Диннинг юлдузи
03 ноябр 2017 й.
1359 марта ўқилди.

 

Диннинг юлдузи

Ўрта асрларда турли илм соҳаларида фаолият олиб борган ушбу мутафаккир ва қомусий олимнинг исми манбаларда кенгайтирилган ҳолда Нажмуддин Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Исмоил ибн Муҳаммад ибн Али ибн Луқмон ан-Насафий ас-Самарқандий шаклида берилади. “Нажмуддин” (“Диннинг юлдузи”) лақабининг берилишига сабаб унинг ислом илми соҳалари бўйича кўрсатган хизматларининг катта бўлганлигини кўрсатади. Насафий Қуръон, ҳадис, ақида ва фиқҳ каби илмларни мукаммал билган, шеърият соҳасида қалам тебратган ва тафсир, ҳадис, калом, фиқҳ ва шеъриятга доир кўплаб асарларни мерос қолдирган. Мовароуннаҳрдаги Самарқанд, Бухоро, Насаф каби, шунингдек, Бағдод, Марв каби илм марказларида кўплаб олимлардан дарс олган ва қатор шогирдларга дарс берган.

Олим ўз даврида ҳадис илмини билимдони сифатида “ал-Ҳофиз”, фиқҳ олими сифатида “ал-Фақиҳ”, йирик тасаввуф намояндаси сифатида “аз-Зоҳид” унвонларига мушарраф бўлган. Мовароуннаҳрда ҳанафий мазҳабининг ривожига қўшган ҳиссаси улкан бўлгани боис олим исмига “ал-Ҳанафий” нисбаси ҳам қўшиб айтилади. Асли Насафдан бўлган бу олим умрининг асосий қисмини Самарқандда ўтказгани учун манбаларда „ан-Насафий сумма ас-Самарқандий“ (“насафлик”, сўнгра “самарқандлик”) дея тавсифланади. Насафнинг қадимий номи “Нахшаб” бўлгани боис, муаллифнинг насаби баъзи манбаларда „ан-Нахшабий“ шаклида ҳам учрайди.

Насафий ёшлик даврини Насафда ўтказган, 30 ёшидан сўнг Самарқандга борган. Умрининг асосий, илмий-ижодий қисмини шу шаҳарда ўтказган ва ўз таҳсилини давом эттирган. Шаҳардаги “Дор ал-жузжония” номли марказ унинг етук олим бўлиб етишишида катта аҳамият касб этган. Кейинчалик олим ушбу илм марказида мударрислик қилган.

Насафий 1113 йили 45 ёшида Маккаи Мукаррамага ҳажга йўл олади. У ўз сафари давомида Бағдод шаҳрида бўлиб, у ердаги таниқли олимлар суҳбатидан баҳраманд бўлади. Бағдоддаги Амир Хумор ибн Абдуллоҳ мадрасасида ҳадис илмидан дарс беради. Ҳадис ровийси Абул Қосим ибн Баёндан ҳадислар ёзиб олади. Абул Аббос Муҳаммад ибн Юнус ал-Кудаймий ва Сарахсда Абул Фадл Муҳаммад ибн Аҳмад ас-Соиғий каби уламолардан ҳадислар эшитади. Бағдодлик муҳаддис олим Ибн ан-Нажжор Насафий жамлаб таълиф этган “Татвил ал-асфор ли-таҳсил ал-ахбор” (“Хабарлар талабидаги узоқ сафарлар”) номли асаридан дарс олиб, уни ўз шогирдларига ривоят қилган. Мазкур асарда Насафий ўзининг барча устозлари ҳақида хабар берган. Аммо олимнинг Бағдод, Макка ва Мадинага қилган сафари узоққа чўзилмади. У тез орада ўз она юртига қайтди.

 Олимнинг ижоди ўз юртига бўлган кучли муҳаббат, миллий қадриятларга чуқур ҳурмат, илм аҳлига меҳр ва самимият туйғулари билан йўғрилган. Алломанинг “шоҳ асари” — “Китоб ал-қанд фий зикри уламои Самарқанд” Мовароуннаҳр ўлкасидан етишиб чиққан мингдан зиёд юртдошларимизнинг ҳаёти ва илмий фаолияти ҳақидаги қимматли биографик маълумотларни берган.

 Насафийнинг туғилиб улғайган она юрти Насаф ўша даврда Мовароуннаҳрнинг йирик илмий марказларидан бири бўлган. Йирик муҳаддис олим Имом Бухорий ўз илмий сафарларидан бирида Насафга ташриф буюрган эди. Насафий илк таҳсилини шу шаҳарда олиб, ёшлигидан илмга муҳаббати, устозларга ҳурмати, намунали одоби билан танилган. Насафий илм олиш ниятида бошқа юртларга борган ва кўплаб устозлардан таълим олган. Насафий ҳақида унга замондош ва ундан кейин яшаган муаллифлар томонидан ёзиб қолдирилган маълумотлар кўплаб манбаларда учрайди. Насафийнинг ҳаёти ҳақида аниқроқ маълумотларни унинг замондоши Абу Саъд Абдулкарим ибн Муҳаммад ас-Самъоний ал-Марвазий (вафоти  1167) беради. Масалан, у ўзининг „Китоб ал-ансоб“ („Насаблар китоби“) асарида Насафийнинг номини 27 ўринда тилга олади. Самъонийдан кейинги муаллифлар эса унинг маълумотларини ўз асарларида такрорлайдилар ва фақат айрим ҳоллардагина янги баʼзи қўшимча маълумотларни келтирадилар. Абу Саъд Самъоний Насафий билан мактублар орқали илмий мулоқотда бўлиб турганини фахр билан зикр этади.

 Насафий 74 йил умр кечириб, жуда сермаҳсул ижод қилган. У кўпроқ Самарқанд шаҳрининг “Сиккат ал-лаббодин” (“Кигизчилар кўчаси”) мавзеидаги кўчаларнинг бирида ҳаёт кечирган. Бу маҳалла кейинчалик унинг шарафига “Зуқоқ Аби Ҳафс Умар ибн Муҳаммад Насафий” (“Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад Насафий кўчаси”) деб атала бошлаган.

 Насафий 461/1068 йили Насафда таваллуд топган ва 537 йил 12 жумоду-л-аввал/1142 йил 3 октябр куни Самарқандда вафот этган. Аллома Чокардиза қабристонига, “Имом ал-ҳудо” (“Ҳидоят йўлбошчиси”) Абу Мансур Мотуридий ёнига дафн этилган.

   Волидаи Абдулзизхон

 жомеъ масжиди имом

хатиби Зариф Қудратов

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:10
Куёш: 07:00
Пешин: 13:10
Аср: 16:30
Шом: 18:10
Хуфтон: 19:30
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram