Диний ва дунёвий илмларни бирга ўрганишга тарғиб қилиш
20 апрел 2018 й.
151 марта ўқилди.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

 

Диний ва дунёвий илмларни бирга ўрганишга тарғиб қилиш

هَلۡ يَسۡتَوِي ٱلَّذِينَ يَعۡلَمُونَ وَٱلَّذِينَ لَا يَعۡلَمُونَۗ

«Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўладиларми?»

(Зумар, 9)

Дунёда бизнинг аждодлармиз каби илмга ҳаётини бағишлаган миллат бўлмаса керак. Буюк алломалармизнинг диний ва дунёвий илмга қўшган ҳиссаларини йиллаб мавъиза қилсак вақтимиз етмайди.

 Ватандошмиз Имом ал-Бухорий ҳаётларини илмга бахшида этиб, “Илмдан бошқа нажот йўқ ва ҳеч қачон бўлмайди” деб, инсон дунё ва охиратини обод қилиш учун илм излашлиги лозимлигини уқтирдилар. Шунингдек, ота-боболаримиз “Ёшликда ўрганилган илм тошга битилган нақш каби мустаҳкам бўлади” деганларида нақадар ҳақ эдилар?! Ислом динида инсониятга илк буйруқ илм олиш ҳақида бўлганлиги ҳаммамизга маълум. Истиқлол туфайли юртимизда ёшларга яратилган имкониятлар, уларнинг диний ва дунёвий илмларни эгаллашлари учун кўзни қувонтирадиган шароитларни кўриб Яратганга шукрлар айтамиз. Бинобарин Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги диний таълим муассасаларида талабаларга диний ва дунёвий илмлар уйғунлаштирилган ҳолда ўргатилиб, юртимиз аҳолисининг диний кадрларга бўлган эҳтиёжини қоплаш мақсадида малакали мутахассислар тайёрлаб келинмоқда.  

   Илм ҳоҳ диний хоҳ дунёвий бўлсин, пировард натижа Аллоҳни танишга олиб боради. Шу ўринда бир ибратли воқеани келтириб ўтамиз: Машҳур ёзувчи Абдулла Қодирий “Меҳробдан чаён” романини ёзиш олдидан кўп йиллар давомида Ўзбекистон мусулмонлар идорасида фаолият олиб борган марҳум Шайх Исмоил Маҳдум ҳазратларини олдиларига маслаҳат олиш учун Наманганга келадилар. Суҳбатлари мобайнида Абдулла Қодирий Шайх Исмоил Маҳдумдан ёшларни дунёвий илмларга қандай қизиқтириш кераклиги ҳақида маслаҳат сўрайдилар. Шунда у киши Қуръони каримнинг “Ғошия” сурасидаги оятлардан келтириб, “Ахир, улар туяларга қараб, қандай яратилганига”, ҳайвонот илмни (зоология) ўрганишликка,“осмонларнинг қандай кўтариб қўйилганига”, дея астрономия илмига, “тоғларнинг қандай тикланганига” калимаси  жуғрофия илмига, “Ернинг қандай ёйиб – текислаб қўйилганига боқмайдиларми?!” деб минерология илмини ўрганишга далолат қилишини айтадилар ва ёшларни ушбу оятлар билан қизиқтиришлик керак деб, тавсияларни берадилар.

   Қайси юртдан қайси соҳа бўйича кўп олимлар етишиб чиқса, билингки, бу – ўша халқнинг ўша илмга муҳаббати зиёдалигидан бўлади.  Бунга  инсоният тарихида мисоллар кўп: қадимги бобилликлар деҳқончилик ишларига муҳаббатли бўлгани боис ўз даврида бу борада мислсиз ютуқларни қўлга киритган. Ақл бовар қилмас суғориш тизимларини ихтиро қилган; юнонлар фалсафага муҳаббатли бўлгани боис фалсафа илмининг пешқадамлари – Афлотуну Арастулар ана шу маконда камолга етган ва ҳоказолар. Ўрта асрларга келиб эса ҳидоятга бошловчи бўлиб Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам келдилар ва дунёнинг қиёфаси бутунлай ўзгариб кетди. Арабистон ярим оролидан порлаган Ислом нури бутун оламни мунаввар қилди. Хусусан, азалдан фитратида ҳақ динга мойиллик бўлган бизнинг халқимизни ҳам. Миллатимиз исломга шу қадар муҳаббат қўйиб, унинг арконларини ўта иштиёқ билан ўзлаштирди ва таълимотини кучли чанқоқлик билан ўрганди. Натижада Ислом илмини бойитган буюк олимлар бизнинг муаззам юртимиздан, илмга, ибодатга ташна миллатимиз ичидан чиқди.

Уламолар эътироф этганидек, Ислом Арабистонда  туғилди ва Мовароуннаҳрда камолга етди.

Ислом илми равнақига ҳисса қўшган аждодларимиз кўп. Уларнинг асарларини бўлмаса-да, исми шарифларини ўрганиб олди кўпчилик. Аммо бу ерда эътиборга молик бошқа масала бор: қачонки Қуръони каримни ёддан билган мураттаб қорилар, фақиҳлар, мужтаҳидлар ва бошқа диний олимлар кўп бўлган вақтда биз ҳозир дунёвий илмлар деб атаётган фанлар ҳам бемисл тезликда ривожланган. Қачонки динимизга эътиқодимиз сусайиб бошлаган чоқдан дунёвий ишларимиз ҳам ортга кетаверган...

Аммо, азизлар биласизки, агар бани Одам ер юзида ўз ақли билан тўғри йўлни топиб яшаб кета олганида Аллоҳ таоло ҳеч қайси динни нозил қилмас эди, эҳтимол. Лекин бу имконсиз. Чунки инсоннинг яралиши шунақа. “Биз  ўз кучимиз, илмимиз билан ундай бўлдик, бундай бўлдик”, дея лоф ураётганларга ҳам синов учун бериб қўйганки, эртага унинг ҳар заррасининг ҳисобини сўрайди.

Демак, ҳалол-ҳаромни, увол-савобни, оқу қорани таниш учун динга муҳтожмиз. Зотан, болага динсиз тарбия беришга уриниш, уни тарбиядан маҳрум қилиш демоқдир. ХIХ асрда яшаган машҳур француз адиби ва файласуфи Виктор Гюго: “Таълим дин асосида бўлиши лозим, шундагина яхши одамлар етишади”,  деган эди.

Муҳтарам Президентимизнинг кечагина эълон қилинган “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони замирида миллатимиз табиатидаги Исломга муҳаббат ва илмга ташналик хусусиятлари мавжуд.

Фармоннинг биринчи бандида “Қуйидагилар диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари этиб белгилансин: “жаҳолатга қарши маърифат”, дейилган.

Ана шу ғоя замирида динимиз кўрсатмаси ва аждодларимиз ҳикмати барқ уриб турибди. Чунки жаҳолатга қарши жаҳолат билан жавоб қайтарган киши маърифатли бўлиши мумкинми?

Шундай экан, динимизнинг инсонпарварлик моҳиятини, эзгулик, тинчлик ва инсонийлик каби фазилатлар азалий қадриятларимиз ифодаси эканини кенг ёритиш; ислом ва жаҳон цивилизациясига бебаҳо ҳисса қўшган аждодларимизнинг бой маданий меросини пухта ўрганиш асосида ёшларнинг онгу тафаккурини шакллантириш; жамиятда бағрикенглик, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат, тинчлик ва тотувликни, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда диний-маърифий соҳа вакилларининг дахлдорлик ҳисси ва иштирокини янада ошириш; диний-маърифий ташкилотларнинг моддий-техник таъминотини мустаҳкамлаш, соҳа вакиллари меҳнатини муносиб рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоясини кучайтириш; глобаллашув шароитида жамиятимиздаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлиги ва эътиқод эркинлигига таҳдид туғдириши мумкин бўлган омилларни барвақт аниқлаш ва олдини олишга қаратилган ахборот-таҳлилий фаолиятни кучайтириш; диний ва дунёвий билимлар уйғунлигини ривожлантириш асосида таълим сифатини ошириш, диний-маърифий соҳада малакали кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг яхлит тизимини яратиш ва яна кўплаб олижаноб масалаларда фаоллик кўрсатмоғимиз динимиз, халқимиз, давлатимиз, давлатимиз раҳбарининг талабидир.

 Илм-фанга иштиёқ ўзбек халқининг қонида бор. Шунинг учун ёшларга мактаблар ва олий ўқув юртларида дунёвий илмлар билан бир қаторда диний билимларни ва аксинча диний таълим муассасаларида эса дунёвий илмларни ўргатиш фойдадан холи эмас. Бирёқлама дунёқараш ҳамиша ўз соҳибига панд берган. 

Бугунги кунда Мир Араб олий мадрасаси ва Тошкент ислом институти нафақат мусулмонлар учун олий таълим муассасаси, балки исломнинг маънавий ва маърифий марказидир. Бу ерга халқаро миқёсда юқори нуфузга эга бўлган меҳмонлар ташриф буюришади. Шунинг учун талабаларга замон билан ҳамнафас бўлган ҳолда энг сўнгги технологиялар асосида таълим бериш, дунё тилларини ўргатиш мақсадга мувофиқдир. Диний эътиқод асослари ва арконларини эгалламай туриб, Аллоҳ сари юзланиш мушкул. Исломни қабул қилган халқлар учун бу дин пайдо бўлган пайтдан бошлабоқ, ҳам қалбан покланиш, ҳам маданий-маънавий юксалиш, ҳам таълим-тарбия ва давлатчиликни тараққий эттириш воситаси бўлиб келди.

Таълим даргоҳларимиз кўп асрлик миллий ва диний қадриятларимизни асраб-авайлаш, дунё илм-фани ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган аждодларимизнинг бебаҳо меросини ўрганиш, унинг асосида ҳам диний ҳам дунёвий илмларни пухта эгаллаган ёшларни комил инсон этиб тарбиялаш,  жамиятда барқарор ижтимоий-маънавий муҳитни таъминлаш борасида муҳим роль ўйнайди, иншоаллоҳ.

А. Иноятов

Жуйбори калон  ўрта махсус

ислом билим юрти мудири.

 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:20
Куёш: 05:13
Пешин: 13:10
Аср: 18:45
Шом: 20:25
Хуфтон: 21:45
Тўлиқ тақвим »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram