Динимиз фақат яхшиликка буюради
07 август 2018 й.
655 марта ўқилди.

 

Динимиз фақат яхшиликка буюради

Динимиз инсонни ҳар томонлама етук ва баркамол бўлишга чорлайди. Айниқса, чиройли хулқ билан безаниб умр гузаронлик қилишликка катта аҳамият беради. 
Жаноби Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам (с.а.в.) “Мен гўзал хулқларни такомилига етказиш учун юборилдим”, деганлари бунинг ёрқин далилидир. Оиша розияллоҳу анҳу онамиздан Расулуллоҳ с.а.в. нинг хулқлари ҳақида сўрашганда “У Зотнинг хулқлари Қуръон эди” деганлар. Зеро, Аллоҳ ўзининг каломи Қуръонда инсонларни яхшиликка, чиройли хулқ эгаси бўлишликка амр этади.
“Фуссилат” сурасининг 34-оятида “Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас. Сиз (ёмонликни) гўзалроқ (муомала) билан даф этинг! (Шунда) бирдан сиз билан ўрталарингизда адоват бўлган кимса қайноқ (қалин) дўстдек булиб қолур”, деб Аллоҳ таоло марҳамат қилади. Ушбу чақириқ бизни яхшилик сари ундайди. Шу сабаб Пайғамбаримиз с.а.в. баъзи кишилардан ёмонлик кўрсалар ҳам уларга фақат яхшилик қайтарганлар. Бундай юксак ахлоқни кўрганлар у Зотга муҳаббат ила эргашганлар. 
Бошқа бир ояти муборакда эса “Унга (яхшилик сифатига) фақат сабр қилганларгина эришур. Унга фақат улуғ насиба эгаси бўлганларгина эришур” дейилади. Демак, ёмонликка яхшилик ила жавоб қайтаришлик фақат сабрли кишиларгагина хос хислат экан.
Пайғамбаримиз с.а.в. Аллоҳ таоло у кишига ваҳий қилган оятларга қай тарзда амал қилганлари бизга тарихдан маълум. Зеро, у зотнинг ҳаёти сабр истаган, яхшилик хоҳишида бўлганларга гўзал намунадир. Жумладан, нубувватнинг ўнинчи йили Ҳижознинг Тоиф шаҳрида бўлганларида у ерлик аҳоли У зотни тошбўрон қилиб қаттиқ таҳқирлайдилар. Ҳатто ковушлари муборак баданларидан оққан қон билан тўлган. Шунга қарамай, Расулуллоҳ с.а.в. уларни кечирдилар ва ёмонликни раво кўрмадилар.
Дарҳақиқат, таъзирини бериш ва қасдини олишга имкон бўла туриб кечиришлик, раҳм қилишлик инсонийликнинг энг юқори кўриниши саналади.
Шу ўринда бир нарсани алоҳида таъкидлаш лозимки халқимиз кечиримли ва бағрикенгдир. Тарихга  назар солсак ҳам аждодларимизнинг нақадар матонатли, сабрли, кечиримли бўлганини кўрамиз. Жумладан, Амир Темур бобомиз ўзига нисбатан хиёнат қилган, аммо бош эгиб келганларни ҳам кечириб юборганлар.
Бугунги кунда адашиб, нотўғри йўлга кириб қолган инсонларни бағрикенг халқимиз ва ҳукуматимиз айбидан ўтмоқда. Бу, ўз навбатида, юксак мурувватнинг белгисидир.
Имом Ғаззолий қуйидаги ҳадиси қудсийни келтирадилар: Эй инсонлар! Аниқки сизларга Парвардигорингиз томонидан қалбларга шифо бўлиб панд-насиҳат келди. Нега фақат сизга яхшилик қилган кишига язшилик қиласиз, сизга боғланган кишигагина боғланасиз, сизга таом берган кишигагина таом берасиз, сизни ҳурмат қилган кишинигина ҳурмат қиласиз?! Бировнинг яна бировдан афзал жойи йўқ, балки мўминлар шундай кишиларки, Аллоҳга ва Расулига имон келтирадилар, ёмонлик қилганга яхшилик қиладилар, алоқани узган киши билан алоқани тиклайдилар, аразлаган киши билан сўзлашадилар. Албатта, Мен сизлардан хабардор Зотдирман”.
Ёмонликка фақатгина яхшилик билан жавоб қайтариш натижасида инсон ўзи ва жамият учун намунали иш қилган бўлади. Бунинг самарасида жамиятда бир қанча ахлоқсизликлар, жиноятлар олдини олинади. Инсон қилган яхшилигига яраша ажр-савобга эга бўлади, сабр-тоқати натижасида Аллоҳ наздида мартабаси улуғланади ва жамият орасида ҳурмати ортади.
Улуғларимиз яхшиликка яхшилик билан жавоб қайтариш ҳамма инсонларнинг ҳам қўлидан келишини, бироқ ёмонликка яхшиликни фақатгина мард инсонлар қила олишини қуйидаги мақол билан ифодалайдилар:
Яхшиликка яхшилик ҳар кишининг ишидур,
Ёмонликка яхшилик эр кишининг ишидур.
Зеро, уч эзгу амал борки, улар жаннат аҳлининг амалида намоён бўлади: ёмонлик қилувчига яхшилик қилмоқ; зулм қилган кишини кечириб юбормоқ; бирор нарсадан маҳрум қилган кишига яна нарса бермоқ. 
Аллоҳ таоло барчамизни иймонда, гўзал ахлоқда собит айлаб, яхшиликда бардавом қилсин. 

Афзал Камолов 
Когон шаҳар “Алишер Навоий” 
жомеъ масжиди имом хатиби.
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:40
Куёш: 07:30
Пешин: 13:10
Аср: 15:55
Шом: 17:30
Хуфтон: 18:55
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram