Донолар бисотидан (билим ҳақида)
03 сентябр 2015 й.
2334 марта ўқилди.

 Донолар бисотидан (билим ҳақида)

 
Аллоҳ марҳамат қилиб хабар беради: «Аллоҳ сизлардан иймонлиларни ва илм аҳли бўлганларни юқори даражаларга кўтарур» (Мужодала сураси, 11-оят).
Аллоҳ хабар бериб айтадики: «Ҳақиқатдан ҳам, Аллоҳдан бандалари ичида уламолар қўрқишади» (Фотир сураси, 28-оят).
Абдуллоҳ ибн Аббос (Аллоҳ булардан рози бўлсин) айтдилар: «Олимларнинг даражалари мўминлар даражасидан етти юз даража юқори туради ва барча икки даража ўртасидаги фарқ беш юз йиллик масофада бўлади». 
Имом Бухорий ва Муслимларнинг (Аллоҳ бу икки улуғ имомдан рози бўлсин) «Саҳиҳ»ларида қуйидаги ҳадис Муовия ибн Суфён розийаллоҳу анҳудан ривоят этилган бўлиб, унда Муовия айтадилар: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Аллоҳ кимга яхшиликни ирода этса, уни дин ишида олим этади», деб айтганларини эшитдим».
Сафвон ибн Ассол розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб айтадилар: «Ҳақиқатдан ҳам, малоикалар илм толибларига уларнинг талаб этаётган илмларидан рози бўлган ҳолда ўз қанотларини қўйишади (ёзишади)». Бу ҳадисни Имом Аҳмад, Термизий ва Ибн Можа ривоят этишган.
Имом Хаттобий малоикаларнинг илм толибларига қанотларини қўйишлари борасида уч сузни айтади:
1. Илм толибларининг устига қанотларини ёзиш маъносида.
2. Илм толибини ҳурматлаб, тавозеъ билан қанотларини ёзиш маъносида.
3. Бундан мурод – малоикалар учишдан тўхтаб, илм мажлисларига тушишади.
Ҳукамолардан бири бундай деган экан: «Илмни қўлдан чиқарган инсон нимага эришганлигини-ю, илмни қўлга киритган нимадан маҳрум бўлганини кошки билсам эди».
Имом Ҳасан раҳматуллоҳи алайҳ айтдилар: «Уламолар бўлмаганда эди, инсонлар гуё ҳайвонларга ўхшаб қоларди».
Саҳоба Муоз ибн Жабал розийаллоҳу анҳу айтдилар: «Илм ўрганинглар! Зеро, уни Аллоҳ йўлида ўрганиш – билимдир, уни талаб этиш – ибодатдир, илм ўқишлик – тасбеҳдир. Илм ҳақида баҳслашиш – ғайратдир. Билмаган инсонга илм ўргатиш – садақадир. Илмни илм аҳлига етказиш – қурбат, яъни Аллоҳга яқин бўлишдир. Илм ёлғизликда улфат, хилватда эса соҳиб, дўстдир».
Каъб раҳматуллоҳи алайҳ айтдилар: «Улуғ Аллоҳ Мусо алайҳиссаломга ваҳий юбориб: «Эй Мусо! Яхшиликни (қилишни) ўрган ва уни одамларга ҳам таълим бергин! Зеро, Мен яхшиликни ўрганган ва уни бошқаларга ҳам ўргатганларнинг вафот этганларидан сўнг қабрларини хавф-хатардан омон қилиб мунаввар этаман», деди».
Ҳасан Басрий бир мажлисда: “Мунофиқда уч хислат мавжуд. Ундан сақланинглар. 1. Гапирса ёлғон гапиради. 2. Омонатга хиёнат қилади. 3. Ваъдага вафо қилмайди”, дедилар. Бу гапни Ато инб Рабоҳ эшитгач : “Бу уч хислат Яьқуб а.с.нинг фарзандларида бўлгани боис Аллоҳ уларни шарманда қилди ва пайғамбарликдан маҳрум қилди”, деганлар. Ҳа, ёлғоннинг жазоси шунақа. Ичимизда бир кунда бир марта бўлсада ёлғон гапирмайдиганлар қачон топилар экан. 
Устоз Абу Саҳл айтади: “Ота-онага оқ бўлганнинг гуноҳини истиғфор ўчиради. Аммо устозини норози қилганнинг гуноҳини бирор нарса ўчира олмайди”.
Умар ибн Абдулазиз айтади: “Фақиҳ Убайдуллоҳнинг даврасида ўтирмоғим менга дунёда суюклироқ”.       
Али р.а. айтадилар: “Илмсиз ибодатда, тушунилмаган илмда ва тадаббурсиз қироатда яхшилик йўқ”.
Абу Айюб ал-Ансорий р.а. ўзлари билган бир ҳадисни таъкидлаб олиш учун Уқба ибн Омир р.а. нинг олдиларига, Мадинаи Мунавварадан Мисрга (яъни Осиёдан Африкагача) йўл юриб борганлар. У киши ўзлари билган ҳадисни таъкидлаб олиш учун шундоқ иш қилганлар. Илм йўлида машаққатга матонатли сабр қилганлар. 
Ҳудайбия ходисасида мушриклардан вакил бўлиб келганлардан бири ўз қавмига қайтиб бориб: “Аллоҳга қасамки, ҳеч бир киши бировни Муҳаммадни шериклари ҳурмат қилгандек ҳурмат қилмайди. У туфласа, туфуги ерга тушмаяпти. Саҳобалари қўллари ила илиб олмоқдалар”, деган экан. Кейинчалик пайғамбарни ҳурмат қилган зотларни халқ ана шу тартибда қадрлашган.
Буюк саҳобий Жобир ибн Абдуллоҳ р.а. қуйдагиларни айтадилар: “Расулуллоҳнинг саҳобаларидан бирлари мен эшитган бир ҳадисни билиши ҳақида эшитиб қолдим. Тезликда бир туя сотиб олдим. Унга юкни юкладим. Сўнгра бир ой  йўл юриб, Шомга етиб бордим. Қарасам, у одам Абдуллоҳ ал-Ансорий экан. Олдиларига бориб: “Менга маьлум бўлишича, сиз расулуллоҳдан зулм қилганлар муомалси ҳақида мен эшитган ҳадисни эшитган экансиз. Ўша ҳадисни эшитгунча мен ўлиб қоламанми ёки сиз ўлиб қоласизми, деб қўрқиб келдим” дедим. У менга ҳадисни айтиб берди….. .
Имом Нававий: “Шариатнинг барчаси шулардир”, деб 5та ҳадис китобни таъкидлаганлар, ким ана шу 5 ҳадис китобни ўқиса деярли расулуллоҳнинг барча ҳадисларини билади. Улар Ибн Можжадан бошқа аҳли хомсанинг китобларидир.
Салим Айюб ар-Розий бир муддат бўлсада илм ўқишдан тўхтамасди. Ҳатто қаламларини учлаётганларида ҳам ё тиловат ёки зикр ёки дуо ёки фикр ёки шукр қилиб турганлар.       
Яхши яшамоқ учун яхши ишламоқ зарур, шу заминда дадил турмоқ учун кўп билмоқлик даркор.
Билимдан қудратлироқ куч йўқ; билим билан қуролланган одам енгилмасдир.
Инсон қанчалик кўп билса, у шу қадар кучли.
Цивилиация тарихини олти сўз билан ифодалаш мумкин: қанча кўп билсанг, шунча кўп қодирсан.
Билимга интилиш туйғусидан кўра табиийроқ туйғу бўлмаса керак....
Маьнавий ҳаётда ҳам амалий ҳаётдагидек, кимки билимга таянсагина тўхтовсиз камол топади ва ютуқларга эришаверади. Билим, фақат билимгина инсонни озод ва улуғвор қилади.
Нарсалар қандай бўлмоғи лозимлигини билиш ақлли одамга хосдир; нарсаларнинг ҳақиқатда қандайлигини билиш тажрибали одамга хос; нарсаларни янада такомиллаштиришни билиш буюк одамга хос.
Сизни улуғликка ундайдиган ҳеч бир нарсага эьтиборсиз бўлманг.
Бизнинг ишимиз — ўқиш ва ўқиш, имкони борича кўпроқ билимга эга бўлиш учун интилишдир, чунки жиддий ижтимоий йўналишлар — билим бор ерда, инсониятнинг истиқбол бахти ҳам фақат билимдадир.
Ҳар ким отаси, бобоси ва устози кўрган ва билганига қараганда кўпроқ кўриш ва билишга интилмоғи лозим.
Билмаганни сўраб ўрганган — олим, Орланиб сўрамаган — ўзига золим.
Оз-оздан ўрганиб доно бўлур, Қатра-қатра йиғилиб дарё бўлур.                         
Йигитликда йиғ илмнинг махзани. Қарилик чоғи харж қилгил ани.
Ўқиш, ўрганишда марди майдон бўл! Сенинг қадр-қимматинг — ўз имкониятларингдан тўла фойдаланиб ўқишингда. Эр кишининг иззат, шаъни — текинхўр, ҳамтовоқ бўлмасликда. Фикр ялқовлигидан ҳазар қил!
Билим — куч, куч эса билимдадир. Билим ва қудрат — иккови эгизак.
Энг довюрак одам ҳам токи унда қатьий эътиқод йўқ экан, номардга айланиши мумкин.
Билим — барча кулфатларга қалқон.
Инсонга билимнинг зарурлигини уқтириш, унга кўришнинг аҳамиятини уқтириш билан баравардир.
Билим — биз яшаётган дунёнинг мутлақ қимматли бойлиги. Ўқимоқ зарур, билмоқ зарур. Билиб бўлмайдиган нарса йўқ, биз билиб олинмаган нарсалар хусусидагина гап юритишимиз мумкин.
Билганларимизнинг чеки бор, билолмаган нарсаларимизнинг эса ҳад-чегараси йўқ.
Илмдан бир шуьла дилга тушган он, Шунда билурсанким, илм бепоён.                         
Билим манбаи беҳад: инсоният бу йўлда қанчалик ютуқларга эришмасин, барча одамларнинг изланиши, кашфи ва билими учун ўрин топилади.
Инсон тушуниб бўлмайдиган нарсаларни ҳам тушуниш мумкинлигига инонмоғи лозим: акс ҳолда, у булар ҳақида фикр юритмай қўйган бўлур эди.
Умрнинг бутун маьноси мавҳумликни тўхтовсиз забт этиш, тобора ва ҳамиша кўпроқ билишга интилишдир.
Инсон дунёни қанчалик билса, ўзлигини ҳам шунчалик англайди.
Сиз нимани тушунмасангиз, у сизга бегона.
Билимсизликдан ҳеч қачон мақтанмаслик керак: билимсизлик — ожизлик. Билимсизлик — кулфатдан қутулишнинг ёмон воситаси. Билмаслик — улғаймаслик, ҳаракатсизлик билан баравар. Билим инсонга ҳамма йўлида ҳамроҳдир.
Ўз турмушини яхшилаш эҳтиёжи ақлий меҳнатга интилиш заруриятини туғдиради.
Билимга элтувчи ягона йўл, бу — фаолиятдир.
Инсон билимга интилади ва қачонки унда билимга ташналик сўнса, у инсонийликдан маҳрум бўлади.
Нарсаларга қизиқишинг йўқолса, хотирингдан ҳам айриласан.
Ҳар қандай билим бизни ғайратга ундаган тақдирдагина қимматлидир.
Илм бериш фақат мадрасанинг иши эмас. Мадраса шу билимга калит беради холос. Мадрасадан ташқари ўқиш ҳаётни тўлалигича қамраб олади! Инсон бир умр илмини ошира бориши лозим.
Инсон ҳаёт экан, гарчи сочи оқарган бўлса ҳам билим олиши мумкин, билим олишни истайди ва билим олиши шарт. 
Ҳеч бир одам мукаммал, яьни тўла шаклланган ҳолда дунёга келмайди, аммо унинг бутун ҳаёти бетиним ҳаракатдаги ўсиш ва доимий шаклланишдан иборатдир.
Ҳар бир одам икки хил тарбия олади: биринчи тарбияни ўз ҳаёт тажрибаларини сингдириш йўли билан ота-она беради, иккинчиси, янада муҳимроғини эса унга ҳаётнинг ўзи ўргатади.
Ўз ҳаёт тажрибасини ҳар томонлама бойитмаган одамнинг тарбияси — беҳуда.
Тарбия ишида ўз-ўзини такомиллаштириш жараёнига катта ўрин берилмоғи лозим. Инсоният фақат мустақил ўрганиш туфайлигина тараққий этган.
Ҳар қандай чуқур билим фақат мустақил ўқиш йўли билангина орттирилади.
Инсонни унинг шахсий маьнавий фаолияти, бошқача айтганда, бошқа одамлардан ёки китоблардан билганларини ўзича, мустақил ўйлаши, бошидан кечириши, ҳис эта билиши ўқимишли қилади.
Ўз устингизда мустақил ишлашдан ҳеч вақт тўхтаманг, қанчалик ўқиманг, қанчалик билманг, илм ва ўқишнинг чеки ва чегараси йўқлигини унутманг.
Ўз фикрини яхши ифодалай олмаслик — иллат; лекин мустақил фикрга эга бўлмаслик эса ундан ҳам баттарроқ иллат; мустақил фикрлар, мустақил орттирилган билимлардангина туғилади.
Бировдан эшитиб олинган билимлар билан қаноатланишни сира тасаввур этолмайман; ўзгаларнинг билими гарчанд бизни у-бу нарсага ўргатса ҳам, аммо фақат ўз ақлинг билан ақлли бўла оласан.
Ўзи ҳаракат қилмаса, ҳеч ким ҳеч қачон мақсадига эришолмайди. Биров кўрсатган ҳар қандай ёрдам ҳам сен қилган уринишларнинг ўрнини босолмайди.
Ҳақиқатни ўзгалар тилидан тўла билиб, тўти сингари ёдлаб олгандан кўра, ўз ҳаракатинг билан чалароқ билганинг афзал. Тиришқоқлик илм сари ягона йўлдир.
Фан чўққиларига чиқишга уринишдан аввал фан асосларини эгалланг. Бошлаган ишингизни охирига етказмай туриб, кейингисига қўл урманг. Олган билимингиздаги кемтикларни ҳатто энг дадил тахмин ва фаразлар билан ҳам ифодалашга уринманг. Фанда қора ишдан қочмасликка ўрганинг.
Камолот ва билимга ҳеч бир одам ўз-ўзидан эришолмайди. Кимки билимдон бўлишни истар экан, унга ўз фаолияти, ўз кучи, ўз тиришқоқлиги билан эришмоғи лозим.
Агар чиндан ҳам фарзандларимиз билимли одам бўлишни истасалар, улар билимни мустақил машқлар орқали эгалламоқлари керак.
Оз бўлса ҳам билмоқ учун кўп ўқимоқ зарур. Ўқимишлилик аччиқ илдизнинг ширин мевасидир.                         
Ҳаётни севасанми? Севсанг, вақтни бой берма, чунки вақтдан ҳаёт деган мато яралади.
Пул азиз, инсон ҳаёти ундан ҳам азиз, вақт эса ҳамма нарсадан азиздир.
Модомики вақт энг қимматбаҳо мулк экан, унда вақтни талон-торож қилиш энг оғир гуноҳдир. Соатларнинг ҳар бир дақиқасини ҳам қадрла.
Ҳурматли тингловчим. Мен сизга уламоларнинг ҳаёт тажрибаларидан келиб чиқиб айтган гапларинигина айтдим. Улар шу нарсага амал қилгани боис маърифатнинг чўққисини забт этишган. Шу нарсалари эвазига ўз асрининг алломаси ва қолаверса келажак асрнинг намунасига айланишган. Бунга амал қилиш сизнинг ихтиёрингизда. Вақт борида отни қамчилаб қолинг. Вақт кутиб турмайди. Ўз чаққонлигига суяниб тошбақадан қолиб кетган қуённинг ҳолатига тушиб қолманг. Илоҳо, Аллоҳ барчамизни илму маърифатнинг энг чароғон юлдузларларидан қилсин. 
 
Тўпловчи:   
Эркин ҚУДРАТОВ
Мир Араб ўрта махсус ислом 
билим юрти мударриси
 
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:40
Куёш: 06:28
Пешин: 13:10
Аср: 17:10
Шом: 19:00
Хуфтон: 20:30
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram