Буюк ҳадис
13 март 2016 й.
1409 марта ўқилди.

 Буюк ҳадис

Имом Нававий, ушбу ҳадис Исломнинг мадори бўлган ҳадислардан биридир дейдилар. Ҳадиси шариф шариат аҳкомлари асоси бўлган тўрт ҳадиснинг бири саналади, ва Исломнинг учдан бирига тенгдир.
Қуртубий: “Бу ҳадисда ҳалол ва бошқа нарсалар ўртасидаги ҳукмлар батафсил баён қилинган, қалб билан боғлиқ амалларнинг барча жиҳатлари қамраб олинган. Шу сабаб барча ҳукмларни ундан чиқариб олиш мумкин”, деган.
Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳу ривоят қилади:“Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳалол аниқ. Ҳаром аниқ. Аммо улар ўртасида шубҳали нарсалар бор. Кўп одамлар уни билмайдилар. Ким шубҳали нарсалардан сақланса, дини ва обрўсини сақлабди. Ким тўсиқ атрофидаги чўпонга ўхшаб шубҳали нарсаларга ўралашиб қолса, унга тушиб қолади. Огоҳ бўлингларки, ҳар бир подшоҳнинг чегараси бўлади. Аллоҳнинг Ердаги чегараси У Зот ҳаром қилган нарсалардир. Огоҳ бўлингларки, танада бир парча гўшт бор. Агар у тузалса, бутун тана тузалади. Агар у бузилса, бутун тана бузилади. Огоҳ бўлингларки, у қалбдир”, деб айтганларини эшитганман” (Бухорий, Муслим, Сунан соҳиблари, Аҳмад, Доримий, Ибн Ҳиббон ва Байҳақий ривояти).
Ҳадис шарифда ким ўзини шубҳали нарсалардан эҳтиёт қилса, динини нуқсондан, ўзини таъна ва дашномлардан сақлаган бўлади дейилмоқда. Бу қоидага ҳалол касб-ҳунар қилишда алоҳида эътибор бериш керак. Шунда банда қалби соғлом, имони мустаҳкам бўлади.
Имом Нававий айтади: “Нарсалар уч қисмга бўлинади: ҳалол очиқ-ойдин, унинг жоизлигида шубҳа йўқ. Буларга нон, мевалар, ёғ, асал, гўшти истеъмол қилинадиган ҳайвон сути ва тухуми, бундан бошқа таомлар киради. Шунингдек, гапириш, назар солиш, юриш ва шу каби тасарруфотлар ҳам ҳалол. Бу ишларнинг ҳалоллигига шубҳа йўқ.
Ҳаром нарсаларга хамр, тўнғиз гўшти, ўлимтик, бавл ва оққан қон, шунингдек, зино, ёлғон, ғийбат, бўҳтон, номаҳрамларга назар солиш ва шу кабилар киради.
Шубҳали нарсалар шуки Қуръон, Суннат ва ижмоъда бирон нарса дейилмаган бўлса, мужтаҳид ижтиҳод қилади. Ҳалол ёки ҳаромлиги номаълум нарсаларни тарк қилиш тақводир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “ким шубҳали нарсаларни тарк қилса, дини ва обрўсини сақлаб қолади”, деган ҳадисларига мувофиқдир” (Шарҳун нававий ъала саҳиҳи муслим”).
Ҳадисда ҳаром билан ҳалол ўртасидаги тўсиқ подшоҳнинг чегарасига ўхшатилмоқда. Ҳар бир ҳукмдорнинг одамлар киришига тўсқинлик қиладиган чегараси бўлади. Агар бирон киши ундан ўтиб кетса, жазоланади. Худди шунингдек, ҳукмдорлар ҳукмдори, оламлар Парвардигори Аллоҳнинг ўз чегаралари, ўтилиши мумкин бўлмаган ҳудудлари бор. Бу ҳаром нарсалар ва ишлардир. Ким бу чегара яқинига келса, ундан ўтиб кетиш хавфи туғилади. Шу сабаб ҳам бу чегара яқинига келмаслик шарт.
Умар ибн АбдулАзиздан сўрашди. Эй мўъминларнинг амири сиз ҳаётингиздаги қайси воқеани улуғ деб санайсиз? Бобомнинг мени ҳақимга қилган дуо-ю яхшиликларида деб биламан. Боболари Умар ибн Хаттоб Мадина кўчаларида кечқурун айланиб одамлар ҳолидан хабардор бўлиб юрардилар. Кунлардан бир кун  бир уйдан эй қизим сутга озгина сув қўшгин деган овоз эшитилди. Шунда қизлари эй она албатта мўъминларнинг Амири бу ишдан қайтаради. Оналари деди Умар қайда-ю сен қайда.   Эй онажон у зот олдиларида итоат қилиб йўқликларида исён қилмайман дедилар.  Умар ибн Хаттоб уйга қайтиб, у оила ҳақида суриштирдилар. Ва оилани яхши, қизларини эса ниҳоятда тақводор деб топдилар. Ва ўғилларининг бирига олиб бердилар. Бу аёлнинг фарзанди Умар ибн АбдулАзиз буюк одил подшоҳ бўлиб етишди. Бу эса онасининг ҳалоллигидан эди. Қалб иши нозик экани, уни ислоҳ қилиш, Ҳалол ризқ топиш, ҳаромдан ҳазар қилишда ҳам қалб поклиги муҳим саналади. Юракдан яхши ният чиқса жисмнинг бошқа аъзоларига ҳам яхши бўлади. Аллоҳ таоло зоҳирий ва ботиний қалбимизни Ўзи ислоҳ қилсин.
 
 
 
Азизжон Жамолов - Шофиркон туман
“Шайҳи Дарвеш” жоме масжиди имом-ҳатиби.
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:50
Куёш: 06:30
Пешин: 13:10
Аср: 17:00
Шом: 18:50
Хуфтон: 20:20
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram