ДИНЛАРАРО БАҒРИКЕНГЛИК
27 август 2017 й.
1081 марта ўқилди.

ДИНЛАРАРО  БАҒРИКЕНГЛИК

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда марҳамат қилади:

شَرَعَ لَكُمْ مِنَ الدِّينِ مَا وَصَّى بِهِ نُوحًا وَالَّذِي أَوْحَيْنَا إِلَيْكَ وَمَا وَصَّيْنَا بِهِ إِبْرَاهِيمَ وَمُوسَى وَعِيسَى أَنْ أَقِيمُوا

الدِّينَ وَلَا تَتَفَرَّقُوا فِيهِ

“Эй мўминлар, Аллоҳ сизлар учун дин бўйича Нуҳга буюрган нарсани ва Биз сизга (Муҳаммадга) ваҳий қилган нарсани, шунингдек, биз Иброҳим, Мусо ва Исога буюрган нарсани – шариат қилди: “Динни барпо қилинг ва унда фирқа-фирқа бўлиб бўлинманглар!” (Шўро 13)

Динлараро бағрикенглик ғояси хилма-хил диний эътиқодга эга бўлган кишиларнинг бир замин, бир ватанда, олижаноб ғоя ва ниятлар йўлида ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиб яшашини англатади. Дунёдаги динларнинг барчаси эзгулик ғояларига асосланади, у ҳалоллик, тинчлик, яхшилик ва дўстлик каби бир қанча эзгу фазилатларга таянади. Инсонларни ҳалоллик ва поклик, меҳр-оқибат, инсонпарварлик ва бағрикенгликка даъват этади.

Ҳозирги глобаллашув жараёнида диний бағрикенглик муаммоси жаҳон ҳамжамияти давлатлари учун ғоят долзарб масалалардан бири ҳисобланади. 1995 йил 16 ноябрда БМТнинг фан, таълим ва маданият бўйича ихтисослашган ташкилоти ЮНЕСКО томонидан Бағрикенглик принциплари декларациясининг қабул қилиниши бунинг ёрқин далилидир.

 Бош қомусимизда мамлакатимизда яшаётган барча миллат вакиллари миллати, тили, эътиқоди, ижтимоий холатидан қатъий назар Ўзбекистон ҳалқини ташкил қилиши ва уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари, шунингдек эътиқод эркинлиги мустаҳкамлайди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 18-моддасига кўра:

 

“Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъий назар, қонун олдида тенгдирлар”.

Асосий қонунимизда ушбу ҳуқуқнинг акс эттирилиши мамлакатимизда инсонларнинг виждон ва эътиқод эркинлиги таъминланишининг асоси бўлиб хизмат қилмоқда.

Аллоҳ таоло Қуръонда марҳамат қилади:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا كُونُوا قَوَّامِينَ لِلَّهِ شُهَدَاءَ بِالْقِسْطِ وَلَا يَجْرِمَنَّكُمْ شَنَآَنُ قَوْمٍ عَلَى أَلَّا تَعْدِلُوا اعْدِلُوا هُوَ أَقْرَبُ لِلتَّقْوَى وَاتَّقُوا اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ خَبِيرٌ بِمَا تَعْمَلُونَ

“Эй, имон келтирганлар! Аллоҳ учун (тўғриликда) собит турувчи, одиллик билан гувоҳлик берувчи бўлингиз: бирор қавм (кишилари)ни ёқтирмаслик сизларни уларга нисбатан адолатсизлик қилишга ундамасин! Адолатли бўлингиз! Зеро, у (адолат) тақвога яқинроқдир. Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ ишларингиздан хабардордир”. (Моида 8)

Ғайри динлар мусулмонлар тилида “Аҳли зимма” деб номланади, яъни самовий дин эгалари барчалари мусулмонларнинг зиммасида дегани. Мусулмонлар бу аҳли зиммани омонлиги, тинчлиги, моли, жонини ўз зиммаларига олганлар. Уларни ҳимоя қилиш, уларни ижтимоий таъминот билан таъминлаш мусулмонларнинг бўйнига бўлган. Шунинг учун уларни “Аҳли зимма” деб аталган. Улар ўз динларининг кўрсатмаларига биноан бемалол яшайверадилар. Фақат ўзларининг динларини мусулмонларга тарғиб қилмасликлари керак.

Мамлакатимизда бир юз ўттиздан ортиқ миллат ва элат вакиллари ягона оила фарзандларидек аҳил яшайди. Ана шундай кўп сонли миллат ва элат вакилларининг биргаликда, ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиб умр кечириши натижасида уларнинг ҳар бири маънавий ва маданий жиҳатдан бойиб, ўзаро муносабатлар таъсирида кўп миллатли халқимизнинг турмуш тарзи янада юксалмоқда. Шунингдек, уларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш, таълим олиши, ўз қизиқиши ва лаёқати бўйича касб-ҳунар эгаллаши, меҳнат қилиши учун барча шарт-шароитлар яратилган. Айни пайтда турли миллат ва элатларнинг миллий анъана ва қадриятларини асраб-авайлаш, уларни янада ривожлантириш, бойитиш масаласи давлатимизнинг доимий эътиборида бўлиб келмоқда.

Юртимизда истеъқомат қилаётган барча миллат ва элат вакилларининг ўз она тилида ўқиши учун кенг имкониятлар яратилгани, олий ўқув юртлари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицей ва мактабларда барча миллат вакиллари учун тенг шарт-шароитлар яратилгани, кўплаб тилларда газета ва журналлар чоп этилиб, телекўрсатув ва радиоэшиттиришлар олиб борилаётгани бу борадаги фаолиятнинг яққол далилидир. Мустақиллик йилларида республикамизда юзлаб масжидлар, черковлар, синагога ва ибодат уйлари қурилди ва қайта таъмирдан чиқарилди. Улар қаторида Тошкентдаги “Ҳазрати Имом” мажмуи, вилоят марказларидаги жомеъ масжидлар, Тошкентдаги Рус православ черковлари, шунингдек, буддавийлик ибодатхонаси, Самарқанддаги Арман Апостол черкови, Корақалпоғистон Республикасидаги “Султан Вайс бобо” ва “Мухаммад Норимжоний” зиёратгоҳлари, “Пантейлемон” черкови ва бошқаларни кўрсатиш мумкин. Юртимизда Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Бердақ, Ажинияз ҳайкаллари қаторида Ганжавий, Руставели, Пушкин, Шевченколарнинг ҳайкаллари ҳам кўча ва майдонларимизга файз бахш этиб турибди. Буларнинг барчаси динлараро бағрикенглик ва миллатлараро тотувликнинг кўринишидир.

Ўзбекистонда диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик тарихий илдиз ва мустаҳкам қонуний асосларга эга бўлиб, дунёвий давлат ва дин орасидаги муносабатларнинг мустаҳкам ҳуқуқий асослари яратилган.

 Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31-моддасида: “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди” деб белгиланган.

Ушбу моддани амалга ошириш механизми 1998 йил 1 майда қабул қилинган “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонунида кенг ёритиб берилган. Унинг 3-моддасига кўра:

«Виждон эркинлиги фуқароларнинг ҳар қандай динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қандай динга эътиқод қилмасликдан иборат кафолатланган конституциявий ҳуқуқидир».

Шунингдек, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг

18-моддасида: “Ҳар бир инсон фикр, виждон ва дин эркинлиги ҳуқуқига эга,бу ҳуқуқ ўз дини ёки эътиқодини ўзгартириш эркинлигини ва таълимотда, тоат ибодат қилишда ва диний расм-русум ҳамда маросимларни оммавий ёки хусусий тартибда адо этиш, ўз дини ёки эътиқодига якка тартибда, шунингдек бошқалар билан бирга амал қилиш эркинлигини ўз ичига олади”, деб белгиланган.

Биринчи президентимиз И.А.Каримов (Аллоҳ раҳматига олсин) мустақилликка эришилгандан сўнг орадан кўп ўтмай шундай деган эдилар:

“Бугун ана шу дин орқали вужудимизга мусаффолик, дилимизга, иншооллоҳ, поклик кириб келмоқда. Ахлоқ-одоб, маърифат яна хонадонимиз файзига, одамлар хислатига айланишида исломнинг ўрни бениҳоя бўлмоқда. Биз келгусида дин олдидаги тўсиқларни олиб ташлаймиз.

Яхшилик нур келтиради, ёмонлик зулмат дейдилар. Ўзбекистоннинг келажаги яхшилик пойдеворига қурилмоғи шарт. Чунки фақат яхшилик боқий яшайди. Одамларнинг одамларга яхшилиги! Юртдошларнинг юртдошларга яхшилиги! Миллатдошларнинг миллатдошларга яхшилиги! Бу Ўзбекистоннинг шиоригина эмас, даъватига, чақириғига, хислатига айлансин. Яхшилик қилган миллатни ҳурматлаш, яхшилик қилган авлодни эъзозлаш тафаккур оламининг қуёшига айлансин. Менинг орзум ҳам, истагим ҳам, тутар йўлим, асосий қайғу-ташвишим, қувончу севинчимнинг боиси ҳам шу”.

Хулоса қилиб айтганда, юртимизда миллатлараро ва давлатлараро тотувликни янада мустаҳкамлашга қаратилган янги ғоя ва ташаббусларнинг пайдо бўлаётганлиги дўстлик ва ҳамжиҳатлик қўрғонининг янада мустаҳкам бўлишига хизмат қилади. Давлатимиз раҳбари эътироф этганидек, “Ўзбекистоннинг бойликлари кўп, лекин бизнинг энг катта бойлигимиз, энг юксак қадриятимиз–жамиятимизда ҳукм сураётган тинчлик, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликдир”.

 

 

 

 

 

Волидаи Абдулазизхон

 жоме масжиди имом хатиби:                                                        Қудратов Зариф

 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:15
Куёш: 05:57
Пешин: 13:10
Аср: 17:50
Шом: 19:40
Хуфтон: 21:05
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram