Эрнинг зиммасидаги бурчлар
19 феврал 2016 й.
4595 марта ўқилди.

 Эрнинг зиммасидаги бурчлар

Ҳар бир кишининг ўз атрофидаги кишилар билан муомаласида ўз ҳақ ҳуқуқлари ва мажбуриятлари бўлиб уларнинг энг эътиборлиси эр ва аёл ўртасидаги ҳуқуқлари ва мажбуриятлардир. Аллоҳ таоло “аёл ҳуқуқи”ни қонунлаштирган вақтда Қуръондаги энг узун суралардан бўлмиш Нисо сурасини нозил қилди ва уни ҳикматли услуб билан инсоният ҳурмат-иззатига қуйидаги улуғ ҳикматлар билан бошлади:
“Эй инсонлар, сизларни бир жондан (Одамдан) яратган, ундан жуфтини (Ҳаввони) вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Парвардигорингиздан қўрқингиз!..” 
Ислом аёлни мукаррамликнинг турли кўринишлари билан икром қилади. Биринчидан, унинг бандалигини эътироф қилиб, ҳурмат ва инсонийликда тенг қилиб қўйган. Аллоҳ таоло айтади:
 “Эркак ёки аёлми – кимда-ким мўмин бўлган ҳолида бирон яхши амал қилса, бас, Биз унга покиза ҳаёт ато этурмиз...” 
Ва яна Худои таборак ва таоло марҳамат қилади: 
 “Бас, Парвардигорлари уларнинг дуоларини ижобат қилиб (деди): “Албатта, Мен сизлардан бирон амал қилгувчи эркак ё аёлнинг амалини зое қилмагайман. Зеро, баъзингиз баъзингиздандирсиз. (яъни, эркак аёлдан, аёл эркакдан дунёга келган)...” 
Иккинчидан, Исломнинг аёлга иззат-икромининг яна бир кўриниши – унга меҳр-шафқатли ва чиройли муоммалада бўлишига буюришидир. 
Оиша р.а.дан ривоят қилинади. “Менинг олдимга икки қизини етаклаб бир мискин аёл келди. Мен у мискин аёлга 3та хурмо бердим. У эса икки қизига биттадан бериб, ўзи биттасини ёйиш учун энди оғзига олиб борувди, ҳалиги икки қиз яна беринг, деб сўраб қолишди. Аёл зўи ейишни хоҳлаб турган хурмони иккига бўлиб, уларга берди. Бу иши мени ҳайрон қолдириб, уни Расулуллоҳга айтсам, у зот с.а.в.: “Албатта, Аллоҳ таоло унга жаннатни вожиб қилиб, дўзахдан халос этибди” дедилар” .
Пайғамбаримиз с.а.в. айтганлар: “Аёллар эркакларнинг туғишган опа-сингилларидир”.
Пайғамбаримиз с.а.в. дедилар: “Аёлларга доимо яхшилик қилинг, чунки улар сизларнинг ёрдамчиларингиздир”.
Расули Акрам с.а.в. дедилар: “Икки заифнинг ҳаққидан Аллоҳга тақво қилинг, бири етимнинг ҳаққи ва иккинчиси эса аёлнинг ҳаққи”.
Учинчидан, аёл-хотин ва унинг муомаласида гўзалликни васият қилди: 
 “Улар билан хушмуомала бўлиб, тинч-тотув яшанглар. Агар уларни ёмон кўрсангизлар ҳам (сабр қилиб иноқ ҳолда яшайверинглар). Зеро, сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ кўп яхшиликларни қилиб қўйган бўлиши мумкин” . 
Қуръони каримдаги Парвардигорнинг ишорасига эътибор берайлик, у: “Агар улар(дан бирор иши)ни ёқтирмасангиз” талоқ қилинг демай, балки насиҳат қилиб тўғри йўлни кўрсатиб берди:
“Агар уларни ёмон кўрсангизлар ҳам (сабр қилиб иноқ ҳолда яшайверинглар). Зеро, сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ кўп яхшиликларни қилиб қўйган бўлиши мумкин”.
Ул зот с.а.в. дедилар: “Аёл киши қовурға суяги кабидир, сен уни тўғриламоқчи бўлсанг синдириб қўясан. Агар уни бошқара билсанг, рўзғоринг бут бўлади”.
Ислом ўз аҳлига чиройли муомала қилганни яхшилар, деб номлаган. Пайғамбаримиз с.а.в. айтадилар:
 “Яхшиларингиз ўз аҳлига яхши муомалада бўлганингиз ва мен сизларнинг ичингизда аҳлига яхшиларингиздирман”.
Расулуллоҳ с.а.в. “Ҳикмат мусулмон кишининг йўқотгани нарсаси қаердан топса ҳам у олишга ҳақдордир”. У хоҳ хитой бўлсин, хоҳ инглиз бўлсин ҳикмат бўлса демак у мусулмоннинг йўқотган нарсасидир. 
Инглизларннг бир мақоли бор: “Бузуқ соат ҳам кунида 2 маротаба рост гапиради” дейишади.
Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳазратларнинг хотинлари билан муомалалари ҳикояси. Ҳиндистондан бир муридлари келиб, у зоти бобаракотни зиёрат қилиш учун келган экан. Ҳалиги мурид уйларига келса, Ғиждувоний ҳазратлари ўтин теришга чиққан эканлар. Кейин мурид шу келтирган мозорбости у-бу нарсалар бор эди шуларни ташлаб кетай – деб эшикларини таққилатиб, чақирса Ғиждувоний ҳазратларининг хотинлари чиқибди. Шунда келган мурид: “Ҳазратга бисотимиздан арзимаган ширинликлар олиб келувдим. Мана олинг. Кейин пиримиз қаердалар? Бир зиёрат қилсак дер эдим” деган экан. Ҳалиги хотин: “Ҳе пиринг ўлиб, пирсиз қолинглар, келиб-келиб мени эримни ҳам пир қиласизларми ...”, деб сўкиб, қарғабди.
Ғиждувоний ҳазратлари бир байтни айтган эканлар:
Зи тасбеҳу сажжодау далқ нест,
Тариқат бажус хизмати халқ нест.
Тасбеҳни қўлга олиб жойнамозда ўтириш тариқат эмас,
Халқнинг хизматидан бошқа иш ҳам тариқат эмас. 
(яъни тариқат бу халқ хизматида бўлиш дегани)
Ислом аёлга юксак баҳо берган: - солиҳа, тақводор аёлни эркак бу ҳаётда топиши мумкин бўлган энг “қимматбаҳо хазина” деб номлаган. Набий с.а.в. марҳамат қиладилар:
 “Сизларга эркак жамғариши мумкин бўлган энг яхши нарса ҳақида хабар берайми? У солиҳа хотиндир, агар унга қараса, хурсанд қилади, буюрса, итоат этади ва агар эри бирор ерга кетиб қолса, унинг моли ва шаънини ҳимоя қилади”.
 “Иймон жиҳатидан мўминларнинг энг мукаммали чиройли хулқлиги ва ўз аҳлига лутф билан муомала қиладиганидир”.
 
Аёлнинг эрида 4 та ҳақ бор:
1. Маҳр
2. Нафақа
3. Чиройли муомала
4. Таълим ва тарбия 
Аллоҳ таоло Қуръонда аёлнинг мавқеини улуғлашлик билан бирга уларнинг ҳуқуқий меъёрларини айтиб ўтган:
الرِّجَالُ قَوَّامُونَ عَلَى النِّسَاء بِمَا فَضَّلَ اللّهُ بَعْضَهُمْ عَلَى بَعْضٍ وَبِمَا أَنفَقُواْ مِنْ أَمْوَالِهِمْ
“Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб – Аллоҳ таоло уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир” .
Ушбу ояти карима ҳукми ила Исломда эркак киши оила бошлиғи этиб тайинланган. Бу бошлиқлик масъулиятдан иборатдир. Бошлиқ деганда оилада ўзи хоҳлаган нарсани қилиб, ҳаммани ўз хоҳишига бўйсундириш эмас, балки оиланинг масъулиятини шариат кўрсатган амрлар бўйича олиб бориш зиммасига олиш тушунилади. Ояти каримада эркак кишига икки сабаб туфайли оила бошлиқлиги масъулияти юклатилгани баён қилинмоқда:
Биринчиси: “Аллоҳ таоло уларнинг айримларини айримларидан ортиқ қилгани учун”. Эркак кишининг яратилишининг ўзи оила бошлиқлиги оғирлигини кўтаришга мослашгандир. Эркак киши жисмонан ҳам аёлдан бақувват экани ҳеч кимга сир эмас. Куч-қувват, шижоат, турли қийинчиликларни кўтара олиши ва бошқа қобилиятлари билан ҳам у устун саналади. Оилага бошлиқ бўлган киши оилани ҳар томонлама таъминлаши, хавф-хатардан ҳимоялаши лозим. Бунчалик қийин ва машшақтли ишларни фақат эркак кишигина бажара олиши мумкин. Аллоҳ таоло уни руҳан ва жисмонан ана шу юмушларга қодир этиб қўйган.
Оилада аёл кишига тамоман бошқа вазифалар юклатилиши кўзда тутилгани учун у оналик, бола тарбияси ва уй-рўзғор ишларига жавобгарлик масъулиятини ўз зиммасига олиши керак.
Иикинчиси эса: “ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир”. Оила қуриш ва уни бошқариш учун зарур барча молиявий харажатлар Ислом шариати томонидан эркак зиммасига юклатилган. Шу боис ҳам эркак киши оила бошлиғи ҳисобланади. Бу қоидага ҳамма ҳалқлар оиладан бошқа жойларда ҳам амал қиладилар. 
Шунингдек, эр хотинини нафақалантириши Аллоҳ таоло амрига бўйсунишидир. Қуръони каримдаги Бақара сурасининг 233-оятида: 
وَعلَى الْمَوْلُودِ لَهُ رِزْقُهُنَّ وَكِسْوَتُهُنَّ بِالْمَعْرُوفِ لاَ تُكَلَّفُ نَفْسٌ إِلاَّ وُسْعَهَا لاَ تُضَآرَّ وَالِدَةٌ بِوَلَدِهَا وَلاَ مَوْلُودٌ لَّهُ بِوَلَدِهِ
“...Уларни (оналарни) меъёрида озиқлантириш ва кийинтириш ота (эрнинг) зиммасидадир. Ҳеч кимга тоқатидан ортиқ (масъулият) юкланмайди. Болалари туфайли ота ҳам, она ҳам зарар кўрмасин...” – деб нафақа мажбурияти эрнинг зиммасида эканлиги кўрсатилган.
Ислом эр-хотин турмуши доимий тарзда давом этишини, ўлимдан бошқа нарса уларни ажратмаслигини истайди. Фақат, ҳеч имкон қолмаганида ажрашишга рухсат беради. Бундай ёндашув инсон табиатига мувофиқдир. Сабабсиз ажрашиш ҳаромдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда:
فَإِنْ أَطَعْنَكُمْ فَلاَ تَبْغُواْ عَلَيْهِنَّ سَبِيلاً
“Хотинларингиз сизларга итоат қилсалар, уларга қарши бошқа йўл ахтарманглар!” , деб буюрган.
Аллоҳу таоло ҳаммамизни ўз шариатига мувофиқ қилсин. Амиин.
 
 
Мир Араб мадрасаси талабаси
Абдукаримов Абдуқодир
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:40
Куёш: 07:30
Пешин: 13:10
Аср: 15:55
Шом: 17:30
Хуфтон: 18:55
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram