БОЛАЛАР ИҚТИДОРИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ
12 май 2015 й.
1824 марта ўқилди.

 БОЛАЛАР ИҚТИДОРИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ

 
Кўпчилигимиз биладиган азалий бир ривоят бор. Эмишки, бир аёл донишманднинг олдига келиб: “Болам сизга ўхшаб доно, оқил бўлиши учун уни қандай тарбияласам бўлади!”, – деб маслаҳат тилабди. Донишманд ундан боласи қачон туғилганини сўрабди. “Кеча”, – дебди аёл. “Унда сиз тўққиз ойга кечикибсиз”, – деб жавоб берибди оқил инсон.
Замонавий тадқиқотлар бу ривоятдан чиқадиган ҳисса айни ҳақиқат эканини кўрсатади. Аниқланишича, ҳомила 13 ҳафталигида эшитишга қодир бўлади ва эшитганларига муносабати шаклланиб боради, шу орқали атроф-муҳитни идрок этади.
Бола иқтидорининг ривожланиш жараёни жуда мураккаб. Чунки бунга нафақат ирсий омиллар, балки бола ўсаётган муҳит ҳам таъсир кўрсатади. Шу омиллар таъсирида гудакнинг ирсий салоҳияти ўсиши ҳам, пасайиши ҳам мумкин.
Бола иқтидорининг ривожи кўп жиҳатдан онанинг ҳомиладорлик даври нечоғли муваффақиятли кечиши ва унинг саломатлигига бўғлиқ. Шунингдек, ҳомиладор аёлнинг кайфияти, овқатланиши, у яшаётган уйдаги руҳий муҳит ва бошқа омиллар ҳам бола иқтидорига таъсир этади. Онанинг спиртли ичимликлар истеъмол қилиши, пала-партиш овқатланиш тартиби, зарурий озуқавий моддаларга эга маҳсулотлар истеъмол қилмагани, қолаверса, йод етишмовчилиги, асаб зўриқишлари ва стресслар бола интеллекти ривожига салбий таъсир этадиган омиллардир.
Бола туғилганидан кейин унинг интеллекти ривожланишини қандай тезлаштириш мумкин? Қуйида бир нечта тавсияларни бериб ўтамиз:
Чақалоқ билан тез-тез гаплашиб туринг. Боланинг ақлий ривожланиши у ҳар куни эшитадиган сўзлар сони билан чамбарчас боғлиқ. Чақалоқ билан қанчалик кўп гаплашсангиз, унинг тили шунчалик тез чиқади.
Болангиз 6-8 ойлик бўлиши билан унга китоблар ўқиб беринг. Бола ҳеч нарса тушунмайди-ку, деб хулоса чикаришга шошилманг. Китоб ўқиб бериш гўдакнинг шуурини озиқлантиради.
Имо-ишоралардан фойдаланинг. Бу ҳаракатлар кичик моторикаларни ривожлантиради, демак нутқни ҳам.
Оддий ўйинчоқлардан фойдаланишга ҳаракат қилинг. Улар болалар тасаввурини ва фикрлашини мураккаб ўйинчоқларга қараганда кўпроқ ривожлантиради.
• Болани вақти-вақти билан ўйинчоқ, китоб ва қаламлари билан ёлғиз қолдиринг. У мустақил ўйнашни ўрганиши керак.
Бола гармоник ривожланишининг энг муҳим воситаси хотирадир. Хотираси кучли бола яхши ривожланади, тезроқ гаплашишни бошлайди ва вақти келиб мактабда ҳам яхши ўқийди.
Бола иқтидори ривожланишида 3 та асосий – ҳиссий, нутқий ва мантиқий пойдевор бор. Уларнинг ҳар бири ёшга қараб алоҳида босқичларга эга.
Ҳиссий ривожланишнинг энг муҳим даври бола туғилганидан 1,5 ёшгача бўлган оралиқдир. Ҳиссий (эмоционал) жиҳатдан ривожланиш (қаноатланиш, умид, ғам-гинлик, шодлик ва ҳоказо.) ахлоқий стандартлар ривожи учун пойдевор бўлади. Ҳиссий ривожланиш бир умр давом этишига қарамай, унинг асоси илк болалик йилларида қўйилади.
Нутқий ривожланиш бола туғилганидан бошлаб 10 ёшгача давом этади. Болаларда ҳар қандай тилни ўзлаштириш учун туғма қобилият бўлади. Катталар бола билан қанчалик кўп гаплашса, унинг тили шунчалик тез чиқади. Чет тилини катталар болалардек осон ва тез ўзлаштира олмайди.
Мантиқий ривожланиш 1 ёшдан 5 ёшгача бўлган давр ичида кечади. Боланинг мантиқий ва математик мисолларни ечиши унинг эшитиш, кўриш ва сезиш қобилиятларига бевосита боғлиқ. Психологлар ҳам математик қобилиятнинг ривожланиш даражаси мусиқий қобилият билан боғлиқ деган фикрни илгари суради.
Бола иқтидорининг ҳар томонлама ривожланиши ундаги қизиқувчанликнинг қай даражада юқорилигига боғлиқ. Болангиз қизиқаётган ва ўрганмоқчи бўлган мавзулар кўламини кенгайтирган ҳолда унинг ҳаёти ва coғлиғи ҳақида қайғуринг.
 
Манбалар асосида
Эркин ҚУДРАТОВ тайёрлади
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:10
Куёш: 07:00
Пешин: 13:10
Аср: 16:30
Шом: 18:10
Хуфтон: 19:30
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram