Донолар бисотидан
13 март 2016 й.
2155 марта ўқилди.

 Донолар бисотидан

 
Улуғлар ота-оналарига қандай муносабатда бўлишган:
Ҳамма ҳам аёлини ўз онасини эъзозлагани каби эъзозлаганида эди, дунёда бахтсиз аёл топилмасди.
Биринчи ўринда онамнинг ҳаққига дуо қиламан. Чунки гапиришни, дуо қилишни менга илк бор онам ўргатгандилар.
Талқ ибн Ҳабиб зоҳид ва олимлигига қарамасдан онасининг бошларини ўпар ва доимо ўз қўллари билан ювиб қўярди. Онасининг ҳурматидан онаси ўтирган уйнинг тепасига асло чиқмаган.
Абдураҳмон ибн Қосим шогидларига Имом Моликнинг Муватто китобларини ўқиб бераётганларида, бир муддат ўринларидан туриб, тавозеъ қилиб сўнгра ўтирдилар. Бунинг сабабини сўрашганида, “Онамни кўриб ўрнимдан турдим, у кетгач яна ўтириб олдим”, – деган эканлар.
Ким онасини эъзозласа келажакда, албатта, яхшилик кўради.
Бир аёл ўғлини ёнига чақирди. Ўғил жавоб бермади. Яна чақирди. Аммо жавоб бермади. Она норози ҳолатда дуо қилиб юборди. Ўшандан кейин фарзанди бир умр гапиролмайдиган бўлиб қолди.
Наср ибн Абу Ҳофиз илм талабида узоқ йўл юриб, Исроилдан Ироқга машҳур фақиҳ Имом Муҳаммад ибн Банно ҳузурларига борди. Устози: “Онанг борми?” – деб сўрадилар. “Ҳа”, – деди. “Ундан рухсат сўраб келганмисан?” – дедилар. “Йўқ”, – деган жавобни эшитгач, “Сен ундан рухсат сўрамас экансан, ғазабга гирифторсан. Мен бундайларга ҳеч нарса ўргатмайман”, – дедилар. Онасининг ёнига қайтиб бориб ўлгунича хизмат қилди. Қайтиб келиб, илм ўрганди ва замонасининг етук алломаси бўлиб етишди.
Абдуллоҳ ибн Авн айтганлар: “Онанинг юзига термулиш ҳам ибодатдир. Бас унга яхшилик қилиш ҳақида нима дейиш мумкин”.
Яхшиликнинг учдан иккиси онага, учдан бири эса отагадир. 
Бир кишини отаси ва онаси бир вақтда чақириб қолса, биринчи онасига жавоб қайтаради.
Ҳорис қуддиса сирруҳу онасининг жанозасида роса йиғлади. Сабабини сўрашганида, “Нега йиғламай? Жаннат эшигим ёпилди. Энди кимга яхшилик қиламан?” – деб жавоб қайтарибди.
Ҳорис ибн Нўъмон онасининг бошига сув қуйиб турар, ўз қўллари билан таом берарди. Онаси ҳақида бошқалардан ҳам сўрарди: “Билингларчи, онам нимани хоҳлар экан. Мен уни тезда муҳайё қиламан”.
Абу Ҳурайра қачон уйига кирсалар оналарига салом берар, ҳол-аҳвол сўрар, чиқиб кетаётганларида ҳам соғлик ва омонлик тилаб кетардилар. Баъзан оналарини у жой, бу жойга кўтариб юрардилар. 
Улуғлардан бири онасининг бошини ювиб, сочини тараб, қучоғида ором оларди ва ўзини энг бахтли ҳис этар, ғам-андуҳларни унутарди.
Ҳасан ибн Али онаси билан бирга овқат емасди. Онасини жуда яхши кўрарди. Бу ҳақда сўралганида, “Онам билан бирга ейишдан қўрқаман. Онам емоқчи бўлган луқмани билмасдан еб қўйишим мумкин. Бу билан ҳурматсизлик қилган бўламан”, – деб жавоб берди. 
Ибн Сийрин онасининг ёнига таом олиб келар, аммо бир тавоқдан овқатланмасди. Сабабини сўраганларга, “Билмасдан  онамдан олдин таомга қўл узатиб юборишимдан қўрқаман”, – деган эканлар.
Ибн Масъуднинг оналари бир кеча ўғилларидан сув сўради. Идишга сув олиб келиб қараса онаси ухлаб қолибди. Идишни  ушлаб оналарининг бошида тик туриб тонг оттирдилар.
Улуғлардан бири онасини олиб Маккага йўлга чиқди. Кун исиган вақтида бир чуқур қазиб, унга сув сепиб салқинлатгач онасига: “Бунга тушиб ўзингизни бир салқинлантириб олинг”, – деган экан.
Авн ибн Абдуллоҳни бир куни онаси чақирганида баланд овозда жавоб қайтариб юборгани боис каффоротига ўша заҳоти икки қулни озод қилди.
Суфён ибн Уяйна айтганлар: “Бир киши сафардан уйига кириб келса, онаси тик туриб намоз ўқиётган экан. Ўзига ўтиришни беодоблик санаб тик тураверди. Буни билган она ҳам ўғлининг кўпроқ савобга эга бўлиши учун намозини роса чўзиб ўқибди”.
Бани Исроилдан уч киши тўпланиб, ҳар бири ўзларининг энг катта гуноҳларини эслашибди. Улардан бири шундай дебди: “Онам мени чақирганида жавоб берсам эшитмабди. Жаҳли чиқиб мени урмоқчи бўлиб келди. Онамни қийналмасин деб дарахтдан бир шохчани синдириб олдимда, ўзимни шу билан урсин деб онам томонга югурдим. Аммо онам мени тушунмасдан қўрққанидан орқасига бурилаётганида юзини битта шохча тилиб кетди. Бу нарса ҳаётимдаги энг катта ва кечирилмас гуноҳдир”.
Улуғ имомлардан бири Ҳайва ибн Шурайҳ шогирдларига дарс бераётганида онаси келиб: “Эй Ҳайва, товуқларга дон бериб қўйгин”, – деди. Ҳайва ўша заҳоти ўрнидан туриб, товуқларга дон бериб, қайтиб келгач дарсини ниҳоясига етказиб қўйди.
Бир йигитни дафн этиб қайтишаётганларида қабрдан эшак ҳанграши каби овоз эшитилди. Сабабини сўрашсалар, бир куни онасига: “Эшакка ўхшаб ҳанграманг”, – деган экан.
Қўйларнинг нархи қимматлашган бир вақтда она ўғлига жигар ейишни хоҳлаётганини айтиб қолди. Ўғил ўша заҳоти сотмоқчи бўлиб турган қўйини сўйиб, жигарини онасига пишириб берди. “Бозордан жигар сотиб олиб берсангиз ҳам бўлардику?” – деб сўраганларга, “Бозорга бориб келгунимча онамнинг кутиб қолишини хоҳламадим”, – деб жавоб берибди.
Имом Аҳмад шунчалик улуғликларига қарамай ота-онасининг хизматларини ўзлари бажарар, уларга ўз қўллари билан таом тайёрлар, уйларини супурар, кийимларини тозалар ва ҳатто коса-тавоқларини ҳам чайқаб ичиб қўярдилар.
Мужоҳид айтадилар: “Ота фарзандини ураётганида фарзанд отанинг қўлини қайтаришга ҳақи йўқ”.
Амр ибн Зубайр айтадилар: “Ота-онасига ўқрайиб қараган киши уларга яхшилик қилсада яхшилиги инобатга олинмайди”.
Абдуллоҳ ибн Умар айтадилар: “Ота-онани йиғлатиш уларга оққ бўлишдир”.
Кунларнинг бирида Юсуф пайғамбарнинг ҳузурларига оталари Яъқуб алайҳис салом кирганларида нима учундир ўринларидан турмаган эканлар. Шунда Аллоҳ таоло ваҳий туширибди: “Нима учун отангга ўрнингдан турмадинг? Қасамки, сенинг зурриёдингдан пайғамбар чиқармасман”.
Луқмон ўғлига насиҳат қилганлар: “Эй болажоним! Ким ота-онасини рози қилса, Аллоҳни рози қилибди. Ким уларни норози қилса, Аллоҳни норози қилибди. Эй болажоним! Ота-она жаннат эшикларидан бир эшик. Улар рози бўлишса, жаннат томон кирасан. Улар норози бўлишса, эшик олдида тўсилиб қоласан”. 
Зарр исмли авлиёлардан бири вафот этганида отаси айтган экан: “Парвардигорим, ўғлимдан менга нисбатан бўлган камчилигини кечирдим. Сенинг ҳақингга қилган камчилигини ўзинг кечир”. У кишидан: “Ўғлингиз сиз билан қандай муомалада эди?” – деб сўралганида, “Тунда бирор марта орқамда юрмади, доимо олдимда юрарди. Кундузи бирор марта олдимда юрмади, доимо орқамда юрарди. Мен ўтирган уйнинг тепасига бирор марта чиқмаган”, – деб жавоб берди.
Асад ибн Фурот айтадилар: “Мен ота-онам билан бир қаторда Али ибн Зиёднинг ҳақларига дуо қиламан. Чунки у зот менинг биринчи устозим эдилар”.
Фақиҳ Абу Юсуф намоздан кейин дуо қилардилар: “Аллоҳим, ота-онамни ва Устозим Абу Ҳанифани мағфират қилгин”.
Урва ибн Зубайр саждада: “Аллоҳим, отам Зубайр ибн Аввом ва онам Асмо бинти Абу Бакрни мағфират қил”, – деб дуо қилардилар.
Фазл ибн Яёҳ ота билан зиндонга тушиб қолди. Отасига ўтин ёқиб таҳорат сувини иситиб берарди. Соқчи қамоққа ўтин киритишни ман қилганида, эрталабгача тик туриб шамнинг устида сувни иситди. Соқчи шамни ман қилганида идишни туну билан бағрида қучоқлаб иситарди. 
Омир ибн Абдуллоҳ ибн Зубайр айтганлар: “Отам вафот этганида бир йил кечаю кундуз узлуксиз фақат отамни кечиришини сўраб Аллоҳга дуо қилиб чиқдим”.
Ким отасини ҳурмат қилса, умри узаяди. Ким онасини ҳурмат қилса, хурсандчиликка эришади. Ким уларга хўмрайиб қараса, оққ бўлади.
Аллоҳ таоло Мусо алайҳис саломга ваҳий қилди: “Ота-онангни ҳурмат қил. Ким ота-онасини ҳурмат қилса, умрини узун қиламан ва унга яхшилик қиладиган фарзанд бераман. Ким уларга ёмонлик қилса, унга ҳам ёмонлик қиладиган фарзанд бераман”.
Фақиҳ Абу Абдуллоҳ ибн Муслим Усувлий айтадилар: “Яманга сафар қилмоқчи бўлганимда онам васият қилди: “Ўғлим, ҳар кеча ой осмонга тўлиқ кўтарилганида унга назар солиб тур. Мен ҳам ўша пайтда сени соғиниб унга назар соламан. Шояд назарим назаринггга тўғри келиб қалбим оташи сал бўлсада босилса”. Мен бунга сўз бердим ва ҳар кеча шундай қилардим”.
Қадимда устозлар илм алабида келганлардан ота-онасининг розилигини олиб келганини сўрашарди. Розилик олганларга сабоқ беришар, акси бўлса қайтариб юборишарди.
Киноний айтадилар: “Бир марта онамдан изн сўраб ҳажга жўнадим. Даштда нохос кийимимга сийдик сачраб кетди. Бирорта хато иш қилдим, шекилли, деб тезда уйга қайтдим. Эшикни тақиллатган заҳотим онам эшикни очди. Қарасам онам эшикнинг орқасида ўтирган эканлар. Сабабини сўраганимда, “Чиқиб кетганингдан бери сени қайта кўргунимча шу ерда тураман”, деб нарз қилдим, дедилар. Хато қиланимни тушуниб етдим.
 
Эркин ҚУДРАТОВ
Мир Араб ўрта махсус ислом 
билим юрти мударриси
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:50
Куёш: 06:30
Пешин: 13:10
Аср: 17:00
Шом: 18:50
Хуфтон: 20:20
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram