Дўзахдан қўрқишлик
30 январ 2019 й.
373 марта ўқилди.

 

Дўзахдан қўрқишлик

    “Улар жаҳаннам азобидан нажот беришини илтижо қилиб дуо қиладилар. Зеро, жаҳаннамнинг азоби дўзахийлардан ҳеч қачон ажралмагай. Албатта, жаҳаннам энг ёмон қароргоҳ ва энг ёмон ўриндир”. [Фурқон, 65-оят]
    Аслида, тоат-ибодатда жидду жаҳд қилиш билан бирга, Аллоҳнинг азобидан қўрқиш бу барча мўмин-мусулмоннинг сифати бўлиши керак. Аллоҳ таоло айтади: “Улар Аллоҳнинг азобидан қўрқувчи кишилардир. Албатта, Раббиларининг азобидан ҳеч ким хотиржам бўла олмайди”. [Маориж, 27-28-оят]
    Аллоҳ таолонинг мана бу сўзларини тинглаб, яна Унинг азобидан қандай ҳам қўрқишмасин: “Эй мўминлар, Сизлар ўзларингизни Аллоҳ буюрган ишларни қилиш ва қайтарган нарсалардан тийилиш билан ва аҳли-оилангизни ўтини одамлар ва тошлар бўлган дўзахдан сақланглар. У дўзах устида, куч-қувватлик, раҳм-шафқатни билмайдиган, Аллоҳнинг амрига асло хилоф қилмайдиган ва фақат ўзларига буюрилган ишни бажарадиган малоикалар турадилар”. [Таҳрим, 6-оят]
    “Эй Пайғамбар, айтинг, ҳақиқий зиёнкорлар Қиёмат кунида ўзларини ва аҳли оилаларини тўғри йўлдан озгани сабаб бой берган кишилардир. Огоҳ бўлингки, ана шу очиқ-ойдин кўриниб турган зиёндир. Ўша зиёнкор кимсалар учун жаҳаннамда устиларидан соябон шаклидаги олов парчалари, остларида ҳам айни шундай кўринишдаги оловли тўшамалар бўлади. Бу азоб-уқубат билан Аллоҳ таоло бандаларини қўрқитмоқдаки, улар ундан ҳазир бўлсинлар. Эй бандаларим, Мендан қўрқинглар”. [Зумар, 15-16-оят]
    Табиийки, дўзах азобидан қўрқиш ўз-ўзидан кишининг қалбига жойлашиб қолмайди, буни тасаввур қилиб, хаёлга келтириш лозим. Дўзах ҳақида келган хабарларни билиш эса, уни тасаввур этишни осонлаштиради.
    Аллоҳ таоло деди: “Унинг еттита эшиги бор, ҳар бир эшик иккинчисидан пастроқда жойлашган. Ҳар бир эшик учун Иблисга эргашган кимсалардан – уларнинг амалларига қараб – улуш-насиба бордир”. [Ҳижр, 44-оят]
    Уқба ибн Абдуссаламий розияллоҳу анҳу айтади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганларини эшитдим: “Жаннатнинг саккизта эшиги бор, дўзахнинг эса еттита эшиги бор".
    Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ёқаётган бу оловингиз дўзах ҳароратининг етмишдан бир бўлагидир”. Саҳобалар: “Аллоҳга қасамки, шуни ўзи бўлганда ҳам етарди”, дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дўзахдаги ўтга яна олтмиш тўққиз баробар зиёда қилинган, ҳар бири ўшанча иссиқликдадир”, дедилар”.
    Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу: “Дўзахга минг йил ўт ёқилди. У қип-қизил бўлди. Сўнг унга яна минг йил ўт ёқилди. У оппоқ бўлди. Сўнг унга яна минг йил ўт ёқилди. У қоп-қора бўлди. Дўзах зулматли тундек қоп-қорадир”, деганлар.
    Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Дўзах оловини мана бу оловингиз каби қизил деб ўйлаяпсизларми? У қора сақичдан ҳам қорароқдир".
    Холид ибн Умайр айтади: “Утба ибн Ғазвон розияллоҳу анҳу хутба қилиб деди: “Дўзахнинг четидан бир тошни ташлаб юборилади ва у етмиш йилда ҳам унинг қаърига етолмайди, Аллоҳга қасамки ўша дўзах инсонлар билан тўлдирилади, бундан ажабланяпсизларми?”.
    Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳ деди: “Умар розияллоҳу анҳу айтар эдилар: “Дўзахни кўп-кўп эслаб туринглар, унинг ҳарорати ўта иссиқ, қаъри тубсиз ва гурзилари темирдир”.
    Аллоҳ барчамизни Ўзининг фазли-марҳамати билан дўзах ўтидан сақласин.

Каримов Олимжон
Пешку туман "Хўжа Пешку"
жомеъ масжиди имом хатиби.

 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:50
Куёш: 06:30
Пешин: 13:10
Аср: 17:00
Шом: 18:50
Хуфтон: 20:20
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram