ЧАҚИМЧИ ЖАННАТГА КИРМАЙДИ
13 май 2019 й.
214 марта ўқилди.

 

ЧАҚИМЧИ ЖАННАТГА КИРМАЙДИ

Чақимчилик араб тилида «намийма» дейилиб, луғатда бир нарсани зоҳир қилишни билдиради.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди:

وَلَا تُطِعْ كُلَّ حَلَّافٍ مَّهِينٍ هَمَّازٍ مَّشَّاء بِنَمِيمٍ

«Итоат қилма! Ҳар бир қасамхўр, пасткашга, кишиларни айбловчи, чақимчилик қилиб юрувчига» (Қалам сураси, 10-11-оятлар). 
Гап ташиб, одамларни бир-бирига чақиш динимизда ҳаром қилинган манфур ишлар сирасига киради. 
Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Чақимчи жаннатга кирмайди», деганларини эшитганман».
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни саҳобалардан: «Чақимчилик нима эканини биласизларми?” дeб сўрадилар. Саҳобалар: “Аллоҳ ва унинг Расули билувчироқ”, дeйишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу – одамларнинг орасини бузиш учун гапини бир-бирларига нақл қилиб юришдир”, дедилар».
Ҳазрат Мусо алайҳис салом даврларида одамлар ёмғир сўраб далага чиқишди. Мусо алайҳис салом хўп дуо қилдилар, аммо бирор томчи ёмғир ёғмади. Бунинг сабаби ва ҳикматини сўраб: «Ё Аллоҳ, кўп дуо қилдим, ижобат этмадинг», деб ёлвордилар. Шунда Аллоҳ таолодан: “Эй Мусо, орангизда чақимчи бор, инсонларнинг айбини ёйиб юрувчилар бор”, деган нидо келди. Мусо алайҳис салом: “Ё Аллоҳ, ўша одамнинг кимлигини билдир. Орамиздан чиқариб юборайлик”, дедилар. Аллоҳ таоло: Эй Мусо, унинг кимлигини сизга айтиб мен ҳам чақимчи бўлайинми?” – деб жавоб берди.
Абу Ҳомид Ғаззолий «Иҳёу улумид-дин» китобида шундай дейди: «Билки, «намима» (чақимчилик) кўпинча бир кишининг бошқа киши ҳақидаги сўзини ўзи ҳақида гапирилган кишига етказишга нисбатан ишлатилади. Масалан, чақимчи: «фалончи сиз ҳақингизда бундай деди!» дея одамларнинг бир-бирлари ҳақларидаги гапларини бир-бирларига етказади. Лекин чақимчилик шунинг ўзи билан чекланиб қолмаган, балки, унинг моҳияти очиш исталмаган ва хуш кўрилмаган нарсани ошкор қилишдан иборатдир. Ўша нарсанинг ошкор қилинишини ўзидан гап ташилаётган одам ёқтирмайдими ёки ўзига гап ташилаётган одам ёқтирмайдими ёхуд бирор-бир учинчи тараф хоҳламайдими, фарқи йўқ. Шунингдек, бировнинг гапини ошкор қилиш қасос олиш йўлига кўра бўладими ёки шама ва ишоралар билан бўладими бир хилдир.
Кишиларнинг аҳволотидан ошкор бўлиши кариҳ кўриладиган бирор ҳолатни кўрган киши у ҳақда сукут қилиши лозим. Фақат етказишда мусулмонларга фойда бўладиган ёхуд мусулмон кишидан зарарни даф қиладиган ишлар бўлсагина бундан мустаснодир.
Масалан, бир киши бошқа кишининг молини ноҳақ йўл билан олаётганлигини кўриб қолса, ҳақ соҳибининг ҳаққини риоя қилиш мақсадида бу борада гувоҳлик бериши лозим ва бу иш чақимчиликка кирмайди. Бордию, бирор кимсанинг ўз мол-дунёсини беркитаётганини кўрсаю уни бошқа жойда тилга олса, бу чақимчилик ва ўзганинг сирини очиш бўлади. Шунга биноан, намиманинг моҳияти сирни очиш ва ўзганинг ошкор бўлишини ёқтирмайдиган нарсасини очиб ташлаб, сатр пардасини «йиртиш» демакдир. Агар етказилаётган нарса кишидаги қандайдир хулқий ёки халқий айб-нуқсонлардан иборат бўлса, у ҳолда у ҳам чақимчилик, ҳам ғийбат гуноҳини содир қилган бўлади».
Имом Нававий «Саҳиҳи Муслим»га ёзган шарҳида чақимчиликни: «У – одамларнинг бир-бирлари ҳақидаги гапларини орани бузиш ва фасод тарқатиш йўлига кўра ташишдир», дея таърифлайди.
Яна бир ўринда: «Чақимчилик бузғунчилик йўли билан одамларнинг гапини бир-бирига етказишдир», деганлар.
Албатта, чақимчилик ниҳоятда ёмон иш. Чақимчилик фақатгина бир кишини бошқасига ёмон кўрсатиб, шундан бирор манфаат олиш билан чегараланиб қолмайди. Чақимчилик қилинганда бир одамга иккинчи одам ҳақида ёмон хабар келади.
Аллоҳ таоло барчамизни улкан гунохи кабира бўлган чақимчилик балосидан сақласин. Чақимчилик ила бутун жамиятга тарқаб кетадиган ихтилоф, фитна ва инсонлар орасини ислоҳотини бузишга хизмат қиладиган салбий иллатларнинг олдини олсин. Умматлар орасида дўстлик, биродарлик, ўзаро ҳамкорлик, ҳамжиҳатлик, яхшилик қилиш, ёрдам кўрсатиш, бир-бирини тушуниш, силаи раҳам ришталарини янада мустаҳкамлаб, жамият манфаати учун зиён келтирадиган барча салбий иллатлардан, тушунмовчилик ва ихтилофлардан Ўзи асрасин.

Ромитан туман “Биби Саида” 
жомеъ масжиди имом хатиби
Ҳамроев Аскар 
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:25
Куёш: 06:04
Пешин: 13:10
Аср: 17:40
Шом: 19:30
Хуфтон: 20:55
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram