Ҳар қадами улкан тарих Бухоро - Бухородан топилган ноёб тангалар
23 август 2017 й.
1694 марта ўқилди.

 

           

 

Ҳар қадами улкан тарих Бухоро - Бухородан топилган ноёб тангалар

2017 йилнинг 21 август куни Бухоро вилояти, Ғиждувон тумани, Соктари ҚФЙ, Саидкент қишлоғи 16 уйда яшовчи, 1961 йилда туғилган Мўминов Эркин Эргашевич томонидан ўғли Баҳодир Мўминовнинг янги қурилаётган турар жой  ҳудудидан қадимий кўза (бўлаклари) ва унинг ичидаги оқ металл тангалар топиб олинган. Ушбу тангалар тахминан 13-14 асрларга оид бўлиб, Мўғуллар тамғаси туширилган ва Чиғатой улуси даврига тегишли.  

Мўминов Эркин, ўғли Баҳодирнинг янги турар жойи иморати учун лойхандак тайёрланаётган пайтида 1,5 метр чуқурликда кўмилган, ичида  тангалар солинган сопол кўзачани топади. Мўминов Эркин ушбу тангалар хазинаси - мисоли китоб бўлиб, уларни ўқиш-ўрганиш кераклиги, ҳар бир тангадан ўша давр ҳақида маълумотлар олиш мумкинлигини ўйлаб, Ғиждувон тумани, Соктари ҚФЙ  раиси Фозил Сафаровнинг олдига келиб, хазинани давлатга топшириши ҳақида айтди.

2017 йилнинг 22 август куни Соктари ҚФЙ раиси Фозил Сафаров, топилма эгаси Эркин Мўминов, унинг ўғли Баҳодир Мўминов ва келини Тўлиной Одиловалар биргалашиб Бухоро вилоят ҳокимлигига келишади ва хазинани Давлатга топширмоқчи эканликларини айтишади. Вилоят ҳокимлиги мутасадди ходимлари томонидан Бухоро давлат бадиий-меъморчилик музей-қўриқхонасидан мутахассислар таклиф этилиб, улар томонидан ушбу хазинанинг тарихий аҳамияти, қайси даврга тегишли эканлиги, унинг материали, зарб этилган даври ҳақидаги дастлабки фикрлар билдирилди.

Бухоро давлат музей-қўриқхонасининг “Тангашунослик ва эпиграфика” бўлими бошлиғи Беҳруз Қурбонов томонидан хазинанинг маълум қисмидаги ёзувлари ўқилганда бундай тангалар Бухоро воҳасида кам учраши, шу пайтгача ушбу хазинадаги тангалар даврига оид нумизматика намуналари асосан Тошкент воҳасида топилганлиги ҳамда улар ноёб тарихий аҳамиятга ва қимматга эга эканлиги айтилди. Музей-қўриқхонанинг илмий ишлар бўйича директор ўринбосари Жамшид Халилов ушбу тангаларни музей захирасига қабул қилиш тартиби, уларнинг сақланиш ҳолати, расмийлаштирилиши ҳақида тушунтирди. Шундан сўнг, топилма эгалари музей-қўриқхонага уларнинг шахсларини тасдиқловчи ҳужжатлар билан бирга таклиф этилдилар. Эркин Мўминов ва унинг оила аъзолари музей-қўриқхона “Экспонатларни рўйхатга олиш ва илмий қайта  ўрганиш” секторига келиб, гувоҳлар иштирокида хазинадаги тангаларнинг барчаси саналди ҳамда тегишли тартибда далолатнома асосида расмийлаштирилди. Далолатноманинг бир нусхаси, қадимий топилмалар давлат музей-қўриқхонасига топширилганлигини тасдиқловчи ҳужжат сифатида, Эркин Мўминовга берилди. Хазинадаги тангаларнинг умумий сони 816 донани ташкил этади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, тангаларнинг барчаси тозалашни ва консервацияни талаб этади, уларни ўрганиш учун эса камида 2 ой муддат талаб этилади. Мазкур хазинадаги тангалар мутахассислар ва таъмирловчилар жалб этилгандан сўнг, тўлиқ илмий жиҳатдан ўрганилиб, улар ҳақида якуний хулоса берилади.

Ушбу хазина неча асрлар давомида мазкур жойда туриб, Мустақиллигимизнинг 26 йиллиги арафасида топилиши  тарихчилар учун катта совға десак ҳам муболаға бўлмайди. Юртимизнинг қадим тарихини ўрганишда ушбу хазинадаги маълумотлар асосли далиллардан бўлиб хизмат қилади.

 

         Бухоро давлат бадиий-меъморчилик

          музей-қўриқхонаси матбуот хизмати

 

 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:30
Куёш: 07:25
Пешин: 13:10
Аср: 16:55
Шом: 18:35
Хуфтон: 20:10
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram