида шубҳа йўқ. Мақоламизда маъноси ҳақида сўз борадиган оят бу Моида сурасининг 44-оятидир:
 
إِنَّا أَنزَلْنَا التَّوْرَاةَ فِيهَا هُدًى وَنُورٌ يَحْكُمُ بِهَا النَّبِيُّونَ الَّذِينَ أَسْلَمُواْ لِلَّذِينَ هَادُواْ وَالرَّبَّانِيُّونَ وَالأَحْبَارُ بِمَا اسْتُحْفِظُواْ مِن كِتَابِ اللّهِ وَكَانُواْ عَلَيْهِ شُهَدَاء فَلاَ تَخْشَوُاْ النَّاسَ وَاخْشَوْنِ وَلاَ تَشْتَرُواْ بِآيَاتِي ثَمَنًا قَلِيلاً وَمَن لَّمْ يَحْكُم بِمَا أَنزَلَ اللّهُ فَأُوْلَئِكَ هُمُ الْكَافِرُونَ 
 
"Дарвоқе, Биз Тавротни нозил этдик. Ундаги ҳидоят ва нур (аҳкомлар изоҳи) билан итоаткор набийлар, зоҳидлар ва уламолар яҳудий бўлганларга Аллоҳнинг Китобидан ёд олдирилган (билимлари)га биноан ҳукм баён этурлар. Ўзлари бунга гувоҳдирлар. Бас, (эй, ҳукм чиқарувчилар,) одамлардан қўрқмангиз, Мендан қўрқингиз ва Менинг оятларимни озгина баҳога алмаштирмангиз! Аллоҳ нозил қилган нарса (оятлар) билан ҳукм қилмаганлар, ана ўшалар кофирлардир".  
 
Оятда Аллоҳ барча илоҳий китоблар сингари Тавротни ҳам Ўзи туширганини ва пайғамбарлар ва уларга эргашган олимлар у асосида яҳудийларга ҳукм қилишини айтган. Бундан кўриниб турибдики Таврот яҳудийларга тушган ва фақат улар учун ҳукм чиқарувчи китоб саналган. Оят давомида ҳукм чиқаришда унинг оятларини шарҳлашда одамлардан қўрқмангиз ва ҳавои нафсга эргашиб бошқача ҳукм қилмангиз дейилмоқда ва шундай қилганларни оятларни озгина баҳога алмаштирганлар деб изоҳланмоқда. Давомида эса кимда ким Аллоҳ ҳукм сифатида туширган оятларини инкор қилса  кофир бўлиши айтилмоқда.
 
Ушбу Аллоҳнинг  “Аллоҳ нозил қилган нарса (оятлар) билан ҳукм қилмаганлар, ана ўшалар кофирлардир.” (Моида 44)  сўзини нотўғри тушуниш оқибатида бугунги кунда дунё фасодга тўлди десак муболаға бўлмайди. Бугунги кундаги хаворижлар яъни ИШИД нинг мусулмонларни қириб юборишдаги ва бошқа илми оз мусулмонларни ўзларига оғдиришларидаги асосий далили шу оятни нотўғри тушунишдан келиб чиқмоқда. Бу ислом душманлари Аллоҳнинг шу сўзини қурол қилиб олиб барча конституцион тузумдаги давлатларга  уруш эълон қилишмоқда. Уларнинг ҳукм чиқариш органлари, суд ҳокимияти ва барча раҳбарларини кофирга чиқариб оддий халқини жоҳиллар деб атамоқдалар. Аллоҳнинг  “Аллоҳ нозил қилган нарса (оятлар) билан ҳукм қилмаганлар, ана ўшалар кофирлардир.” (Моида 44)  сўзи хусусида ўз истакларига эргашиб дунё кўрмаган разилликларни қилмоқдалар ва илмсиз ёшларни “кофирларга итоат этманглар” деб ўзларига қаратиб олмоқдалар.
 
Бу оятга биринчилардан бўлиб Сайид Қутб ва унинг акаси Муҳаммад Қутб шунақа маъно берган ва бунинг натижасида жуда оз сонли мусулмонларгина Аллоҳнинг розилигига эришишади ва қолганларга жоҳиллар сифатида қаралишига олиб келган. Халифалик тузишда бу икки оқим бир бири билан уришишади деб экстримистик оқим тарафдорларига сингдирилган ва сингдирилмоқда. Сайид Қутб бу фикрларни Абу Ал-Аля Ал-Маудудийдан олган ва ривожлантирган эди. Сайид Қутб бутун бошли ғоясини Аллоҳнинг  “Аллоҳ нозил қилган нарса (оятлар) билан ҳукм қилмаганлар, ана ўшалар кофирлардир.”  (Моида 44) оятини хато тушуниш устига қурди. Ҳукм чиқаришни эътиқод асосларидан бири деб, эътиқод асосларига ўзидан бир шарт қўшди. У бу оятни асос қилиб ҳаттоки Аллоҳ таолонинг туширган ҳукми билан у ёки бу  эътиборли сабабларга кўра ҳукм қила олмайдиганларни ҳам кофирга чиқарди. Бундай фикр ўта золимона бўлиб такфирчилик ғоясининг кенг қулоч очишига олиб келди.
 
Сайид Қутб бу ғояларини ўзининг “Фи зилалил Қуръан” китобида келтирган ва “Муаллим фиттариқ” китобида ҳам кенг фойдаланган. Қарзовий ҳафизаҳуллоҳ ҳам кофирга чиқариш ғояси Сайид Қутбнинг ушбу китобида келтирилганини таъкидлаган. Бу ғоя ҳақидаги унинг энг машҳур китоби “Ал-адалал ижтимаия” дир. Сайид Қутбнинг “Фи зилалил Қуръан” китобидаги фикрларни олиб барча мусулмонларни ҳамда барча подшоҳларни кофирга чиқариш ва исломий жамиятларни жоҳилликда айблашга чақирувчи китоб “Рисолатул иймон”ни Солиҳ Сария ёзди. Бундан ташқари бу китоб(Сайид Қутбнинг  “Фи зилалил Қуръан” китоби), “Жамаат такфир вал хижра” ва “Ал-Жиҳад”(Шукрий Мустафо ва Муҳаммад Абдусалом Фаррож) булар ҳаммаси бирлашиб умумий ИШИД нинг пайдо бўлишига олиб келди.
 
Туркий ибн Муборак ал-Бинъалий ИШИД нинг катта раҳбари Абу Муҳаммад Ал-Адноний Сайид Қутбнинг  “Фи зилалил Қуръан” китобини 20 йил ўрганганини ва Аллоҳнинг  “Аллоҳ нозил қилган нарса (оятлар) билан ҳукм қилмаганлар, ана ўшалар кофирлардир.” (Моида 44) сўзи чуқур ўйга толдириб Сурия ҳокимиятига қаттиқ нафрат пайдо қилганини ўзининг “Ал-Лафз ассаний фи таржумат ал-Аднаний” китобида ҳам ёзган. 
 
Муташобеҳ бу Қуръондаги шундай оятларки маънолари одамларга аниқ бўлмайди. Қуръондаги ушбу муташобеҳ оятни ўз нафсларига ёққанича тушуниб бугунги кунда кўпгина оқимлар ўз манфаатлари йўлида фойдаланмоқдалар.  
 
Хаворижлар ушбу оятни Анъом сурасининг 1-оятига:
 “Ҳамд осмонлар ва Ерни яратган, зулматлар ва нурни пайдо этган Аллоҳга (хос)дир. Сўнгра куфрга кетганлар Парвардигорларига (сохта маъбудаларни) тенглаштирмоқдалар.” боғлайдилар ва “Кимки Аллоҳнинг қонуни билан ҳукм чиқармаса кофир бўлади. Кимки кофир бўлса Аллоҳга ширк келтиради ” деб туриб барча исломий жамиятларни мушрикка чиқаришмоқда. Шуни асос қилиб чиқиб олиб хоҳлаганларини қилишмоқда.
Аслида ҳам оятдан кўзланган маъно шундайми?! 
Имом Фахриддин Ар-Розий ўзиниг “Ат-тафсир ул-кабир”ида: 
“Икрима “Аллоҳ нозил қилган нарса (оятлар) билан ҳукм қилмаганлар, ана ўшалар кофирлардир.” (Моида 44)  сўзи Аллоҳнинг қонуни билан унинг ҳақлигини қалби ва тили билан рад этган ҳолда ҳукм қилмайдиганларга ишорадир. Кимки Аллоҳнинг ҳукмини  қалби ва тили билан ҳақ деб билса, лекин у билан ҳукм қилмаса, кофир ҳисобланмайди.” деганлар.
Имом Ал-Ғаззолий ўзининг “Ал-Мусташфа” китобида шундай деган: 
“Аллоҳ таолонинг “Аллоҳ нозил қилган нарса (оятлар) билан ҳукм қилмаганлар, ана ўшалар кофирлардир.” (Моида 44)  ояти Аллоҳ таолонинг ҳукмларини рад этган ва ёлғонга чиқарган ҳолатда ҳукм қиладиганлар хусусидадир”
Имом Абу Муҳаммад ибн Атия Ал-Андалусий ўзининг “Ал-Муҳаррар ал-важиз” китобида шундай деган:
Аллоҳ таолонинг “Аллоҳ нозил қилган нарса (оятлар) билан ҳукм қилмаганлар, ана ўшалар кофирлардир.” (Моида 44)  ояти Аллоҳ таолонинг туширган ҳукмлари билан ҳукм қилмайдиган ҳар бир кишини ўз ичига олмайди балки, инкор этган ҳолатда Аллоҳнинг ҳукми билан ҳукм қилмайдиганлар хусусидадир. Иймонли киши агар Аллоҳ таолонинг ҳукми билан ҳукм қилмаса кофир бўлиб қолмайди, тоинки Аллоҳнинг ҳукмларини инкор этмаса ва ёлғонга чиқармаса.”
Олимларнинг бу борадаги фикрларини ўрганганлар Абдуллоҳ ибн Масъуд, Абдуллоҳ ибн Аббос, Ал-Барро ибн Озиб, Хузайфа ибн Ал-Ямон, Иброхим Ан-Нахаий, Ас-Суддий, Ад-Даххок, Абу Солих, Абу Мижлаз, Икрима, Қатода, Омир, Аш-Шаъбий, Ато, Товус, ибн Жарир ўзининг “Ал-Жомеъ ул-баён”, Ал-Ғаззолий ўзининг “Ал-Мусташфа”, Абу Муҳаммад ибн Атия Ал-Андалусий ўзининг “Ал-Мухаррар ал-важиз”, Фахриддин Ар-Розий ўзининг “Мафотих Ал-Ғайб”, Ал-Қуртуби, Ал-Жавзий ўзининг “Ал-Тасҳил”, Абу Хайён ўзининг “Баҳрул Муҳит”, ибн Касир “Тафсирул Қуръанил Аъзим”, Ал-Алуси ўзининг “Руҳул маъони”, Ат-Тоҳир ибн Ашур ўзининг “Ат-тахрир ват-танвир” ва шайх Шаъровий ўзининг тафсирида Қуръоннинг бу ояти шарҳида бир хил фикр билдириб, кимки Аллоҳнинг ҳукмлари билан ҳукм чиқармаса кофир бўлмайди деганлар.
Энди шунча олимларнинг гапини бир четга қўйиб Сайид Қутбнинг ўз раъйидан келиб чиқиб айтган гапини олган Адноний кабилар ёки уларнинг тарафдорлари кимга эргашаётганларига баҳо бериш қийин эмас.
Аллоҳ барчамизни адашишдан асрасин. Омин.
(Усома ас-Сайид Маҳмуд Ал-Азхарийнинг “Очиқ ҳақиқат” асаридан фойдаланилди)
 
 
Файзи обод масжиди имом хатиби
О. Авезов

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:40
Куёш: 07:30
Пешин: 13:10
Аср: 15:55
Шом: 17:30
Хуфтон: 18:55
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram